Ўзбек халқи жаҳон адабиётининг буюк намояндаларидан бири Алишер Навоийнинг 1941 йил февраль ойида нишонланажак 500 йиллик юбилейига катта тайёргарлик билан келган, ҳатто бу улкан маданий воқеага бошқа иттифоқдош республикаларда ҳам тайёргарлик ишлари авж олган бир вақтда Иккинчи жаҳон уруши бошланди. Ўзбекистон ҳукумати шундай мушкул бир вазиятда Навоий юбилейини ўтказишни лозим топмади ва ўзбек халқи интиқиб кутган юбилей урушдан кейинги йилларга кўчирилди.
Душман шиддат билан мамлакат ичкарисига бостириб кира бошлади. Москва ва Ленинград вилоятларининг ғарбий ҳудудлари фронт майдонига айланди. Москва мудофаасига фавқулодда катта кучлар ташлангани учун душман дастлаб Ленинградни забт қилишга аҳд қилди. 1941 йил 19 сентябрда 276 та немис самолёти Ленинграднинг ҳаво чегараларини ёриб ўтиб, шаҳар устига 6-марта беҳисоб бомбаларни ташлади. Ленинград мудофааси бошланди. 20 августда немис-фашист қўшинлари Ленинград–Москва темир йўлини кесиб, Чудово шаҳрини эгаллади. 21 августда Ленинград шаҳар партия ташкилоти ва ижроия комитети шаҳар меҳнаткашларига мурожаат этиб, уларни бутун кучи билан Ленинградни мудофаа қилишга даъват этди. 30 августда душман Ленинградни мамлакат билан боғлаб турган сўнгги темир йўлини кесиб ташлади. 4 сентябрдан бошлаб душман артиллерияси мунтазам равишда Ленинградга ўлим ўқларини ёғдира бошлади. 8 сентябрда Шлиссенбургнинг забт этилиши билан Ленинградни мамлакат билан боғлаб турган ягона ҳаёт ва нажот йўли узилди. Ленинграднинг 900 кун давом этган қамали бошланди.
Уруш арафасида бутун дунёга машҳур Эрмитаж директори академик И.А.Орбели олдида турган фавқулодда катта, давлат аҳамиятига молик вазифа музейнинг асосий фондини Свердловск шаҳрига олиб бориб жойлаштириш, қолган ва шаҳардаги бошқа музейларнинг экспонатларини эса Эрмитажнинг ер ости қисмига яшириш, бомбардимондан сақланадиган хоналарни барпо этиш ва шундай оғир шароитда олимлар учун иш шароитини яратиш эди. Эрмитажнинг ер ости қисмида жон сақлаган олим ва таржимонларнинг бир қисми Навоий асарларининг илмий матнини тайёрлаётган ва унинг асарларини таржима қилаётган олим ва шоирлар эди. Улар очликдан ўлмаслик учун елимдан музлама (холодец) қилиб едилар. Вазелин, глицерин каби дори-дармонлар ҳам озиқ-овқат вазифасини ўтади.
Электр чироқлари ўчирилган, сув қувурлари бузилган, энг даҳшатлиси, озиқ-овқат заҳираси тугаган Ленинград ва ленинградликлар ҳаётида ўта машаққатли давр бошланди. Шаҳар транспорти издан чиқди, Ленинград аҳолиси шимолнинг аёзли қишидан омон чиқиш учун муз-совуқ хоналарда ўралиб-чирманиб яшади, очлик ва хасталик минглаб ленинградликларнинг ёстиғини қуритди.
Шундай оғир шароитда рус шарқшунослик мактаби бешиги Ленинград шаҳридаги олимлар ва таржимон-шоирлар Алишер Навоий таваллудининг 500 йиллигини нишонлашга аҳд қилиб, улуғ шоир ҳаёти ва ижоди билан шуғулланишда мардона давом этдилар.
Ленинград, 1941 йил 12 июнь. СССР Фанлар академияси Шарқшунослик институтининг шу куни бўлиб ўтган Илмий кенгашида Навоий асарларининг танқидий матнини яратиш масаласи муҳокама қилинди. Йиғилиш Навоий асарлари матнини араб ёзувида нашрга тайёрлаш лозим, деган қарорга келди. Профессор А.А.Рамаскевич Навоийнинг “Муҳокамат ул-луғатайн”, А.Н.Кононов “Маҳбуб ул-қулуб”, Х.Г.Рафиқов “Мезон ул-авзон” асарларини нашрга тайёрлаш ишлари қандай бораётгани ҳақида ахборот бердилар. Йиғилишда иштирок эта олмаган Е.Э.Бертельс эса ўша кунларда “Муҳокамат ул-луғатайн”нинг танқидий матнини якунлаш арафасида эди.
Бу олимлардан ташқари, ленинградлик шарқшунос-таржимонлар ҳам Навоий асарларини рус тилига таржима қилишга катта иштиёқ билан киришган эдилар. Улар нонсиз, озиқ-овқатсиз қолганларига қарамай, ҳарбий қисм ва касалхоналарда, корхоналарда кўплаб ижодий кечалар ўтказдилар, радио орқали аҳолининг эгилган, синган руҳини тиклашга ёрдам берувчи дил сўзларини айтдилар, шеърлар ўқидилар.
Таниқли шоир ва таржимон Всеволод Рождественский форс-тожик адабиётининг айрим намояндалари ижоди билан яхши таниш бўлган. Лекин Навоий ижоди унинг учун ҳали очилмаган қўриқ эди. У ленинградлик олимларнинг улуғ ўзбек шоири ижоди билан шуғулланаётганларидан хабар топиб, шу хайрли ишга ўз ҳиссасини қўшиш истагини билдиради. Всеволод Рождественский Навоий ижоди билан танишгани сайин унинг жаҳон адабиётининг даҳо сиймоларидан бири эканини кашф этиб боради. У дастлаб Навоий ижоди ҳақида мақола ёзмоқчи бўлади. Аммо дўсти Николай Лебедевнинг шоир ижодидан қилган таржималарини ўқиб, ўзи ҳам Навоий асарларидаги бадиий латофатни рус китобхонларига етказишга киришади. Шу тарзда у ҳам шахсий ташаббуси билан ленинградлик олим ва таржимонлар сафига келиб қўшилади. Аммо кўп ўтмай, Рождественский ҳарбий хизматга чақирилиб, таржимонлик қаламини милтиққа алмаштиришга мажбур бўлади.
1941 йил 10 декабрь. Эрта тонг… Ботқоқли ўрмондаги хандақ… Сиёсий бўлим вакили хандаққа келиб, ҳордиқ олиб ётган жангчи-шоирга мурожаат этади:
– Ўртоқ капитан, сизни сиёсий бўлимга чақиришяпти! Зудлик билан етиб боришинг лозим!
Рождественский бир зумда кийиниб, батальоннинг сиёсий бўлимига етиб боради. Комиссар шу заҳоти унинг қўлига бир парча қоғозни тутқазиб:
– Қаерга боришингни биласанми? Ленинградга! – дейди ҳавас билан.
Капитан ҳайрон бўлиб, қоғозга қарайди. Қоғозда “Таклифнома. Алишер Навоий (1441–1941)” деган сўзлар ёзилган эди. Жангчи-шоир қоғознинг иккинчи бетини очиб ўқийди: “Давлат Эрмитажи Сизни улуғ ўзбек шоири Алишер Навоий туғилган куннинг 500 йиллигига бағишланган тантанали йиғилишга таклиф этади. Тантанали йиғилиш шу йил 10 декабрь соат 14 да бошланади. Набережная кўчаси, 34-уй. Кичик йўлакдан кирилади”.
В.Рождественский ўша куниёқ Ленинградга етиб бориб, юбилей кечасига тайёрлана бошлайди.
1941 йил 11 декабрь. В.Рождественский Эрмитажга етиб келганида, музей деразалари Невага қараган кичик залда қирққа яқин киши тўпланган эди. Улар қандай иссиқ кийимлари бўлса, шу кийимларига ўранган ҳолда ўтирардилар. Жангчи-шоир эътиборини тортган яна бир нарса шу бўлдики, залда таниш олим ва шоирлардан, шунингдек, Эрмитажнинг Шарқ бўлими ходимларидан ташқари, нотаниш кишилар ҳам ўтиришган эди. Маълум бўлишича, улар Навоийга бағишланган тантанали анжумандан хабар топиб, совуқ ва очликка, ўқ-бомбалар жаласига қарамай, узоқ-яқиндан қийналиб бўлса-да келишган экан.
Кечани уруш туфайли чарчагани, асаб хасталигига дучор бўлгани ва эрта қариб қолганига қарамай, академик И.А.Орбели кириш сўзи билан очади. У Навоий ижоди мисолида аждодларимиз яратиб қолдирган маданий мероснинг совет халқи томонидан эъзозланаётгани, уни ҳар қандай бало-қазоларга қарамай, кўз қорачиғидек асраб-авайлаш лозимлиги ҳақида сўзлаб, тингловчиларнинг мадорсиз қарсаклари остида Навоий таваллуди 500 йиллигининг қамал қилинган Ленинградда нишонланиши фан ва маданият душмани фашизмга берилган зарба эканини айтади.
Лирик чекиниш. Шубҳасиз, ўша фавқулодда мушкул кунларда Навоий юбилейини ўтказиш шартмикан, деган кишилар ҳам оз бўлмаган. Академик И.А.Орбели бундай қарашларни кескин қоралаб, маърузачилар ва таржимонларнинг анжуманга қандай тайёргарлик кўраётгани билан мунтазам равишда қизиққан, ҳатто уларга танбеҳ ҳам бериб турган: “Навоийга бағишланган анжуманнинг нафақат катта илмий, балки сиёсий аҳамиятга эга эканини англамаяпсизлар, чоғи. Қанчалик қийин бўлмасин, анжуманни шундай ўтказайликки, жаҳон қойил қолсин. Фашистларга совет фанининг, совет фани намояндалари – забардаст олимларимизнинг куч-қудратини, Ғалабага бўлган буюк ишончини амалда кўрсатиб қўйишимиз керак!”.
Машҳур олимнинг бу сўзларидан далда олган олимлар анжуманга жиддий тайёргарлик билан келган эдилар.
1941 йил, ўша кун. Кеча раиси “Навоий яшаган давр” мавзуидаги биринчи маърузани ўқиш учун атоқли шарқшунос олим А.Н.Болдиревга сўз беради. Маърузачи буюк ўзбек шоири Алишер Навоий яшаган тарихий даврни мукаммал тавсифлаб, унинг беҳуда қон тўкилишига, халқнинг золим подшо ва амалдорлар туфайли жабр-зулм кўришига қарши чиққан буюк инсонпарвар шоир эканлигига алоҳида урғу қаратади. У маърузасини: “Ўзбек халқининг инсонпарвар шоири шу фавқулодда оғир ва мушкул кунларда биз билан биргадир”, деган сўзлар билан тугатганида, мадорсиз қўллар қарсак чалишга талпинади.
Лирик чекиниш. Урушнинг дастлабки ойларида Ломоносов номидаги Ленинград чинни заводи мамлакат ичкарисига кўчирилган, завод рассоми М.Н.Мох эса она шаҳрида қолиб, Эрмитажнинг қурилиш-таъмирлаш бригадасида хизмат қилаётган эди. У ноябрь ойи ўрталарида Навоийнинг 500 йиллигига тайёргарлик кўрилаётганидан дарак топиб, музей директори ҳузурига киради ва унга юбилейда қатнашиш истагини билдиради. Рухсат олгач, керакли асбоб ускуналарни катта машаққат билан топиб, совуқдан титраб турган қўллари билан “Сабъаи сайёр” достони мотивлари асосида безалган чинни буюмларни тайёрлайди. Юбилей учун шу машаққатли кунларда махсус ишланган ва анжуманнинг кичик кўргазмасидан жой олган бу буюмлар иштирокчиларда катта таассурот қолдиради.
1941 йил, ўша кун. Биринчи маърузадан кейин сўз Алишер Навоий ғазалларини рус тилига таржима қилган шоирларга берилади. Биринчи бўлиб Н.Ф.Лебедев минбар олдига келади, аммо бир неча кундан бери туз тотмагани учун ҳушини йўқотиб йиқилади. Орада пайдо бўлган нохуш вазиятни бартараф этиш учун ёш адабиёт муаллимларидан бири минбарга чиқиб, Навоий ғазалини ўз таржимасида ўқиб, йиғилганларни ҳайратга солади. Сўнгра иссиқ чой ичиб, ўзига келган Н.Ф.Лебедев Навоий ғазалларидан таржималарини ўқий бошлайди. Унинг заиф овози ташқарида кечаётган гумбур-гумбурлар остида ўқтин-ўқтин эшитилмай қолади. Шундай бўлса-да, Навоий шеъриятининг нафис мусиқаси ва поэтик қудрати анжуман қатнашчиларини ўзининг оҳанрабо доирасига тортган эди.
Ана шу тўлқинда минбарга кўтарилган капитан Всеволод Рождественский ҳам ўз таржималарини ҳаяжон билан ўқиб, қатнашчиларни ўзбек шоирининг гўзал ва бой бадиий олами билан таништиришга муносиб ҳисса қўшади.
Қоронғи тушиб, душман замбаракларининг хуружи яқинлашаётгани ҳақидаги радио хабари анжуман ишини тўхтатишга мажбур этади. Четдан келган меҳмонлар Эрмитаждан чиқиб, секин-аста совуқ ва қоронғи шаҳар бағрига сингиб кетадилар.
1941 йил 12 декабрь. Академик И.А.Орбелининг таклифи билан анжуманнинг давоми 12 декабрга кўчирилган эди. Шу кунги йиғилиш профессор Б.Б.Пиотровскийнинг “Навоий образлари ва Қадимги Шарқ асотирлари” мавзусидаги маърузаси билан бошланади. Маърузачи Навоий достонларидаги қаҳрамонлар образини Шарқ мифологиясидаги образлар билан қиёсий таҳлил қилаётган чоғида ҳаво ҳужуми бошланиб замбараклар тилга киради. Фашист самолётлари замбаракларнинг қақшатғич зарбасига учраган ва орқага қайтган бўлса керак, кўп ўтмай сукунат чўкади. Анжуман ўз ишини давом эттиради. Маърузадан кейин яна Николай Лебедев ўз таржималаридан намуналарни ўқийди.
1941 йил 29 декабрь. Навоийнинг 500 йиллигига бағишланган тадбирлар ҳали тугамаган эди. Ленинградлик олимлар машҳур ўзбек шоири ижодини ўрганиш, асосий илмий-назарий ва насрий асарларининг танқидий матнини ҳамда Навоийга бағишланган тадқиқотлар тўпламини тайёрлаш устида ишлашда давом этадилар. Шарқшунослик институтининг Ленинград бўлимида олиб борилаётган ишларнинг дастлабки натижалари институтнинг 29 декабрдаги илмий кенгашида илмий жамоатчилик эътиборига ҳавола қилинади. Шу куни эрталаб соат ўнда институтнинг Биржа кўчасидаги биносида бошланган илмий кенгаш академик И.Ю.Крачковскийнинг кириш сўзи билан очилади. Машҳур арабшунос олимнинг нутқидан кейин СССР Фанлар академиясининг мухбир аъзоси Е.Э.Бертельс “Навоий ижоди”, институтнинг катта илмий ходими Б.Т.Руденко эса “Навоий ва грузинларнинг “Баҳромгуриани” достони” мавзуларида маърузалар ўқишади.
Лирик чекиниш. Буюк ўзбек шоири 500 йиллигининг 1941 йилда қамал қилинган Ленинград шаҳрида нишонланиши инсоният маданияти тарихига ленинградлик олим ва шоирларнинг катта жасорати сифатида кирган. Улар Нева бўйидаги шаҳар аҳолиси очлик ва совуқдан қирилиб кетаётган бир вақтда ўзларида Навоий ва унинг ижодига ҳурмат билан қараш, ижодини ўрганиш, асарларини таржима қилиш учун куч ва мадад топдилар. Афсуски, исми номаълум адабиёт муаллимларидан бири, шунингдек, Лебедев ва Руденко ўша кунларнинг ўзидаёқ очликдан вафот этдилар.
Порлоқ илмий ҳаёти мобайнида кўплаб жаҳоншумул ишларга дахлдор бўлган академик И.А.Орбели 1941 йилнинг 10 декабрини алоҳида эслаб, бундай деган экан: “Залда ўтирган кишилар орасида ўзбек халқи билан чатишган бирорта ҳам кимса йўқ эди. Лекин бунинг ҳеч қандай аҳамияти бўлмади. Шу ердаги йиғилиш қатнашчилари учун шу куни чинакам байрам бўлди. Бу ҳол маърузаларнинг пухта ўйлаб тузилганида, Навоий ғазалларини ёшгина рус муаллими яхши таржима қилганида (у байрамдан кейин бир неча кун ўтгач вафот этди), чиннидан ясалган бадиий буюмларга Навоий асарлари мавзулари асосида иштиёқ билан суратлар ишланганида, залда ҳозир бўлганларнинг чеҳралари нурланиб кетганида ҳам сезилиб турарди”.
Ўзбек халқига вужудидаги қоннинг бирор зарраси билан боғланмаган ленинградликларнинг ўта мушкул ва фожиали бир даврда улуғ ўзбек шоирига шундай ихлос қўйгани ва унинг ўлмас асарларини ўқиб, Алишер Навоийни жаҳон адабиётининг буюк намояндаларидан бири сифатида эъзозлагани биз Навоийнинг авлодлари учун ҳамиша буюк ибрат бўлиб хизмат этажак.
Наим КАРИМОВ,
академик
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати”
газетаси, 2022 йил 14 январь, 3(4661)-сон.
“Ленинградлик навоийшунослар” мақоласи
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ