Адабиёт
Туризмнинг тараққиётида ўрта осиёлик сайёҳ олимларнинг ўрни катта. Жумладан, Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Носир Хисрав, Маҳмуд Кошғарий, Замахшарий, Ёқут Ҳамавий, Абдураззоқ Самарқандий, Мирзо Улуғбек, Али Қушчи, Заҳириддин Бобур, Аҳмад Дониш, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунавварқори Абдурашидхонов каби алломаларни фахр билан тилга олиш мумкин. Улар нафақат Ўрта Осиё, балки жаҳон илм-фани тараққиётига муносиб ҳисса қўшган мўътабар олимлардир.
Шарқшунос мутахассисларнинг ёзишича, Беруний ҳаёти давомида 180 та китоб ёзган. У саёҳати давомида кўрган ва кузатганларини ўзининг “Осори боқиа” (“Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар”), “Ҳиндистон” каби тарихий ва қимматбаҳо асарларида ёзиб қолдирган. У мазкур тарихий асарларни нафақат география, балки туризмнинг ривожланишига, сайёҳларга қўлланма сифатида ҳам тавсия этган. Берунийнинг “Геодезия” китобини тўла маънодаги сайёҳлик қўлланмаси деса бўлади. Чунки унда аҳоли манзилгоҳлари, сайёҳлик объектларининг координаталари, уларнинг хусусиятлари баён этилган ва ўзи глобус тайёрлагани таъкидлаб ўтилган. У “Ҳиндистон” асарида сайёҳлар учун керакли бўлган маълумотларни, яъни Ҳиндистон давлатининг табиати (иқлими, рельефи, тупроқлари, ўсимлик ва ҳайвонот олами, гидрографияси) ҳақида қимматбаҳо маълумотлар келтириб ўтган. Беруний фан тарихида биринчилардан бўлиб глобус тайёрлаган ва дунё харитасини яратган олим сифатида дунёга маълум ва машҳурдир. Қолаверса, юқорида номлари зикр этилган олим ва аждодларимизнинг ҳам сайёҳлик соҳасига қўшган хизматлари беқиёсдир. Марҳум профессор, география фанлари доктори Ҳ.Ҳ.Ҳасанов Муҳаммад Хоразмий ҳақида: “Муҳаммад Хоразмий Ўрта Осиёнинг географ олимигина эмас, балки Шарқ географиясининг асосчиси, узоқ Испаниядан то Кошғаргача барча табиатшунос, географ сайёҳ олимларга илҳом берган, намуна бўлган йўлбошчиси ҳамдир” (Ҳасанов Ҳ. Сайёҳ олимлар. – Т.: “Ўзбекистон” 1981, 19-бет) деган эди.
Яқин ўтмишимиз, яъни XIX аср охирларидан ХХ аср охиригача давом этган рус мустамлакачилиги даврида яшаб ижод қилган (жадид) алломалар фаолиятининг айрим саҳифалари ҳам туризмнинг ривожланишига маълум маънода катта ҳисса қўшди. Жумладан, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунавварқори Абдурашидхонов, Абдулла Авлонийлар рус мустамлакачиларининг кескин қаршилиги, тазйиқи ва босимига қарамай ўз эътиқоди, қарашларини ўзгартирмадилар.
Маҳмудхўжа Беҳбудий 1899 йилда, айни 24 ёшида Кавказ, Туркия орқали муқаддас ҳаж сафарига боради. Ўзининг таъкидлашича: “1318 санаи ҳижрияси тавофи Байтуллоға Кавказ йўли Истанбул ва Миср ал-Қоҳира воситаси-ла бориб эдим. Муддати сафарим саккиз ойдан зиёда чўзилиб эди” (Беҳбудий М. Қасди сафар. “Ойина” ж., 1914 йил, 31-сон).
Беҳбудийнинг ҳаёти ва ижодини чуқур ўрганган жадидшунос олим Б.Қосимов: “Маҳмудхўжа 1903-1904 йилларда Москва, Петербургга боради, 1906 йилда Қозон, Уфа, Нижний Новгородда бўлади. Булар саёҳат эмас, хизмат сафари эди. Масалан, Нижний Новгородда 1906 йилнинг 23 августида Русия мусулмонларининг турмуш ва маданияти муаммоларига бағишланган қурултой чақирилади. Беҳбудий бу қурултойда туркистонликлар гуруҳини бошқаради ва катта нутқ сўзлайди” (Қосимов Б. Карвонбоши. // Маҳмудхўжа Беҳбудий. Танланган асарлар. – Т.: “Маънавият”, 1997, 10-бет. Қосимов Б. Миллий уйғониш: жасорат, маърифат, фидойилик. – Т.: “Маънавият”, 2002, 219-бет), деб ёзади. Бугунги кун туризмининг саёҳатчини мақсад ва манфаатига кўра билиш ва ўрганиш, соғломлаштириш ва соғлиқни тиклаш, савдо, касбий (хизмат), диний ва спорт турларига бўлиниши нуқтаи назаридан қараганда Беҳбудийнинг муқаддас ҳаж сафарига бориши ва қурултойда иштирок этиши унинг жасур сайёҳ олим бўлганлигидан далолатдир.
Маҳмудхўжа Беҳбудий 1914 йилда учинчи бор саёҳатга борди. Бу саёҳат Беҳбудий ҳаётида энг самарали, қизиқарли бўлиши билан бирга, ўзига хос кашфиётларнинг, янгича дунёвий тафаккурнинг шаклланишига олиб келди. Мазкур саёҳат 1914 йилнинг 29 майидан бошланган. Саёҳат йўналиши қуйидагича бўлган: Самарқанд – Байрамали (ҳозирги Марв, Туркманистон) – Ашхобод – Кўктепа (Туркманистон) – Красноводск (Туркманбоши) – Боку – Минералние Води (Ставропол ўлкаси) – Ессентуки (Ставропол ўлкаси) – Пятигорск (Ставропол ўлкаси) – Железноводск (Ставропол ўлкаси) – Ростов (Ростов обл.) – Одесса (Украина) – Истанбул (Туркия) – Адирна (Туркия) – Истанбул – Измир (Туркия) – Байрут (Ливан) – Шом (Дамашқ-Сурия) – Байрут – Қуддус (Исроил) – Халил ал Раҳмон – Қуддус – Ёфа – Порт Саид (Миср) – Қоҳира (Миср). Лекин унинг қайтиш йўналиши ва саёҳатнинг қанча давом этганлиги аслида номаълум.
У “Ойина” журналининг 1914 йилдаги 31-сонида: “Оқибат қарор берилдики, Кавказ ва Қрим воситаси-ла Истанбулға, айнан Юнонистонға кириб, Рум эли темир йўли Булғористон, Австрия ва Байрут тариқи-ла Мисрал-Қоҳирага бориб, яна қайтишға Истанбулға кириб, Рум эли темир йўли ила Булғористон, Австрия ва Берлин тариқи-ла ватани азизимиз Русия ва Туркистонға авдат этилса, икки-уч ойдан бери ушбу сафарнинг таҳийяси (дуо, салом)да эдук. Бул аснода Петербурғда бўлғучи Миллий мажлис машваратиға бормоқ учун Дума вакили жаноби Такликуфдан таклиф тилигрофи ва саволномалар келди. Саволномалариға кераклик жавоблар юборилиб, маъаттаассуф (афсуски), боришға сафар монеъ бўлди. Эмди сафарға азм этдук” (Беҳбудий М. “Ойина” ж., 1914 йил, 31-сон. Маҳмудхўжа Беҳбудий. Танланган асарлар. Т.: “Маънавият”, 1997, 54-бет), деб ёзади. Беҳбудийнинг ушбу гапи унинг Миср ал-Қоҳирага борганлиги ва қайтишда қайси йўналиш бўйлаб келганлигини мавҳумлаштиради. “Ойина” журналида унинг Порт Саидгача борганлиги ва у ердан Миср ал-Қоҳирага бориши лозимлиги баён этилади, холос. Масаланинг яна бир жиҳати, саёҳат хотираларининг давоми журналда босилганми ёки йўқми, бу ёғи ҳам қоронғу. Шу билан бирга “Ойина”нинг қолган сонларини топиш мушкул бўлиши билан бирга, журнал 1915 йилнинг июнь ойигача нашрдан чиққан, холос.
Беҳбудий қай юртга саёҳат қилмасин, борган жойлари, кўрган-кечирганларининг энг ибратга арзигулик жиҳатларини қаламга олади, она юрти Туркистон билан солиштиради, масалан, Русия ёки Туркиядаги цивилизация белгиларини кўрганда шу каби маданият белгиларини ўз ватанида ҳам кўриш орзусини қилади. У борган шаҳарларида албатта матбуотга ҳам қизиқиб кўради, таҳририятларга бориб, ижодий жамоа билан танишади. Буни Беҳбудий “Ойина” журналининг бир неча сонида эълон қилган “Саёҳат хотиралари”да учратишимиз мумкин.
Хулоса қилиб шуни айтиб ўтиш мумкинки, Ўрта Осиё олимлари илм-фан тараққиётига, шу билан бир қаторда туризмнинг шаклланиши ва ривожланишига ҳам катта ҳисса қўшганлар. Сабаби, улар ўзларининг саёҳати натижасида яратган асарлари билан оммани билишга, интилишга, ўрганишга чорлаганлар ҳамда жаҳонда илм-фан тараққиётига муносиб улуш қўшганлар. Улар сайёҳлар учун керакли маълумотлар акс этган қўлланмалар ёзганлар. Жаҳон туризми тарихида Ўрта Осиё туризмининг шаклланишига муносиб улуш қўшганлар.
Мунира ИСОМИДДИНОВА,
Ўзбекистон журналистика ва оммавий
коммуникациялар университети катта ўқитувчиси
Адабиёт
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ