Жадидлар сафида тилга олинмайдиган биринчи кинооператор – Худойберган Девоновнинг умри архив ҳужжатларида


Сақлаш
15:42 / 14.04.2025 39 0

Апрелнинг илк кунларида Париж шаҳрида Марказий Осиёдаги биринчи профессионал фотограф ва кинотасвирчи Худойберган Девоновнинг фотосуратлари кўргазмаси бўлиб ўтди. “Замонлар оша нигоҳ: Худойберган Девонов мероси” деб номланган кўргазмада унинг кўплаб ноёб фотосуратлари намойиш этилди. Бу фотолар ўз давридан қимматли маълумотлар бериши билан бирга, XIX аср охири ва XX аср бошларидаги Хоразмда яшаган сарой аҳлидан тортиб, оддий одамларнинг турмушигача ўзида акс эттириши билан барча фотография санъати ихлосмандларини ҳайратга солди. Шу муносабат билан мазкур бадиий фотография намуналари эгасининг тақдир йўлларига яна бир бор назар ташладик. 

 

Ўзбекнинг биринчи моҳир фотографи ва кинооператори Худойберди Девоновнинг ҳаёт фаолияти ҳақида турли маълумотларни ўқирканмиз, у бетакрор истеъдоди билан бирга ажойиб фазилатлар эгаси бўлгани намоён бўлади. Бу инсонни яқиндан таниган, у билан суҳбатда бўлганлар ҳозир йўқ, ҳисоби. Борларидан ҳам барча ахборотлар ёзиб олиниб, эълон қилинган. Айни мақолани ҳам Девонов ҳақидаги мақолалар, китоблар, тайёрланган кўрсатувлардан фойдаланиб ёзяпмиз. Маълумотлар ичида эътиборимни тортгани, бу инсоннинг биринчи ўзбек фотографи, кинооператори сифатида тарихда қолиши ва айни дамда ижодий мероси жаҳон миқёсида эътироф этилиши ортида унинг ноёб истеъдоди, яхши шароитда униб ўсганидан ташқари, ўзининг жиддий меҳнатсеварлиги ётади.

 

Девонов таржимаи ҳолида отасининг исмини Худойберган Нурмуҳамедов деб ёзиб қолдирган. Ота-боланинг исми бир хил Худойберган бўлгани сабаби 9 ёшида ўғирланиб, қул ўрнида сотилган болага Худойберган исми берилган бўлса, ёши қирққа яқинлашганида Худоёберган Нурмуҳаммад ҳам биринчи фарзандини кўрганида Аллоҳга шукрона сифатида ўғлига Худойберган деб исм қўйган эди. Девонов отаси 1850 йилда Эроннинг Калат деган жойидан олиб келиниб, хивалик Отажон тўра исмли бойга 18 тиллога қул ўрнида сотилганини, бу одамнинг қўлида ишлаб юриб, хат-савод чиқарганини, сўнгра девонлик (мирза) қила бошлаганини ёзади. Кейинчалик, Худойберган Нурмуҳаммад Қадам маҳрамнинг хизматига ўтгач, умрининг охиригача бу оилага ишончли васий бўлиб қолган.

 

1878 йилда Хивада туғилган Девонов 9 ёшидан эски мактабга қатнаб, 15 ёшида хат-саводини чиқариб, йўниқчилик ишига киришганида отаси бу ишни оғир ҳисоблаб, яхшироқ, одамнинг зеҳнини ўстирадиган ишларга ундайди. Шу сабабиданми ёки ўзининг қизиқиши сабабми у 1889 йилда соатсоз устага шогирд тушади. Бир йил давомида рус устадан соатсозликни ўргангач, бир мунча вақт шу ҳунар билан шуғулланади. Кейинчалик немис меннонитларидан бўлган Вильгельм Пиннердан фотосуратчиликни ўрганади. Немис меннонитлари Хоразм хони Ферузнинг марҳамати билан Хиванинг Оқ мачит қишлоғига келиб яшаб қолган, ўзига хос диний эътиқодига кўра ҳеч кимга зарар бермайдиган, ўрта осиёликлар учун янгилик бўлган бир неча ҳунарларни билган қавм эди. Маълумотларга кўра ёш Худойберган Вильгельм Пиннернинг уйига икки йил давомида ҳар куни қатнаб ҳам немис тилини, ҳам фотографияни ўрганган. Девонов илм йўлида Хивадан 25 км узоқликда жойлашган Оқмачит қишлоғига кунига 50 км йўл босиб бориб келар экан. Баъзан эса Панар бува (Вильгельм Пиннерни маҳаллий аҳоли шундай деб атаган)нинг ўзи якшанба кунлари Худойберганнинг уйига келиб унга сабоқ берган.

 

Ўша фотография илмини ўрганиб, у билан шуғулланишни бошлаган 1901-1902 йиллари бу янги касбни катта гуноҳ санаган мутаассиб кишилар “Сен суратга олган одамлар қиёмат-қойим бўлганда тирилиб келиб, жонимни қайтариб бер, деб сендан талаб қилишади. Ўзинг ҳам ўлганингда дўзахга тушиб, шариат олдидаги гуноҳларинг учун жаҳаннам азобини тортиб ётасан”, деб қўрқитадилар. Айтишларича, қозикалон Салимхон охунд Худойберганни кофир деб эълон қилиши ортидан кўп кишилар ундан юз ўгира бошлайди. Бу ҳақида Девонов ўз таржимаи ҳолида шундай ёзади: “...1903 йил бир миқдор пул анжом қилганим ҳолда Полвон ҳожи билан бирликла Маскавга кетдим. У ердан ўзимга керакли соат асбоблари ҳамда аппарат билан фото материалларини олиб қайтдим-да, бурунғича ишлай бошладим. Бу вақтларда расм олиш иши дин аҳллари томонидан “шариатга хилоф” ҳисобланар эди. Ҳатто отам ёнига элатнинг оқсоқол, мулла, эшонлари келиб: “Ўғлинг расм олишга киришган эмиш. Бу иш шариатда ман қилинган, сурат турган жойга фаришта кирмайди, ўғлингни бу йўлдан қайтар”, деб таклиф қилганлар. Отам эса уларга жавобан: “Ўғлимнинг бу ҳунарни ўрганишига тўсқинлик қила олмайман, унинг ўлтирган жойига фаришталар кирмаса, бошқа жойга кирганлари етмайдими?! Бундай қуруқ сўзларнинг нима зарурлиги бор?!” деб қайтариб юборди. Шу вақтларда Хивада фото ҳаваскорларининг сони бир-иккита эди...”. Хивалик биринчи ўзбек фотографини илғор фикрли сарой аҳли, хусусан шоҳ ва шоир Муҳаммад Рахимхон Ферузнинг ўзи қўллаб қувватлагани боисидан ҳам Девонов фото ишини тўхтатмади. Аксинча, кейинчалик кинофильм олишга қизиқиб қолди.

 

Академик Наим Каримовнинг “Биринчи ўзбек фотографи” номли очеркида қаҳрамонимиз ҳаёти ва ижодий фаолияти билан шуғулланган бир неча ижодкорларнинг исми шарифлари келтирилади. Хусусан, унда “Бу хайрли ишни бошлаб берган, биринчи ўзбек фотографи ва кинооператори ҳақида бир неча мақолалар ёзган ва ҳужжатли фильмларни яратган таниқли киношунос олим, филология фанлари доктори Ҳамидулла Акбаров, хоразмлик фидойи ёзувчи ва журналистлар Эркин Мадраҳимов, Салимжон Ҳасанов, Комил Нуржонов, Рўзимбой Ҳасан ва бошқалар Худойберган Девоновнинг ҳаёти ва ижодий фаолиятини ўрганиш ишига муҳим ҳисса қўшдилар...”, деб қайд этилган. Шунингдек, Эркин Мадраҳимовнинг Девонов тўғрисидаги қуйидаги қимматли маълумотлари ҳам ўрин олган: “...1907 йилнинг кеч кузи. Хива хонлигининг Исломхўжа бошлиқ бир гуруҳ вакиллари Амударё бўйлаб кемада Чоржўйга етиб келгач, у ердан поездга ўтиришди-да, Тошкентга, у ердан эса Петербургга етиб келишди. Йигирма тўққиз баҳорни кўрган сураткаш йигит – биринчи ўзбек фотографи Худойберган Девонов Хива уламоларининг Петербургга сафарлари, оқ подшо, олий мансабдаги бошқа амалдорлар билан бўлган учрашувлари, музокара ва зиёфатларини суратга тушира бошлади. Николай II, унинг рафиқаси, шаҳзода Алексей, подшолик министрлари хоразмлик фотограф Худойберган Девонов олган суратларда ўз аксини топди...”.

 

Делегация аъзолари сафардан Хоразмга қайтадилар. Биринчи ўзбек фотографи хоннинг ишончли вазири Исломхўжанинг қўллаб-қувватлаши билан яна икки ой Россияда қолади. Бундан мақсад Николай II меҳмонларга кўз-кўз қилган янги кино аппарати қандай ишлашини ўрганиш ва юртга қайтишда уни сотиб олиш эди. Маълумотларга кўра Девонов икки ойдан ортиқ Россияда бўлиб, у ердаги чет эл фирмалари, кино-фотостудияларида тажриба тўплайди. Кейин, 1908 йилнинг бошларида “Патэ” киноаппарати, телескоп, граммафон, фотоаппарат ва сурат чоп қиладиган қоғоз билан ленталар олиб Хивага қайтади.

 

1910 йил 7 августда Муҳаммад Раҳимхон II вафот этади. Тахтга унинг ўғли Исфандиёрхон ўтиради. Исфандиёрхон даврида ҳам Девонов сарой аъёнлари билан Россияга боргани тўғрисида маълумотлар бор. Ҳар гал Россияга борганида у Петербург, Москва, Кавказ каби шаҳар ва дам олиш масканларида хон ва унинг аъёнларини суратга олиш билан машғул бўлган. Шу билан бирга ватанига олиб кетиш учун фото ва кино ишига тааллуқли дастгоҳ, анжомлар сотиб олган. Лекин 1912 йилдан кейин Худойберган Девонов саройдан узоқлаша бошлайди. 1915 йилга келиб Исфандиёрхонга қарши тузилган инқилобий гуруҳга қўшилади. “1915 йилдан кейин инқилобий ишларга аралашиб кетиб, 1917 йилда Исфандиёрхонни тахтдан туширишда иштирок қилдим. Шу йилнинг ўзида хон ёвмутларга суянгани ҳолда инқилобий ишларда қатнашиб юрган кишиларни таъқиб қила бошлади. Бобохон Ёқубов, Отажон Сафоев, мен ва яна бир нечаларимиз Тошкентга қочдик. Хивада бир оз тинчлик бошланганидан кейин қайтиб келиб, тағин ҳам “Ёш хиваликлар” ташкилотида ишимизни давом эттирдик”, деб ёзади Девонов таржимаи ҳолида.

 

Биз жадидлар ҳақида сўз юритганимизда биринчи кинооператоримизни тилга олмаймиз. Аслида, халқни дунё янгиликларидан бохабар қилишга интилган, ёшларни ўқиш ва илмга чорлаган, ўз фаолияти билан ҳар жиҳатдан юртдошларига ўрнак бўлган Девонов маърифатпарвар жадидларнинг биринчи қаторида туради. Бу инсоннинг бетакрор касб маҳоратига хонлар ҳам, шўролар ҳам талабгор эди. Унинг фото-кинокамераси объективидан шоҳ ҳам, гадо ҳам ўтган. Фаолиятидаги 40 йилдан ортиқ вақт мобайнида олган беҳисоб суратларнинг қиймати жуда юқори бўлган. Аммо ҳозирда ўша даврнинг ижтимоий-сиёсий, тарихий-этнографик, маданий-маърифий турмуш тарзидан зарур ахборотлар берадиган минглаб фотолар, ҳужжатли кадрлардан саноқлиларигина қолган, холос.

 

Ўтган асрнинг 70 йилларидан то бугунга қадар қаҳрамонимизга доир барча муҳим маълумотларни тўплаш, фотосуратларни тиклаш, меросини асраб-авайлашда жонбозлик кўрсатиб келаётган яна бир инсон унинг жияни Абдулла Юсуповдир. Жиянининг мақолаларидан бирида 1926 йили (Девонов ҳаёт пайти) “Ер юзи” журналининг 11-сони, 13-саҳифасида нашр қилинган А.Ёқубовнинг “Ўзбек фотогрофчиси” мақоласидан муҳим маълумотлар берилган. “...Ҳозир Девоновнинг қўлида Хоразмнинг турмуш, кун кўриш ва тарихига оид 500 хилдан ортиқроқ расм бор. Агарда инқилоб вақтида олинган расмларни ҳисоблаганда 1500 га етарди. Ҳатто шундай расмлар борки, бу расмлар хон даврида, бундан 40–50 йил илгари олинган бўлиб, Девоновнинг қўлида сақланган... Девонов 1903 йилдан бошлаб кино ишларига ҳавасланадур ва шунга киришадур. Ҳозир Девоновнинг сурат ва кинолар учун хусусий лабораторияси бўлиб, 4 та фото, 1 та кино аппарати бор. Девоновнинг қўлида Хоразм кўринишлари ва тарихий воқеаларга оид 300 метрдан иборат ҳар хил кинохабарлари борким, буни Девоновнинг ўзи ва ўғли ишлагандир. Девонов сурат олиш, кино олиш билангина шуғулланмай, балки халққа картина кўрсатиш вазифаларини ҳам бажарадур. Ўзининг картина кўрсатадурғон аппаратлари бўлиб, ички Россиядан ва бошқа ерлардан лента олиб халққа кўрсатадур. Девонов ёш ҳаваскорлар етиштиришда ҳам катта хизматлар қилди. Бир хивалик йигитни шогирд қилиб олиб, уни яхши фотографчи қилиб тайёрлади. Шу қаторда яна бир йигитни 3 йилдан бери ўргатиб келадир. Бу йигит ҳам ҳозир ғайратли фотограф бўлди. Девонов хусусий кишиларни етиштириш билан қаноатланмай, мендан Хива учун эсдалик қолсин, деб 1924 йилда Хивадаги таълим-тарбия фото шўъбаси очди. Бунда ўз аппарати, ўз ғайрати билан 13 болани текинга фотограф ишига тайёрлади. Девоновнинг мана шу хизматларини Хоразм вилоят ижроия қўмитаси ва Хоразм ишчи деҳқони тақдир этди. Вилоят ижроқўми Девоновнинг ҳурматини тақдир этиб, ишчи деҳқонлар номидан бир олтин соат тақдим этди.

 

Афсуски, 37-йилларда беҳисоб миллатдошларимиз бошига тушган кўргуликлар Худойберди Девоновни ҳам четлаб ўтмади. Уни 59 ёшида кўплаб хоразмлик зиёлилар қаторида қамадилар. Академик Н.Каримов бу мудҳиш йиллар тўфони ҳақида шундай ёзади: “1937 йилнинг қонли бўрони дафъатан кўтарилди. Бу бўрон собиқ шўро мамлакатининг барча ҳудудларида яшаган аҳолини бир вақтнинг ўзида ямлаб-ютиб юбормоқчи бўлди. Бу бўрондан на шаҳарнинг шинам уйларида истиқомат қилган давлат ва жамият арбоблари, на олис тоғ этакларида мол боқиб юрган чўпонлар тирик қолишди. Бу, Оллоҳдан эмас, балки ер юзида яшаган ва ўзини шу бепоён ҳудудларнинг бирдан-бир хўжайини деб ўйлаган Иблисдан келган офат эди”.

 

Кези келганда қайд этиш керакки, Девоновнинг туғилган йили, Россияга бориши, В.Пиннердан таълим олиш вақтлари ва ҳибс этилиши билан боғлиқ маълумотларда ҳар хиллик кўзга ташланади. Назаримизда ўша йиллари ҳаддан ташқари кўп қамоққа олинганидан маҳбусларнинг ўзлари кўрсатмалар берганда айрим маълумотларни яшириб, айримларини чалкаштириб айтган бўлишлари мумкинки, уларга яқин бўлган бошқа одамларни ҳам олиб кетмасин, қамамасин деган умидда. Бошқа томондан эса шўроларнинг мақсади “нишонга олинган” шахсни йўқ қилиш, ўлдириш эди. Шунинг учун НКВД архивидаги маълумотларда чалкашликлар кўп.

 

Н.Каримов Девоновнинг қамоққа олиниш воқеасини шундай ёзган: “30 июнь куни, ярим кечада, НКВД ходимлари Хива шаҳрининг 4-маҳалла 4-элатидаги Худойберган Девонов яшаган 18-уйга бостириб келдилар. Х.Девоновни ҳибсга олиш ҳақидаги қарорда унинг хон нозири оиласидан экани, ўзининг девон (мирза)лик билан шуғуллангани, Исфандиёрхон билан Муҳаммад Раҳимхоннинг фотографи бўлгани, инқилобдан сўнг Хоразм Халқ Республикасида молия нозири бўлиб хизмат қилгани, шу кеча-кундузда эса Урганч шаҳрида сураткашлик касби билан машғуллиги айтилган эди...”

 

Девоновнинг жияни Абдулла Юсупов эса қуйидагича маълумот беради: Мудҳиш 17 августда Девоновлар оиласи Урганчда истиқомат қилар, қариндоши Гавҳар Юсупова кинооператорни энг сўнгги кўрган инсонлардан бўлиб, бу ҳақда у шундай ҳикоя қилганди: “Кечқурун соат 11 лар чамаси эди. Эшик зулфи қаттиқ шарақлаб ундан қайнотам Ҳасанбой ота, унинг изидан, олдинда бир мелиса, кейнинда яна бир мелиса Девон бува билан ( яъни Худойберган Девонов) кириб келдилар. Девон бува “Буви, суратлар турган жомадонни олиб чиқ” деб синглиси Бибижонга терс айвонда турганича нохушгина буюрди. Бу пайтда бир мелиса ҳужжатларни титкилаш, суратларни излаш билан овора эди. Девон буванинг кўзларидан ёш оқар, йиғламсираб, Биби, сув бер, дея синглиси олиб келган сувдан ичарди. Девон бувани охирги кўрганимиз шу бўлди”. Назаримизда, Худойберди Девоновни 30 июнда Хивада қўлга олишган-у, 17 августда ўзи билан Урганчдаги уйига келиб тинтув ўтказишган. Унинг Хивадаги ҳовлиси тинтув қилиниши вақтида унга тегишли қўшотар милтиқ, 300 га яқин фотосурат, ёзишмалар, ҳужжатлар ва ҳали проявка қилинмаган киноленталар олиб чиқиб кетилган. Кейинчалик бу шахсий мулк йўқ қилиб юборилган. Унинг хонасига қулф осилади.

 

Шу билан то 1960 йилларгача Девонов номини ҳам, оиласини ҳам ҳеч ким эсламайди, бунга журъат қилолмайди. Фақат 1968 йилга келиб киношунос Х.Акбаров биринчи ўзбек фотографи ва кинооператори изларини излаб, Хоразмга борганида Девоновнинг кексайиб қолган беваси Бекажон ая билан Хивадаги уйида учрашади ва уларга давлат томонидан пенсия тайинланишига эришади. 70-йилларга келиб Девоновнинг номи киношунослар, олимлар, журналист ва ОАВ ходимлари томонидан тез-тез тилга олина бошланди. У ҳақида бир неча марта кўрсатувлар, ҳужжатли фильмлар яратилди ва бу ҳозирга қадар давом этмоқда. Айни дамда Ўзбекистон Кинематография Агентлиги томонидан ишлаб чиқилган “Тирик тарих” лойиҳаси доирасида Худойберди Девонов ҳақида бадиий фильм суратга олиш режалаштирилган.

 

Айтишларича, мамлакат тарихида катта роль ўйнаган маънавий мерос қолдирган шахслар алоҳида танланган инсонлардир. Танланганларнинг тақдири кўпинча аянчли, ҳаёт йўли машаққатли бўлади. Биринчи ўзбек фотографи ва киночиси Худойберди Девоновнинг катта мероси 37-йилларда талон-тарож этилганига қарамай, ундан қолган асарлар ҳозирда санъатшунослар, этнографлар, тарихчи ва ҳатто, сиёсатшунослар томонидан жиддий ўрганилишга муҳтож. Хориждаги кино архивларида унинг асарлари сақланаётганига шубҳа йўқ. Уларни топиш, ўрганиш учун бел боғлаган тадқиқодчилар, албатта, давлат томонидан ҳар тарафлама қўллаб-қувватланиши керак. Назаримизда, Парижда ўтказилган кўргазма бу масалада ҳукуматга ишониш мумкинлигини тасдиқлайди.

 

Шоҳида ЭШОНБОБОЕВА

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 17590
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//