Қаҳрамонлик сири – Нега дунёдаги барча қаҳрамонлар ўхшаш бўлади?


Сақлаш
13:00 / 20.02.2025 26 0

Ҳаётимиз давомида бир марта бўлса ҳам ўзимизни қаҳрамон сифатида ҳис қилганмиз. Қийинчиликларга дуч келган, ички курашларни бошдан кечирган ва якунда ўзимизни янгидан кашф этган вақтларимиз бўлган. Лекин сиз ҳеч ўйлаб кўрганмисиз – нима учун ҳамма машҳур ҳикоя, афсона ва фильмлар деярли бир хил тузилишга эга? Нега бизни қаттиқ таъсирлантирадиган ҳикояларда қаҳрамон ҳаёти синовлар билан тўла саёҳат мотиви асосига қурилади?

 

Америкалик мифолог Жосеф Кемпелл қадимий афсоналарни ўрганар экан, ҳайратланарли бир кашфиёт туфайли юқоридаги саволларга жавоб топди. Унда келтирилишича: хоҳ у қадимий Миср афсонаси бўлсин, хоҳ замонавий Ҳолливуд фильми, барча қаҳрамонлар бир хил йўлни босиб ўтади. Унинг 1949 йилда ёзган «Минг юзли қаҳрамон» (The Hero with a Thousand Faces) китобида «Қаҳрамон йўли» андозаси биринчи бор тилга олинади. Ушбу андоза 12 босқичдан иборат бўлиб, улар образнинг қаҳрамон бўлиши учун босиб ўтиши керак бўлган йўллари эди.

 

 

Кемпеллнинг назариясини нафақат Ғарб афсоналарида, балки ўзбек халқ достонларида ҳам кўриш мумкин. Масалан, «Алпомиш»да қаҳрамоннинг саёҳати айнан шу босқичлардан ўтади. Алпомиш тинч ҳаётидан (хавфсиз дунё) Бойсарини қутқариш учун йўлга чиқади (саргузаштга чақириқ), йўлда Қоражон каби дўстлар орттиради (синовлар, дўстлар ва душманлар) ва ниҳоят ўз ватанига қайтиб, халқни озод қилади (эликсир билан қайтиш).

 

Бу назария нафақат қадимий афсоналар, балки замонавий фильмлар ва ҳикояларга ҳам асос бўлиб хизмат қилди. «Юлдузлар жанги», «Матрица», «Гарри Поттер» ва, албатта, «Қирол шер» – буларнинг барчаси Кемпбеллнинг назариясини мукаммал акс эттирган энг ёрқин намуналардир.

Бугун биз ёш танламайдиган ва кўпчилигимиз учун севимли бўлган «Қирол шер» фильми орқали Кемпеллнинг «Қаҳрамон йўли» назариясини таҳлил қиламиз. Шу тариқа ҳар бир босқичда Симбанинг қандай ўзгаришлар билан тўқнаш келганини чуқурроқ кўриб чиқамиз.

 

Қаҳрамон йўлининг ўн икки босқичи

 

1. Хавфсиз дунё

Мифологияда: Бу босқичда қаҳрамон ҳали келгуси синовлардан мутлақо бехабар бўлади. Худди баҳор тонгидек тинч ва осуда ҳаёт кечиради.

«Қирол шер»да: Симба ҳам худди шундай ҳаёт кечирарди. Бепоён яшил яйловларда қуёш нурида чопқиллаб юраркан, ҳаёт абадий шундай давом этади деб ўйларди. Унинг кўзларидаги қирол бўлиш орзуси, худди эрталабки қуёш нуридек ёрқин ва тиниқ эди.

 

2. Саргузаштга чақириқ

Мифологияда: Қаҳрамоннинг ҳаёти кутилмаган чақириқ билан ўзгаради. Бу даъват унинг тинч ҳаётини бутунлай ағдар-тўнтар қилади. Овоз баъзан жуда секин, аммо баъзан момақалдироқдек янграйди.

 

«Қирол шер»да: Симба учун бу овоз амакиси Скарнинг сўзлари орқали ифодаланади. «Фил суяклари водийси? У ерга фақат энг жасур шерлар боради», дейди Скар, Симбанинг ғўргина ғурурини қитиқлаб. Менимча, ҳар биримизда шундай Скар – бизни хавфли йўлларга бошлашга ҳаракат қилувчи ички овоз бор.

 

3. Чақириқни рад этиш

Мифологияда: Қаҳрамон, гарчи саргузаштга қизиқсада, қўрқув ва шубҳа туфайли дастлаб даъватни рад этиши мумкин.

«Қирол шер»да: Чиябўрилар ҳужумидан сўнг Муфаса олдида хатосини тан олган Симба пушаймон бўлади. У кўр-кўрона жасорат кўрсатишдан воз кечади – бу унинг чақириқни рад этишининг белгиси эди.

 

 

4. Устоз билан учрашув

Мифологияда: Қаҳрамонга йўл кўрсатадиган, билим ва куч берадиган устоз пайдо бўлади.

«Қирол шер»да: «Жасурлик қўрқувнинг йўқлиги эмас, балки қўрқувни енга олишдир», – дейди Муфаса ўғлига. Бу сўзлар Симбанинг қалбига муҳрланади ва келгуси синовларда унга маёқ бўлиб хизмат қилади.

 

5. Чегарани кесиб ўтиш

Мифологияда: Қаҳрамон осойишта дунёсини тарк этиб, номаълум, хавфли оламга қадам қўяди.

«Қирол шер»да: Муфасанинг фожеали ўлими ва Скарнинг маккорона айблови Симбани ватанини тарк этишга мажбур қилади. Саҳрода танҳо қолган шервачча ҳаётнинг шафқатсиз ҳақиқати билан юзма-юз келади.

 

6. Синовлар, дўстлар ва душманлар

Мифологияда: Қаҳрамон янги дунёда кўплаб синовлар билан тўқнашади, дўстлар орттиради ва душманлар билан курашади.

«Қирол Шер»да: Тимон ва Пумба Симбага «Акуна Матата» – «ғам-ташвишсиз ҳаёт» фалсафасини ўргатади. Иккиси унга янги ҳаёт беради, аммо уларнинг «қайғусиз яшаш» фалсафаси Симбани тақдиридан маълум вақт қочишига сабаб бўлади.

 

 

7. Ички ғорга яқинлашув

Мифологияда: Қаҳрамон ўз қўрқувлари ва шубҳалари билан юзлашиш учун ички дунёсига саёҳат қилади.

«Қирол шер»да: Нала билан кутилмаган учрашув Симбанинг қалбидаги эски яраларни янгилайди. «Сен ҳақиқий ўзинг бўлишдан қочяпсан», дейди Нала. Бу сўзлар Симбани ички дунёсига қарашга мажбур қилади.

 

8. Ҳал қилувчи синов

Мифологияда: Қаҳрамон энг қийин синовни бошдан кечиради ва руҳан қайта тирилишни бошдан ўтказади.

«Қирол шер»да: Юлдузлар орасида пайдо бўлган отасининг руҳи «Сен – менсан», дея ўғлини ўз тақдирини қабул қилишга ундайди. Бу руҳий уйғониш лаҳзаси Симбани янгитдан туғилгандай ҳис қилишга олиб келади.

 

9. Мукофот

Мифологияда: Синов ғалаба билан якунланиб, қаҳрамон куч ва донишмандлик билан мукофотланади.

«Қирол шер»да: Энди Симба ўзининг кимлиги, қандай кучга эгалиги ва қандай вазифани бажариши кераклигини аниқ билади. Унинг ички шубҳалари йўқолади ва у ўз тақдирини қабул қилади.

 

 

10. Қайтиш йўли

Мифологияда: Қаҳрамон уйига қайтади, аммо ҳали якуний синов олдинда.

«Қирол шер»да: Симба уйига қайтиш учун йўлга чиқади. Энди унинг қалбида қатъият ва мақсад бор, лекин уни ҳали Скар билан якуни номаълум жанг кутиб турибди.

 

11. Қайта туғилиш

Мифологияда: Якуний жангда қаҳрамон ўлим билан юзлашади ва ғалаба қозониб, бутунлай янгиланган инсон бўлиб қайтади.

«Қирол шер»да: «Мен Муфасани ўлдирдим», деб тан олади Скар. Бу сўзлар Симбанинг қалбидаги чексиз ғазабни уйғотади. Оғир жангдан сўнг у ғолиб чиқади ва Аждодлар қоясидаги кучли наъраси билан янги даврнинг бошланишини билдиради.

 

 

12. Эликсир билан қайтиш

Мифологияда: Қаҳрамон ўз оламига донишмандлик ва янги кучлар билан қайтади, атрофидагиларнинг ҳаётини яхшилайди.

«Қирол шер»да: Симба табиатнинг мувозанатини тиклайди – ёмғир ёғади, ўсимликлар қайта кўкаради. Нала янги авлод – келажак қиролини дунёга келтиради ва ҳаёт доираси ўз давомини топади.

 

Нега бу назария сиз учун муҳим?

Агар сиз кино ишқибози бўлсангиз, Кемпелл назариясини билиш сизга ҳар қандай фильмни чуқурроқ тушуниш имконини беради. Агар сиз ёзувчи ёки режиссёр бўлсангиз, бу назария асарингизга янгича жон бағишлаши мумкин. Албатта, замонавий ҳикоя ва фильмларда баъзан анъанавий қаҳрамон йўли қолипидан четга чиқишлар ҳам кузатилади. Масалан, баъзи қаҳрамонлар «устоз билан учрашув» босқичини ўтказиб юборадилар («Mad Max: Fury Road» фильмидаги Макс каби). Бошқа фильмларда эса «синовлар» босқичи кутилмаган тарзда ривожланиши мумкин – «Жокер» фильмида Артурнинг аксарият синовлардан мағлуб бўлиши бунга мисол. Баъзи асарларда қаҳрамон «чақириқни рад этиш» босқичини бутунлай ўтказиб юборади, масалан «Жон Уик» фильмлар сериясида бош қаҳрамон ҳеч иккиланмай дарҳол ҳаракатга ўтади. Бундай ўзгаришлар бизга ҳаётда доим ҳам қатъий қолипларга боғланиб қолмаслик кераклигини кўрсатади, зеро ҳар бир инсон бетакрор ҳаёт йўлига эга.

 

 

Лекин назариянинг энг муҳим жиҳати – унинг ҳаётимизда ҳам намоён бўлишидир. Ҳар биримиз тақдиримизнинг қаҳрамони бўлиб, синовлар гирдобидан ўтиб, ўзимизни қайта кашф этишимиз ва ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотиб, янгиланган инсон сифатида йўлимизда давом этишимиз мумкин – фақат қисматимизда қаҳрамон бўлишни бошласак бас.

 

Сўнгсўз ўрнида, «Акуна Матата» фалсафасини эмас, балки Кемпеллнинг сўзларини келтирамиз: «Киришга қўрқаётган ғорингиз – сиз бутун умр излаб юрган бебаҳо хазинани ўз бағрида сақлаб келган бўлади». Зеро, ички қўрқувларимизни енгиш бу – ҳақиқий қаҳрамон йўлининг бошланғич нуқтасидир. Ичимизга боқишга журъат этсак, ўзлигимиз хазинасини топамиз ва чинакам қаҳрамонлик ҳикоямиз шундан бошланади.

 

Самандар ЭРКИНЖОНОВ

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Жараён

17:02 / 21.02.2025 0 17
Қайта яралаётган қадим ҳунар





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 15800
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//