Маҳмудхўжа Беҳбудий 1913 йил 20 августда ташкил қилган “Ойина” журналига муҳаррирнинг энг қизғин ижод палласи акс этиб турган кўзгу сифатида қарашимиз мумкин. Туркий ва форсий ўрта шевада чиққан илк журнал “Ойина” халқ орасида анча машҳур бўлган (Қосимов Б. Маслакдошлар. – Тошкент: Шарқ, 1994. – Б. 14). Биргина Туркистонда эмас, “дунё мусулмонлари орасида яхшигина шуҳрат ва эътибор” (Ҳожи Муин. Танланган асарлар. – Тошкент: Маънавият, 2010. – Б. 31) қозонган “Ойина” миллат учун “ясалган” эди: “...мажалла бизники эмас, миллатникидур”, деб таъкидлаган Беҳбудийнинг ўзи (Маҳмудхўжа Беҳбудий. Танланган асарлар. – Тошкент: Маънавият, 2006. – Б. 155). Ҳақиқатан ҳам, “Туркистонга хизмати буюк” деб эътироф этилган “Ойина” бу йўлда оғишмай ижод қилди, “ўлка халқларининг фикрий уйғонишига катта ҳисса қўшди” (Дўстқораев Б. Ўзбекистон журналистикаси тарихи. – Тошкент: Ўзбекистон, 2009. – Б. 191).
Журнал саҳифаларини тадқиқ этиш жараёнида унинг биринчи йилидаги сонларида турли мавзудаги мақолаларга кенг ўрин берилган бўлса, иккинчи йилга келганда эса “Ойина”нинг танқид кучи бир оз сусайган, шеърий парчалар миқдори ортиб кетганлигини кузатиш мумкин. Хусусан, ўқувчилардан бири юборган мактубда бу ҳол шундай таъриф этилган: “Ойина” бултур муштарийларға кўзингни оч, деб қичқирар эди. Бу йил эса хонандаларни бешикда танбур айтиб ухлатмоқдадурки, илгариги маслакида давом этсун” (Хонандалар мактубидан // Ойина. 1915. №8. – Б. 203). Агарда журнал мундарижасига эътибор қаратадиган бўлсак, унда турли хорижий ва дохилий хабарлар, илмий мақолалар, гўзал шеър ва насрий асарлар, ҳажвий парчалар – хуллас, муштарийни жалб қила оладиган ранг-барангликни кўрамиз. Бироқ катта режалар билан иш бошлаган журнал муштарийлар томонидан етарлича қўллаб-қувватланмади. Унинг ташкил этилгандаги эҳтирослар оташи тез сўнди. Барча ишлар биргина муҳаррир зиммасида қолиб кетди. Бу эса, ўз навбатида, журнал савиясига таъсир этмай қолмади.
Ҳамма масалада бўлганидек, “Ойина”га нисбатан ҳам мухлислар нигоҳида икки хил қараш бўлган. Журнал шаънига ёғдирилган “табрик ёғмурлари” (Фитрат. Ҳиммат ва саботи бўлмаган миллатнинг ҳаққи ҳаёти йўқдир // Ойина. 1915. №7. – Б. 165) билан бир қаторда “Ойина”нинг ташкил топганига кўп вақт ўтмай эътирозлар битилган хатлар ҳам кела бошлади. Фитратнинг “Ҳиммат ва саботи бўлмаган миллатнинг ҳаққи ҳаёти йўқ” номли мақоласида юқорида айтиб ўтилган ҳолат анча батафсил таҳлил этилган. Хусусан, “Бутун Туркистонда бўлмаса ҳам, у катта Самарқанд шаҳринда шул кераклик мажаллани ҳалокатдан қутқаратургон бир неча ҳиммат эгалари йўқмидур, ажабо?! Қани ул табрик ёғмурлари! Қани ул ташаккур тўфонлари?..” (Фитрат. Ҳиммат ва саботи... // Ойина. 1915. №7. – Б. 165) деган изтироб тўла сўзларини келтириш мумкин. Яна бир жиҳатдан олиб қараганда, бу танқидлар “Ойина”нинг доим эътиборда бўлганлигини ҳам далиллайди. Лекин бу эътирозларнинг кўпи бир-бирини инкор қиларди.
Беҳбудий журналнинг 15-сонида худди ўшандай бир-бирига жавоб бўлувчи хатлардан бир қанчасини чоп этди. Биринчи мактуб муаллифи “Тошкентлик” журнални ўз фойдаси учун халққа “хушомад” қилаётганликда айблайди. Унинг фикрича, “Ойина” жуда бўш ёзади. Яна бир мактуб муаллифи “Қўқонлик” эса ўқувчилар кўнглига қаттиқ тегадиган ва “халқни ўзидан нафрат қилдурадур”ган услубда давом этса, “Ойина” ўз-ўзидан “синуб” йўқ бўлишини айтиб, “бўш” журналнинг услубини “ўта қаттиғ” деб баҳолайди: “...алалхусус уламо ва бойларға, ҳатто усули жадидчиларға “Ойина” сўзлари қаттиғ тегиб халқни ўзидан нафрат қилдирадур. ...уламо ёмон дегандан сўнгра халқ “Ойина”ни ўқумайдурган бўлур. Албатта, халқни, хусусан уламони танқид қилинмасун...” (Идорадан // Ойина. 1914. №15. – Б. 246). Шу каби “Ойина”га йўл кўрсатувчи яна бир мактубда “Ойина” доим ёмон ишларни топиб ёзади, яхши жиҳатларни кўрмайди, деб танқид қилинади. Яъни, Беҳбудий миллат шаънига нолойиқ деб билган иллатларга қарши чиқиб, “Ойина” минбарида уларга муносабатини билдириб турганлиги танқид қилинмоқда. Мактуб муаллифи муҳаррирнинг бу ишларига қарши чиқади: “...тўй ва маъракани кичик бўлсун, масорифи озайсун, базмлар йўқ бўлсун деб ёзар. Аммо бу нимарсалар аввалдан бор эди. Яна бўлур”.
Кейинги мактубларда журналнинг тили ҳақида гап кетади. Самарқандлик муаллиф форс тилидаги мақола ва шеърлар “Ойина” тилини оғир қилиб қўяётганлигидан нолиб, халқ англайдиган “осон ўзбакий ила” ёзишга чақиради. Яна муаллиф ёзади: “Бизға тарих ва фандан ёзмай, ҳар ким билатургон ва қизиқатургон хабар ва ғалати ажойиботлардан ёзинг. Бу “Ойина”нгиз қизиқ эмас. Ошиқона ғазаллар кўброқ ёзилса яхши бўлурди”. Эътироз кайфиятидан кўриниб турибдики, мактуб эгаси оддий авом вакили. Навбатдаги мактуб мазмуни эса юқоридагисининг акси: “Ойина” тилини авомча ва кўчаги қилиб юборилибдур. Муни авом ўқимайдур. Аҳли илм ва адабиёти жадида ошиқлари ўқийдур”. Мактуб муаллифининг фикрича, журнал авом учун эмас, уни фанний нарсалардан кўпроқ ёзиб, илмийроқ қилиш керак эди.
Мактублар ичида биргина форс тилида ёзилгани ҳам бўлиб, унинг муаллифи Мунзим Бухорий эди. Мунзим форсий тилнинг ҳозирда кенг ёйилиб бораётгани ҳолда, нима сабабдан “Ойина” форсча кам ёзади, деб савол қўяди. Муштарийлар раъйига қараб ақалли журналнинг ярмини бўлса ҳам форсий шеър ва мақолалар билан бойитиш лозимлигини мақбул деб таклиф киритади (Идорадан // Ойина. 1914. №15. – Б. 246–248). Беҳбудийда эса форсий ва туркийга бир тил, яъни мусулмоний деб ёндашиш мавжуд бўлган (Балдауф Ингеборг. ХХ аср ўзбек адабиётига чизгилар. – Тошкент: Маънавият, 2001. – Б. 42). Кўриниб турибдики, ўқувчиларнинг “Ойина”дан кўнгли тўлмаган. Мақола йўлловчилар кам бўлгани сабабли, кўпроқ муҳаррирнинг ижод қилишига тўғри келган. Бир хил услуб ҳам ўқувчиларни зериктириши табиий. Журналнинг баъзи сонларига нисбатан “24 саҳифани ҳамаси Маҳмудхўжани қалами ила тўладур, десак ҳам бўлур” (Мирмуҳсин Шермуҳаммад ўғли. Муҳаррир ва матбуотимиз // Ойина. 1915. №9. – Б. 215–217). Сабаби юқорида айтилганидек, мақола юборувчилар сийраклашиб қолган эди. Беҳбудий буларга жавобан “Ойина” саҳифалари ҳар кимга очиқлигини таъкидлайди (Идорадан // Ойина. 1914. №52. – Б. 1234).
“Ойина” журнали жуда оз муштарий билан иккинчи йилини бошлайди. Унинг зиммасига ёғилаётган талаблар эса яна-да кучаяди. Энди муштарийлар журнални бошқа нашрлар билан солиштира бошлади. Бухоролик бир мактуб йўлловчи “Ойина”га “Садойи Туркистон” имлосини қабул қилиш таклифи билан чиқади. Наманганлик муаллиф “Ойина”ни “Шўро” ва “Дирилик”дек қилиб чиқарилсин, деб кескин талаб қўяди (Хонандалар мактубидан // Ойина. 1915. №8. – Б. 201). Беҳбудий Самарқанддаги матбуот ишлари мукаммал эмаслигини, “Дирилик” ва “Шўро”дек чиқармоқ учун яна 15–20 йил вақт кераклигини тушунтиришга уринади. Мирмуҳсин Шермуҳамедов (1895–1929) ҳам ўз мактубида журнал мундарижаси “Шўро” каби аввалги саҳифада ёзилишини сўрайди. Ҳамма талабларнинг қондирилиши иложсиз бўлгани сабабли Беҳбудий буларни ижросиз қолдирган, деб тахмин қилиш мумкин.
Қарши фикрлар ёзилган мавзуларнинг бири муҳораба, жанг хабарлари эди. Ҳарбий ва сиёсий хабарлар Туркистон матбуотининг энг кўп ўқувчи тўплай оладиган мавзуларидан бири бўлган. Бундай хабарлар газетада бериш учун қулай бўлиб, журнал ойда бир ёки икки марта чиққунига қадар бу хабарлар ўз янгилигини йўқотар эди. “Ойина” журналида муҳораба хабарларининг берилишига М.Шермуҳамедов кўп эътироз билдирган. Ҳатто айрим шундай илтимослар билан хат йўллаган муаллифларни танқид остига олади: “Муҳораба хабарлари ёки суду судя воқеотлари ёзилмаса яхши бўлур, нимагаки бошқа жаридалардан бул воқеалар илгарироқ эшитилур” (Хонандалар мактубидан // Ойина. 1915. №8. – Б. 202). Беҳбудий ҳам ушбу фикрлар тарафдори бўлган. У муҳораба хабарларини ўқиш учун “Садойи Туркистон” ва “Садойи Фарғона”ни тавсия қилади. Журнал услубини эса адабий, илмий, тарихий, фанний мақолалардан иборат бўлишини лозим деб билди (Идорадан // Ойина. 1914. №52. – Б. 1234).
“Ойина” ташкил этилган кунидан унинг фаолияти ва мазмунини бойитиш тўғрисида турли-туман маслаҳатлар журналнинг охирги сонига қадар ёнма-ён кетди. Уларда мақолалар ҳажми икки саҳифадан ошмаслиги, журнал “қалинроқ” бўлиши ва кўпроқ чиқишини хоҳловчи талаблар янграй бошлади. Қуруқ маслаҳатлар кўп эди. Лекин журналнинг тараққийси учун амалий иш қиладиганлар йўқ эди ҳисоби. Беҳбудий бу истакларни амалга ошириш учун пул ва кўнгиллилар йўқлигини, ўзининг “касал нимкора” ҳоли билан бу ишда ожизлигини очиқ-ойдин ёзди (Хонандалар мактубидан // Ойина, 1915. №8. – Б. 201).
“Ойина”нинг аста-секин дарз кетаётганини сўнгги сонларидан ҳам пайқаш мумкин. Аввал бошида Таваллодан бошланган юз ўгиришлар (Эътироз // Туркистон вилоятининг газети, 1914. №22) самарқандлик зиёлиларга ҳам ўтди. Ҳожи Муин, Саидаҳмад Васлий Самарқандий, Сиддиқий-Ажзийлар “Ойина”дан “қалам”ларини тўхтатди. Журнал Беҳбудийнинг илмий мақола ва шеърлари жамланган тўпламга айланиб қолаётган эди. Шу ўринда Мирмуҳсин Шермуҳамедовнинг қуйидаги фикрларини келтириш ўринли: “...бизда янги бир асар кўруна бошласа, 5-6 кун бақириб-чақириб шеър ва мақола ёзармиз, сўнгра чарчаган киши бўлиб ўз манфаатимизга бечора миллатни қурбон қилиб ўлтураворамиз. Шунинг учун бизим ўртамизда матбуот эътиборсизлануб борадур” (Мирмуҳсин Шермуҳаммад ўғли. Муҳаррир ва матбуотимиз // Ойина. 1915. №9. – Б. 215–217). Ушбу “арзнома”лардан сезиш мумкинки, “Ойина” ҳақиқатан ҳам халқ қалбига умумий йўл топа олмаган” (Абдирашидов З. Исмаил Гаспринский и Туркестан в начале ХХ века: связи-отношения-влияние. Ташкент: Академнашр, 2011. – Б. 319).
1914 йил 52-сонидан кейин “Ойина” ўз фаолиятини тўхтатишга қарор қилди. Бироқ идорага келган илтимослар сабаб 68-сонигача давом этди. 1915 йил 15 июндаги 16-сон (68)дан “Ойина” тугатилди. Идора бунинг сўнгги сабаби қилиб муҳаррирнинг бетоблиги ва таҳрир этувчи кишининг йўқлигидан деб кўрсатди. Билдиришномада “Ойина”нинг 17(69)-сони чиқарилади, дейилган бўлса-да, журнал қайтиб дунё юзини кўрмади.
Нодира ЭГАМҚУЛОВА,
филология фанлари бўйича
фалсафа доктори (PhD)
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ