2024 йилда сиз кўздан қочирган, аммо кўришингиз керак бўлган 4 ажойиб фильм


Сақлаш
15:48 / 10.04.2025 59 0

2024 йил катта кино премьералар билан тўлди. Барчанинг эътибори «Анора», «Бруталист», «Дюна 2» каби фильмларга қаратилди. Аммо бундай шов-шувли номлар соясида сиз эътибор бермай ўтган, аслида эса алоҳида баҳога лойиқ бўлган картиналар ҳам йўқ эмасди. Ушбу мақолада биз айнан шундай – сиз кўздан қочирган  ажойиб 4 фильм ҳақида ҳикоя қиламиз.

 

Бувисининг Набираси (2024)

Режиссёр: Пат Бооннитипат

Жанр: драма, комедия

Давлат: Таиланд

 

Фильм ғарб мамлакатларига «How To Make Millions Before Grandma Dies?» яъни »Бувижон ўлишидан олдин қандай қилиб миллионлар ишлаб олса бўлади?» номи билан таржима қилинган. Бу номдан фильмни қандайдир сирли қотиллик ҳақидаги инглизча комедия деб ўйлашингиз ҳам мумкин. Аслида эса, Таиландлик санъаткорлардан туҳфа бўлган ушбу фильм, ўтган йилнинг энг эътибордан четда қолган гўзал фильмларидан бири.

 

Режиссёр Пат Бооннитипатнинг дебют картинасида илгари реклама роликларида моделлик қилган, лекин биринчи маротаба фильмларда роль ўйнаётган 78 ёшли Уша Сеамкҳум кекса аёл Менжу ролини ажойиб ижро этган. Менжу – ўзининг муқаррар саратон касаллигини хотиржамлик билан, ортиқча ҳиссиётларсиз қабул қилган бева кампир. Аммо у бир нарсани аниқ билади: васиятномаси ўғиллари – кескин табиатли фонд бозори трейдери Kiaнг, спиртли ичимлик ва қиморга ружу қўйган Сойи ва меҳнаткаш қизи Сею ўртасида муаммолар келтириб чиқариши мумкин. Аммо шунга қарамай, ҳикоя марказида Сеюнинг ўғли Эм туради.

 

Эм коллежни ташлаб, фақат уйда ўтирадиган йигирма ёшлардаги йигит. Палон пулга ўйин компьютери сотиб олиб, стриминг орқали мўмайгина пул ишлаш режаси чиппакка чиққач, ойисининг қарамоғида қолиб кетган. Лекин унда пул топишнинг янги ғояси пайдо бўлади: қарияларга ғамхўрлик қилиб, улар вафотидан сўнг катта бойликка эга чиқиш. Яқинда амакиваччаси Муи бобосига ғамхўрлик қилиб, катта уйни мерос қилиб олганини эшитгач, ўзининг бувиси Менжуни кўз остига олади. Уларга қанча вақт қараш кераклиги ҳақидаги саволга амакиваччаси «уларнинг хонасига кирганингда «қарилик ҳиди»ни бурнинг сезмай қолгунча», дея жавоб беради.

 

 

Шундан сўнг, Эм ҳар куни бувисининг уйига келиб, жон-жаҳди билан: «Сизга нима ёрдамим тегади?» деб сўрай бошлайди. Бувиси унинг асл ниятини дарров тушунади, аммо у бошқа фарзандларига қараганда ёш ва ҳали келажаги олдиндалигини ўйлаб, ғамхўрлик қилишига розилик беради... Фильмни тугатаркансиз, беихтиёр кўзингизда ёш айланади. Режиссёр оддийгина ҳикояни бизга самимий ва илиқ, юракнинг тубигача етиб борадиган картинага айлантирган. Фильм йиғлатади, кулдиради, баъзи жойларида ўйлашга мажбурлайди: Ростдан ҳам, технологиялар ривожланган келажакда авлодларнинг ўз йўлини топиб кетиши қарияларнинг васиятларига боғлиқ бўлиб қолмасмикан?..

 

Эм: Ҳеч ўзингизни ёлғиз ҳис қилмайсизми?

Менжу: Буни ёлғизлик деб атамаган бўлардим. Бу ҳам ҳаётнинг паллаларидан бирида… Лекин Янги йилдан эртаси куни мен учун қийин бўлади. Чунки кечки овқатлар музлаткичда қолади ва мен уларни барини ёлғиз ўзим ейишим кераклигини ўйлаб, сиқиламан.

 

Ҳайъат аъзоси №2 (2024)

Режиссёр: Клинт Иствуд

Жанр: криминал, драма, триллер

Давлат: АҚШ

 

Америкалик режиссёр, 94 ёшли тирик афсона Клинт Иствуд ўзининг сўнгги иши деб тахмин қилинаётган «Журор #2» фильмида адолат, виждон ва инсоний танловлар ҳақидаги мавзуларни чуқур ёритиб берган. Фильм ўзининг сокин, бироқ тобора кучайиб борадиган драматик таранглиги билан томошабинни ички зиддиятлар гирдобига тортади. Оддий оилапарвар йигит Жастин Кемпнинг ҳаётида шундай воқеалар бўладики, якунда ўзини қотиллик иши бўйича суд ҳайъатида кўради. Аввалига қизиқарли саргузаштдек туюлган жараён вақт ўтиши билан бутунлай бошқача тус олади: йигит айни жиноятга ўзининг алоқаси бўлиши мумкинлигини англаб етади.

 

 

Гап шундаки, Жастин жала қуйётган кечада кўприкдан ўтаркан, ниманидир туртиб юборади ва пастга тушиб, атрофни текширади – ҳеч нима йўқ. «Бирор ҳайвон бўлса аҳволи яхшидирки, қочишга ҳам улгурибди», дея бемалол уйига қайтади. Аммо, бир неча ҳафтадан сўнг айнан ёмғирли тунда қўпол ва боши ғалвадан чиқмайдиган йигити билан бўлган жанжалдан кейин жасади кўприк остидан топилган қизнинг суд ишида қатнаша бошлайди. Бутун айб аввалдан турли гиёҳвандлик олди-сотдиси билан қўлга тушган, кейинчалик ҳам бу ишларини буткул тўхтатгани даргумон йигитнинг елкасига юкланади. Айнан шу пайтдан бошлаб фильмнинг асосий драмаси бошланади: ҳақиқатни тан олиш керакми ёки уни яшириш?

 

Бош роль ижрочиси Николас Ҳоулт фильмда ўзининг етук актёрлик маҳоратини намоён қилган. У шунчаки айбдорлик ва қўрқув орасида сарсон бўлган одамни эмас, балки ўз ҳаёти, оила ва жамият олдидаги масъулиятини англай бошлаган шахс туйғуларини чуқур кўрсатиб беради бизга. Иствуд доимгидек камерани сокин, изчил ва ҳиссиётларга бой тарзда қўлга олади. Фильмда ҳар бир кадр, ҳар бир сукунат, ҳар бир қараш – асосий қаҳрамоннинг ички курашини ёритишга хизмат қилади.

 

Ҳикоя томошабинга «биз қанчалик ҳалол бўлишга тайёрмиз?» деган муҳим саволни қўяди. Сўзимиз сўнгида сизга ҳам савол билан юзланмоқчимиз: Ҳақиқатни очиқлаб, инсониятга озор беришни хаёлига ҳам келтирмайдиган, шунчаки тасодиф қурбони бўлган, уйим-жойим дейдиган туппа-тузук одамни қамоққа тиқишдан жамият кўпроқ фойда кўрадими ёки аввалдан хавф эҳтимоли бўлган, ёшларни бир неча бор ёмон йўлга тарғиб қилган, заволга бошлаган, аммо ҳозирги вазиятда мутлақо бегуноҳ йигитнинг устидан жазога ҳукм чиқариш тўғрими? Хақиқат ҳар доим ҳам адолат деганими? Саволларга чўмиб фильм қандай тугаб қолганини ҳам билмай қоласан киши. Кино қандай тугаши ҳақида ёзмоқчи эмасмиз, жавоб эса ёлғиз ҳакам – виждонингизга ҳавола бўла қолсин…

 

Ҳақиқий оғриқ (2024)

Режиссёр: Жесси Айзенберг

Жанр: комедия, драма

Давлат: АҚШ, Полша

 

«Ижтимоий тармоқ» (2010) фильмидаги бош роли билан барчага таниш бўлган истеъдодли ёш ижодкор Жесси Айзенберг «Ҳақиқий оғриқ» фильми орқали нафақат яхши актёрлигини, балки моҳир режиссёр ва сценарийнавислигини намоён эта олди. Картина комедия ва драма элементларини оғриқли мавзулар, ички дилемма билан бойитиб, томошабинда катта таассурот қолдиради. Фильм ўтган йилги Сунданcэ кинофестивалида илк бор намойиш этилиб, кўплаб томошабинлар ва танқидчилар эътиборини қозонди.

 

Воқеалар марказида узоқлашиб кетган икки амакиваччалар – Девид (Жесси Айзенберг) ва Бенжи (Киран Калкин) ҳикояси туради. Улар болаликдан бир-бирларига зид феъл-атворли эдилар: бири киришимли, ҳазилкаш, баъзан бепарво бўлса, иккинчиси тортинчоқ, ўйчан ва сезгир. Фильм уларнинг Иккинчи жаҳон урушида яҳудийлар устидан қилинган қирғиндан омон қолган бобоси вафот этгач, унинг болалик йиллари ўтган жой – Полшага қилган сафари билан бошланади. Эски шаҳарни кезиб юраркан, улар орасидаги чуқур, тушунарсиз ҳис-туйғулар аста-секин юзага чиқа бошлайди.

 

 

Айзенбергнинг режиссёр сифатидаги энг катта ютуғи – фильм ритмини ниҳоятда табиий қуриб боришидир. Диалоглар ҳаётдагидек, ортиқча драматизм ёки кераксиз тафсилотлар қўшилмаган. Фильм кулдирган паллаларда ҳам томошабинни юрагидаги чуқур саволлар билан ёлғиз қолдиришни билади: оиламиз бизни, биз оиламизни қанчалик тушунамиз? Болаликдаги травмалар ҳануз бизни бошқаряптими? Ҳақиқий яқинлик нималарда намоён бўлади?.. Фильм давомида қаҳрамонлар Полша бўйлаб сафарга чиқади – лекин бу йўл харитада эмас, балки қалб ва онг ичида босиб ўтиладиган йўлдек туюлади. Аждодлар хотираси, тарих билан юзлашув, оилавий оғриқлар ва кечирилмаган хатолар фильм фонида эмас, балки марказида туради. Энг яқин дўсти бўлган бобоси вафот этгач, уйда сиқилиб қолган Бенжини ташқи дунё билан яна боғлашни ўзига мақсад қилиб олган Девид, бу ниятига эриша оладими?

 

Айзенберг мураккаб ҳиссиётларни нафақат тасвирлайди, балки уларни томошабинга ҳис қилдира олади. У ҳеч қачон қандай ўйлаш кераклигини айтмайди – фақат ҳис қилишга ундайди. Фильмда кўп нарсалар айтилмаган гаплар, сукунатлар, қарашлар орқали етказилади. Айнан мана шу жиҳати уни йилнинг энг диққатга сазовор фильмларидан бирига айлантиради. Полшанинг пост-совет архитектураси, уруш монументлари, эски қабристонлар экранга чиқаркан, зукко томошабин уларни шунчаки кадрни бойитувчи фон эмас, балки бош қаҳрамонларнинг ички оғриқларига контраст сифатида қабул қилади. «Шиндлер рўйхати» фильмидаги қип-қизил плашли қизалоқ кўпчиликнинг ёдида бўлса керак – фильмда бу вазифани Бенжи бажаради.

 

Бенжи образи учун актёр Киран Калкиндан бошқаси танланганида фильм бутунлай бошқача тус олган бўларди, балки. Қаҳрамонининг ички ва ташқи зиддиятларини бирдек акс эттира олган актёрнинг меҳнати эътиборсиз қолмади: у Осcар, БАФТА ва Олтин Глобус каби нуфузли мукофотларда «Энг яхши иккинчи пландаги актёр» номинацияларида ғолиб бўлди. Фильм сценарийси эса БАФТА мукофотининг «Энг яхши сценарий» номинациясида совриндор бўлди.

 

«Ҳақиқий оғриқ» – кичик воқеалар орқали катта саволларни кўтарадиган фильм ва бундай фильмлар кўпроқ яратилиши керак, назаримда. Ахир дунёда энг муҳими инсон ҳиссиётлари бўлиши керак эмасми?..

 

Ишкалчи (Проблемиста) (2023)

Режиссёр: Жулио Торрес

Жанр: комедия, драма

Давлат: АҚШ

 

«Ишкалчи» – том маънода дунё юзини кўришни жуда узоқ кутган фильмлардан бири ҳисобланади. Асл премьераси 2023 йил фақат катта-кичик кинофестивалларда бўлиб ўтган картина 2024 йили қисқа вақт экранларда намойиш этилдию, кейинчалик А24 студияси томонидан онлайн стриминг сервисларига тақдим этилди. Картина аксар муҳожирларнинг ички дардларини, уларнинг катта шаҳарда яшаш орзуси билан кураши ва тизим билан бўлган жангини фантастик, бироқ жуда инсоний тарзда ҳикоя қилади. Режиссёр, сценарий муаллифи ва бош роль ижрочиси Жулио Торрес фильмни ўз ҳаётий тажрибасидан илҳомланиб яратган ва бу яққол сезилади.

 

Сальвадорлик ёш муҳожир Алехандро ноодатий, бир қарашда ғалатироқ туюладиган ғоялари билан танилганди. Болалигидан Маттел ўйинчоқлар компаниясида ишлашни ният қилган йигитча Нью Йорк шаҳрига келадию ҳаёт шамоллари уни умуман бошқа йўналишда учириб кетади: иложсизликдан кичик шахсий музейга каталог яратиш учун ишга жойлашади. Аксига олиб, унинг Қўшма Штатларга Визасининг тугаш вақти ҳам келиб қолади. Бюрократик жараёнлар, кечиккан ҳужжатлар ва кескин вақт чегараси унга босим ўтказа бошлайди. У бу қоғозлар ўйинида нафақат ҳуқуқий мақомини, балки орзуларини йўқотиш хавфи остида ҳам қолади.

 

Аммо Алехандронинг ҳаёти бир лаҳзада ўзгариб кетади. У ғайриоддий санъатшунос ва жуда эмоционал аёл – Элизабет (Тилда Суинтон) билан тўқнаш келади. Элизабет вафот этганига кўп бўлмаган рассом севгилисининг ишлари билан шуғулланиши керак эди. Бироқ у ўзига яраша талабчан, инжиқ, жарангдор сўзлар ва ноодатий метафораларни яхши кўрадиган аёл бўлиб, бирга ишлаш осон кечадиган одамлар хилига кирмасди. Аёл Алехандро учун бир қарашда «муаммо» бўлиб туюлсада, аслида йигитчага энг катта имкониятни беради.

 

 

Фильм структураси классик сюжетлар кетма-кетлигига мос келмайди. «Ишкалчи»ни томоша қилиш бу – гоҳида кулги, гоҳи эса юракни эзадиган ҳислар кўлига ғарқ бўлишдек туйилади. Ундаги визуаллик, метафорик образлар, ҳатто сюрреал унсурлар — буларнинг барчаси фильмга ўзига хос фантастик, қайсидир маънода ҳужжатли фильм тусини беради. Бу ерда бюрократик тизим совуқ, сирли лабиринтга ўхшайди, вақт эса одамларни қувлайдиган ҳақиқий антагонист. Баъзан фильмдаги ҳолатлар сизни кутилмаганда кўзингизни намлайди, чунки сиз ўзингизни Алехандро ўрнида ҳис қилиб юборасиз.

 

Суинтоннинг образи ҳам алоҳида эътиборга лойиқ. У фильмда нафақат кучли аёл образини яратади, балки Алехандро билан бўлган мураккаб, бир-бирини тушунишга интилган, аммо барибир ғалати тарзда меҳрга айланувчи муносабатлар орқали фильмга эмоционаллик қўшади. Тилда Суинтон баъзан ўзига хос комедик ҳолатларни ҳам, жиддийлик талаб қиладиган вазиятларни ҳам моҳирлик билан ижро эта олган. У фильмда реал ҳаётдаги мураккаб инсонлар бир вақтнинг ўзида қанчалик ғайриоддий табиатга эга бўлиши мумкинлигини кўрсатиб беролган.

 

Ижодкорона руҳ инсон қалби тубидан доимо юксакликка кўтарила олишини исботлаб берган ушбу фильм орзулар ҳақида, бюрократия ҳақида, санъат ҳақида. Энг муҳими картина нормал жамият томонидан ажратиб қўйиладиган «ғалати» шахсиятлар ҳақида. Ўйлашимча, ушбу картина йилнинг энг ноодатий ва юракка яқин фильмлардан бири бири бўлиб қолади.

 

Жамшидбек ТОШПЎЛАТОВ

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 17592
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//