
Санъат асарлари, жанрлари асосан маълум бир босимлар натижасида пайдо бўлади. Дунёни катта тезликда, янгича тўлқини билан босиб олган жаз ҳам дастлаб ана шундай қисмат билан туғилган эди. Жазни қаерда эшитманг, уни сўз билан таърифлашдан кўра, ритмидан таниб олиш осонроқдир. Қулоқларга эш бўлган ана шундай ўзгача жанр бу. Биласиз, жангда энг сўнгги куч ва қурол ғалаба учун асраб турилади. “Пианиночи ҳақида афсона” фильмини эсланг; унда бош қаҳрамон билан ижро маҳоратида баҳслашган қора танли пианистнинг сўнгги дақиқаларда қўллаган қуроли – жаз эди. Бу мисолни бежизга келтирмадим.
“Қуллар қўшиғи” қачон озод бўлди?
Жаз (инглизча: jazz) – профессионал мусиқа тури, замонавий оммабоп, эстрада мусиқасининг асосий услубий манбаларидан бири. Унинг ўзига хослиги шундаки, қатъий шаклу шамойилга эга эмас ва қолиплардан деярли ташқарида. Жаз кўпритмлилиги (ритмик эркинлик) ва бадиҳагўйлиги билан характерлидир. Шунинг учун ҳам у тез оммалашган эди. Унга таъриф беришда машҳур жаз намояндалари ҳам турлича ёндашадилар, сабабини эса юқорида таъкидлаб ўтдик.
Жазз ватани – АҚШнинг жануби, хусусан, Янги Орлеан шаҳри ҳисобланади. Ушбу услуб ХIХ аср охири ХХ аср бошларида Африка ва Европа маданиятлари таъсирида шаклланган. Пахта плантацияларида ишлаш учун Африкадан Америкага олиб келинган руҳоний қуллар диний матнларни қарсак чалиш ва оёқларида ритм ҳосил қилиш билан куйлашади ҳамда қавмдошларини ҳам шу йўсинда эргаштирадилар. Африка этно-мусиқаси мураккаб полиритмлари ва “барабанлар хори” билан характерланарди. Аммо қуллар ўзлари билан Янги Дунёга ҳеч қандай мусиқа асбобларини олиб кета олмаган эдилар. Шу сабабдан улар ҳаяжонга йўғрилган интонация ва табиий ритмларни ҳосил қилишда қарсак ва оёқдан фойдаландилар. Санъат турларининг синкретизми мусиқа ижодининг табиатига таъсир қилади – у мустақил ҳаракат қилмайди, балки рақс, пластика, ибодат ва қироат билан уйғунлашади. Ўз навбатида, Европа мусиқаси бу синтезга катта ҳисса қўшди: етакчи овозли мелодик конструкциялар, лад стандартлари, гармоник имкониятлар ва бошқаларни мисол келтиришимиз мумкин. Умуман олганда, африканча эмоционаллик ва интуитив тамойиллар Европа рационализми билан тўқнашди.
Янги жанр сифатида жаз Янги Орлеан кўчаларида кенг ёйила бошлади. Импровизация қилинган мусиқа яккахон, масалан, пианинода ёки саксафонда, кейинчалик кичик ансамблларда (гуруҳ чолғу асбоблари жўрлигида) ижро этилган. Дастлаб, ана шу ансамбль қатнашчилари яратган ва ўзлари ижро этган асарлар жаз ёки “жазбанд” деб аталган.
Мусиқий импровизация жазнинг барча турларида мавжуд бўлган асосий хусусиятлардан биридир. Ижрочилар ўз-ўзидан мусиқа яратадилар – ҳеч қачон олдиндан ўйламайдилар ва машқ қилмайдилар. Жаз импровизация, тажриба ҳамда алоҳида маҳорат талаб қилади. Мусиқа ривожи ва мувафаққияти фақат мусиқачининг ижро вақтидаги иштиёқига боғлиқ. Зотан, уни ижро этган ҳар бир ижрочи ўз асарини яратади, десак муболаға бўлмайди. Ушбу турдаги мусиқа яратиш Африка халқларидан жазга ўтган. Африкаликлар ноталар ва репетиция ҳақида ҳеч қандай тасаввурга эга бўлмагани учун бир-бирига фақат унинг оҳангини ва мавзусини ёдлаш орқали узатишган. Бунда ҳар бир янги мусиқачи аллақачон бир хил мусиқани янги усулда ижро этиши мумкин эди. Жаз услубининг иккинчи муҳим хусусияти ритмдир. Чунки доимий пульсация мусиқага жонлилик, ўйин завқи – жўшқинлик бахш этади. Европа маданиятидан жаз мусиқанинг оҳангдорлигини мерос қилиб олди. Ритм ва импровизациянинг юмшоқ мусиқа билан уйғунлиги жазни ғайриоддий товушлар билан бойитди.
“Жазз” жаргон сўзми ёки пурмаъно атама?
Мусиқий ижрочиликнинг янги услуби дастлаб “Jass” деб, кейин эса “Jasz” тарзида ёзилади, 1918 йилдан бошлабгина ўзининг ҳозирги “Jazz” кўринишига эга бўлди. Шуниси ажабланарлики, илк бор тан олинган жаз мусиқачилари оқ танлилар эди. 1917 йилнинг 26 февралида “Виктор” фирмасининг Нью-Ёркдаги студиясида Янги Орлеанлик бешта оқ танли мусиқачиси ўзларининг биринчи жаз граммапластинкасини ёзадилар. Ушбу аудио-ёзув пайдо бўлгунига қадар жаз мусиқа фольклори бўлиб қолаверган.
“Jazz” сўзи биринчи марта 1912 йил 2 апрелда “Los Angeles Times” газетаси мусиқий контекстида эмас, балки бейсбол ҳаракати тавсифида пайдо бўлди. 1913 йил 5 апрелда “Scoop” газетасида ушбу атаманинг келиб чиқиши ҳақида турли хил фаразлардан иборат мақола чоп этилди.
Мусиқашунослар “ Jazz” сўзининг келиб чиқиши ҳақида кўплаб назарияларни илгари сурдилар. Улар орасида ҳатто “jazz” – афро-американча жаргондан келиб чиққан деган тахминлар ҳам бор эди. Шундай қилиб, энг машҳур ва ишонарли гипотезаларга кўра, у французча “jaser” – “суҳбатлашиш”, арабча “жазиб” – “жалб этиш” сўзларига, шунингдек, африка халқларининг зарбли чолғуси “жайза барабанлари” номига кўра асосланади.
Эркин жазнинг биринчи ижрочилари мусиқа яратишда мутлақо эркин бўлиш мақсадида ритмдан бутунлай воз кечдилар. Шу сабабли жаздаги янги йўналиш узоқ вақт давомида тан олинмади. Ритм зарбли чолғулар билан таъминланди. Тарихий жиҳатдан жаз олтита асосий манбадан асл нусхада олинган синтездир. Буларга қуйидагилар киради:
1. Ғарбий Африка ритмлари;
2. Меҳнат қўшиқлари (дала ҳайқириқлари);
3. Диний қўшиқлар;
4. Дунёвий қўшиқлар (блюзлар);
5. Ўтган асрлардаги Шимолий Америка халқ мусиқаси;
6. Кўча чолғу асбоблари мусиқаси.
Ҳозирда замонавий жазнинг тармоқлари жуда кўп. Уларнинг туб негизида турувчи асосий қатламларни келтириб ўтамиз. Балки таққослаб, эшитиб кўрарсиз:
Анъанавий жаз. Анъанавий жаз ХХ аср бошларида жуда машҳур бўлган кўча оркестрлари мусиқасидан пайдо бўлган. Даврнинг энг муҳим – 9–15 кишилик кичик жаз ансамлларининг пайдо бўлиши билан боғлиқ. Бу йўналишнинг энг ёрқин вакили ва асосчиси бу – Луи Армстронг. Анъанавий жаз гуруҳи банжо созининг барқарор, трубанинг етакчи позицияси ва кларнетнинг ёрқин иштироки билан ажралиб туради. Кейинчалик бу чолғуларнинг охирги иккитаси асосий ўринни саксафонга бўшатиб беради. “Қул қўшиқлари”нинг баъзилари кейинчалик жаз хитига айланди, масалан, Луи Армстронг томонидан ижро этилган машҳур “Go Down Moses”. 1900 йилдан эътиборан сайр кемаларида Янги Орлеан оркестрлари чиқишлар қила бошладиларки, уларнинг мусиқаси йўловчилар учун ёқимли кўнгилочар шоуга айланиб қолади. Шундай оркестрларнинг бирида Луи Армстронгнинг бўлажак рафиқаси, биринчи жаз пианиночиси Лил Хардин ўз фаолиятини бошлаган.
Swing (беланчак услуб). 1930 йилларнинг бошларига келиб “swing” пайдо бўлди ва тез оммалашди. У 30–40 йиллар катта гуруҳлар (катта оркестрлар) даврини акс эттирди. Swing бўлимларга аниқроқ бўлиниш билан тавсифланади. Яъни, мис чолғу асбоблари – трубалар, тромбонлар ва саксафонларнинг жўрнавозлигида характерли ритмик нақшни ифодалайди. Масалан, 4 саноқли ўлчов тизимида ритм бўлиниши иккинчи ва тўртинчи саноққа зарба тушириб, ўзига хос беланчак ҳаракатини яратади. Swingда ўша даврнинг энг машҳур гуруҳлари Бенни Гудман, Гленн Миллер ва Дюк Эллингтон бошчилигидаги оркестрлар эди.
Bop. 40-йилларнинг ўрталарида жазнинг bebop субжанри ривожланди. У жазни “рақс учун мусиқа”дан “мусиқачилар учун мусиқа”га айлантириб, инқилоб қилди. Тез темп ва мураккаб импровизациялар бебоп шиоридир.
Hard bop. Hard bop оддий бопдан экспрессив ритмлари ва блюзга таяниши билан фарқ қилади. Ушбу йўналишни замонавий жаз деб таснифлаш мумкин.
Soul jaz. Soul жаз кўпроқ лирик услубдир. У бежиз soul жаз деб айтилмаган – бу мусиқа ҳақиқатан қалб ва руҳ таржимонига ўхшайди. Ушбу тенденция 1950 йилларнинг охирида пайдо бўлди ва бир неча ўн йиллар давомида машҳур бўлиб қолди. У блюз ва афро-америкалик фольклор анъаналарига таяниши билан ажралиб туради. Soul жаздаги энг муҳим шахслардан бири Арета Франклиндир.
Ўзбекистонда жаз
Ўзбекистонда жаз мусиқаси 1940 йилларнинг 2-ярмида юзага кела бошлаган. Тошкент, Самарқанд, Фарғона, Андижон каби шаҳарларнинг кинотеатр, маданият саройи, шаҳар боғларида Д.Соколов, А.Поздняков, М.Азатян ва бошқалар раҳбарлигида ташкил топган мусиқа ансамбллари жаз ва эстрада мусиқаси намуналарини ижро этган. 1958 йилда Ўзбекистон эстрада оркестри, 1963 йилда Ўзтелерадио қошида Эстрадасимфоник оркестрларнинг таркиб топиши жаз ривожи учун туртки бўлган. Бунда айниқса А.Кролл, А.Малахов, Й.Живаев каби дирижёрларнинг ҳиссаси салмоқли. “Наманганнинг олмаси” (Ш.Рамазонов), “Қиз бола” (Э.Солиҳов) қўшиқларининг жаз услубида қайта ишланган вариантлари, А.Малаховнинг ўзбек оҳанг ва усулларидан фойдаланиб ёзилган “Юлдуз доираси”, “Қора кўзлар” оркестр асарлари миллий жаз мусиқасининг илк намуналаридандир.
Жаз мусиқаси кейинги даврда ҳам тараққий этди. 1968 йилда Тошкентда 1-Жаз мусиқаси фестивали бўлиб ўтди. 1977, 1978, 1984-йиллари Фарғонада жаз мусиқаси халқаро фестиваллари ўтазилган; мазкур шаҳарларда жаз клублари, Бухоро, Навоий ва бошқа шаҳарларда жаз гуруҳлари ташкил топган. Булардан Э.Қаландаров, С.Гилёв (“Интер”), Л.Отабеков (“Сато”), Б.Сметанов (“Радуга”), Г.Каприелов (“Осиё”) раҳбарлигидаги гуруҳлар халқаро жаз фестивали ва эстрада танловларида совринли оъринларга эга бўлдилар. Ҳозирда жаз мусиқаси ижрочиларидан “Ўзбекнаво” қошидаги Б.Зокиров номидаги эстрада оркестри (Й.Живаев), Тошкент давлат консерваториясининг биг бенди (жазз оркестри) (Б.Муртазаев), Г.Бугданов, А.Хабирханов раҳбарлигидаги гуруҳлар фаолият кўрсатмоқда. Ўзбекистон жаз мусиқаси намуналари “Мелодия” фирмаси томонидан грампластинкага ёзилган: “Шарқ сюитаси” (Тошкент жаз клуби гуруҳи), “Эфсане” (“Сато” гуруҳи) ва бошқалар шулар жумласидандир.
Нозима ҲАБИБУЛЛАЕВА
мусиқашунос, бастакор
Тарих
Таълим-тарбия
Санъат
Тарих
Санъат
Тарих
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ