Арастушуносликнинг ҳал этилмаган муаммолари – чуқурга кўмилган китоблар, ҳаммабоп файласуфнинг хатолари ва турфа қиёфаси


Сақлаш
11:12 / 21.12.2021 1430 0

 

Фалсафанинг бирор йўналиши йўқки, Арасту асар ёзмаган бўлсин. Фаннинг бирор соҳаси йўқки, унинг тарихи Арастуни четлаб ўтсин. Бирор файласуф йўқки, Арасту ғояларичалик турлича талқин қилинган, унингчалик мақталган ва айни чоқда, лаънатланган бўлсин. Инсоният тафаккури тараққиётига бемисл ҳисса қўшган ва таълимоти умуминсоний маънавий бойликка айланган ушбу файласуф, қомусий олим таваллудининг 2400 йиллиги ЮНЕСКО шафелигида халқаро миқёсда нишонланмоқда.

 

Хўш, нега Арастуни буюк дея алқаймиз? Нимаси буюк унинг? Ахир, у эмасмиди буюк ёлғонларнинг ҳам асрлар оша яшашига йўл очиб берган? Арастунинг физик олам ҳақидаги қарашлари бугунги кун нуқтаи назаридан хатога тўла эмасми? Начора, хато қилмаган буюк зот йўқ ва буюклик хатонинг оз-кўплиги билан ҳам ўлчанмайди.

 

Арасту фалсафаси мослашувчан фалсафа эди. Исломий Арасту, насроний Арасту, яҳудий Арасту, мажусий Арасту – булар ҳақиқий Арастунинг турфа “қиёфа”ларидир. Турли динлар унинг фалсафасини (айниқса, физика ва метафизикасини) ўзига мувофиқлаштирган ва унинг мантиғидан ўз ақидаларини рационал асослашда фойдаланган. Арасту бўлмаганда, дейлик, насроний ва исломий фалсафа ҳозирги кўринишини олармиди? Ғарбда схоластика ва унинг доирасида билим ва эътиқод муносабатига доир баҳслар, номинализм ва реализм[1] вужудга келмас эди. Номинализм ва реализм курашисиз Уйғониш даври фалсафаси пишиб етилмасди. Янги даврдаги эмпирицизм ва рационализм ўртасидаги кураш ҳам аслида номинализм – реализм баҳсининг мантиқий давоми бўлганини ҳисобга олсак, Арасту таъсири бу даврда ҳам фалсафани тарк этмаган.

 

Тўғри, Арасту Афлотунсиз бу қадар юксак мақомга чиқолмас эди. ХII асрга – Ибн Сино, Ибн Рушд, Маймоний каби Шарқ файласуфлари асарлари кириб боргунга қадар насроний олами Арастуни деярли унутган, бу дин илоҳиёти эса асосан Афлотун ва янги афлотунчилик ғоялари билан суғорилган эди. Арастунинг Ғарбни қайта забт этиши осон кечмади – илк арастучилар бидъатчиликда айбланди. Арасту фалсафасидаги материализм ва рационализмни ҳукмрон насроний илоҳиётига мувофиқлаштириш осон эмас эди. Унинг мантиғи ва физикаси нуқтаи назаридан эса баъзи насроний ақидалар абсурдга айланиб қоларди. Шундай шароитда насроний олами ақл ва эътиқодни ўзаро келиштириш йўлларини қидира бошлади.

 

Ғояларнинг, абстракт тушунчаларнинг реал мавжуд эканию конкрет нарса ва ҳодисаларнинг шунчаки “шарпа” экани ҳақидаги Афлотун қарашларининг Арасту томонидан танқид қилиниши ва шу негизда бошланган баҳс насроний диний ақидалари контекстида янгича кўриниш олиб давом этди. Арасту фалсафаси насоро илоҳиётчилари ўртасида рационал мунозараларга туртки берди. Библияни сўзи эмас, руҳидан келиб чиқиб талқин қилиш тенденцияси кучайди. Оврупода Ренессанс учун қулай маданий муҳит ҳозирланди.

 

Арасту фалсафасининг қамрови ва маҳобатини намойиш қилмоқ учун биргина мақола не, йирик монографиялар ҳам етарли эмас. Биз қуйида Арастунинг илмий бисоти ва бу мероснинг файласуф вафотидан кейинги тақдирига бир қур назар ташламоқчимиз.

 

* * *

 

“Инсон табиатан билимга ташнадир” (Метафизика I, 980а). Бу ташналик қандай қондирилади – шифтдаги доғларнинг сонини санаш биланми ёки оламнинг фундаменал қонунларини кашф қилиш биланми? Оқилона қизиқувчанлик ва билимга мубталолик инсоният эришган ютуқларнинг ўқ томиридир. Арасту учун яшашнинг мақсади ҳам, воситаси ҳам айнан билиш эди. Унингча, инсоннинг инсонлиги унинг онги фаолияти билан чамбарчас боғлиқ. Билиш эса ана шу фаолият мақсади сифатида асл инсонни яратади. Ахлоқнинг ҳам, бахтнинг ҳам, фаровонликнинг ҳам асоси билимдир. Антик давр юнон фалсафаси таянчи айнан шу ғоя бўлганини алоҳида таъкидлаш лозим. Зеро, Арасту ана шу анъанани ҳадди аълосига юксалтирган мутафаккир эди. Яна шуни ҳам таъкидлаш ўринлики, юнонлар назарда тутган билишнинг (scientia) бирламчи воситаси мифологик ривоятлар ҳам, ўтмиш аждодлар нуфузи ҳам, мистик тажриба ҳам эмас, балки ақл ва ҳиссий тажриба эди. Ана шу жиҳати билан юнон фалсафаси ўша даврдаги бошқа фалсафий анъаналардан бирмунча олдинда туради.

 

Арасту шу анъананинг маҳсули эди. Ўз навбатида, у бу анъанани шу қадар юксалтирдики, унинг таъсири минг йилларга узанди. У Афлотун идеализмини Демокрит материализмига мувофиқлаштира олди. Бу жиҳатдан уни рационализм ва эмпирицизмни синтезлаган (“коперникона тўнтариш”) Иммануэл Кантга қиёслаш мумкин. Арасту фалсафасида моддиятга ҳам, руҳониятга ҳам ўрин берилгани уни ҳаммабоп файласуфга – дини ва миллатидан қатъи назар, барчанинг “биринчи муаллим”ига айлантирди.

 

Арасту рационал асосдаги чинакам фалсафа вужудга келганидан қарийб уч аср кейин яшаган. У вақтда дунё сир-синоатга бой эди. Юнон фалсафаси (Фалес, Анаксимен, Анаксагор) табиатни, унинг ўзгармас, фундаментал асосларини кашф қилишга уринишдан бошланди. Кейинчалик изланишлар доираси кенгайиб, инсон ва жамиятни (софистлар, Суқрот, Афлотун) ҳам қамраб олди. Бу икки йўналишнинг қўшилиши эса Арасту фалсафасида кузатилади. Шунинг учунми, у тадқиқот соҳаси энг қамровдор файласуфга айланди.

 

Тадқиқотчилар Арасту ёзган асарлар сони икки юзтага етиши, улардан ўттиз биттасигина бизгача етиб келганини айтади. Алломанинг антик даврда яшаган биографлари эса асарлар сонини турлича кўрсатган. Масалан, Диоген Лаэрций (III аср) 143 та, Исихий (VI аср) 187, Птолемей ал-Ғариб (IV аср) 99 та. Бир рўйхатдаги баъзи асарлар иккинчисида берилмаган. Масалан, Диоген Лаэрций рўйхатига Арастунинг баъзи йирик асарлари (“Жон ҳақида”, “Никомах этикаси”, “Метафизика”) киритилмаган. Шундай бўлса-да, асарларнинг мазмуни очиқланмагани боис, бу рўйхатларга муайян асар киритилган ёки йўқлигини аниқ айтиш қийин. Чунки асарлар бир неча марта қайта тартибланган ва номлари ўзгарган. Улар орасида тил ва мантиқ, этика ва эстетика, сиёсат ва ҳуқуқ, зоология ва ботаника, кимё, астрономия ва механика, теология, метафизика ва билиш назарияси, ҳаттоки Олимпия ўйинлари ғолиблари ва Нил дарёси ҳақидаги асарлар ҳам бор.

 

Шуни эслатиб ўтиш жоизки, Арасту ўзгалар ўқиши учун китоб ёзмаган, ундан қолган асарлар ўзи маърузаларида фойдаланган қайдлар, холос. Улар бугун қўлимиздаги йирик асарлар ҳолида кейинчалик тартибланган. Шу боис уларнинг ёзилиш санасини аниқ хронологик тартиблаш мушкул. (Асарларда бир-бирига берилган ҳаволалар, ўша даврдаги тарихий воқеаларнинг эсга олинишига кўра уларнинг ёзилиш кетма-кетлиги нисбий аниқланади.) Бир неча асарлар қўшиб яхлитланган ёки параграфлар мавзусига кўра бир асардан бошқасига ўтказилган. Хўш, бу қачон ва кимлар томонидан амалга оширилган?

 

Муҳожир  файласуф

 

Арастунинг Афинадаги ҳаёти икки даврга бўлиб ўрганилади. Биринчи даврда (мил. авв. 367–347) у Афлотун академияси тингловчиси бўлган, иккинчи даврда (мил.авв. 335–323) Александрнинг ҳомийлигида шу ерда ўрнашиб, ўз мактаби – Лицейга асос солган. Арасту, гарчи умрининг ярмидан кўпи ўша ерда ўтган эса-да, Афина фуқароси бўлмагани боис, ҳуқуқлари чекланган эди. Масалан, хусусий ер-мулкка эга бўлолмасди. Мактаби учун ажратилган жой ҳам ижарага олинган эди. Арастунинг, Суқрот ва Афлотундан фарқли ўлароқ, афиналиклар орасида эътибори юқори бўлмаган. Бунинг устига, афиналиклар орасида македонияликларга қарши кайфият кучайиб борган. Арастуга, Александрнинг ҳаммаслаги бўлмаса-да, босқинчининг устози ва маънавий раҳнамоси сифатида қаралгани ҳам мутафаккирнинг Афинадаги ҳаётини чигаллаштирган. Милоддан аввалги 323 йили Александрнинг тўсатдан вафот этиши Арастуни қудратли ҳомийдан жудо қилди. Афинада яшаш энди унинг учун янада хавфли бўлиб қолди. Уни Суқрот каби бидъатчилик ва даҳрийликда айбловчилар пайдо бўлди. У афиналиклар “иккинчи марта фалсафага қарши жиноят қилмасликлари учун” шаҳарни тарк этади. Cуқротнинг ўлдирилиши биринчи жиноят эди десак, Арастуга нима хавф солгани аёнлашади.

 

Шундан сўнг Эвбея оролидаги Халкис шаҳрига кўчиб ўтади ва ўша ерда милоддан аввалги 322 йили, аксар тадқиқотчилар фикрига кўра, ошқозон-ичак йўлларидаги сурункали касалликдан вафот этади. Арастудан катта кутубхона мерос қолган. Страбоннинг ёзишича, у қолдирган кутубхона кейинчалик Александрия кутубхонасига андаза бўлган. “У биз билган китоб тўплаган биринчи шахс эди. Миср ҳукмдорлари ундан намуна олди”.

 

Арастунинг кутубхонасида ўзиникидан ташқари бошқаларнинг асарлари ҳам бўлган. Маълумки, Арасту қайси муаммони тадқиқ этмасин, уни ўзигача кимлар ўргангани билан қизиққан, уларнинг номларини тилга олиб ўтган, аргументларини таҳлил қилган. У, шунингдек, зоология, географияга доир фикрларини асослаш учун фактлар тўплаган ва бунда ўз кузатувларидан ташқари бошқалар берган маълумотларга ҳам суянган. Устози Афлотундан фарқли ўлароқ, Арастунинг табиатшуносликка астойдил қизиққани, эмпирик билишни қадрлагани ҳам китоб тўплашига сабабдир эҳтимол. Хўш, бу кутубхонанинг келгуси тақдири нима бўлган? Биз мутолаа қилаётган Арасту асарлари қандай қилиб бугунги кўринишга келди?

 

Сарсон  бўлган  китоблар

 

Страбон Арасту кутубхонаси ҳақида бундай ёзади: “Суқротга издош файласуфлар Эраст, Кориск ва унинг Арасту ҳамда Теофрастнинг шогирди бўлмиш ўғли Нелей скепсислик эди. Нелей Теофрастнинг кутубхонаси ва унга қўшиб Арасту китобларини ҳам мерос қилиб олди. Арасту ўз китоблари ва мактабини Теофрастга васият қилган эди... Теофраст китобларни Нелейга топширди, у эса китобларни Скепсисга  олиб кетди. Нелей вафотидан сўнг китоблар жоҳиллар қўлига ўтди. Улар китобларни яшириб, қаровсиз ташлаб қўйдилар. Скепсисликлар аттал қироллари китобларни излаётгани, Пергам кутубхонасини бойитиш ниятида эканини билиб, китобларни чуқурга кўмиб қўйдилар. Китоблар моғор босиб, қуртларга ем бўлиб ётди. Сўнг нелейзодалар уларни китоб тўпловчи Таослик Апелликонтга сотиб юборди. Апелликонт файласуф эмас, шунчаки китобсевар киши эди. У китобларнинг қурт еган қисмларини тиклаш учун асл матндан нусха кўчирди, йўқолган жойларини хато ёзилган талай қўшимчалар билан тўлдирди... Апелликонт вафотидан сўнг Сулла Афинани босиб олди, кутубхонани эса ўзи билан олиб кетди”. Страбон китобларнинг Афина – Скепсис – Афина – Рим йўналишида кўчиб юргани тарихини баён қилмоқда. Кутубхона милоддан аввалги 84 йили Римга олиб кетилган.

 

Шу ўринда Апелликонтнинг зарарланган китобларни тўлдириш асносида уларни бузиб қўйгани ҳақидаги маълумотга диққатни қаратиш лозим. Ўша китоблар айнан Арасту қаламига мансубмиди? Юқорида айтдикки, файласуф кутубхонасида унинг ўз асарларидан ташқари бошқа муаллифларнинг талай китоблари ҳам бўлган. Кейинчалик улар қаторига Теофрастнинг асарлари ва у тўплаган китоблар ҳам қўшилган. Апелликонт уларнинг ҳаммасини сотиб олган. Страбон эса ундаги баъзи китобларга хато тузатиш киритилганини ёзган. Бироқ улар айнан Арастунинг асарлари бўлганига етарли асос йўқ.

 

Китобларнинг Римга келтирилгунга қадар бўлган кечмиши ҳақида сўзловчи бошқа тайинли ва ишонарли тарихий манбани учратмадик. Тадқиқотчилар орасида Страбон берган хабарнинг тўғрилигига шубҳа қилувчилар бўлса-да, перипатетикларнинг (арастучилар) мухолифлари бу маълумотларни атай бўрттириши айтилса-да, шу соҳага доир аксар китобларда унга таянилади.

 

Шундай қилиб, шаҳарма-шаҳар кўчиб, сарсон бўлган китоблар Римдаги кутубхонадан жой олди. Улар ўз тадқиқотчисини кутар эди.

 

Илк  мукаммал  тўплам

 

Юқорида таъкидлаганимиздек, Арасту асарларининг аксари ўзгалар ўқиши учун эмас, балки ўзи маърузаларида фойдаланиши учун ёзилган қайдлар эди. Бу қайдлар ортиқча изоҳларсиз ва узуқ-юлуқ бўлган. Шунгами, унинг услуби Афлотунникига қиёслаганда хийла мураккабдек туюлади. У ижодининг илк паллаларидаАфлотун академияси тингловчиси бўлганда саноқли диалоглар ёзган, холос. Уларнинг аксари бизгача етиб келмаган. Қолган асарлари монолог шаклида, яъни унинг ўз тилидан нақл қилинган.

 

Асарлар Римга келтирилганда на санаси ва на мавзуси бўйича тартибланган эди. Китоблар орасидан Арастуга тегишлиларинигина ажратиб олиш, уларни одамлар бемалол ўқий оладиган ҳолатга келтириш лозим эди. Страбон ва Плутарх (46120) бу ишга Римдаги арастучилар киришганини ёзади. Аввалига Тираннион исмли тил ва адабиёт муаллими бунга уриниб кўрган. Бироқ у бирор натижага эришганми-йўқми – бу ҳақда аниқ маълумот йўқ. Бу мушкул вазифани Родослик Андроник уддалади. У Арасту ва Теофрастнинг асарларини мавзу бўйича таснифлаб, тартибга келтирган.

 

Андроникнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида деярли маълумот йўқ. Цицерон ўзига замондош кўплаб файласуфлар ҳақида маълумот берса-да, Андроник, унинг Арасту асарларига тартиб бергани ҳақида лом-мим демайди. Шунга кўра, аксар тадқиқотчилар у милоддан аввалги биринчи асрнинг иккинчи ярмида яшаганини тахмин қилади.

 

Юқоридаги маълумотларга асослансак, Арасту асарлари Теофрастнинг вафотидан сўнг ғойиб бўлган, орадан икки аср ўтгач, Римда қайта кашф қилинган. Хўш, икки аср мобайнида перипатетиклар Арасту анъанасини қандай давом эттирган? Файласуф таълимоти оғиздан-оғизга кўчиб юрганми? Арастушунос Георгиос Анагностопулоснинг ёзишича, Теофрастнинг вафотидан Андроникка қадар Арасту қўлёзмалари бутунлай, ҳатто Арасту мактабидан ҳам ғойиб бўлиши мумкин эмас. Лицейда, баъзи кутубхона ва шахсларда айрим қўлёзмалар нусхаси сақлангани эҳтимоли бор. Аксар мутахассислар фикрича, айни шу даврда Афина, Рим, Кичик Осиё ва умуман Ўртаер денгизининг шарқий соҳилларидаги шаҳарларда Арастуга, унинг ғояларига қизиқиш катта бўлган.

 

Қўлёзмаларнинг “ғойиб бўлиши”, икки аср ўтгач қайта кашф қилиниб, мукаммал тўпламлар ҳолига келтирилиши ҳақидаги маълумот уларнинг бошқа нусхалари ҳам бўлган, деган фикрни инкор қилмайди, албатта. Андроник қўлёзмаларни таҳрир қилиб, бугун бизга таниш бўлган “Метафизика”, “Сиёсат”, “Физика”, “Никомах этикаси” каби асарлар шаклига келтирган. Демак, айтиш мумкинки, Арасту “Метафизика” каби алоҳида трактатлар ёзмаган, улар тарқоқ қўлёзмаларнинг мавзуга кўра тўпламларидир.

 

Андроникнинг олдида турган энг мушкул вазифа – Арасту асарларини бошқаларникидан ажратиб олиш эди. Арастунинг услуби, тили, ғояларидан пухта хабардор муҳарриргина бу ишни эплай оларди. Андроник Рим перипатетиклари орасида энг билимдонларидан бўлган, ўзи ҳам фалсафий асарлар битган. Бироқ у қўлёзмаларни нечоғли таҳрир қилгани бизга номаълум. Порфирий Плотин асарларини қайта ишлаб тартиб беришда Андроникка тақлид қилганини ёзади. Порфирийнинг ишлари асосида Андроникнинг таҳрир услуби ҳақида бирмунча тасаввур ҳосил қилиш мумкин.

 

Андроник Арастуни мантиқан изчил фикрловчи файласуф деб билган ва унинг тарқоқ қўлёзмаларида бу акс этишига ишонган. Айни ишончга асослаган ҳолда уларни таҳрир қилган. Арастунинг “Биринчи аналитика” ва “Иккинчи аналитика” асарларидаги дедуктив мулоҳазалар ва аксиоматик методга доир фикрларни назарда тутсак, у ҳақиқатан ҳам мантиқий изчилликка алоҳида эътибор қаратган. Бироқ шундай изчиллик унинг асарларида ҳақиқатан ҳам бўлганми ёки Андроник бунга қаттиқ ишонганидан таҳрир жараёнида ўзи билиб-билмай, зўрма-зўракилик билан уларни тартибга солиб қўйганми – бизга қоронғи. Арастуга Андроник “кўзойнаги” орқали қарашга мажбур эканмиз – қўлимиздаги барча асарлар унинг таҳририга асосланади – бу саволга ишонарли жавоб бериш душвор. Боз устига, Арастуда бутун бошли изчил фалсафа бирдан пайдо бўлмагандир? У ҳам муайян ривожланиш босқичидан ўтган, бинобарин, турли даврларда ёзилган асарлар ўртасида тафовутлар бўлиши керак эмасми? Бизнингча, шу масала – арастушуносликнинг ҳал этилмаган муаммоларидан бири. Ҳар нима бўлганда ҳам, Андроник маълум маънода Арастуни бизга танитган, у ҳақдаги қарашларимизни шакллантирган. Бунга ишонч ҳосил қилиш учун Арастунинг “Метафизика”си қандай тартибланганига эътибор қаратайлик.

 

“Метафизика” бир-бирига яқин мавзудаги, аммо мустақил ўн тўрт китобдан ташкил топган бўлиб, ҳар бири юнон алифбосининг ўн уч ҳарфи билан белгиланган. Китоблар рақамлаб ажратилган боблардан иборат. Бу бир қарашдаёқ турли даврларда ёзилган қўлёзмалар тўплами экани сезилади. Арасту бу номда асар ёзмаган ва умуман “метафизика” деган тушунчанинг ўзи Арасту фалсафаси лексиконида йўқ. (Афлотунда ҳам учрамайди.) Бугунги кунда “метафизика” деганда моддий борлиқдан ташқарида, ундан юқори турувчи борлиқ ҳақидаги қарашлар тушунилади. Бироқ бунинг Арасту “Метафизика”сига дахли йўқ. Афтидан, Андроник Арасту асарларини тўплашда аввалига табиат ҳақидаги қўлёзмаларни физика, зоология каби йўналишлар бўйича тартиблаган, улардан ортиб қолгани эса “Метафизика” – “физикадан кейин” номи билан бир китобга жамланган. Улар маълум маънода физиканинг мантиқий давоми-ю, бироқ айнан физика эмас. Ўқувчи аввал физикани ўрганиб, сўнг метафизикага ўтиши лозимлиги назарда тутилган бўлиши ҳам мумкин.

 

Арастуметафизикаатамасини қўлламаган бўлса ҳам, унинг ўрнини босувчибиринчи фалсафа”, “ҳикматкаби истилоҳларни ишлатган. Борлиқнинг бирламчи, ўзгармас асосини, мавжуднинг мавжудлигини белгилаб берувчи хусусиятни ахтариш шу йўналишдаги фалсафанинг мақсади бўлган. “Бирламчи асосэса материя ҳам, руҳ ҳам ёки йўқлик ҳам бўлиши мумкин. Борлиқнинг ягона асосиматерия дегувчи файласуф ҳам, агар у шу хулосага фалсафий тафаккур воситасида келган бўлса, метафизик деб аталиши мумкин. Қолаверса, сабаб ва оқибат, потенциаллик ва актуаллик, моҳият ва шакл каби тушунчалар моддий борлиққа ҳам бевосита дахлдор. Шу маънода, метафизикани табиатдан, моддий борлиқдан юқори турувчи асос ҳақидаги таълимот дейиш унинг қамровини торайтиради. Хуллас, “метафизика” атамасини Андроник илк бор алоҳида трактат номи сифатида фалсафага олиб кирган.

 

Қолган трактатлар ҳам “Метафизика” каби асосан тўпламлардир. “Баъзи трактатларнинг тузилишини Арастунинг ўзи белгилаган бўлса, қолганлари муҳаррирлар меҳнати самарасидир. “Никомах этикаси” тузилишида ноизчилликлар бор, “Метафизика” эса яхлит трактат эмас, эсселар мажмуасидир”. Арасту уларни турли вақтларда ва турли вазиятларда ёзган. Баъзи трактатлар, мавзусига кўра, бир-бирига жуда яқин ва бир-бирининг мантиқий давоми. Масалан, “Сиёсат”ни “Никомах этикаси”нинг давоми десак хато бўлмайди. “Метафизика”ни исталган жойдан ўқиб кетавериш мумкин. “Физика”да бугунги кунда метафизик масала ҳисобланган кўплаб саволларга жавоб изланган. Яъни бугунги кун нуқтаи назаридан, бу китоб ҳам метафизик асардир.

 

Андроник китобларни тартиблаганда Арастунинг илмлар таснифига мувофиқ иш тутган. Шу боис асарларни қуйидагича шаклда гуруҳлаш мумкин:

 

 

Органон

 

Категориялар

Талқинлар ҳақида

Биринчи аналитика

Иккинчи аналитика

Топика

Софистик раддиялар

 

Назарий илмлар

 

Физика

Вужудга келиш ва йўқ бўлиш ҳақида

Осмон ҳақида

Метафизика

Жон ҳақида

Табиат ҳақида қисқача трактатлар

Жонзотлар тарихи (ёки Зоологик тадқиқотлар)

Жонзотлар аъзолари

Жонзотлар ҳаракатлари

Метеорология

Жонзотларнинг ҳаракатланиши ҳақида

Жонзотларнинг пайдо бўлиши ҳақида

 

Амалий илмлар

 

Никомах этикаси

Эвдем этикаси

Ахлоқи кабир

Сиёсат

 

Ижодий илмлар

 

Риторика

Поэтика

 

 

 

Фалсафада метафизика (онтологияборлиқ фалсафаси ҳам шунинг ичида) ва эпистемология (билиш назарияси), этика ва эстетика, мантиқ ва натурфалсафа каби йўналишлар ана шу таснифлашлардан кейин пайдо бўла бошлади. Арасту трактатлари эса ушбу йўналишлардаги муҳим бошланғич манбалар қаторидан ўрин олди. Замонавий фалсафадаги тармоқланишлар ва фалсафа таълими ҳам Арасту таълимотига асосланади десак, муболаға бўлмас. Бу тизимни Арасту яратди, Андроник унинг оммалашувига кўмаклашди. 

 

“Биринчи муаллим” асарлари дунёга келишининг мухтасар тарихи ана шундай. Кейинчалик улар бошқа тилларга таржима бўлиб, Мағрибу Машриққа тарқади. Шарҳлар ёзилди, ҳатто бир-бирига қарама-қарши талқинлар пайдо бўлди. УнингОрганони бугун ҳам мантиқнинг ўзагини ташкил қилади. У ишлаб чиққан ва изоҳлаган дедуктив мулоҳазалар силлогизми оддий аксиомалар, постулатлардан мураккаб фалсафий таълимотларнинг шаклланиши ва асосланишига ёрдам берди. Аслида бу методдан Суқрот ҳам фойдаланган бўлса-да, унинг яхлит ифодаси Арастуга тегишлидир. Шу маънода, уни мантиқнинг отаси дейиш мумкин. Арастунинг поэтикаси, этикаси ёки метафизикаси бўлсин, бугунги кунгача ўз аҳамиятини йўқотмаган. “Физикаасарида ўзгариш, актуаллик ва потенциаллик, сабаб ва оқибат, замон ва макон, бўшлиқ ҳақидаги онтологик масалалар муҳокама қилинганки, улар ҳозир ҳам ўқувчини ўйлашга, фикрлашга ундайди. Арастунинг зоология ва космологияга оид кўплаб фикрлари хато бўлиб чиқса-да, ғайриилмий эмас эди. Уларни текшириш, баҳолаш, рационал ёки эмпирик жиҳатдан инкор қилиш ёки тасдиқлаш мумкин бўлган. Арасту мистикага муккасидан кетган файласуфлар тоифасидан бўлмаган. У имкон қадар далил ва мантиққа таянган.

 

Арасту ўз даври нуқтаи назаридан илғор файласуф эди. Бироқ унинг издошлари орасида ўз салафига мутаассибларча эътиқод қўйганлар пайдо бўлдики, бу ҳолат Ренессанс даврига келиб, Арастуни анча обрўсизлантирди, уни тараққиёт “душмани”га айлантирди. Икки минг йил муқаддам яшаб ўтган одам тараққиёт душмани бўлиши мумкинми? Шу боис, бизнингча, Арасту ва арастучиликни бир-биридан фарқлаш лозим. Арасту мутлақ, ўзгармас ҳақиқатга даъво қилмаган. У ўз ғояларини имкон қадар асослашга уринган. Унинг билишга, ўрганишга, изланишга бўлган муносабати эмас, балки фикрлари, қарашлари мутлақлаштирилди, ҳолбуки, аксинча бўлиши лозим эди. Шу маънода, арастучиларда Арасту фалсафасининг ғоялари бор-у, аммо унинг руҳи, ғайрати йўқ эди. Арастучиларнинг кескин танқидига учраган Галилео Галилейнинг риторик савол шаклидаги эътирофи диққатга лойиқ: “Агар Арасту коинот борасида қилинган янги кашфиётлардан бохабар бўлганида ўзига кўр-кўрона эргашган калтабинлардан узоқлашиб, ўз фикрини ўзгартириши, асарларидаги хатоларни тузатиши, энг маъқул ғояларни қабул қилишига шубҳангиз борми?” Арастудек файласуфлар ҳақиқатни билишга самимий, холис интилиш билан яшаган. Ана шу интилишнинг ўзи улар йўл қўйган хатоларни оқлашга кифоя қилади.

 

Арастушунос Жонатан Бэрнес улуғ файласуф асарларини мутолаа қилмоқчи бўлганларга бундай маслаҳат беради: “Исталган бирор трактатни олинг, уларни маъруза учун ёзилган қайдлар деб ва ўзингизни маърузага тайёрлик кўраётган муаллим деб тасаввур қилинг. Сиз қайдлардаги аргументларни кенгайтиришингиз, мисоллар билан бойитишингиз керак... У нима демоқчи? Берилган фикрлардан яна қандай мантиқий хулосалар чиқариш мумкин? Бу хос атамалар нимага керак?” Бу каби саволлар орқали биз фалсафанинг муҳим муаммолари ичига кириб борамиз. Арасту мутлақ ҳақиқатдан сўзлагувчи мутафаккир эмас. Унинг қарашлари фалсафий изланишлар учун зарур дебоча, хамиртуруш вазифасини бажарган ва бажаражак. Арасту ўз хатолари билан ҳам янги фикрларга туртки бера олувчи саноқли файласуфлардан биридир.

 

 

Хуршид ЙЎЛДОШЕВ

 “Тафаккур” журнали, 2016 йил 2 сон.

    “Арасту  хазинаси”

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси