Беҳбудия кутубхонаси: 114 йил аввал Самарқандда очилган, кунига 14 соатлаб ишлаган ва… қаровсиз қолиб ёпилган


Сақлаш
14:47 / 18.01.2022 1456 0

Миллий маърифатпарварлик ҳаракатининг кўзга кўринган яловбардори “Маҳмудхўжанинг оти Туркистон тарихида зийнатлик мумтоз ўрун олишга муносиб бир отдир” (Вадуд Маҳмуд. Танланган асарлар. – Тошкент: Маънавият, 2007. – Б. 144). Беҳбудий халқ учун манфаати бор амалий ишлар билан қизғин шуғулланди: жадид мактаблари ташкил этишда бош-қош бўлди, театр санъатига асос солди, газета-журнал чоп қилди, нашриёт ҳамда кутубхона ташкил этди. Сиёсий, маърифий-маданий, иқтисодий-ижтимоий соҳаларда бирдек хизмат қилди. Эътиборлиси, ўз фаолият нуқталарини бир-бири билан туташтирган ҳолда амалга оширган.

 

“Беҳбудия кутубхонаси” унинг миллат учун бошлаб берган хайрли ишлари қаторида туради. Самарқанддаги дастлабки маҳаллий газета ва миллий журналнинг ношири, биринчи миллий драма муаллифи, Туркистондаги усули жадида мактабларининг “биринчи назариётчи ва амалиётчиларидан” (Аҳророва З. Беҳбудий  кутубхонаси // Ўзбекистон адабиёти ва санъати. 17.02. 1995.), энг биринчи фанний дарсликлар яратувчиси Беҳбудий кутубхона ташкил қилишда ҳам биринчилардан бўлди. Ушбу зиё маскани Самарқанд губернаторидан расман рухсат олиниб, 1908 йил 11 сентабр куни шаҳарнинг “Янги раста” қисмида очилган (Маҳмудхўжа бин Беҳбудхўжа  хатиб. Мутолаахона // Туркистон вилоятининг газети. 1908. № 48; Юсуфзода. Писмо из Самарканда // Туркистон  вилоятининг газети. 1910. № 16). Лекин кутубхона очилиши анча аввал овоза бўлиб кетади. Чунки бу ҳақда энг оммабоп нашр “Туркистон вилоятининг газети” хабар қилган эди.

 

Кутубхонанинг барча расмий масалалари 27 бобдан иборат дастурда белгилаб берилган (Маҳмудхўжа бин Беҳбудхўжа. Самарқанд китобхона жамияти // Туркистон вилоятининг газети. 1908. № 58). Аъзолик бадали йилига 3 сўм миқдорида белгиланади. Мақсад ҳам мусулмонларнинг кам харж қилиб кўпроқ фойда олишига шароит яратиш эди. Умуман, битта кутубхона учун нималар керак бўладиган бўлса, Беҳбудий буларнинг барчасини ҳозирлаш ҳаракатини кўрган.

 

Зиё маскани фаолиятида Маҳмудхўжа Беҳбудийга сафдошлари Ҳожи Муин, Васлий Самарқандий ва муаллим Абдулқодир Шакурий кўмаклашишган. Таркибий жиҳатдан жуда бой, хилма-хилликка эга фонди бўлган. Жумладан, турли давлатларда нашр қилинган диний ҳамда дунёвий китоблар, суратли журнал ва газеталар, энсиклопедия, луғатлар, харита ва атласлардан ўқиб фойдаланиш мумкин бўлган (Маҳмудхўжа бин Беҳбудхўжа хатиб. Мутолаахона // Туркистон  вилоятининг газети. 1908. № 48).

 

Дастлаб 200, кейинчалик 225 жилд китобга (Маҳмудхўжа бин Беҳбудхўжа. Самарқанд китобхона исломияси // Туркистон вилоятининг газети. 1908. №8; Беҳбудий. Самарқанд китобхона ва мутолаахона исломиясининг 1908 йил ҳисобномаси // Туркистон вилоятининг газети. 1909. № 4) эга кутубхона кунига 14 соат ишлаб турган (Маҳмудхўжа бин Беҳбудхўжа хатиб. Мутолаахона // Туркистон вилоятининг газети. 1908. № 48). Мутолаахона очилганига 7 ой тўлганда аъзолари сони 125 нафарга етган ва жамият 2000 га яқин китобхон эҳтиёжини қондирган.

 

Икки йил кутубхона ишлари учун хайрли кечди. Аъзолар ва ён босувчи кўнгиллилар етарлича топилиб турди. Лекин 1910 йилга келиб фаолияти сусая бошлади. Бунинг бир қанча сабаблари бор эди. Хусусан, жадид-қадим ихтилофи ва муттасиб уламоларнинг уйдирма миш-мишлари. Илмдан бебаҳра ва бу ишларнинг фаҳмига тушуниб етмаган авом эса унинг заволи учун курашди. Муллолар кутубхонани кофирхона, зарарли жой деб, ота-оналарга фарзандларини  у ерга юбормасликни буюрди (Юсуфзода. Писмо из Самарканда // Туркистон вилоятининг газети. 1910. № 16).

 

1912 йили кутубхонани очиб ўтиришга зарурат ҳам қолмади. Кунлик келиб-кетувчилар сони масканнинг ишчиларидан унча кўп эмасди. Аста-секин бу ҳолат молиявий муаммоларни келтириб чиқара бошлади. 1914 йилнинг аввалидан эса фаолият кўрсатишга қийналиб қолди. Йиллик йиғилишда барча 15 та аъзо гувоҳлигида кутубхонани сақлаб туриш ва иқтисодий муаммони ҳал этиш учун спектакл қўйишга қарор қилинди (Абдирашидов З. Исмаил Гаспринский и Туркестан в начале ХХ века: связи-отношения-влияние. – Тошкент: Академнашр, 2011. – Б. 267). Лекин бу тадбирнинг маърифат даргоҳини жонлантириш учун фойдаси бўлмади. Беҳбудий узоқ йиллар халққа хизмат қилади деб ўйлаган миллат кутубхонасининг тақдирига нуқта қўйилди.

 

Маҳмудхўжа кутубхонани ўз ҳовлисига кўчирди ва унга “Беҳбудия кутубхонаси” деб ном берди (Беҳбудия кутубхонаси // Ойина. 1914. № 27). Россия ва хорижда нашр этилган китоблар арзон нархда сотилишини ҳам эълон қилди. “Ойина”нинг кетма-кет ўнга яқин сонида сотиладиган китоблар номи ва нархи бериб борилган. Рўйхатни кўздан кечира туриб собиқ кутубхонанинг қандай китобларга эга бўлганини билиш мумкин. Жумладан, “Тарихи Эрон”, “Тарихи маданият”, “Усмонли рус сафари”, “Яман саёҳатномаси”, “Тарихи асотир”, “Мухтасар тарихи маданият”, “Ҳиндистон саёҳатномаси”, “Илми ҳайвонот”, “Латойифи Хўжа Насриддин”, “Шоҳномайи мумтози олий”, “Низомий куллиёти”, “Бедил куллиёти”, “Маснавийи шариф”, “Ҳақиқатнома” каби китоблар ҳамда “Сирожу-л-ахбор” (Афғонистон), “Қадинлар дунёси” (Қозон), “Чеҳранамо” (Миср), “Ҳаблу-л-матин” (Калкутта), “Таржимон” (Боғчасарой), “Мулла Насриддин” (Боку), “Юлдуз” (Қозон), “Шўро” (Оренбург) сингари газета-журналлар ўз даври учун қимматли бойлик ҳисобланган.

 

Маҳмудхўжа Беҳбудий вафотидан кейин эса бебаҳо мерос тақдири билан қизиқувчи одам топилмади. “Туркистон” газетасида келтирилган “Самарқанда Беҳбудий кутубхонаси” (Кезувчи. Самарқанда Беҳбудий кутубхонаси // Туркистон. 1924, 4-август) мақоласида ёзилишича, кутубхонадан масъул ишчилар ҳам хабар олмай қўйган ва бир ярим мингдан ортиқ (659 дона мусулмонча, 923 дона русча) китоб қай ҳолда экани номаълум қолган.

  

Кутубхона Маҳмудхўжа Беҳбудий ўйлаганидек кенг равнақ топмаган бўлса-да, зиёлилар ва илм аҳлига фойдаси беҳад улкан бўлган. Ҳатто маърифатпарвар зотнинг кейинги фаолияти – “Ойина”, “Самарқанд” нашрлари учун асос манбалардан бўлиб хизмат қилди дейиш мумкин. “Падаркуш” драмасининг ҳам илк бор саҳна юзини кўриши бевосита ушбу маърифат маскани турткиси билан боғлиқ... Хуллас, эскича фикрловчи кимсалар қутқуси, илмсиз халқнинг иштиёқсизлиги оқибатида тараққийпарвар лойиҳалардан яна бири муваффақиятсизликка учраган.

 

Нодира ЭГАМҚУЛОВА,

филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

16:11 / 22.11.2024 0 46
Мактаб амма





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10434
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//