
Март ойи охирларида фавқулодда шов-шув бўлган “Ўсмир” (“Ўтиш ёши”) минисериалини оз фурсатда 66 млндан ортиқ томошабин кўрган. Ва, айнан шу сериал Нетфликс платформасига нисбатан аксар негатив қарашларни ҳам бир оз сусайтиргандек бўлди. Боиси, платформада намойиш этиладиган айрим фильм ва сериалларда кўпинча ваҳшийлик ёки ноанъанавий турмуш тарзи очиқ намойиш этилиши гўё тарғиботдек туюларди. Лекин бу галги ишда бутун дунё ота-оналари ва болаларининг муаммоси кўтарилганини кўп сонли томошабинлар ҳам, экспертлар ҳам эътироф этишяпти.
“Ўсмир”нинг ҳар бир қисми масаланинг ечимини бирма-бир очишга қаратилган: 1. Қотилни қўлга олиш. 2. Қотиллик мотивини аниқлаш. 3. Қотилни айбига иқрор қилиш. 4. Қотилликдан кейинги ҳаёт.
1. Қотилни қўлга олиш (Спойлер бор)
Соат тонги 6:00 да бир неча қуролланган махсус отряд Миллерлар хонадонига бостириб кирганида синфдош қизни ўлдиришда гумонланган Жеймс (Оуэн Купер) ҳали ўрнидан турмаганди. Унинг ота-онаси ва опаси фавқулодда бўлган тўполон ва тинтувдан довдираб қолишганди. Жеймс эса қўрқиб кетганидан фақат йиғлар, тўхтовсиз “мен эмас” дерди, холос. Шундан сўнг полиция участкаси, қон таҳлили ва бошқа “иш очиш” билан боғлиқ жараёнлар, шахсий адвокат ва ота иштирокида сўроқ қилиниш... 13 ёшли айбланувчи боланинг нигоҳи, қўрқуви ва кўз ёшлари томошабинни унга хайрихоҳ бўлиш ва “наҳотки, у қотил бўлса ёки у эмасмикин?”, деган ички саволлар билан курашиш ҳолатига солади. Кучли ҳаяжонини зўрға босиб турган ота – Эдди Миллер (Стивен Грэм) ўғлидан сўрайди:
- Биргина савол бераман, кўзимга қара! Ростини айт – сени ишингми?
- Йўқ.
- Тўғрисини айт.
- Тўғриси.
Ўғлининг жавобидан енгил тортган отанинг юзи ёришади. У бошини кўтариб терговчилар хонасига ўғлини бошлайди. Аммо... Ҳамма далиллар ва видеотасвир Жеймс синфдоши – Кэти Леонарднинг қотили эканини тасдиқлагач, бечора отанинг аҳволига боқинг...
Сериалнинг бошланғич эпизодиданоқ томошабин сирли воқеа гувоҳига айланиб қолади. Якка камера билан битта дублда суратга олинган узлуксиз кадрлар бир зум ҳам диққатингизни бўлмайди. Аниқ диалог ва мақсадли ҳаракатлар занжири сабаб сиз ҳам худди воқеа жойида иштирок этаётгандек, гумондор боланинг ёнида туриб, саволларга қандай жавоб беришини кучли ҳаяжон билан кутаётгандек бўласиз. Камеранинг объективи томошабинга воқеа жойида иштирок этиш эффектини беради.
Охирги йилларда урф бўлган “экшн”, “хоррор” жанрларида суратга олинган сериаллардан фарқли тарзда бу сериалда “қисқалик ва лўндалик” тамойили устун туради. Умуман 4 қисм – 4 соат атрофидаги вақтга сиғдирилган медиаҳикояда гуноҳкорни айблаш руҳи деярли йўқ. Балки, бу консерватив Англия жамиятига хос хусусиятми ёки режиссёрнинг ижодий маданиятими, ҳар холда ўрганиш учун “копилкамизга” солиб қўядиган бундай жиҳатлар бисёр. Жумладан, полиция ходимлари Жеймсга қонун доирасида айбланувчи деб қарашлари, боланинг ҳуқуқларини тўла сақлашлари ва муомала одоби қоидаларидан чиқмасликлари эътиборга молик.
2. Қотиллик мотивини аниқлаш
Детектив Баскомб (Эшли Уолтрс) шериги Миша Фрэнк (Фэй Марсей) билан Жеймснинг мактабига боради. Улар қотилликнинг мотивини топиш мақсадида Жеймс ва Кетининг синфдошлари билан суҳбатлашадилар. Уларни энг ҳайратлантирган нарса мактабдаги тажовузкорлик, боулинг, ўқитувчиларга нисбатан ҳурматсизлик муҳити эди. Марҳуманинг яқин дугонаси билан савол-жавоб жараёнида ўсмир қизнинг тажовузкор муомаласи ғалати туюлади. Чунки, жиноятнинг сабабини жуда яхши билиб турган қиз изқуварларга рост сўзламайди. Аммо кейин у барибир ўзини тутиб туролмай, синфдош бола – Райанни тепкилаб қолганини кўрган изқуварлар Райанни сўроққа тутишади. Бундан ҳам бир иш чиқмагач, боши қотган орган ходимларига инспектор Люк Баскомб (Эшли Уолтерс)нинг ўғли сирни очгандек бўлади – ҳаммасига “инста” сабабчи.
Маълум бўлишича, марҳума қиз Кэти Жеймсни инстаграм орқали “заҳарлаб” келган. Уни “инцел” деб ҳақорат қилган. “Инцел” бу – иҳтиёрсиз сақланиш. Бу чеклов асосан аёлларга нисбатан қўлланилган. Ана энди савол – аёллар 20 % эркакларни жозибали деб ҳисоблашлари, қолган 80 % эркакларни эса жозибалилар тоифасига киритмасликлари ҳақидаги баҳс-мунозаралар 13 ёшли ўсмирларни ташвишга солиши нормал ҳолатми? Ўғлининг гапларини зўрға англагандек бўлган инспектор Люк Баскомб сўрайди:
- Ахир, 13 ёшда бокира бўлишмайдими? Бу ёшда “инцел” – “ихтиёрсиз сақланиш”? Қанақасига?
- Дада, Сиз кўп нарсани тушунмаяпсиз?
- Унда тушунтир.
- Мана бу эможи нима маъно беришини биласизми? Бу динамит. Бу қизил таблетканинг портлаши...
Инспектор ниҳоят мотивни топгандек бўлади. Жеймсга нисбатан виртуал тазйиқ оқибатида у ўзига бўлган ишончни йўқотган. Лекин, нега айнан қотиллик рўй берди? Жиноятнинг олдини олиш мумкинмиди? Орган ходимлари мактабга киришда ҳам, кетиш вақтида ҳам битта гапни қайтарадилар:
- Нима учун бу мактаб бунчалик бадбўй... Даҳшат.
- ...Билсанг, бу исқиртликдан кўнглим айнияпти. Нима деб ўйлайсан, бу ерда кимнидир, нимагадир ўргатишадими? Мактаб эмас, қанақадир ташландиқ вагон... Ҳали айтдинг-ку, бу ер сассиқ жой деб. Ҳақиқатда шундай.
- Ўзи, ҳамма мактаблар шунақа...
Бу мазмундаги савол-жавоб икки бор қайтарилади. Бу билан сценарийнавислар мактабни ташландиқ жойга қиёслашган. Жамият, ота-оналар, мактаб маъмурияти ва ўқитувчилар томонидан ўз ҳолига ташлаб қўйилган ўқувчилар реал ҳаётдан кўра виртуал оламда кўпроқ яшайдилар. Марҳума Кэтининг Жеймсни “инцел” деганига босилган кўплаб лайклар ва мактабдаги боулинг жиноятда гумонланувчи ўсмирни социопатга айлантириб қўйган. Кучли руҳий зўриқишдан динамит портлаган.
3. Қотилни айбига иқрор қилиш
“Аҳлоқ тузатишга тайёрлаш маркази”да 7 ойдан бери ушлаб турилган Жеймс ўтган вақт ичида ўз жиноятини тўлиқ тан олганича йўқ. Бу ишга жалб этилган клиник психолог Брайани Аристон эса (Эрин Доэрти) жиноятга олиб келган мотив бўйича ўз хулосасини якунламаган. У Жеймс билан 5 марта учрашади, бугун бу ерга олтинчи бор келиши. Актриса Эрин Доэрти ички ҳаяжонини яширишга уринаётган психолог образида бир оз совуққон кўринади. Бунинг сабаби суҳбат давомида очиқлана боради. Айбланувчи ўсмирнинг хавфли социопат эканини суҳбат кескинлаша боргани сайин тушуна бошлаймиз.
Жеймс ёш бўлишига қарамай, психологни чалғитиш ва руҳий босим ўтказиш ҳадисини олган. У олдинига мулойим табассум билан “яхши бола” эканини намойиш этган бўлса-да, психологнинг жиддий саволларидан сўнг бирдан жазавага тушиб кетади. Ўрнидан туриб, унга очиқ савол бераётган аёлнинг тепасига ўдағайлаб келади...
Сценарийнавислар ва режиссёр белгиланган ҳар бир масала ечимида минимал локациядан фойдаланишган – Миллерларнинг уйи, полиция участкаси, мактаб ва “Аҳлоқ тузатишга тайёрлаш маркази”. Агар бошқа қисмларда кўплаб актёрлар ижросида узлуксиз кадрлардан (кадр ичидаги монтаж) фойдаланилган бўлса, 3-қисмда бир хонада ўтказилган қотил билан психологнинг суҳбат жараёни деярли 40 дақиқа диққатни ўзига тортиб туради. Томошабин Жеймснинг жавобларини психолог билан бирга диққат билан тинглайди. Бу жавоблар, айниқса, ота-оналарни шокка тушириши мумкин. Чунки 13 ёшли ўсмирнинг хаёли ёшига тўғри келмайдиган жинсий қизиқишлардан иборат. Ниҳоят, ўсмирнинг нозик томонини топган психолог ундан керакли жавобларни суғуриб олади ва у беихтиёр воқеа тафсилотларини айтиб беради...
4. Қотилликдан кейинги ҳаёт
4-қисмда Жеймснинг ота-онаси, опаси тўғрисида батафсилроқ маълумотга эга бўламиз. Ўзаро иноқ оила тасаввурини берувчи бу хонадондан қотил чиқиши ақлга тўғри келмайди. Ота-она Жеймснинг тарбиясида ўзларини айбдор деб билади. “У кимга тортган?”, “Катта қизимиз бошқача, ахир иккаласи ҳам бизнинг фарзандимиз-ку...”, “Мактабдан келиб хонасига кириб кетарди. Кечаси билан компьютер кўрарди. Бўлди, эртага вақтли мактабга боришинг керак, деганимдан кейин, индамай чироқни ўчирарди. Умуман гаплашмасди”, дейди она (Кристина Тремарко). Бу каби ўтмишни эслаш ортидаги пушаймонлар ота-онани баттар қийноққа солади. Бироқ, уларнинг ўзаро диалогидан томошабин ўзига керакли хулосаларни олади. Маълум бўлишича, Жеймснинг бобоси отасини болалигида роса урар экан. “Йўқ жойдан калтак еб қолардим... Ўшанда болаларимни ҳеч қачон урмайман, деб ўзимга сўз берганман. Ахир мен унга қўл кўтармаганман, тўғрими?”, дейди ота. Лекин отанинг қизиққонлиги, асабийлашса ҳеч кимни аямаслиги, ўзига яраша “феъли” борлиги фильмда кўрсатиб борилади. Яъни, Жеймс отасини норози қилишдан, жаҳлини чиқаришдан қўрққан доим. Дардини ичга ютган боланинг руҳиятида кескин бузилиш рўй бергани, мактабда кучли боулингга йўлиққани даҳшатли фожиа рўй берганидан кейин маълум бўлади...
Танганинг орқа томони
Қисқа муддатда катта шов-шувга сабаб бўлган мазкур сериалнинг сири нимада? Яхши асарда ғоялар дунёси билан одамлар дунёси ўртасидаги сирлар махсус санъат шифрлари – кодлари билан ифодаланади. Коднинг калитини топиш учун мактаб кўриш шарт эмас. Онг остимизда бу шифрларнинг калити мавжуд. Бу сериалда 13 ёшли боланинг қотиллигига сабаб бўлган бош сабаб – кодланган. Улар: “матрица”, “инста”, “эможи”, “инцал”, “Эндрю Тед”, “80/20” ва ҳк.з. каби кодлардир. 40 ёшдан юқори замондошларимиз буни тушунишлари мураккаброқ. Айрим ўсмирлар ҳатто, катталарнинг “ҳеч нарсани билмаслиги”, “тушунмаслиги”дан кулиши (фильмда психолог инстаграм билан фейсбукни адаштириб юборганидан Жейсм истеҳзо қилгани каби) ёки ачиниши ҳам мумкин (инспекторнинг ўғли отаси “ҳеч нарсани тушунмаётганидан” ачингани каби).
Сценарий муаллифларидан бири Стивен Грэм журналистларга берган интервьюсида сериалга асос бўлган аниқ фактни келтирмайди. Бироқ, у охирги пайтларда Британияда ёш қизчаларга нисбатан тажовузкорлик ҳолати кучайиб кетганидан қаттиқ ташвишлангани ва Англия ОАВда тез-тез берилаётган ўсмир қизларнинг жонига қасд қилиш ҳолатларининг сабабини аниқлашга интилиши натижасида мазкур сериал ғояси туғилганини қайд этган.
Ёдингизда бўлса, сериалнинг 2- қисмида мактаб гўё ташландиқ чиқиндихонага қиёсланган эди. Бу билан ижодкорлар мактаб ёшидагилар билан ҳеч ким қизиқмаслиги, таълим-тарбия тизими анъанавий шаблон асосида олиб борилиши, ҳатто руҳий зўриқиш ҳолатидагилар билан ҳам яқиндан “суҳбатлашиш”, шунчаки навбатдаги “маънавият дарси”дан нариги ўтмаслигига урғу бериб ўтишган. Кейинги қисмларда бизнинг тил билан айтганда “уюшмаган ёшларга” ҳукумат миқёсида ҳам бефарқлик устунлиги, ҳатто “Ахлоқ тузатишга тайёрлаш марказида” ўсмирлар қийноққа солинишига рухсат берилгани шунчаки гап орасида қистириб ўтилади. Шу тариқа жиноятнинг содир бўлишига сабабчи аслида мактаб муҳити, ўқитувчилар, ота-оналарнинг бефарқлиги экани етарли даражада ёритилган.
Сериалда Эндрю Тейт исми бир-икки келтирилади. Мазкур сериал сабаб ўзим ҳам бу исмни гуглдан қидирдим. Маълумотларга кўра, британ-америка инфлюенсери Эндрю Тейт ва унинг акаси аёлларга нисбатан зўравонларча муомала қилиш сирларини ўргатадиган, анъанавий оила қуришни қоралайдиган, ўз тавсиялари билан кўплаб ўсмирлар, ёшлар ва умуман эркакларга гўё “тўғри йўл” кўрсатадиган блогер экан. Ҳозирда уларнинг устидан жиноят иши очилган бўлиб, аёлларга нисбатан зўравонлик, одам савдоси каби жиддий айбловлар қўйилган. Ачинарлиси, айнан ака-ука Тейтларнинг антифеминистик тарғиботи оқибатида охирги вақтларда Британияда аёлларга нафратомуз руҳдаги ўсмирлар ҳам, эркаклар ҳам кўпайган.
Премьераси 13-мартда бўлиб ўтган сериал қисқа муддат ичида 80 дан ортиқ мамлакатда юқори рейтинга чиққан. Англия ҳукумати томонидан барча ўрта мактабларда мазкур сериални ёшларга кўрсатиш ва муҳокама қилиш таклифи берилгани айтилмоқда. Сериал сценарийси, режиссёрлик иши, актёрлик, операторлик маҳорати, мусиқаси каби барча компонентларининг юқори даражада эканини таъкидлаш шарт эмас. Хулоса ўрнида қайд этамизки, сериалда бундай жиноятларнинг олдини олиш мумкинми, деган риторик саволга керакли жавоб берилган. Буни ҳар бир томошабин ўзи тушуниб олиши мумкин. Диққат қилсалар, албатта.
Шоҳида ЭШОНБОБОЕВА,
киношунос
Адабиёт
Тарих
Мафкура
Адабиёт
Адабиёт
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ