Кино санъатми ёхуд эрмак


Сақлаш
00:34 / 29.01.2022 1252 0

Савол дабдурустдан ғалати туюлиши мумкин. Аммо еб-ичиш, меҳнат қилиш, ҳаракат, ухлаш, дам олиш инсон учун қанчалар зарур бўлса, руҳий-маънавий интилишлар, туйғуларни мунтазам озиқлантириш эҳтиёжи ҳам ундан кам аҳамиятли эмас. Инсониятнинг онгли ҳаёт тарзи шакллана бошлаганда ибтидоий тақлидий оҳанг – мусиқа, ҳаракат – рақс, деворий суратлар; кейинроқ қизиқчилик, ашула, муқаллидлик, томоша ўйинлар; ёзув ва тошбосма кашф этилгач – китоб, газета-журналлар шу хил эҳтиёжга жавоб ўлароқ пайдо бўлган. Ҳозир эса бу вазифа асосан телевизор, қўлтелефон, планшет, ноутбук ва ҳоказолар зиммасида. Улар бешикдан тор қабрга қадар инсониятнинг ажралмас йўлдоши бўлиб қолгандек.

 

Бугун мазкур воситалар орқали инсон баҳраманд бўлмоғи талаб этилган, моддият мезонлари ила ўлчанмайдиган санъат ўрнини мўмай даромад манбаига айлантирилган санъатнинг олқиндиси – оммавий, аниқроғи, оломон маданияти ҳодисаси эгаллади; бу ҳодиса дақиқа сайин минг-миллионлаб кўпайиб борадиган вирус каби оламни қамраб олмоқда. У эндиликда қонга батамом сўрилиб, бутунбошли жамият кори-аъмолига айланарак, инсондек зоти шарифни не бир абгорлик сувратида шармисор этмоқда. Шаҳримиз марказига олиб борадиган шоҳкўчалар бўйлаб аста юрсангиз, ўнгу сўлдаги анвойи рекламалардан кўзингиз қамашади: “Баста”, “Миллион”, “Millenium” ва ҳоказо. Буларнинг бари томоша-эрмак, шоу чўпчак, кўнгилхуши. “Мана сенга олам-олам гул, этагингга сиққанича ол!”

 

Энди асосий мавзуга қайтсак: хўш, кино санъатми ёки?..

 

Ҳарқалай, менгача ва мен мансуб авлод кинони санъат ҳодисаси деб билардик. Йиғлардик, кулардик; экрандаги воқеаларни ҳаяжон ичра, юрак ўйноғида кузатардик. Айтишингиз мумкин: ҳозиргиларидан ҳам худди шу ҳолга тушади-ку! Тўғри, йиғлатиши, кулдириши, ҳаяжон уйғотиши мумкин. Аммо... аммо асл санъат берадиган таассурот шамолдек елиб ўтувчи ҳолат эмас. У қалбни ўртаб, онгда талотўп ясайдиган ва ўша кечинмалардан бутун жисму жонингизда юксак маънавий мулк, руҳоний бисот барпо этадиган ҳодиса. У ўрни-ўрни билан юриш-туришингиз, гап-сўз ва муомала-муносабатингизда, ҳар турли фаолиятингизда намоён бўлади. У сизнинг тийнат-табиатингизга таъсир кўрсатиб, мағрурроқ қилади, илмда, ижодда, ҳаракатда янги-янги изланиш, интилишларга ундайди. У гўё тоғларнинг соф ҳавосига, чашмаларнинг зилолига ўхшаб – руҳ, қўр, қувват ва қудрат бағишлайди; ҳайрат кўзларини очиб, дунёга теран ва тийрак назар билан қарашга ўргатади...

 

Не бахтки, биз асл санъатга ошуфта, ошно бўлиб, шундай санъат муҳитида тарбия топдик. Гарчи энди бироз эскичароқ, бироз жўн ва бироз кулгили, увадароқ кўринсак-да, шуни ҳаёт ва санъат ақидасига айлантириб олганмиз. Камина комил ишонч билан тасдиқ этаманки, ҳа, кино – санъат, санъат бўлганда  ҳам чин  инсоний фазилатларни тарбиялайдиган,  бадиий тафаккур  ва дидни  шакллантирадиган, маърифат ҳамда  ибрат ташийдиган, инсон қалбини юмшатиб, фикратга маёқ берадиган, қиёси кам, такрори душвор санъат!

 

Энди шу мезонга таяниб сўнгги йилларда ўзимизда яратилган тарихий-бадиий фильмларга назар солайлик. Икки-уч йил оралиғида “Исломхўжа”, “Имом Исо ат-Термизий”, “Берлин – Оққўрғон”, “Элпарвар”, “Саид билан Саида”, “Қўқон шамоли”, “Авлоний”, “Исҳоқхон Ибрат”, “Илҳақ”, “Фариданинг икки минг қўшиғи”, “Рангсиз тушлар” каби бадиий фильмлар томошабин эътиборига ҳавола қилинди; “Муҳаббат баҳори” (Ҳамид Олимжон ва Зулфия) фильми деярли тайёр бўлиб қолди. Санаб ўтилганларнинг аксарияти эшиклар турмини бузадиган оммавий томошабин нуқтаи назаридан, балки ўзига оҳанрабодек тортавермайдиган камтарона тажрибалардир. Навбатдагиларини ҳам, эҳтимолки, шундай қисмат кутаётир. Уларнинг барини катта санъат меъёрлари билан таҳлил этиб, баҳолаш бир оз мушкул; устига устак, томошабиннинг кўп-камлигини мезон биладиган мунаққидлар урчиганида рост. Бироқ, унутмайликки, мазкур фильмларнинг ўз томошабини бор, ижтимоий тармоқлардаги баланд-паст гаплар ҳам мезон эмас. Қолаверса, жаҳон киноси буюклари – Тарковскийдан Абуладзегача, Паражановдан Сокуровгача – не-не улуғлар яратган дурдоналар ҳам, ҳарчанд реклама қилинмасин, ўртамиёна эстрада хонандаси ё бирон бачкана шоу йиғадиган аудиторияни йиғолмаслиги бор гап.

 

Ишончим комилки, “Исломхўжа” бадиий-публицистик фильмидан сўнг “Илҳақ”қа киришган ва уни бир йиллик заҳматли меҳнат самараси ўлароқ якунга етказган кинорежиссёр Жаҳонгир Аҳмедов ўз ижодий гуруҳи билан дастлабки тажрибадан кераклича сабоқ олиб, ижодий маҳорати юксала бораётганини кўрсатди.

 

Буюк муҳаддис Имом Термизий, Амир Умархону Нодирабегим, Исломхўжа, Абдулла Авлоний, Исҳоқхон Ибрат, Саид Аҳмаду Саида Зуннунова номлари бугун бадиий фильм шаклида ўзбек хонадонига кириб бораётган экан, унинг миллат маърифати ва маънавий дунёси учун нечоғли зарур, нечоғли муҳим эканини изоҳлаб ўтиришга ортиқча зарурат йўқдир-у, лекин ўйлайман: биз миллат, халқ ўлароқ ўз тарихимизни бор буюклиги, бор мураккаблиги билан идрок эта олиш даражасига етдикми? Сўздан ишга, назариядан амалиётга ўта олдикми? Ўтмиш воқелигини, шу манзарада ижтимоий ўзликни англаш маърифати томон юз бурдикми? Ҳа, бу сўроқлар оғриқли, уларга ёруғ юз билан баралла ижобий жавоб айтиш ҳозирча хийла душвор. Сабаб шуки, тарихни англаш учун маърифий чора-тадбир, воситаларимиз ҳали анча такомил топмоғи зарур. Шундай экан, нега маърифат касб этишнинг санъаткорона йўлларини изламай, оммавий маданият йўсинидаги ур-сур, от, қоч-қувла, ёқалаш-тепалаш... каби ҳолливудона усулларга танда қўйишимиз керак?

 

Ҳолливуд-ку бунинг обдон ҳадисини олган, уларга тенглашиш душвор; унга кўр-кўрона эргашиш  эса беўхшов тақлид бўлиб қолаверади. Бунинг ёрқин ва аччиқ мисоли – Болливуд. Биз маънавий баҳра олиб, санъатидан мутаассир бўлиб, кўзёшлар тўккан; ҳис-туйғулар чандон жўш уриб, қани эди шундай муҳаббат соҳиби бўлсам, шундай дўст бўлсам, дея ибрат олган “Бавжу Бавра”, “Девдас”, “Дайди”, “Жаноб 420”, “Сангам”, “Симладаги муҳаббат”, “Чангда қолган гул”, “Янги Деҳли”, “Тош ва гул”, “Ҳамроз”, “Садоқат” каби ўнлаб мумтоз ҳинд фильмлари ўрнига фақат тижорат мақсадларини кўзлаган минглаб тақлидий блокбастерлар бутун ҳинд кино оламини ишғол этди. Бу фильмларнинг томошабинни хаёлий манзаралар билан чалғитиб, вақтини ўлдириб берадиган, кўнгилочар эрмаклар экани ҳеч кимга сир эмас. Ҳа, ёқимли эрмак маблағ талаб этади; кўнгил очиб, ҳузурланиш учун пул тўлаш керак. Кино дунёси бир тўда ишбилармоннинг бойлик орттириш учун тушган рақобат майдони – серҳашам кино саройлари, кино шаҳарчалари, кино бозорлари бўлиб қолди...

 

Хўш, биз қайси йўлдан борамиз? Буюк Шекспир қаҳрамони айтмоқчи, “Ё ҳаёт, ё мамот: масала шундоқ!” Бу саволга жавоб излаб узоққа бориш шарт эмас. Президентимиз Шавкат Мирзиёев шу йил 20 январь куни Олий Мажлис Сенатининг биринчи мажлисидаги нутқида аниқ жавобни айтди: “Абдулла Авлонийнинг “Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир” деган сўзларини такрор ва такрор айтишдан чарчамайман. Нега деганда, бу фикр бугунги кунда ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамиятга эга эканини унутмаслигимиз лозим...”

 

Тарих – буюк мураббий. Ҳар қандай миллат тарихни англаса, ўзини англайди. Ҳазрат Навоий айтадиларки, оламдан нокомил ўтиш – ҳаммомга кириб, нопок чиқмоққа ўхшайди. Санъат, жумладан, кино санъатига ошнолик ҳам инсонни маърифат ва ҳайрат туйғуси билан поклайди, камолот сари етаклайди. Арасту айтмоқчи, ҳар қандай санъатнинг пировард мақсади – катарсисдир (тозариш). Акс ҳолда, одам санъатдан, кинодан нораво хулоса чиқариб, масалан, ғанимни ўлдириш, рақибни синдириш, ҳаром пул топиш, ўзидан сохта қаҳрамон ясаш, ғорат этиш... дарсларини ўрганади. Муҳаббат   –   оний лаззат, ватан – қаерда ҳузур топиб яшаса, ўша макон-маъвога мустаҳкамроқ ўрнашиш истаги ўлароқ англанади.

 

Тасаввур этингки, компьютер технологияларини ҳадди аълосида ўрганган зўр мутахассисга ватан, миллат туйғуси бегона. Ўша илму таълим нимага ёки кимга хизмат қилади? Албатта, кўпроқ ақча тутқазганга. Ақчани эса дунё ўзиники бўлмоғи учун интилаётган манфур ниятли ҳар қандай пулдор кас ҳам таклиф қилиши мумкин. 1945 йилда Хиросима ва Нагасакини вайрон қилган, ўтган асрнинг 80-йилларида Чернобиль фожиасини содир этганлар (бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин) айнан ўша   –   ватан ва миллат туйғусидан; меҳр-муҳаббат, қадрият, оқибат, олижаноблик фазилатларидан батамом маҳрум билимдонлар ва мулкдорлардир. Бу – одамда бутун Ер куррасини ағдар-тўнтар қилишга етарли билим, салоҳият бўлса-ю, меҳр-мурувват, ҳамият, бунёдкорлик ҳисси бўлмаса, ҳар қандай илму истеъдод вайронкор кучга айланишининг ёрқин исботидир.

 

Яна бир гап: бир замонлар Альберт Эйнштейн, Нильс Бор, Андрей Сахаров каби буюк олимларнинг умуминсоният тараққиёти йўлида қилган кашфиётлари ғайриинсоний мақсадлар – уруш, оммавий қирғинбарот, зулм, зўрлик, истибдод учун хизмат қилдирилган эди. Ўшанда улар чуқур руҳий изтироблар гирдобида қолиб, ўз кашфиётидан пушаймон бўлгани ҳам бор гап. Бу – ўша зотларнинг маънавияти, одамияти қанчалар юксаклигидан далолат. Андрей Сахаровнинг ўтган аср 80-йиллари СССР халқ депутатларининг съездида минбарга кўтарилиб, ҳар қандай зўрлик, куч ишлатишга қарши турли оммавий қирғин қуролларини йўқ қилиш хусусидаги нутқ ирод этгани бизнинг авлод хотирасидан ҳали ўчгани йўқ. Бу тоифа одамлар нафақат даҳо даражасидаги олим, балки буюк гуманист бўлиб ҳам жаҳон тарихига кирдилар. Санъат эса айнан ўша инсондўстликни – йўқ жойда уйғотадиган, бор жойда мукаммаллаштирадиган, юксалтирадиган кучдир.

 

Шу ўринда кинонинг ғоявий-бадиий тарбия воситаси ўлароқ кўрсатган таъсирига бир тарихий мисол. Бугунги ўрта ва катта ёшдаги кино ишқибозлари яхши эслайдики, ўтган аср 3080-йиллари оралиғида Пушкин, Лермонтов, Гоголь, Белинский, Лев Толстой, Горький каби рус адабиёти классиклари; Мусоргский, Римский-Корсаков, Чайковский каби буюк композиторлар; Суриков, Репин каби мусаввирлар; Попов, Менделеев, Циолковский, Королёв каби улуғ олимлар ҳаёти, ижоди, фаолияти акс этган бадиий-маърифий фильмлар совет халқи, айниқса, русларда умуммаърифий маданиятни тарбиялади. Ҳозир бу фильмлар қўйилмайди, ҳатто эсланмайди ҳам. Аммо ўз даврида зарур хизматини бажарди. Бажардигина эмас, Иккинчи жаҳон урушида ғолиб бўлган, дашту қўриқ ерларни ўзлаштирган, фазони забт этган авлодларни тарбиялади; моҳияти империячилик, истибдод бўлган шўро салтанатини 70 йил барқарор қилди.

 

Ҳозир-чи? Сўнгги йилларда суратга олинган Сергей Есенин, Владимир Маяковский, Максим Горький, Фёдор Достоевский каби адабий сиймолар; маршал Жуков ва Тухачевский каби ҳарбий саркардалар; Брежнев, Фурцева каби давлат арбоблари; Людмила Зикина, Александров ва Орлова, Вера Фёдорова, Владимир Висоцкий, Людмила Гурченко каби санъаткорлар ҳақидаги киносериаллар рус халқида, айниқса, ёшларда ватанпарварлик руҳиятини шакллантириш ва мустаҳкамлашда ҳазилакам аҳамият касб этяптими?! Бу фильмларни миллий ватанпарварлик тарбияси эмас, соф санъат ёки кассабоплик нуқтаи назаридан ўрганиб таҳлил қилиб, баҳолаб кўринг-чи, қандай манзара намоён бўларкан? Ёки шуларни катта кинотеатрларда намойиш этиб кўрайлик-чи, қанча томошабин чиқиб кетиб, қанчаси қоларкан?

 

Албатта, манзара, реал ҳолат воҳ деярлик бўлмайди. Аммо... аммо ўнтадан, ҳаттоки юзтадан битта томошабин кўрса ҳам, бу фильмлар ўз вазифасини бажаради, сарф-харажатни оқлайди. Чунки мамлакат ва халқнинг тақдирига дахлдор вазиятда ўша бир-иккита сабр-тоқатли ёки фикрлашга, ўзлигини англашга интилаётган зиёли томошабинда кўпчилик зерикиб, кўрмай чиқиб кетган фильм ҳосил қилган маърифат фавқулодда ҳал қилувчи роль ўйнаши ёки умумманфаатга дохил бирон бир лойиҳанинг туғилиши, амалга ошишига туртки бериши шубҳасиз. Шу маънода атоқли кинодраматург ва кинорежиссёр Андрон Михалков-Кончаловскийнинг фикрлари эътиборга молик: “Фақат тентаклар ўзгармайди... Глобаллашув давлатларнинг мустақиллигини маҳв этмоқда... Бизнинг томошабинлар эса таассуфки, борган сари киноамерикаликларга айланиб бораётир. Улар кино намойиши пайтида бодроқ ейди. Нима учун кинода ҳозир шовқин кўп? Чунки ҳамма кавшаниб, нимадир чайнаб ўтирадиганлар учун кино яратади. Мен эса китоб ўқувчилар учун фильм суратга оламан. Мен ўғлимга таъкидлаб тураманки, китоб ўқимаётганларни китоб ўқиётганлар бошқаради...”

 

Айнан шунинг учун ҳам кино вақт ўлдирар эрмак эмас, санъат, тарбия ва маърифатдир. Кинода қизиқарлилик маънавий фойдалилик тушунчасидан кейинроқ келса ва ҳатто анча орқароқда турса-да, зиён эмас. Эстрада ёки энг замонавий реп намуналарига ишқибоз мухлис мумтоз классик мусиқани эшитмаса, бу санъатдан воз кечилмайди-ку?! Шу маънода санъатни бизнес, тадбиркорлик, тижорат манбасига айлантириш нораводир. Бу истеъмолчилик кайфиятини кучайтиради ва охир-оқибат инсонлик шаън-шарафига номуносиб ҳаракатлар эшигини очади, бора-бора инсониятни руҳий таназзул сари бошлайди.

 

Шу кунларда бутун инсониятни таҳликага солаётган тожсимон вирус илоҳий тартиб-низомларга амал қилмаслик, ҳатто унга зид бориш оқибати экани аён бўлмадими? Энди ҳам кўзи очилмаса, бани башарни яна не хавфу хатарлар кутаётган экан? Теран мушоҳада қилмоқ, самимий истиғфорлар айтмоқ фурсати етди. Ана шу паллада Оллоҳ ақлу тафаккур, тил, қалб, туйғу, ижодкорлик каби неъматларни бахшида этган мавжудот – одамзодга борлиқдаги ўрни ва вазифасини маърифий кинолар воситасида ҳам англатмоқ даркор.

 

Алқисса, кино эрмак ҳам, сувдек оқиб келадиган даромад манбаи ҳам эмас. Кино – санъат, маърифат ва ибратдир. У – тарбиядир: фикр тарбияси, кўнгил тарбияси, туйғулар тарбияси; оламларни тутиб турувчи мувозанат мезонларидан бири.

 

Қизиқ, “Кино санъатми ёки...” деган саволни қайта-қайта такрорлаяпман-у, жўн бир машғулот билан вақтини беҳуда ўтказиб ўтирган одам кайфиятига тушяпман. Нега? Негаки, бир юз йигирма беш йил аввал пайдо бўлган ҳодисанинг алифбосига бугун қайтиб ўтиришдан не наф? Кимга керак бу тахлит ўй-мушоҳада?

 

Ака-ука Люмерлар кашфиёти бизнеснинг батамом янги шакли ўлароқ майдонга келиб, не-не такомил йўлларини босиб ўтди ва тасаввур қамраб олиши душвор миқёс касб этди. Кимдир уни кўнгилочар эрмакка йўналтириб, миллион-миллион даромад топди. Кимдир инсонни ва дунёни тозартирмоқ, тарбияламоқ усули ўлароқ ёндашди – ана шунда кино тасаввур, покиза туйғулар ҳосиласи ўлароқ мардлик, жасорат, олижаноблик, мурувват мадҳиясига айланди; бойиди, янги мазмун ва бадиият ила жилоланди.

 

Юнон драматургияси антик мифология негизида туғилиб-ривож топганидек, кейинги асрлардаги буюк адабий-бадиий обидаларнинг бари эртаклардан ўсиб чиқди. Бадиий тафаккур ибтидоий тасаввурдан коинот қадар юксакликка кўтарилди; эртакларча қизиқарлиликдан туйғулар таҳлилига, руҳий ҳолатлар тадқиқига кўчди; қалб аталмиш хилқат чексизликларини кашф этди. Инсон кўз қувончидан – қалб сафосига, вақт ўлдиришдан – вақт қадрини ҳис қилишга ўтди; ўзини маънан тафтиш этиб бойиди; руҳий такомил туфайлидан ўзини ва Роббини таниди; эътиқодга юз буриб, умр мазмунини тайин этди. Комилликни соғиниб, Олий хилқатга зарра ўлароқ қўшилиб кетиш умидини маҳкам тутди...

 

“Кино санъатми ёки...” деган саволни бошқачароқ – “Инсон кўз қувончини тилайдими ёки кўнгил сафосиними?” шаклида қўймоқ ва жавобини ҳар бир одамнинг ўз ихтиёрига қолдирмоқ маъқул кўринади. Яъни янги Ўзбекистонни бунёд этаётган халққа қай бири муҳим: Навоий бобомиз айтмоқчи, ҳаммомга кирдингми – кирдинг қабилида иш тутмоқми ёки покланиб, мурод ҳосил этмоқми?

 

Кундалик турмушда бир марта ишлатиладиган буюмлар бор. Бир гал ишлатасизу чиқинди қутига ташлайсиз. Улардан фарқли равишда кўп бора ишлатиладиган расмона буюмлардан фойдаланилгач, ювиб-тозалаб олиб қўйилади. Улар баъзан қимматли атиқа ўлароқ тарих, қадрият сифатида ҳам эътиборда бўлиб, асраб-авайланади. Йиллар оша қадр-қиймати ҳам ўсиб боради. Бадиий фильмларни ҳам шунга менгзаш мумкин. Ур-сур, олди-қочди фильмлар; аччиқичак мисол узун, йўлакай тўқиб бориладиган енгил маиший сериаллар ўша бир марта ишлатилиб, чиқинди челакка ташланадиган анжомларга ўхшайди. Бинобарин, ота-боболардан қолган ёки ўзим фалон пайт имкониятга эга бўлганимда сотиб олганман дея қадрланадиган, авлоддан авлодга ўтиб борадиган буюмлар каби асл санъат намунаси бўлган кинофильмлар ҳам маданий, руҳий-маънавий қадриятдир. Уларни келажак авлодга безиён, безавол мерос сифатида қолдириш, вақт-вақти билан энг қадрли тантана ва йиғинларда намойиш этиш ва мудом ҳайрат ва ҳаяжон манбаи ўлароқ эъзозлаш лозим.

 

Туйғуларни қитиқлайдиган олди-қочдиларни кўрасиз, вақтингиз гўё хуш-хурсанд ўтади, унутасиз... Асл санъат эса кўнгил ва тафаккурни саросар этади, ўйлатади, йиғлатади-кулдиради, хотирага муҳрланади, маънавий бисотга айланади... Энди сиз аввалгидек эмас, бошқасиз; бу ўзингизга ҳам, ўзгаларга ҳам аста-аста сезилади. Вақти ва ўрни билан ўша маънавий унсурлар ҳаётингизнинг ажралмас бўлагига айланар экан, хайрли амалларга васила бўлади.

 

 Шуҳрат РИЗО

 

Tafakkur журнали, 2020 йил 3-сон

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 17636
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//