Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, нега тилимизга хорижий тилллардан кириб келган сўзларнинг аксарияти бир-бирига ўхшаш? Нима учун баъзи сўзларнинг имлоси ва талаффузида ўхшашлик бўлса ҳам маъноларида тафовут бор? Ушбу мақоламизда ўзлашма сўзлардан айримларинининг ўзаро яқинлигини кўриб чиқамиз.
Биламизки, конституция сўзи лотинчада “ўрнатиш”, “белгилаш”, “тузиш” дегани. Бу сўзнинг асоси эса конс (ўй, фикр). Конс сўзи ўз навбатида бир неча машҳур атамаларга асос бўлган. Улар қуйидагилар:
Конституция, конспект, консалтинг, консул, консултация, концелярия, концепция, концерт, концентрация, конструкция, консерва, консерватор.
Конституция инглиз тилида ўрнатилган қонун ёки одатни билдирувчи сўз сифатида тузилган. Бу лотинча constitutes яъни, constituere сўзининг ўтган замон феъли бўлиб, “ўрнатмоқ” деган маънони билдиради, бу con- (“билан, бирга, биргаликда”) префиксининг statuere (“ўрнатмоқ ёки қўймоқ”) феълига қўшилиши натижасида юзага келган.
Конспект (лот. conspectus – кўриб чиқиш, умумий кўриниш, иншо) – бирор нарсанинг мазмуни ҳақида хулоса ёки қисқача ёзув. Ёзувларнинг бир жойда йиғилиши, тўпланиши ушбу сўз ясалишига асос бўлган.
Консалтинг (инглиз тилида consult+инг) келиб чиқиши француз тилига бориб тақалади. Французча “маслаҳатлашиш” деган мазмунни англатади. Сўз асоси consult бўлиб бу ҳозирги konsul сўзининг пайдо бўлишига олиб келган. Инглиз тилида consult+ант кўринишида эса “маслаҳатчи” атамасини ҳосил қилган. Бундан ушбу калима ўзбек тилига ўрнашган консул ва консултация сўзлари билан ўзакдош экани англашилади.
Консул (лот. consul) – Қадимги Римда республика давридаги энг юқори сайланган лавозим. Рим республикасидаги иккита бош магистратурадан бири consuleva (тўғридан тўғри лотин тилидан consul) деб аталган. Дастлаб, “Сенат билан маслаҳатлашувчи”, кейинчалик “Қадимги Римдаги магистратура” маъносини англатишда қўлланган. Бу калом ҳам ўз навбатида эса consulere (“ўйлаб кўрмоқ, маслаҳат олмоқ”) ва consultation (“маслаҳатлашмоқ, маслаҳат бермоқ”) сўзларни ясашга асос бўлган. Ҳозирда konsul сўзи “суверен давлат томонидан ўз фуқароларининг манфаатларини ҳимоя қилиш ва у ерда савдо қилиш учун чет элда яшаш учун тайинланган агент” маъносини билдиради.
Консултация лотинчадан consultativ “учрашув”, “маслаҳатлашиш”, консуллар билан тез-тез муҳокама қилиш” маъноларини билдиради. Лотин тилида consultationem (“маслаҳат бериш ҳаракати”), nominativconsultatio (“етук мулоҳаза”) каби иборалар кенг истеъмолда бўлган. Қадимги лотин халқлари сенатни йиғиш, сенаторлар мажлиси каби жумлаларни ифодалашда ўтган замон ўзагидан ясалган ҳаракат consultare (“маслаҳатлашмоқ, маслаҳат сўрамоқ” ёки мулоҳаза юритмоқ, обдон ўйлаб кўрмоқ”) сўзини ишлатишган.
Концелярия лотин тилидан келиб чиққан. Унинг келиб чиқиши ҳақида 2 хил фараз мавжуд. Биринчи тахминга кўра cancellaria, cancelli (“панжара”) бўлиб, у ҳокимият буйруқларини эълон қилувчи платформани англатади. Иккинчи талқинга кўрса эса consulere (“ўйлаб кўрмоқ”, “бирга чақирмоқ”) мазмунида ишлатилган. Бу жумланинг илдизи қадимги лотин тилига бориб етади. “Узоқроқ маслаҳатлашиш”, “тез-тез муҳокама қилиш” мазмунида conselere (con-“билан, бирга” + selere-“чақирмоқ, кенгаш”) калимаси қўлланган. Бу калом, шунингдек, прото ҳинд ва иброний тилларида “маслаҳатлашмоқ” (sal-“олмоқ, тутмоқ”) маъноларини ифодалаган. Consulere senatum деганда “сенатни йиғиш” назарда тутилган.
Концепция сўнгги лотинча “concipere” сўзидан олинган бўлиб, “қабул қилиш, тасаввур қилиш” мазмунини ифодалайди. Концепция бу – онгда ўйлаб топилган ғоя. Концепция (лотинча conceptio – мажмуа, тизим) – 1) бирор соҳага оид қарашлар, тамойиллар тизими, факт ва ҳодисаларни тушуниш, англаш ва изоҳлашнинг муайян усули, асосий нуқтаи назар; 2) адабиётда – бирор асарнинг асосий ғояси. Концепция жумласи “қўшма, йиғинди, умумийлик” мазмунида лотин тилида пайдо бўлган. Concipere “тўплаш; тасаввур қилмоқ; чизмоқ” маъноларида (con-“билан, бирга” + capere “олмоқ; қабул қилиш”) қўлланган. Протоҳинд ва қадимги Оврўпа тилларида kap (cap) “ушлаш” маъносини билдирган.
Концерт италиянчада пайдо бўлган сўз. Consert “танлов (овозлар)” дегани. Қадимги лотин тилида concertāre “рақобат қилинг, баҳслашинг” деган мазмунни англатган. Бунда ҳам асос con (“билан, бирга”) бўлиб, унга қўшилаётган certus “аниқ” ёки cernere “ажратиш, фарқлаш” маъноларини ифодалайди. Прото ҳинд ва иброний тилларида krei (crei) сўзи – “элакдан ўтказмоқ, ажратмоқ” каби мазмунларда қўлланган. Италян тилида “оммавий мусиқий ижро” маъносида, одатда, қисмларга бўлинган мусиқий чиқиш назарда тутилган. Сўзнинг илдизи яна лотинча concentare “биргаликда куйлаш” (con-“бирга” + cantare-“қўшиқ айтиш”)га бориб тақалади.
Концентрация калимасининг яна бир маъноси лотинча “бирлашиш ҳаракати”ни англатади. Википедиянинг ўзбекча вариантида ушбу атама лотинча (con-“бирга”, centrum-“марказ”) – бирор нарсанинг муайян жойда тўпланиши дея изоҳланган. Кимё фанида эритма ёки эритувчининг маълум оғирлик миқдори ёки ҳажмида эриган модда миқдори концентрация дейилади.
Конструкция (лотинча: constructs – тузилиш, қурилиш) – 1) машина, иншоот ёки ўзел ва деталларнинг тузилиш схемаси, шунингдек, машина, иншоот, ўзеллар ҳамда уларнинг деталлари. Конструкцияда керакли қисм ва элементларининг шакли ҳамда ўзаро жойлашиши, уларни бириктириш усуллари, ўзаро таъсири ва қандай материаллардан ясалиши ҳисобга олинади; 2) илмий ёки бадиий асарларнинг тузилиши (шу ўринда бу сўз композиция атамаси билан ўрин алмашган); 3) бир синтактик бирликни ташкил қилувчи сўзлар бирикмаси. “Қурилиш” сўзи лотинча construere сўзидан келиб чиққан бўлиб, унинг ўзи ҳам con-“биргаликда” ва struere-“уйилиб кетмоқ” маъносини билдиради. Инглиз тилидаги structure “қурилиш”ни англатиши ҳам сўзнинг негизи con эканидан далолат беради.
Консерва лотинчдана “хавфсизликни сақлаш, йўқотишдан ёки парчаланишдан сақлаш” дегани. Бу ном ҳам қуйидаги кўринишда ҳосил бўлган: con-“бирга” + serve-“сақлаш”. Қадимги француз тилида conserver, лотин тилида conservare “сақлаш, сақлаб қолиш, бутунликни сақлаш, қўриқлаш” маъноларида қўлланган.
Консерватор сўзи изоҳли луғатларда ёзилишича “қотиб қолган қарашлар тарафдори, тараққиёт ва ўзгаришларга қарши” маъноларини билдиради. Инглизчада бу сўз қуйидагича изоҳланади: “бировнинг ёки бирор нарсанинг манфаатлари ёки ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ваколати юкланган мансабдор шахс”. Сўз асоси лотинча conservator (“қўриқчи, сақловчи, ҳимоячи”) калимасига бориб тақалади. У ҳам консерва сингари (con-“бирга” + servere-“сақланг”) ҳосил қилинган.
Хулоса ўрнида, юқорида санаб ўтилган сўзларни умумий бирлик, биргалик мазмуни бирлаштириб турибди. Биз эса уларга конгресс, концлагер, концерн, контингент, контрабанда, контракт, контакт каби жумлаларнинг ҳам алоқадорлиги бор деган фикрдамиз. Бунга кейинги мақолаларимизда батафсил тўхталамиз.
Анвар ЭШНАЗАРОВ
Тарих
Тарих
Тарих
Жараён
Тарих
Тарих
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ