
Ўтган асрнинг бошларидаги жадид тараққийпарвар зиёлиларининг кўзга кўринган вакиллари – Фитрат, Чўлпон, Садриддин Айний, Ғулом Зафарий, Ҳамза, Муҳиддин қори Ёқубов каби зотларнинг қатор мақолалари ва рисолаларида ўзбек мумтоз мусиқа маданияти, айниқса, миллий мусиқа меросига муносабатлар акс этган. Жумладан, Фитратнинг илмий тадқиқотларида мавжуд мусиқа илмининг таркибий тузилиши, фан предмети, тадқиқ усуллари муфассал ёритиб берилганди[1]. Ғулом Зафарий ижодий меросининг ҳам асосий қисми ўзбек миллий мусиқаси ва унинг тарихи тадқиқига бағишланади[2]. Садриддин Айний эса ўз мақолаларида Ота Жалол, Ота Ғиёс, Қори Камол, Қори Нажм, Миратожон танбурнавоз – “Тилланохун” кабиларнинг ўзбек, тожик мусиқа маданияти тараққиётига қўшган чексиз ҳиссаларини таърифлаб ўтган. Энг аҳамиятли томони, “Чиғатой гурунги”нинг фаолларидан ва “Кўмак” жамиятининг аъзоси бўлган Саййид Али Усмонхўжаев[3] ўзбек миллий мусиқа меросини асраб қолиш масаласини биринчилардан бўлиб илгари сурган эди. У ўзининг “Санойи нафисамиз ўлади” сарлавҳали мақоласида ўзбек халқининг миллий санъати нақадар улкан ва қадимийлигига урғу беради. У халқ амалий санъати, миллий кийимлар, миллий меъморчилик, миллий мусиқа ва уларнинг ҳар бирининг беназир ва бетакрор жиҳатларига тўхталиб, жумладан, шундай ёзади: “... мусиқани олсоқ, ҳозир Бухородан топилган асарлар-да қандай мусиқашунослар ва мусиқий шоирлар (бастакорлар) етишган эканини кўрсатди. Баъзи ерларда топилган мусиқий товушлар Оврўпада йўқ экан. Дугоҳ (мақом санъати назарда тутилмоқда – муаллиф) Европа мусиқа санъати ҳозир англаб етган қарашлар бизда илгари бўлганини кўрсатади. Бизнинг Навоийдек мусиқий шоирларимиз одамнинг сўзини ўксик (ноқис) эканини англаб, бутун миядаги, кўнгилдаги тилакларни сўз билан айтиб бўлмаслигини, кўнгилда бўлган бу нозли ўюнларни, дардларни ёлғиз чолғу (мусиқий) орқали дунёға-тошқориға чиқарув ёлғиз мусиқий куйлар билангина бўлатурғон эканлигин тушунганларини Дугоҳ каби бир (опера) билан дунёга билдирганлар. Бизда мусиқийга тушунув нақадар буюк эканини мана шу қисқагина чиройлик легенда кўрсатадир... Бизнинг мусиқий куйларимизнинг нақадар чиройлик эканини, бироз янглишликлар билан бўлса ҳам Оврўпа оркестри билан айтилганда, ҳамма кўрди, ҳамма овруполикларнинг ўзи ҳам унинг асирига айланди”[4], - дейди.
Яна бир ўзбек мусиқа санъати билимдони Ғ.Зафарий ўз мақоласида: “Ҳар бир элнинг маданий турмушиға негиз бўлган омиллар чинакам текширилса, ҳар бир аср ёҳуд даврдаги кишиларнинг маданий ёқдан ўсишларига сабаб бўлган нарсаларни тубли бир йўлда бир ерга йиғиб очиқ кўз билан боқиб кўрилса, маданий ўсишимизга ўрнак ва негиз бўладиргон ҳамда келгусидаги маданий тузулишга жуда қимматлик нарсалар вужудга чиқар. ...Мана бул қийматлик асарлар ҳам нарсалар, замоннинг ўтиши, чет элларнинг қўшилиши билан йўқолиб борадирлар ёҳуд ўзларининг туб шаклларин йўқотадирлар ва бутунлай йўқолиб битадирлар. Чет элларнинг одатлари, нафосат йўллари бизнинг санои нафисаларимизни жуда бузадирлар. Мана шунинг учун тез замонда ошиғич йўллар билан ўзимизнинг асл санои нафисаларимизни, ижод этган нарсаларимизни, чолғу куй ва ашулаларимизни йўқолишларидан қутқозиб қолишимиз керак. Чолғу куйларимизнинг “Олти мақом” деган тубли, илмий тартиблик бўлими йўқолаёзган. “Олти мақом”нинг наср, сарахбор бўлимларин бўлсин, мушкилот бўлимин бўлсин, билгувчилардан бир иккигина устадан бошқалари ўлиб битганлар. Вақт тордир, шул бир икки кишимиз ҳам ўла қолганида, ортиқ Олти мақомни билгувчи ўзбеклар орасида бутунлай йўқ бўлиши аниқдир. Шунинг учун ўлкамизда бор иккитагина Шарқ мусиқа мактабларимиз (бири Бухорода ва бири Тошкентда)ни яхши йўлга қўюб, Бухородагисида йўқ усталарни Тошкентдан, Тошкентда йўқларини Бухородан келтириб ишга киришилса, шундагина чолғу куйларимизнинг тубли ва илмий бўлими ўлимдан қутқорилган бўлур. Бу муҳим тилакка эришмагимизга катта бир сабаб албатта Маориф комиссарлигимизнинг зўр фидокорлиги ва ҳиммати бўлур. Чолғумизни ўлимдан қутқармоқ билан ишимиз битган бўлмайдир. Сақланиб қолган чолғумизнинг тўбларин илмий тусда текширмоқ, Оврўпанинг билим дунёсида буюк бир ўрин тутган чолғу тўпларин ўзимизга бажара олганимизча мол қилиб олиб, чолғумизни таҳликалардан бутунлай қутқармоқ учун куйларимизни нотага олмоқ лозим. Шунинг ила бирга, куйли эртак ва достон, лапар, ўлан, ёр-ёрларимиз йилдан-йилга эскириб, йўқолиб кетаётган халқ куйларин ва бутунлай ўлим чуқурига ташланган қаландарлар куйларин ҳам ўқувчиларимизга нота билан ўргатмоқ лозим. Сўнгра янги чолғу мактаблари учун “ғоя” саналган фикрлардан бири чолғуларни театру саҳнасига чиқармоқдир. Биз ҳам истаймизким, ўқувчиларимиздан тугал опера ўйнай оларлиқ сонда ашулачилар етиштирайлик. Мана шул тилакларга етишмак учун юртимизда бор бир-иккигина чолғу усталарини, иккинчи турли айтганда, чолғу печатларини мактабларимизга келтириб, шулар билан Олти мақомларимизни ўргаттирайлик. Ҳам тездан шул усталардан бир қанча соз чала билгувчи чолғучиларимизни тайёрлатиб, Самарқанд, Қўқон, Андижондаги янгигина очилган Шарқ чолғу мактабларига усталар еткизиб бериб, уларни ҳам тубли бир йўлга қўяйлик. Ўқувчиларнинг барчасига Европа чолғуси асосларин ва нотасин ўргатайлик”[5].
Яна бир ўзбек миллий мусиқа мероси жонкуяри Ражабзода ҳам миллий мусиқамиз, хусусан, танбур ҳақида жонкуярлик билан ёзади: “Гўзал санъатларимиз қаторида мусиқамизнинг тарихи ҳам текширилмаган. Жон озиғи бўлган мақомларимизнинг тузилиши ҳар вақт ўзига таъсир билан бизни тортиши каби, мусиқамизнинг шундай хусусиятларин сира ўйламаймиз. Ҳолбуким, мусиқамизнинг тарихий бетлари қоронғу пучмоқларда битиб кетмоқдадир. Бу кунги 15-20 турли мусиқа қуролларимизнинг ўзига махсус анча тарихий бети бордир.
...Ўзининг мунгли товуши билан мусиқа қуролларимиз орасида айирмали бўлган “танбур” куйларимизнинг таъсирини англатишда биринчи ўрин тутодир. Тарих бетига кўз солсак, танбурни чолғуларимиз орасида энг эски ва энг тугал, тўкис эканини кўрамиз. Мусиқа билан таниш кишиларга белгиликим, танбур бутун чолғуларимизнинг негизи ва қулоғувзи (етакчиси)дир. Бундан ўзга, тарихимизда бармоқ билан санайтурган буюк мусиқийчиларимизнинг кўписи Шарқ мақомларининг негизи саналган Бузрук, Наво, Сегоҳ... каби нафис куйларимизнинг юзда саксонин шул танбур орқали янглишсиз оладирлар. Қолган чолғулар эса куйларни олишга танбур қадар қулайлик бера олмайдир. Демак, бу қуролни “Шарқ пианоси” демак жуда ярашадир. Чинданда пиано Оврўпанинг бутун мусиқачиларига бирдан-бир қурол бўлиб, энг машҳур опералар энг олдин пиано билан тузулганлари каби Шарқнинг-да энг донгли мақомлари танбур билан олингандир. Танбур ёлғиз чолғуларимиз учун бўлмаган, балким ҳар бир мусиқий севгучига қулоғуз (далил) бўлмиш. Мусиқачиларимизнинг қандайдир қийин масалага мурожаат қилатургон ўринлари бўлган мусиқий қуроллар орасида Наво, Сегоҳ, Ироқ... каби, киши табиатига жуда кўп таъсир этадургон куйларимизни истаганимизча чолишимиз учун мос қурол яна шул танбурнинг ўзгинасидир. Зотан, танбурнинг ўзига махсус бўлган чолиш йўли (услуби тараннуми) мусиқамизнинг асосий услубига унча катта таъсир этгандирким, юқоридаги куйларимизнинг барчасига танбур мусийқи десак-да тўғридир... Энди Шарқнинг шунча нозик, юрак ёндирғувчи куйларин бизга кўрсатгувчи бир из бўлса, улда танбурдир.
Классик мусиқамизни шундай тасаввур этиб бўладир: Шарқ тарз меъморисинда ясалган муҳташам безанган катта бир уй, юқорисинда мусиқийчилар учун махсус бир ўрин, бир танбур камонча ила, икки танбур тирноқ ила бир қобуз. Булар ила бирликда уч гўзал товушлик ашулачи танбурнинг мунгли товушлари билан Ироқ, Наво каби донгли бир мақомдан бошлайдир. Буни тароналари билан уфорга етиб, сипоришига топширадир. Энди, табиий, бундаги тинглагувчилар сўз сўзламакка эмас, балким нафас олмоқни ҳам тўхтотиб туришни ўзларига лозим билиб қоладирлар.
Шарқ куйларининг мазасини шундай асбоблари тугал ўриндан англамаса, бошқа бир ердан англаб бўлмайдир. Бунда кўрсатилмиш мусиқа қуролларимиз чиқиш товушлари бир-бирига шундай қоришадирким, буни эшитгувчи ўзини кўклам чоғининг энг гўзал кўнгилли бир кунида, тоғлар устида, булоқлар ёнида, гуллар орасида, сувнинг шилдир-шилдир қилиб оқиш товушини эшитиб тургандай бўладир[6].
Шундан сўнг матбуотда бу масала кенг муҳокама этилади ва талаба Искандар Икром: “Бухорога борган ижодий гуруҳ яна бир танбур нотасини топган экан, маълум бўлишича, уни Ғиёс оқсоқолнинг бобоси Хоразмдан келтирган. Нотанинг тузилиши XVIII аср миёналарида деб тахмин этиладир... Ўшал нотанинг бир нусхаси Тошкент “Турон” кутубхонасида бор бўлса ҳам баъзи камчиликлар орқасида мутолаага қўйилмаган. Тездан тартибга қўйилиб, мутолаага берилса керак”, - дейди. Искандар Икром миллий қадрият бўлган мусиқанинг келажагидан ташвишланиб, “Ҳозиргача нотасиз чолиниб келаётқон Шарқ куйларининг баъзи бир мақом ва куйлари нотасизликдан йўқолиб, бузулиб кетаётибдир. Бундан хавотир олганлар уни Оврўпа ноталарида сақлашга интилдилар, бироқ камчиликлари кўп экан”, дейди. У, жумладан, “Куй – мақомларнинг юзага чиқишида ўшал ўлканинг ҳавоси, атрофи, аҳволи руҳияси ва қисқаси, муҳитнинг таъсири кўп бўладир. Шу сабабдан бир ўлканинг мақоми бошқа ўлканикидан жуда фарқлидир, шунинг учун овропа нотаси ва олатлари шарқ мусиқасини қамрай олмайди” деб ҳисоблайди ва “Оврўпа нотаси 15-асрда яратилиб, 4-5 асрлик тараққиёти натижасида бугунги ҳолга келган бўлса, биз ҳам шарқ нотасини яратишимиз лозим ва унинг учун мана шу танбур нотаси асос бўлади” дейди. У Хоразм танбур нотаси танбурнинг 17-18 пардасидан (бўғимларидан) олингани ва ҳозирда анчагина қийин эканлигини айтади, бироқ аввалига оврўпа нотаси чизиқларининг ҳам кўп бўлганини эслайди. Ҳукуматдан ёрдам умид қилиб, аввалига мақомнинг назарий асосларини мукаммал ўрганишга чақиради ва шундан кейин нотани қулайлаштириш лозимлигини айтади. Бироқ унгача Муҳиддин Қори таклиф этган фонографга зудлик билан кўчириб, махсус фонд ташкил этишни тавсия қилади. У ёшларни кўпроқ мусиқа мактабларига юбориб, мутахассисларни кўпайтириш керак деб ҳисоблайди[7].
Мунозарада машҳур Чўлпон ҳам иштирок этиб, “Чинакам бизнинг чолғумиз йўқолиб кетишдан сақланмоғи лозим. Куйларимизни унутилиши ва бузилишидан асралмоғи даркор. Кўпдан бери даркор бўлган, бугун кеч бўлсада тузулибдир. Яшасун, яшасун. Бизнинг кутган тилакларимизни берсун. Бизнинг вазифамиз ашулаларни тор бурчаклардан кенг майдонларга олиб чиқиш, ўстириш, парвариш қилиш, тарбия беришдир”[8], деб ёзади.
“Ер юзи” журнали саҳифаларида Шокиржон Раҳимий томонидан эълон қилинган бир мақолада эса “Ўзбек мусиқаси бой, қозоқ, қирғизлардаги оқин-ўланчилар бор. Ғози Олим Самарқанд атрофида, Тошкентнинг Қонжиғали кентида, Фарғонанинг Шаҳрихон атрофида бахшиларни ўрганган ва уларнинг мероси ҳамда мусиқачиларнинг санъатини худди тарихий бинолар ва китоблар сингари миллатнинг нодир бойлигидир деб таърифлаган эди. Улар томонидан шогирдлар тайёрланишини йўлга қўйиш, куйларини нотага олиш кераклигини айтганди”, дейилади. У, шунингдек, “Тошкентда Мулло Тўйчи, Шораҳим, Абдусоатлар, Бухорода Жалол ота, Ҳайдарқул, Мирзо Ғиёс, Домла Ҳалимлар, Самарқандда Ҳожи Абдулазиз, Хўжандда Содирхон, Фарғонада Юсуф қизиқ ва бошқаларнинг ҳар қайсиси ўзбекнинг ёниб турган чироқлари!”[9] деб таъриф берган эди.
Кейинроқ Фитрат мунозарага якун ясаб, ўз мулоҳазаларини қуйидагича баён қилади: “...Бизнинг мусиқанинг бугунги устодлари орасида унинг назарий томонларини билган кишилар йўқ. Шунинг учун бир кўп янглиш ҳаракатларга сабаб бўладирлар. ...Бир танбур билан бир дутор топилса дарҳол бир ғижжак билан бир чанг қўшадилар. Ҳолбуки, бир ғижжак товуши икки танбурнинг товушини еб қўяди. Биргина танбурни бир ғижжак билан бир чангга топшириш у бечорани бўғиб ўлдиришдан бошқа нарса эмасдир.
Бизнинг бурунғи усталар масалани бутунлай бошқача қўйганлар:
Уч танбур, бир рубоб, бир дутор, бир ғижжак, бир балабон, бир қўшнай, бир чанг, бир доира.
Икки танбур, бир қўбиз, бир дутор, бир най, бир доира.
Икки танбур, бир қўбиз, бир доира (дутор ҳам қўшилса мумкиндир).
Ҳеч бўлмаганда: бир танбур, бир дутор, бир доира.
Бурунги усталар шу ёки шунга яқин бир тартиб билан мусиқа чалгандирлар[10].
Шунингдек, Фитрат “Мусиқамизнинг катта камчиликларидан биттаси унинг тарқоқлигидир. Мусиқамизда бирлик йўқ. Бир куй Хивада бошқа, Бухорода бошқа, Фарғонада бошқа, Тошкентда бошқача чолинадир. Ҳозирги техникумларимиз ҳам шул чизиқдан чиқолмай юрадирлар. Буни йўқотиш учун мусиқа техникумларимиздан бошлаб ишга киришмоқ керак. Мусиқа техникумларига Маориф комиссарлиги тарафидан умумий проғром бериш, унга кирган куйларни нотага олиб (ҳеч бўлмаганда Хоразм нотасига олиб!) тарқатиш ва дарсларни шул нотага мувофиқ суратда давом этишларини талаб қилиш лозим”,[11] - деб ёзади.
Умуман ўтган асрнинг 20–30-йилларида совет мафкурачилари “... ўзбекнинг ўз мусиқаси йўқ, у араб ҳамда эрон таъсирида пайдо бўлган. Ундан воз кечиш ва Европа мусиқаси асосида янги ўзбек мусиқасини яратиш зарур” деган даъво билан чиққан эдилар[12]. Бу фикрларга қарши Фитрат, Ғулом Зафарий каби қатор жадид тараққийпарвар зиёлилари кескин кураш олиб бордилар. Ғ.Зарфарий бу масалада жиддий изланиш олиб бориб, ўз хулосаларини қуйидагича баён қилади:
“Мен мусиқамизнинг тарихин англамак бўлиб Тошкент, Қўқон, Марғилон, Андижон, Наманган мусиқа усталари билан бўлган мусохабам натижасида шундай кўринадирким, ҳамма мусиқа усталаримиз бир ё икки восита билан машҳур Худойберди устозга тақалади... Тошкент, Қўқон мусиқачилари Қўқон хони Худоёрхоннинг маҳрами Ашурали Маҳрам шогирдлари бўлиб, Ашурали Маҳрам бўлса Худойберди устознинг шогирди экан... Бизнинг мақомларда Урганч таъсири бор бўлганидек, Қошғар таъсири ҳам бор. Чунки, сўнгги устозлардан иккиси соф урганчлик, бири эса (Худойберди устоз) аслан қошғарлик бўлиб, Урганчда 18 йил туриб, мусиқа илмидан таҳсил олиб келган. Яқинда мусиқа институтининг муаллими, хивалик Муҳаммад Юсуф Девонзода билан сўзлашганимда, “Худойберди деган бир қашқари бундан тахминан 150 йиллар илгари Урганч келиб, уйланиб, 18 йил туриб, мусиқа илмини ўрганиб, сўнг Фарғона бориб тўхтаб қолган экан” деб эски устозлардан эшитганини сўйлади. Бундан бошқа тошкентлик эски кўп устозларни кўрган Саййид Аҳмадхон ота (78 ёшда) билан сўйлашганимда, “бизнинг мусиқамизда Урганч ва Қошғар таъсири бор, чунки кўп мусиқа устозларимизнинг устози Худойберди устоз қошғарлик, 18 йил Урганчда мусиқа илмин ўрганиб, Умархон замонида Фарғонага келиб қолган, ундан чиққан шогирдлар ҳозирги ҳамма мусиқачиларимизнинг устози” дейдир.
Мана булар кўрсатадики, Урганч ва Қошғарнинг таъсири бўлгани билан мусиқамиз руҳимизга кўра ўзлаштирилган яъни ўзбеклаштирилган. Юқоридаги даъвога кўра, ўз мусиқамиз бор бўлганин кўрсатмакка далил бўла биладир. Тошкентнинг машҳур танбурчиларидан мулло Шобарот танбурчи “бизнинг мусиқий йўлларимиз кўпроқ Урганч таъсирида бўлса-да, Қошғар таъсиридан ҳам қоча олмаган. Иккала таъсир остида бўлган мусиқамиз ўз руҳимизга кўра бир қанча қочруқ ва тузатишлар билан яхшигина силлиқланган. Бухоро, Самарқанд, Хива йўлларидан катта айирма билан айрилади.
Фарғона ва Тошкентда кўпроқ Шашмақом йўллари деб Баёт, Дугоҳ, Сегоҳ, Чоргоҳ, Насрулло Шаҳноз куйларини атайдилар. Қўқон, Андижонда буларга Бузрук, Ушшоқ, Ироқларни ҳам қўшадилар. Булардан бошқа Наво, Ажам, Муножот, Ракбмушкилот, Тажнис деган классик мусиқа йўлларин билувчилар ҳар шаҳарда топилади. Бухоро Шашмақоми булар: Бузрук, Рост, Наво, Дугоҳ, Сегоҳ, Ироқ.
Бу юқорида кўрсатганим мақом йўллари бизда чалингани билан Эрон, Озарбайжон, Бухоро йўллари билан солишдирилганда бус-бутун бошқа. Бунга сабаб, юқорида кўрсатганимдек, ўзлаштирганимиз бўлса керак. Бу мақомлардан бўлак классик деб аталган ўз руҳимиздаги ўз куйларимиз борким, уларнинг отлари: Сарбарча, Мирзадавлат, Илғор, Сувора, Мискин, Адойи, Носири, Гиря, Нолиш, Кўчабоғи, Шароб, Абдураҳмонбеги, Каримқулибеги, Мадалихон, Хуррам, Дилхирож, Курд, Эшвой, Беги, Султон, Тўлқун, Галдир туя, Бўзлов, Тараннум, Мўғулча, Қашқарча, Нисор, Қаландари, Сулум, Қарри Навоий ва бошқалар. Мана булар классик яллалар деб аталадилар.
...Мана шул ҳужжатларга таяниб туриб дея оламанки, ўзбекнинг бор бўлган мана шул мусиқасин ислоҳлар билан тузатиб, ҳозиргача борлигин тута билиб, шу чоққача келган мусиқамизни тамом ўрганиб шунинг билан баравар Оврўпанинг мусиқа назариясини ва усулларини ўрганиб, шунга татбиқ йўли билан янги ўзбек мусиқасини яратиш керак”.[13]
Дарҳақиқат, ўтган аср бошларида замоннинг қанчалик оғирлигига қарамай жадид тараққийпарварларининг ташаббуси, фидокорона меҳнатлари ва маҳаллий раҳбарларнинг жасоратлари эвазига халқимизнинг миллий мусиқий меросини ўрганиш ва асраб қолиш борасида қатор муваффақиятларга эришилди.
Биз юқоридаги МУНОЗАРА юзасидан хулоса чиқаришни ҳурматли ўқувчиларимизга қолдирган ҳолда олдимизга бугунги ҳолатимиз қандай, бугун бу мавзу қай қадар долзарб деган саволларни қўйишни истаймиз. Мақоламизнинг хулосаси ўлароқ, шу кунларда бу мавзуда алоҳида суҳбат қилишни режалаштирганмиз. Зеро, ҳар бир миллатнинг ўзлигини, кимликни асраб қолишда мусиқий маданиятнинг ўрни ўта муҳим омиллардан бири ҳисобланади.
Баҳром ИРЗАЕВ,
Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори
[1] Фитрат А. Ўзбек классик мусиқаси ва унинг тарихи. – Тошкент: Фан. 1922.
[2] Зафарий Ғ. Ўзбек музикаси тўғрисида // Аланга. 1930. №1. – Б.10.
[3] Кейинчалик Германияда таълим олиш учун йўлланган, иқтисод фанлари доктори илмий даражаси ва профессор илмий унвонини олган.
[4] Саййид Али Хўжа. Санои нафисамиз ўлди // Қизил Байроқ. 1921 йил 3 август. – Б.1.
[5] Зафарий Ғ. Чолғумизни ўлимдан қутқарайлиқ // Маориф ва ўқитувчи. 1925. №1.
[6] Ражабзода. Танбур // Маориф ва ўқитувчи. 1925. №2.
[7] Искандар Икром. Эски танбур нотаси // Ер юзи. 1926. №12. – Б.12 – 13.
[8] Чўлпон. “Базм” чолғу тўдаси // Маориф ва ўқитувчи. 1926. №6.
[9] Раҳим Ш. 30-35 йил мусиқий йўлида // Ер юзи. 1926. №10. – Б.8 – 9.
[10] Фитрат. Ўзбек мусиқаси тўғрисида // Аланга. 1928. №2.
[11] Фитрат. Ўзбек мусиқаси тўғрисида // Аланга. 1928. №2.
[12] Зафарий Ғ. Ўзбек музикаси тўғрисида // Аланга. 1930. №1.– Б.10.
[13] Ғулом Зафарий. Ўзбек мусиқаси тўғрисида // Аланга. 1930 йил январь. №1.
Адабиёт
Адабиёт
Санъат
Тил
Санъат
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ