Юнус Ражабий уй-музейи


Сақлаш
12:20 / 09.02.2022 1370 0

 

Юнус Ражабий (05.01.1897 – Тошкент – 23.04.1976) бастакор, хонанда ва созанда (най, дутор), ўзбек мусиқа меросини тўпловчиси, Ўзбекистон халқ артисти (1953), Ўзбекистон Фанлар академияси академиги (1966) ҳисобланади (Ўзбекистон миллий энциклопедияси “Р” ҳарфи, Тошкент: “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти, 2004 // www.ziyouz.com кутубхонаси манбаси. – Б. 133).

 

Юнус Ражабий дастлаб мадрасада, кейинчалик Туркистон халқ консерваториясида (1919–1923), Тошкент Олий мусиқа мактабининг тайёрлов курси (1934) ҳамда Москвада ташкил этилган бастакорлар курси (1940–1941)да таълим олган. Дутор чалишни Мирза Қосимдан, кейинчалик ўзбек мумтоз мусиқа меросини Ш. Шоумаров, Ҳожи Абдулазиз, Тўйчи ҳофиз, Домла Ҳалимлардан ўрганган. Самарқанд педагогика билим юртида мусиқа ўқитувчиси (1923–1925), Самарқанд театрининг мусиқа раҳбари (1925–1927), Ўзбекистон радиокомитети қошидаги халқ чолғу созлари ансамбли (кейинчалик халқ чолғулари оркестри) ташкилотчиси ва бадиий раҳбари (1927–1942, 1945–1959), Янгийўл театри мусиқа раҳбари (1942–1945), Ўзбекистон телерадиосининг “Мақом” ансамбли ташкилотчиси ва бадиий раҳбари (1959–1976) бўлиб ишлаган.

 

Юнус Ражабий бир қанча қадимий ўзбек халқ куй ва ашулаларини қайта ишлаб тиклаган: “Субҳидам”, “Ёлғиз” “Сайқал”, “Фиғон”, “Ораз”, “Беги Султон” ва бошқа ижрочилик фаолиятини бастакорлик билан биргаликда олиб борган Юнус Ражабий ўзбек мусиқали драмасининг шаклланишига муҳим ҳисса қўшган. Дастлаб, “Фарҳод ва Ширин”, “Лайли ва Мажнун”, “Рустам”, “Аваз”, “Холисхон” каби спектаклларга халқ ашулалари асосида куйлар басталаган. Кейинчалик Б. Надеждин билан ҳамкорлиқда “Қасос”, Н.Миронов билан “Қўчқор Турдиев”, Г.Мушель билан “Муқанна”, О.Ҳалимов билан “Нодира”, Б.Зейдман билан “Ўғил уйлантириш”, Сайфи Жалил билан “Навоий Астрободда” сингари мусиқали драмаларни яратган. У Зайнаб ва Омон операсининг ёзилишида иштирок этган.

 

Юнус Ражабий, шунингдек, “Фабрика ялласи”, “Бизнинг даврон”, “Мирзачўлда тўй”, “Ўзбекистон”, “Янграсин Гулёр”, “Дугоналарга”, “Қадаҳ”, “Кошки”, “Гул сочар”, “Жудо”, “Раъноланмасун”, “Чавандоз”, “Куйгай” каби қўшиқ ва ашулалар, “Ўйин Баёти”, “Ўйин Дугоҳи”, “Пахта” сингари рақс куйлари яратган.

 

Юнус Ражабийнинг, айниқса, ўзбек мусиқа меросини тўплашдаги хизматлари катта. У 1935 йилдан халқ, куй ва ашулаларини нотага ёза бошлаган. Натижада, Е.Романовская ва И.Акбаров тузган “Ўзбек халқ қўшиқлари” (1939) тўпламидан Юнус Ражабий нотага олган 29 та халқ мусиқа намунаси ўрин олган. 1955–59 йилларда Юнус Ражабий 5 жилдли “Ўзбек халқ мусиқаси” (И. А. Акбаров таҳририда) тўпламини нашр эттирди. Унга мингга яқин турли жанрдаги ўзбек (бир қанча тожик, уйғур) куй ва ашулалари, Бухоро шашмақоми, Фарғона — Тошкент мақом йўллари, катта ашулалар, ХХ аср бастакорлари (Ҳамза, К. Жабборов, Н. Ҳасанов, С. Калонов, Ф. Содиқов, Т. Жалилов, М.Мирзаев ва бошқа)нинг асарлари киритилган.

 

“Мақом” ансамбли билан ишлаши жараёнида Юнус Ражабий Шашмақомнинг 6 жилдли янги нашрини (1966–74, Ф.Кароматов таҳририда) ҳамда граммпластинка ёзувлар мукаммал тўпламини (Тошкент граммёзувлар студиясида, 1970 йиллар) тайёрлади. Т. Содиков, Д. Зокиров, Д. Соатқулов, Ф. Содиков, Н. Ҳасанов, К. Жабборов, С. Калонов, К. Мўминов, О. Имомхўжаев, Б. Довидова, К. Исмоилова, О. Алимаҳсумов, Т. Алиматов ва бошқа санъаткорлар Юнус Ражабийнинг шогирдларидир (Ўзбекистон миллий энциклопедияси “Р” ҳарфи, Тошкент: “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти, 2004 // www.ziyouz.com кутубхонаси манбаси. – Б. 133).

 

 

Юнус Ражабий Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1971), “Буюк хизматлари учун” ордени (2000) билан мукофотланган. Унинг ҳаёти ва ижодига бағишланган “Юнус Ражабий” (“Ўзкинохроника” студияси, 1967; “Ўзбектелефильм” студияси, 1990), “Умр дафтари” (Ўзбекистон телевидениеси, 2001) фильмлари суратга олинган.

 

Ўзбекистон КП МК ва Ўзбекистон ССР Министрлар Советининг 1976 йил 9 июлдаги 408-сонли “Ўзбекистон ССР халқ артисти, Ўзбекистон ССР Фанлар академияси академиги композитор Юнус Ражабий хотирасини абадийлаштириш тўғрисида”ги қарорига асосан Жиззах мусиқали драма театрига, Тошкент мусиқа педагогика билим юртига, Тошкентдаги кўчалардан бирига Юнус Ражабий номи берилган. Шунингдек, Ўзбекистон телерадиокомпанияси қошидаги Мақом ансамбли ва метро бекати Юнус Ражабий номи билан юритилади. 2001 йил Юнус Ражабий маданият маркази ҳам ташкил этилган.

 

Ўзбекистон Ҳукуматининг 1989 йил 13 сентябрдаги 301-сонли қарори ва Маданият министрлигининг 1989 йил 28 сентябрдаги 385-сонли буйруғига асосан Юнус Ражабий 19571976 йилларда яшаб ижод этган уй (Тошкент, Юнус Ражабий кўчаси, 20-уй)да музей ташкил этилган.

 

Музейнинг умумий майдони 484 кв.м., кўргазма майдони 181 кв.м. бўлиб, 6 та кўргазма хонаси мавжуд. Унинг ҳар бири маълум воқеликни ёритишга бағишланган: “Ёшлик ва ўсмирлик даври”, “Меъмориал хона”, “Ўзбек халқ мусиқаси”, “Шашмақом”, “Абадият”, “Мусиқа тинглаш ва фильмлар кўриш” хоналари. Музейда 6700 га яқин экспонат сақланади. Шулардан 847 таси музей экспозицияларида кўрсатилган. Экспозициядаги ХIХ аср бошларида танбур чизиғида Комил Хоразмий томонидан ёзилган ўзбек мақомларининг эскича нота ёзуви китоби, Юнус Ражабий ўзи чалган най ҳамда пианино, Юнус Ражабий ёзган 12 жилдли китоб қўлёзмалари, 5 жилди “Ўзбек халқ мусиқаси”, 6 жилди “Шашмақом”, “Мусиқа меъросимизга бир назар” номли мусиқий рисоласи, кийим-бошлари, концерт кийимлари, ўзбек халқ чолғу созлари коллекцияси, ўз оиласи, устозлари, шогирдлари ва сафдошларининг мойбўёқда ишланган портретлари, фотосуратлари уй-музейининг ноёб экспонатлар ҳисобланади.

 

Уй-музей Юнус Ражабийнинг 100 йиллик юбилейи муносабати билан 1997 йили расман очилган. Мазкур музей биноси 2 қаватли бўлиб, бинонинг олд томонига Юнус Ражабийнинг ҳайкали ўрнатилган. Музейнинг биринчи қаватида мемориал ва чолғу созлар экспозицияси хонаси, меҳмонхона жойлашган. Мемориал хонада Юнус Ражабийнинг мебеллари, радио, устки кийими, столининг устида эса мусиқа сози, ноталари, ручка, чойнак-пиёлалари қўйилган. Унинг ҳаётлигидаги муҳит сақланиб қолган. Юнус Ражабий уй-музейининг директори Ҳасан Ражабийдир.

 

 

Музейда махсус катта зал бўлиб, у ўзбек мақомига бағишланади. Унда Ўзбекистон маданияти мусиқа тарихига доир нодир ҳужжатлар – қўлёзмалар, расмлар ва бошқалар бор. Бу ерда меҳмонлар ва сайёҳлар учун махсус концертлар уюштирилади. Унда ўзбек мусиқаси машҳур артистлар томонидан ижро этилади. Музейда Юнус Ражабий ва бошқа машҳур мусиқачилар томонидан яратилган куйларни тинглаш ва аудио кассеталарини сотиб олиш, қўшиқчи ҳақидаги видеофильмни тамоша қилиш мумкин.

 

Музей залларини зиёрат этилаётган вақтларда олиб борувчи сўзларига монанд равишда сокин оҳангларда барҳаёт наволар – ўзбек, тожик, уйғур муқомлари, озарбайжон, арман тагилари, араб наволари, ҳинд рагалари янграб туради. Томошабинга бу эмоционал таъсир кўрсатади ва у Юнус Ражабий яшаб, ижод этган давр руҳини ҳис этади. Кейинги хонада пианино, сетор, дутор, рубоб каби кўплаб мусиқавий чолғу созлари экспозицияга қўйилган. Учинчи хонада Тошкентнинг Чақар маҳалласидаги Ражабий туғилиб ўсган уйнинг макети, маҳалланинг фототасвири, ўша уйда ишлатилган уй рўзғор буюмлари, онасининг портрети, сўзана, санъаткор замондошларининг фотосуратлари жойлашган.

 

Иккинчи қаватга чиқаверишда рассом С.Рахметов томонидан яратилган картина осилган. Биринчи хонада Юнус Ражабийнинг ҳаёти ва ижоди, оила аъзолари тасвирланган фотосуратлар, ҳужжатлар намойиш этилган. Иккинчи хонада композиторнинг кутубхонаси жамланган ишчи хонаси ўз ҳолича сақланган. Мазкур хонада ҳам Ражабий яшаган давр руҳи сезилиб туради.

 

Уй-музейнинг “Ёшлик йиллари” бўлимидаги: кашкул-челак (Юнус Ражабий оиласида ишлатилган, XIX-XX аср), шаҳодатнома (Юнус Ражабий Тошкент мусиқа  техникумида  ўқиганлиги ҳақида), Юнус Ражабий “Баҳор” мусиқий асари қўлёзмаси, 1926 йилга тегишли Юнус Ражабийнинг Самарқандда машҳур ҳофизлар ва созандалар билан тушган фотосурати, гувоҳнома (Ўзбекистон ССРда хизмат кўрсатган санъат арбоби), сафойил (уйғур халқ мусиқа сози), обдаста (ХIХ аср); “Санъат хонаси” бўлимидаги: беқасам тўн (Юнус Ражабий Мақом ансамбли  билан концертларда кийган), адрас тўн, “Зайнаб ва Омон” операси программаси, Юнус Ражабийга 1953 йилда берилган “Ўзбекистон халқ артисти” нишони, телеграмма (Юнус Ражабийни 70 ёш юбилейлари билан СССР Радио ва Телевидениесининг вазири Н.Месяцев табриклаган) фортопиано (Юнус Ражабий 1930 йилларда сотиб олган); “Фонд хонаси” бўлимида: Юнус Ражабийнинг   қўлёзмалари (“Лайли ва Мажнун” мусиқали драмаси), қамчин (Юнус Ражабийнинг рафиқаси Қумри Муталованинг отасидан эсдалик қолган,  ХIХ аср охири  ХХ аср бошлари); “Шашмақом хонаси” бўлимида: “Шесть музыкальных поэм” китоби (1924 йил Бухорода Фитрат ва Н.Миронов таҳририда нашр эттирилган), “Кичик баёз” китоби (XIX аср охири XX аср бошлари, Форсий ғазаллар тўплами (XVIII асрнинг иккинчи ярми); “Абадият хонаси” бўлимида: ашула дафтари (Юнус Ражабий ёнида олиб юрган), Юнус Ражабий уй-музейини барпо этилишида бир гуруҳ санъаткорларнинг имзоси қўйилган саҳифалар каби ноёб буюмлар ташриф буюрувчиларда катта қизиқиш уйғотади.

 

Бугунги кунда Юнус Ражабий уй-музейида зиёратчилар илтимосларига биноан таниқли санъат усталари жонли ижросини тинглашлари учун имкониятлар яратилган. Уй-музей зиёратчилари машҳур ҳофиз ва созандаларнинг жонли ижроларини тинглаб ҳамда диск ёзувларидан харид қилишлари мумкин.

 

Ушбу музей Тошкентдаги уй-музейлари орасида энг кўзга кўринган, музей ишини яхши ташкил этган, жуда кўп сонли томошабинларга хизмат қиладиган, яхши экскурсия ишларини олиб борадиган музейлар сирасига киради. Музейга 360.vrmuseum.uz интернет сайти орқали 3D визуал саёҳат қилиш имконияти ҳам мавжуд.

 

Шоҳиста ЭЛМУРОДОВА,

Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти

Миллий тадқиқот университети докторанти

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Маънавият

15:09 / 18.09.2024 0 22
Афанди кимга хизмат қилган?





Кўп ўқилган

Барчаси

//