“Худо кўнглимга солди” – имманент ва трансцендент ҳодисалар


Сақлаш
15:02 / 10.02.2022 1488 0

Маънавият мураккаб тизим ўлароқ қисман трансцендент унсурлардан ташкил топган. Камина шу пайтгача мақолаларим ва китобларимда масаланинг ушбу жиҳатини четлаб ўтганман. Мистик ва иррационал қарашларга мойил, уларни рационал ёндашувлар билан қориштириб юборадиган эклектик тадқиқотчи ва публицистлар сони бизда доимо кўп бўлган. Мустақилликнинг дастлабки йилларида маънавият, айниқса, тасаввуф адабиёти ва фалсафасига бағишланган мақолалар ва китобларда бу яққол сезилди. Бундай нотайин ёндашувларни беихтиёр қўллаб-қувватламаслик мақсадида маънавиятдаги трансцендентлик ҳолатлари устида тўхталмасликка қарор қилган эдим. Албатта, мен ёзганларимни ортиқча баҳолаб, уларни, ижтимоий фикрга қандайдир таъсир кўрсатади, деб ҳисоблашдан йироқман. Аммо ўқувчининг тасаввурларини аралаш-қуралаш қилиб юбормасликка интилганман.

 

Қатъий ишончимга кўра, маънавият инсон ва жамиятнинг ички ажралмас, узвий хоссаси (имманенти) ҳисобланади. Инсон ҳайвондан, жамият табиатдан маънавияти билан ажралиб туради, деган фикрни олға суриб, маънавиятни ижтимоий ҳодиса сифатида қатъий илмий-рационал таҳлил қилишга уринганман. Трансцендентликни маънавиятда баъзан анча муҳим, лекин, барибир, иккинчи даражали унсур деб ҳисоблаганман. Ҳозир ҳам шундай методологик ёндашув тарафдориман.

 

Бугун маънавиятга дунёвий ёндашув сезиларли даражада мустаҳкамланди, маънавиятни, соф диний, илоҳий ёки ғайриижтимоий – мистик, инсон ва жамият фаолиятидан, тажрибасидан мутлоқ ташқаридаги ҳодиса деб баҳолаш хийла камайди. Энди маънавиятдаги трансцендентликни таҳлил қилмаслик уни ўрганишда билинар-билинмас кемтиклик қолиб кетишига, нотугалликка сабаб бўлаётир. Унутмаслик керакки, мазкур ҳодисани ўрганиш ёки ўрганмаслик маънавият моҳиятини ўзгартирмайди. Фақат баъзи бир тасаввурларга аниқлик киритиб, уни бойитади, холос.

 

Даставвал трансцендентлик тушунчаси тўғрисида. Мазкур тушунча лотинча “transendens” – чегарадан ўтувчи (чиқувчи) сўзидан олинган. Ундан ўрта аср Европа ақидапарастлари “трансценденталлар” атамасини яратган. Атама борлиқнинг умумий, олий сифатларини билдирувчи тушунчаларни англатган. Масалан, мавжудлик, моҳият, бирлик, ҳақиқийлик, хайрлилик, барака, неъмат кабилар трансценденталлар ҳисобланган. Ибн Рушднинг давомчиларидан бири Дунс Скот уларни иккига бўлган: оддий трансценденталлар – бирлик, ҳақиқийлик кабилар, ажратувчи трансценденталлар – тасодиф ва зарурият, сабаб ва оқибат, воқелик ва имконият кабилар (Философский энциклопедический словарь. Москва, 1983. Стр. 693).

 

Буюк олмон файласуфи Иммануэл Кант трансцендентал тушунчасини инсоннинг оламни билиш жараёни ва механизмлари билан боғлаб, унга гносеологик мазмун бағишлаган. У тушунчага бундай таъриф беради: “Мен кўпроқ ашёлар билан эмас, балки ашёларни билиб олишимизнинг кўринишлари билан шуғулланадиган ҳар қандай “a priori” (тажрибагача) мумкин бўлган билишни трансцендентал деб атайман” (Кант И. Сочинения. Т.3. Москва, 1964. Стр.121). Кант фикрича, трансценденталлар тажрибадан, ўқиб-ўрганишдан, амалиётдан келиб чиқмайди, улар тажрибагача мавжуд. Масалан,инсон ҳиссий идрокининг нарса ва воқеаларни макон ва замонда кетма-кетликда қабул қилиши ёки инсон ақлига оид нарсаваҳодисалар,оламнинг негизи, асоси, сабабият каби категориялар трансцендентал тушунчалардир.

 

Кант трансцендентал ва трансцендент тушунчаларини фарқлашга уринган, аммо аксар ўринда уларни бир мазмунда қўллаган. Трансцендентликни у мавжуд ва эҳтимолдаги тажриба чегарасидан чиқадиган ҳодиса ҳисоблайди: “Қўлланиши тўлиқ эҳтимолдаги тажриба доирасида қоладиган асос-ҳолларни “имманентлар” деймиз, чиқадиган асос-ҳолларни эса “трансцендентлар” деб атаймиз” (ўша манба, 338-бет). Файласуф, шунингдек, илмий-назарий жиҳатдан билиш мумкин бўлмаган, бироқ эътиқод моҳиятини ташкил этувчи тушунчаларни (Худо, қалб, абадият, боқийлик ва ҳоказо) трансцендентликка киритган. Айни фикр бизни маънавият онтологиясини таҳлил этишда унга ортиқча диний тус бермаслик, динийликка мойил публицистлар диққатини қаратмаслик учун трансцендентлик масаласини четлаб ўтишга ундаган сабаблардан бири эди.

 

Трансцендентлик билиш назарияси билан боғлиқ тушунча бўлгани сабабли унинг маънавиятдаги унсурларини, аввало, маънавий онг, яъни тафаккурдан излаш лозим. Онгдаги трансцендентлик дастлаб инсоннинг қизиқишлари, қобилияти кўринишида юзага чиқади. Биров санъатга, биров илм-фанга, бошқа биров дунё ажойиботларига қизиқади. Шу соҳадаги билимларни тезроқ ва осонроқ ўзлаштиради, ўзини мажбурлаб, зўриқмайди. Қизиққан соҳасида яратувчилик салоҳиятини, истеъдодини тўлиқроқ намоён этади. Қизиқиш ва истеъдод инсонда туғма бўлса-да, тажрибада, меҳнатда юксалади, яъни инсон учун улар имманент ҳодисаларга айланади. Лекин улар бевосита тажрибадан келиб чиқмайдиган инсоннинг “a priori” хислатларидир. Тажриба фақат уларни кучайтиради ёки заифлаштиради. Қизиқиш ва истеъдод, моҳиятига кўра, тажрибадан мустақиллиги, ундан четга чиқиши, тадрижи давомида баъзан кутилмаган доҳиёна кашфиётларни майдонга келтириши туфайли трансцендент ҳодисадир.

 

Истеъдодли шахс тафаккурининг эврилишлари, парвози, тахайюли, умуман, ижод жараёни, санъат ва илм-фан асарининг туғилиши мантиқ андозаларига, тажриба доирасига сиғмайди. Уларни чизиқли сабаб-оқибат боғлиқлигида кўрсатиш, баён этиш имконсиз. Уларда ўзига хос мўъжиза, сир-синоат бор. Бунга компьютердаги номутахассис оддий кишилар тасаввур қилолмайдиган жараён – “қора қути” феномени тўғри келади: кираётган ахборот, берилаётган вазифа маълум; чиқаётган ахборот ва оқибат ҳам аниқ, лекин “қора қути” ичида кечаётган жараён номаълум. Яратилган асар, қадриятнинг ўзи – реал, яъни муайян ҳодиса, аммо яратилиш жараёни – ҳиссиёт ва ақл доирасидан чиқиб кетадиган ғайриоддийлик, яъни трансцендентдир.

 

Илмий ва бадиий интуиция ҳам, қизиқиш ва истеъдод сингари, трансцендент ҳодисалардир. Аммо улар ҳали маънавиятнинг алоҳида қисми ёки таркибий унсурлари эмас, балки бирламчи руҳий-ақлий шарт-шароитларидир. Тасаввуфда интуиция ҳақиқатни, воқеликнинг яширин жиҳатларини, сирли алоқаларини “қалб кўзи” билан кўриш деб аталса, интуитив фавқулодда қарор қабул қилиш ва унга асосланган фаолият эса “Оллоҳга таваккал қилиш” деб талқин этилади. Илм-фан, бадиий ижод, сиёсий фаолият, амалий ҳаёт ҳамда бизнесда интуиция, қўққисдан мияга келган фикр, эвристик тафаккур (топағонлик) каби трансцендент ҳолатлар сезиларли мавқега эга. Таваккалчилик ҳам тўлиқ инкор қилинмайди, маълум даражада дастакланади.

 

Киши кўпинча хаёлига фавқулодда фикр қандай келгани ёки нега таваккал қилганини тушунтириб беролмайди. Одамлар оддийгина қилиб “Худо кўнглимга солди” деб қўяқолади. “Қалб кўзи”нинг очилиши, “Худо кўнгилга солган” ностандарт фикрлар, қарорлар трансцендентликдир. Лекин улар ушбу мақомда қолиб кетмайди, балки ашёвийлашади, инсон фаолиятида юзага чиқади. Интуитив илмий, бадиий кашфиёт   –   қадриятга айланган асар ўлароқ, юзага чиққан ғоя – амалий ихтиро ўлароқ энди трансцендентлик аломатларини йўқотиб, реал ижтимоий ҳодисага айланади ва ижтимоий тажриба доирасига қайтади, “ўз-ўзидаги нарса” “биз учун нарса”га айланади (И.Кантнинг ушбу атамаси рус тилига “вещь в себе”, ўзбекчага эса ”нарса ўзида” деб таржима қилинган. Биз ўзбек тили хусусиятларини ва муаллиф фикрининг асл мазмунини ҳисобга олиб, таржимага бир оз таҳрир киритдик).

 

Трансцендентликнинг онг, тафаккурдаги турли кўринишлари ҳақида ҳам шундай дейиш жоиз. Билиш, айниқса, шахсий билиш жараёнида субъективлик кучли намоён бўлиши; унга одамнинг қизиқишлари, ақлий қобилияти, руҳий ва ижтимоий мўлжаллари, ҳатто ўткинчи кайфияти таъсир этишини ҳисобга олсак, ижтимоий тажриба, умумқабул қилинган андозалар субъективликнинг, унга асос бўлган трансцендентликнинг таъсиридан холи эмас. Бошқача айтганда, объектив воқеликнинг, жумладан, маънавий борлиқнинг инсон онгида акс этиши ва ўзлаштирилиши субъективдир. Бинобарин, шахснинг объектив борлиқ ва субъектив инъикос негизида шаклланадиган дунёқараши, эътиқоди қисман трансцендентдир.

 

Онгнинг ҳар хил шакли, тафаккур ва билишнинг асосий тушунчалари таркибидаги трансцендент унсурларнинг алоҳида тадқиқи йирик асар ёзишни тақозо этади. Биз айтилганлар билан чекланамиз. Трансцендентлик, шундай қилиб, маънавий қадриятлар тизимига эмас, балки биринчи галда ва асосан қадриятларнинг англаниш, яратилиш жараёнига тааллуқли.

 

Лекин маънавий онг фақат тафаккур, ақлдангина иборат эмас. У, шунингдек, инсоннинг ҳис-туйғуларини, кўнгил дунёсини ҳам ўз ичига олади. Кўнгил дунёсининг истак-хоҳишларини, ҳаракатлари ва ҳодисаларини доим ҳам ақлан тушунтириб бўлмайди, улар кўпинча бевосита тажрибадан келиб чиқмайди.

 

Севги-муҳаббат ҳам инсондаги трансцендент туйғудир. Ҳеч бир ошиқ севган кишисини нега, нима учун яхши кўриб қолганини жўяли тарзда тушунтириб беролмайди. Нега севгилиси тушларига кириб чиқади, унга қандайдир ғайритабиий куч-қудрат, илҳом бағишлайди? Умрида шеър ёзмаган ошиқ сўзларни қофияга сола бошлайди; ашула айтмаган ошиқ нималарнидир хиргойи қилади, дала-даштга, қир-адирга чиқиб ҳайқиргиси келади. Айрим ҳолларда ошиқлар бир-бирини ҳатто яқиндан билмайди, икки-уч марта учрашган, холос. Севги-муҳаббат – маънавий онг унсури, демак, маънавий қадрият. Айни чоқда, у гўзал асарлар, буюк жасорат ва эзгу ишлар манбаидир. Ҳар икки кўринишда ҳам у трансцендент ҳодисадир.

 

Бинобарин, айрим ижобий ва салбий туйғулар – қалб амри, виждон азоби, завқ-шавқ, фидойилик ёки нафрат, нафс, ҳирс ҳам трансцендент мазмунга эга. Манманлик, мақтанчоқлик, шуҳратпарастлик, таги пуч амбициялар – ўз имкониятларини ортиқча баҳолаш, буюкликка ёки алоҳида имтиёзларга даъво қилиш, ўзгалар фикрига тоқатсизлик, мутаассиблик, очкўзлик, зиқналик, маишатпарастлик, шаҳватпарастлик – булар ҳаммаси инсон маънавиятини емирувчи, ижтимоий заруратга зид, жамият қабул қилган меъёрлар хорижидаги иррационал ва трансцендент туйғулардир. Демак, инсондаги нафақат ижобий, айрим салбий иллатлар ҳам трансцендент ҳодисалар саналади.

 

Ўзликни англаш билан боғлиқ миллий ғурур ва ор-номус каби туйғулар ҳам – шундай. Аслида, ғурур ва ор-номус инсон, айниқса, жамоанинг туғма хислатлари эмас. Улар тарбия жараёнида шаклланади, бинобарин, моҳиятига кўра, тарбия ва тажриба маҳсули бўлиб, трансцендент хислат эмас. Бироқ индивидуал ва жамоавий (жумладан, миллий) ғурур ҳамда ор-номусда архетип, иррационал унсурлар ҳам учрайдики, улар шахс ёки жамоанинг хулқ-атвори, фаолиятига кучли таъсир кўрсатади; уни баъзан тажриба, тарбия давомида шаклланган андоза чегараларидан чиқариб юборади. Натижада инсон (ёки жамоа) ўз қадр-қимматини, манфаатларини ҳимоя қилиш, қарор топтириш учун зарур ҳолларда ўйлаб ўтирмасдан, қўққисдан, стихияли ҳаракат содир этади. Бунда ироданинг трансцендент жиҳатлари намоён бўлади. Иродада (эркда) трансцендентлик маънавиятнинг бошқа таркибий қисмларига нисбатан кенгроқ тарқалган.

 

Трансцендентлик онг остида кечадиган жамоавий ва индивидуал онгсизлик кўринишлари билан ҳам боғлиқ. Жамоавий ва индивидуал англанмай содир этиладиган хулқий унсурлар, саъй-ҳаракатлар, ижобий ёки салбий мазмунидан қатъи назар, агар бевосита биофизиологик инстинктлардан келиб чиқмаса, трансцендентликка мисол бўла олади. Масалан, урушда гуруҳий қаҳрамонлик ёки уч-тўрт ўсмирнинг бир-биридан “қўрқоқ” деган сўзни эшитмасликка ҳаракат қилиб, ўзлари истамаган ҳолда жиноятга қўл уриши трансцендент хулқ-атвордир. Бунда жамоавий бирдамлик инстинкти   – архетип юзага чиқмоқда.

 

Архетиплар, айниқса, уларнинг ижобий оммавий иродани намойиш этадиганлари – маънавиятдаги трансцендент ҳодиса. Аммо Зигмунд Фрейд фанга киритган “либидо”нинг индивидуал онгсизлик сифатида маънавиятга алоқаси йўқ. Чунки у табиий инстинкт билан боғлиқ – шаҳвоний истак маънавий эмас, физиологик эҳтиёж; аммо уни қондириш жараёни маънавий онг ва маданият таъсирида юз беради. Индивидуал ва жамоавий кўринишдаги эрк, ор-номус, шаън, муҳаббат йўлида фидойилик, мардлик, жасорат – маънавият унсурларидир. Уларда онгсизлик ва онглилик, ҳиссий ва ақлий хоҳиш-истак, интилиш аралашиб кетган; бевосита тажрибадан келиб чиқмайдиган ҳиссиёт, эҳтирослар баъзан устунлик қилади.

 

“Эрк”дан “эркинлик” тушунчаси ясалган. Унга турлича таъриф бериш мумкин. Инсоннинг жамиятдаги ўрни ва яшаш тарзини ҳисобга олиб, эркинликнинг фалсафий, иқтисодий, сиёсий, ижтимоий, диний, маданий ва бошқа жиҳатларини ажратиб кўрсатса бўлади.

 

Француз файласуф-адиби Жан-Пол Сартр эркинликни онтологик нуқтаи назардан таърифлаб, уни трансцендент ҳодиса ва экзистенция – инсоннинг мавжудлик шарти ҳисоблайди. Эркинлик доираси трансцендент Мутлоқ онг доираси томонидан белгиланади ва инсоннинг ижтимоий аҳволи ва вазиятига боғлиқ эмас. У барча моҳиятларнинг пойдеворидир. Эркинлик туфайли инсон дунёни ўз имконияти даражасига кўтаради ва дунё ичидаги моҳиятни очади. Ушбу фикрни тадқиқ этилаётган мавзуга нисбатан қўлласак, маънавият шаклланиши, ривожланиши асосида инсоннинг онгли фаолиятида намоён бўладиган трансцендент эркинлиги ётади. Бу фикрга қисман қўшилиш мумкин. Аммо эркинликнинг трансцендент ҳодиса эканлиги анча баҳсли.

 

Эркинликда, тафаккур ва ирода билан боғлиқ жиҳатдан ташқари, ижтимоий тараққиёт даражаси билан боғлиқ жиҳат бор. Тафаккур билан боғлиқ жиҳатни ҳам тўлиқ трансцендент ҳодиса деб бўлмайди. У орттирилган, ўзлаштирилган билим ва ижтимоий тажриба таъсиридан холи эмас. Тафаккур ва инсоннинг ўз шахсини, имкониятларини юзага чиқариш билан боғлиқ эркинлик шакллари “ижобий эркинлик” деб аталади. Айни чоқда, унга жамият, давлат иқтисодий, ахлоқий, ҳуқуқий, сиёсий шарт-шароит яратади. Булар виждон эркинлиги, ижод эркинлиги, шахснинг ўз яратувчилик, юксалиш, янгиланиш, теварак муҳитини такомиллаштириш имкониятларини тўкис юзага чиқариш учун зарур шарт-шароитлардир.

 

Аёнлашмоқдаки, ижобий эркинликни тўлалигича “трансцендент ҳодиса” дея олмаймиз. У ижтимоий тажриба маҳсули ҳамдир. Бундан ташқари, “салбий эркинлик” тушунчаси ҳам бор. У инсоннинг жамиятдаги салбий омиллар – қарамлик, иқтисодий ва ижтимоий қуллик, эксплуатация, мажбурий меҳнат, зўравонлик, ижтимоий қўрқув ва ҳоказолардан халос бўлишини англатади.

 

Салбий эркинлик деярли тўлиқ ижтимоий тажриба, яъни жамиятнинг тараққиёт даражаси, давлат ва ҳуқуқнинг самарали фаолият кўрсатишига боғлиқ. Лекин унда ҳам тафаккурга оид трансцендент унсурлар учрайди. Тафаккурдаги тоталитарлик (тоталитар тафаккур) ёки либераллик унсурлари шулар жумласидандир. Демак, эркинлик, Сартр талқин этганидек, тўлиқ трансцендент ҳодиса эмас. У инсон ва жамиятнинг ижтимоий тажриба жараёнида шаклланган имманент хоссасидир. Унда трансцендентлик фақат тафаккурнинг айрим унсурлари кўринишидагина учрайди.

 

Маънавият, умуман, жамият, ҳатто бутун коинот, мавжуд борлиққа трансцендент қарашлар турли эзотерик назариялар, концепциялар, анъанавий ва замонавий илоҳий таълимотлар, ноанъанавий диний мазҳаблар дастури ва амалиёти шаклида ҳам ривожланмоқда. Уларни ўрганиш алоҳида тадқиқотларни талаб қилади. Трансцендент  ёндашувлар, айниқса, постмодернистик қарашларда кўпайиб бораётир. Баъзан улар эзотеризм билан ҳам уйғунлашиб кетяпти.

 

Хулоса қилсак, маънавиятда, шак-шубҳасиз, трансцендентлик унсурлари мавжуд, лекин улар етакчи ўрин тутмайди. Трансцендент унсурлар кўпроқ маъанавий онгда – ҳис-туйғулар, тафаккур ҳамда иродада учрайди. Маънавий маданият ва маънавий муҳитда улар жуда кам. Зеро, маънавият ва маънавий муҳит – юзага чиққан, ашёвийлашган қадриятлар мажмуидир. Улар тажриба, амалиёт доирасидан деярли четга чиқмайди.

 

Трансцендентлик, асосан, кўнгил эврилишлари, воқеа-ҳодисаларни ҳиссий баҳолаб, уларга ўз муносабатини белгилаш ҳамда маънавий қадрият яратиш жараёнида онгда содир бўладиган ижодий шуълаланиш, безовталик, интуитив оний кашфиёт, беқарорлик, иккиланиш, ночизиқли ижодий ғалаён, тўлқинланиш, фавқулодда ҳамда бошқа тасодифий фаолият билан боғлиқ ҳодиса саналади. Маънавий онгнинг ҳиссий даражасидаги айрим унсурлар, иродадаги архетиплар, ижодий тафаккурнинг интуитив, эвристик тўлқинланиши трансцендент унсурлардир.

 

Абдураҳим ЭРКАЕВ

 

Tafakkurжурнали, 2019 йил 3-сон.

“Илоҳий туйғулар туташуви” мақоласи

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси