Жанубий Корея байроғи ва ўзбек дўпписидаги ўхшаш шакллар – қай бири қадимийроқ?


Сақлаш
15:51 / 13.12.2021 1358 0

Айрим ўзбек йигитларининг бошида оқ, олачипор, чўмичнинг ағдарилган ковшига ўхшаш юмалоқ, тўрпардалар каби тўқилган бош кийимларни кўриш мумкин. Улар асосан арабларнинг ёки маълум-номаълум эътиқод вакилларининг бош кийимидир. Йигитларимиз уларни кийиб, айни вақтда билиб-билмай халқимиз орасида ташвиқ ҳам қилаётир. Агар бу йигитлар асл ўзбек дўпписининг моҳиятини билганда эди шоир айтган: “Қайга борсам бошда дўппим, ғоз юрарман гердайиб” мисраларини шунчаки ёзмаганига иқрор бўларди. Агар бизга юмалоқ чипор дўппичаларни юбораётганлар бош кийимида бизнинг дўппида акс этган тушунчалар бўлгандами, билмадик, ётганда ҳам уни бошдан олмай ётармиди...

 

Ўзбек дўпписидаги нақшлар қадимги Шарқ фалсафасининг олам мувозанати ҳақидаги қарашларининг энг қадимги ва мукаммал рамзларини акс эттиради. Хитой, япон ва корейс халқларининг қадимги фалсафий тушунчаларига кўра бутун олам икки қарама-қарши инь-янг ёки ўзбекча айтганда “оқ” ва “қора” кучлар ўртасидаги курашга асосланади. Бу қарама-қаршиликлар ўртасидаги доимий кураш бир-бирининг кетидан қувиб юрувчи балиқчаларга ўхшаш оқ (янг) ва қора (инь) рангли шаклларда ва бутун борлиқнинг қурилишини акс эттирувчи триграмма горизонтал уч (ёки икки) қаторли чизиқчаларда акс этган. Унинг моҳиятини кун ва тун, қуёш ва ой, осмон ва ер, иссиқ ва совуқ, тоқ ва жуфт, эр ва аёл каби тушунчалар ўртасидаги муносабатда кўришимиз мумкин.

 

chust do'ppisi Namangan - YouTube

 

“Бир-бирининг кетидан қувиб юрувчи балиқчалар” ва уч кетма-кет чизиқчаларнинг турли кўринишлари хитой, японларнинг деярли барча фалсафий рамзларида, медицина, санъат, кийимларида акс этиб, бу нарсани улар узоқ умр кўраётганликларининг, иқтисодий тараққиётларининг, бой ва бахтли яшаётганликларининг, мувозанат ва гармониянинг сабабларидан бири деб билишади. Кўпчилик сингапурликларнинг бутун ҳаёт тарзи, ҳатто бино қурилишлари ҳам шу шаклдаги тушунчаларга асосланган.

 

Бу шакл Жанубий Корея байроғида, энг қизиқ томони ўзбекнинг миллий бош кийими – дўппи нақшларида ҳам ўз аксини топган! Бироқ, минг йиллар мобайнида дўппидан дўппига кўчиб юрган бундай фалсафий нақшларнинг мазмунини уста дўппичиларнинг кўпчилиги афсуски билишмайди ва стихияли тарзда аждодлардан қолган нақшларга олам фалсафасининг рамзларини тушириб келишади. Фарқи шуки, ўзбек дўпписи тепа қисмининг тўрт томонида фақат эзгулик – “янг (оқ балиқча) тимсолининг андозаси туширилган. Бу эзгулик энергиясининг тўрт томонга тўрт баробар куч билан ёйилиб туришини билдиради.

 

Флаг Южной Кореи «Тхэгыкки 태극기» - HansangLab

 

Борлиқнинг қурилишини акс эттирувчи уч қаторли чизиқчалар эса дўппининг тўрт ёнбошида тўрт мартадан тасвирланган (пастдаги суратларни солиштириб кўринг) ва биргина дўппининг ўзида олам диалектикасининг рамзлари ўз аксини топган.

 

Энди ҳақли савол туғилади: ўзбек ва хитой, япон, корейс халқлари тушунчаларидаги оқ ва қора “балиқчалар” шакли қаердан пайдо бўлиб қолган?

 

Олам тузилиши ва тараққиётининг қарама-қаршиликлар курашига асосланган фалсафаси қадимги Турон эллари орасида азалдан мавжуд бўлиб, у зардуштийлик, буддизм даврида яна-да такомиллашган. Қарама-қарши кучлар ўртасидаги курашни акс эттирувчи нақшлар кашта, кийим ва бош кийимларга туширила бошланган. Бош кийимга эзгулик, оламнинг ёруғлик тимсоли янг (оқ балиқча) нақшланган.

 

Манбаларнинг гувоҳлик беришича, Хитойдаги дао таълимоти вакиллари “бир-бирининг кетидан қувиб юрувчи” оқ ва қора “балиқчалар” сурати ва фалсафасини эрамизнинг IIII асрларида буддавий роҳиблардан ўзлаштирган. Бироқ маълумки, буддавийлик таълимоти қадимги Хитойга айнан бизнинг ҳудуддан I асрларда ўтган. Нақшларнинг айнан бу хил кўриниши ҳам шу даврда Хитойга, у ердан эса Чин таъсирида бўлган Япония ва Кореяга етиб борган.

 

Бу суратларнинг моҳиятини билмасдан уларни қалампир каби нарсаларга ўхшатиш ярамайди, минглаб йиллик оламшумул фалсафани ўзида мужассам этган ўзбек дўпписининг ҳурматини жойига қўйиш ва ундаги асл моҳиятни тўғри англаш ниҳоятда муҳимдир. Қолаверса, дўппиларнинг мумтоз нақшларини билиб-билмасдан ўзгартиришга ниҳоятда эҳтиёт бўлиш зарур.

 

Энди тасаввур қилинг, олам ва одам моҳиятини ўзида комил даражада акс эттирувчи нақшлар туширилган дўппини бошга кийиш, уни қайси тумор ёки дуодан кам қилади?

 

Тап-тайёр руҳий қалқон, ёвуз энергиянинг кушандаси, миянинг устида эзгулик таратиб турувчи био майдоннинг ўзгинаси-ку бу ўзбек дўпписи! Фикримизча, бундай фалсафани бошда олиб юрувчи халқнинг нима учун бу қадар файзли, бағри кенг ва доно, тарихи шонли ва келажаги буюк эканининг яна бир сабаби балки шу нақшлардаги моҳият билан ҳам боғлиқдир.

 

Эркин МУСУРМОНОВ

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 13637
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//