Ҳинд йиғиси


Сақлаш
12:09 / 05.02.2025 144 0

Ҳиндистон – катта тарих, бой адабиёт, ўзига хос санъат анъаналарининг муҳташам диёри. Бу ўлка афсоналар, достонлар, халқ оғзаки ижодининг безавол хазиналари, турли динлар ва урф-одатлар баайни музейда сақланган каби бешикаст сақланган сирлар ўлкаси. 

 

Дунёда энг кўп эзилган, кўп бор босқинларга учраган, таланган, йўқотиб юборилишга маҳкум этилган, бироқ йўқолиб кетиш ўрнига жаҳоннинг энг кўп аҳолиси истиқомат қиладиган бу улкан мамлакат дунё тамаддунига жуда катта шахсларни етказиб берган.

 

Ҳиндистоннинг кўплаб таниқли кишилари қаторида ХХ асрнинг энг машҳур инсонларидан бири, буюк санъаткор, актёр, режиссёр, қўшиқчи Раж Капурнинг мустаҳкам ўрни бор. Унинг баракали ижоди ҳинд кино санъатида алоҳида бир даврни ташкил этади.

 

Машҳур актёр ҳақида сўз айтишдан аввал бу турли миллат ва динлар бир жойда қўним топган мамлакат тарихига бир қур назар солишни маъқул билдик.

 

 

1947 йилда давлат мустақиллигига эришган заҳматкаш ҳинд халқи ўтган асрлар мобайнида жуда катта йўқотишларни бошдан кечирди. Аҳамонийлар, кушонлар, Искандар юришлари, мўғул лашкарлари босқини, инглиз, француз мустамлакачиларининг бир неча асрлик таъсири... буларнинг барчаси ҳинд халқининг юрагидаги ўчмас тарихий доғлардир. Балки шу сабабли ҳам Ҳиндистонда уч минг йиллик тарихий йўлни босиб ўтган илк адабий асарлар – ведалардан то бугунги кунгача бўлган адабиёт намуналари ҳам, қадимий санъати ҳам энг аввало озодлик туйғуси билан тўйингандир. Бадиий асарларда ҳинд халқининг бой тарихи ва эркка талпинган кишиларнинг қувончу ғуссалари куйланган бўлса, санъат дурдоналарида ҳам бу улуғ мавзу биринчи ўринга чиқди.

 

Дастлаб санскрит тилида яратилган ведалардан бошланган адабиёт кейинчалик кўп миллатли бу диёрда Дандин, Хусрав Деҳлавий, Мирзо Бедил, Мир Тоқий, Мирзо Ғолиб, Тҳокур, Муҳаммад Иқбол, Хўжа Аҳмад Аббос, Яшпал каби улуғ шоир ва ёзувчилар ижодида янада равнақ топди. Робиндранат Тҳокур, Маҳатма Ганди каби буюк шахслар халқ қалбининг тилига айланган эди.

 

ХХ асрга келиб дастлаб овозсиз, сўнгра овозли ва рангли кино санъати Ҳиндистоннинг маданий ҳаётида жуда катта воқеа бўлди. Ҳиндистоннинг илк филми 1912 йилда ишланган (“Рожа Харишчандра”, режиссёр Дхундираж Говинд Пхалке) бўлса, бир асрдан ортиқ вақт мобайнида бу миллий кино саноати дунёда ҳинд киносининг ўрнини белгилаб берди.

 

Бу йўлда Раж Капур мансуб актёрлар ва режиссёрлар оиласи жуда катта рол ўйнади.

 

Ҳали Ҳиндистон ва Покистон битта мамлакат бўлган пайтда туғилган (1924 йил) Раж Капур ҳозирги Покистоннинг Пешовар вилоятида, актёрлар оиласида дунёга келди. Ҳинд миллатига мансуб Капурлар оиласининг бошлиғи, Ражнинг отаси – Притхвираж Капур ўз даврининг машҳур актёри ва режиссёри бўлган. Раж Капур дастлаб отасининг кичик театрида укалари билан бирга актёрлик, ассистентлик вазифаларини бажарди. Ражнинг Шамми ва Шаши исмли укалари ҳам кино саноатида ном қозонишгани шундан бўлса ажабмас.

 

 

Актёр 11 ёшида илк бор филмда суратга тушади. “Инқилоб” номли филмдаги иштироки сабаб у ўша пайтнинг номдор киностудияси ҳисобланмиш “Бомбей токиз”да ассистент бўлиб иш бошлайди. Бу унинг юксалишида ниҳоятда муҳим рол ўйнаган. Раж шу ерда кино саноатининг сирларини ўрганади. Ва ниҳоят 1948 йилда “Раж Капур филмс” киностудиясини ташкил қилади. Бу ижодкор ҳаётидаги энг катта қадам эди. Раж Капур бир вақтнинг ўзида ҳам актёр, ҳам режиссёр, ҳам сценарист ва ҳам продюсер сифатида серқирра ижодкорлигини намоён этди.

 

Раж Капурнинг машҳур “Дайди” филмида унинг ижросида шундай қўшиқ жаранглайди:

 

Бошмоғим – японларники,

Костюм-шимим – инглизларники,

Шляпам – Русияники,

Аммо юрагим – Ҳиндистонники!

 

Раж Капурнинг бутун ижодига сингиб кетган бу сатрлардаги мазмун ва қарашлар уни чинакам миллий санъаткорга, ҳиндларнинг севимли кишисига айлантирди.

 

Ҳиндистонни, ҳинд халқини жону жаҳони билан севган актёр ўз муҳаббатига яраша халқнинг чексиз меҳрига ҳам сазовор бўлди. Нафақат Ҳиндистонда, балки дунёнинг барча мамлакатларида Раж Капур севимли санъаткорга айланди. У интервюларидан бирида шундай деган эди: “Қурбонликларсиз бирор ютуққа эришган одамни билмайман. Нимагадир эгалик қилиш учун нималардандир воз кечиш – табиатнинг ўзгармас қонуни. Баъзан ишим деб (йўқ, баъзан эмас, кўп ҳолларда) оиламга етарлича вақт ажратолмадим. Аммо ҳеч қачон оилам, фарзандларим олдидаги бурчимни унутмаганман. Ҳамиша эркак сифатида ўз ўрнимни мустаҳкамлаш учун ҳаракат қилдим. Чунки ижод учун сиз юрагингизни беришингиз керак. Қалб ҳарорати эса оила учун ҳам ниҳоятда зарур…

 

Умрим давомида юрагимни бўлиб яшадим. Лекин ортга қарасам, ўша бўлинган юракнинг парчалари миллионлаб одамлар қалбига ёруғлик олиб кирганини ҳис этаман ва бунинг учун ўзимни жуда бахтли одам деб биламан…”.

 

 

Ҳинд халқ эпосларининг замонавий адабиёт ва санъатда жуда катта ўрни бор. “Панчатантра”, “Рамаяна”, “Маҳобҳорат”, “Хитопадеша” каби муҳташам бадиий обидалар ҳинд санъатига ҳам ўзларининг буюк ғояларини сингдирган. Раж Капур ижодида ҳам бу таъсир яққол кўринади. Лекин Болливуд кино саноатида алоҳида бир даврни яратган Раж Капурнинг катта ютуғи шуки, у кўҳна, қадимий қарашларни рад қилмаган ҳолда, янги нигоҳ билан ҳинд қалбини – унинг муҳаббатини, кўзёшини талқин қила олди. Достонлар бағрига жо бўлган адолат, юртпарварлик, муҳаббат, инсонпарварлик ғоялари Раж Капур ижодида янги шаклда, янги тилда ўз ифодасини топди. Унинг “Сангам”, “Жаноб 420” сингари асарлари бунга яққол далилдир.

 

Ҳинд онасининг тимсоли унинг киноларида янги қиёфа касб этди десак муболаға бўлмайди. Эътибор қилинса, бирорта картинада ёмон она образи йўқ. Шу жиҳатлари билан ҳам ҳинд киноси, хусусан, Раж Капур асарлари шарқона меҳр тимсолини дунёга кўз-кўз эта олди. “Дайди” филмида Раж Капур ҳам продюсер, ҳам бош рол ижрочисидир. Бутун дунё “дайди”лари ҳаётининг катта кўламдаги бу тасвири жаҳон киносеварлари қалбидан жой олган. Бунга асосий сабаблардан бири ҳам филмдаги Дайди образининг онасидир. Филмнинг дастлабки сценарийсида она ўзининг хулқи бузилиб кетган ўғлини оқ қилади. Аммо Раж Капур таҳриридан сўнг она ўғлини қарғамайди, аксинча, уни фақатгина кўзёш билан дуо қилади. Шу кичик ҳолатнинг ўзи ҳинд онаси, умуман шарқ аёли қалбининг гўзал тимсолига айланган. Бу ҳам бўлса атоқли санъаткорнинг топқирлигидан, халқ қалбини теран англашидан далолат беради. Ўшанда Раж Капур “Ҳинд онаси ўз ўғлини ватанга хиёнат қилгандагина оқ қилади” дея баҳсга якун ясаган эди.

 

 

Ҳинд киносига хос бўлган яна бир қизиқ жиҳат шуки, унда севишган йигит ва қиз ёки аёл билан эркак бир-биридан бўса олмайди. Бу одоб ҳинд киноси учун қатъий одоб қоидасидир.

 

63 йиллик умри давомида сермаҳсул ижод билан машғул бўлган санъаткор доимо ўзи иқрор бўлган ушбу сўзларга таяниб яшади: “Биласизми, эртага нима бўлади деб ўйлашдан ҳеч қачон қўрқмаганман. Ҳатто картиналарим кетма-кет омадсизликка юз тутган паллаларда ҳам шу тарзда иш кўрдим. Ҳозир эса бугун ҳақида ўйлаяпман… Одам юрагида ялт этган орзунинг залворини ҳис эта олса бас, ҳаммаси яхши бўлади”.

 

Ҳинд киночилигида шундай анъана бор: ҳар қандай ҳинд филмида камида еттита қўшиқ айтилиши зарур. Бу Болливуднинг олтин қоидаси. Йигирманчи асрда ҳинд режиссёрларидан бири кинода янгилик қилиш мақсадида янги картинасини биронта ҳам қўшиқсиз олишга эришади. Бироқ бу “янгилик” томошабинларнинг қаттиқ қаршилигига учрайди. Томошабинларнинг даъвосини ушбу битта гап билан ифодалаш мумкин: “Бу режиссёр бизни кинодаги қувончимиздан мосуво қилмоқчи! Шундоқ ҳам мураккаб ва аччиқ ҳаётда юпанчимиз бўлган қўшиқдан айирмоқда”. Натижада халқнинг талаби қондирилиб, картина экранлардан олиб ташланади.

 

Раж Капурнинг ҳам, бошқа ҳинд санъаткорларининг ҳам ижодида битта катта ўхшашлик бор. Бу ҳам бўлса, муаммолар, ташвишлар қуршовидаги қаҳрамонларнинг ҳаётга бироз истеҳзо билан қараши ва кулги, юмор билан муаммоларни енгиб ўтиши. Бу нарсани 1968 йилдан Тошкентда мунтазам ўтказиб келинган Осиё, Африка ва Лотин Америкаси мамлакатлари кинофестивалига қатнашишга келган Раж Капур атоқли ўзбек санъаткори Шукур Бурҳонов ижросида “Қиёмат қарз” спектаклини томоша қилганда айтган сўзларидан ҳам англаш мумкин. У Шукур Бурҳоновни табриклагач, шундай дейди: “Ўзбеклар биз ҳиндлардан кўра ҳаётга жиддий қарашар экан. Йиғлаш лозим бўлган жойда кулиб ўтиб кетолмас экан”. Катта санъаткорнинг бу теран кузатиши, таҳлили ҳинд халқининг ҳам, ўзбек халқининг ҳам хулқ-атворига чекилган нозик бир чизгидир.

 

 

Раж Капурнинг кулги ва кўзёш ўртасидаги ўзига хос ижодий йўли комедия ҳам, томошабинни эзиб ташлайдиган ғуссали томоша ҳам эмас, аксинча, “Таскин барибир келади” дея ҳисобловчи санъаткорнинг санъатда олтин оралиқни топа олган тутуми, ижодий тақдиридир. Дарҳақиқат, у “Болалигимдан санъат бағрида улғайдим ва бу менинг энг катта бахтим эди. Ҳеч қачон бошқа бир касб эгаси бўлиш ҳақида ўйламаганман. Отамнинг театр жамоасида кичик ролларни ижро этган кезларимдаёқ катта образлар ҳақида ўйлардим ва, энг муҳими, келажакка ишонч билан қарар эдим. Санъат – биринчи муҳаббатим, кино эса қисматимга айланди” деган эди.

 

Ушбу иқрор унинг мунтазам ижодий изланишлари сабаб пайдо бўлган. Таниқли ўзбек режиссёрларидан бири ўзаро суҳбат чоғида менга шундай деган эди: “Ҳар қандай яхши режиссёр умри давомида битта, нари борса иккита яхши картина яратолади”. Раж Капур фаолияти билан қиёсланса, бу гап жуда жўн бўлиб қолади.

 

Йигирма тўрт ёшидаёқ “Раж Капур филмс” компаниясига асос солган ушбу кино дарғасининг йилига мингдан ошиқ картина ишлаб чиқариладиган Ҳиндистондек катта кино майдонида ўз ўрнини топиши учун босиб ўтган йўли ҳам барча кино ижодкорлари учун ажойиб намунадир.

 

Кино ихлосмандлари Раж Капурни “Ҳинд киносининг отаси”, “Мовий кўзли шарқ юлдузи”, “Ҳиндларнинг Чарли Чаплини” дея эъзозлаши ҳам албатта бежиз эмас.

 

 

Раж Капур ижодкорлик ва ҳинд киночилиги хусусида шундай деганди: “Биз бор-йўғи тақлидчилармиз. Ношуд тақлидчилар. Биз Яратганга нўноқлик билан тақлид қиламиз. Агар худо қалбингга шуъла ташламаса, уни севги маъбудлари пуфлаб оловга айлантирмаса, ҳамма ҳаракатинг беҳудадир. Бизнинг Болливуд ҳеч қайси юрт киносига ўхшамайди. Ҳолливуд қанчалар яхши филмлар яратмасин, у Болливуд эмас. Чунки Болливуднинг миллий замини жуда мустаҳкам”.

 

* * *

1988 йилнинг 2 июнида астма хасталигидан вафот этишидан олдин Раж Капур шундай деган: “Битта актёрнинг атрофида юзлаб кишиларнинг заҳматли меҳнати бор. Аммо мен теграмда миллионлаб мухлисларимнинг нигоҳи, қўллаб-қувватлашини ҳис этиб турдим. Мен ҳинд халқининг кўзёшини кўзларимдан кўп тўкдим. Бошқа халқлар ҳам менинг йиғимга – ҳинд йиғисига жўр бўлди. Энди бу халқ йиғламасин!..”.

 

Шодмонқул САЛОМ

 

“Маънавий ҳаёт” журнали, 2024 йил 4-сон.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 16554
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//