“Бекат” қадимда беклар дам оладиган жой бўлган – этимологик таҳлил


Сақлаш
16:24 / 06.01.2025 57 0

Турк ва ўзбек тилларини ўзаро солиштиришда давом этамиз. Ҳозирги ўзбек тилида кенг қўлланадиган сўзлардан бири “бекат” сўзидир. У транспорт тўхтаб ўтадиган, йўловчилар тушиб ёки чиқиб оладиган жой маъносини англатади. Бу сўз ясалишига қарар эканмиз “бек” сўзига “-ат” қўшимчасининг қўшилишидан ташкил топганига гувоҳ бўламиз. Турк тилида эса асоси “бек” бўлган “беклемек” калимаси бор. Унинг маъноси “кутмоқ” дегани. Бир қарашда, “бекат” транспорт кутиладиган жой мазмунини англатадигандек гўё. Бизнинг фикримизча эса ундай эмас.

 

Бир пайтлар турклар bekçiдеганда эшикоғасини назарда тутган. Саройдаги хизматчиларнинг бир тури (посбон, пойлоқчи, қўриқчи, қоровул) bekçi дея аталган. Эшикоғаси эса кейинчалик bekçiдан kapiçiга ўзгарган.

 

 Beklemek феълидан ясалган bekçi посбон ва пойлоқчи маъноларида келар экан, демак, сўз маъноси ҳозиргидек кутиш бўлмаган. Аксинча, кузатиб туриш, қўриқлаб туриш мазмунларини англатган. Қадимда бирор хонада яширин мажлис ўтказганлар ёхуд сирли иш бажарувчилар ўзларини хавфдан огоҳ қилиш учун ташқарида бир одамини қолдиришган. У ичкаридагилар ишни якунлагунга қадар пойлоқчилик қилиб турган. Bekçiатамаси шундан пайдо бўлган. Бунга тўлақонли амин бўлишимизга ҳозирги ўзбек тилидаги ёпиқ маъносини берувчи “бек” сўзи сабаб бўлади. Ўзбекчада кенг истеъмолда бўлган “бекитмоқ”, “бекинмачоқ” каби жумлалар ҳам бунинг исботидир.

 

Ўзбек тилидаги “бек” калимаси қадимдан юқори лавозимдаги амалдорларнинг унвони бўлиб келган. Ҳозирда эса ўғил болалар исмига қўшиладиган фаол қўшимчалардан бири ҳамдир. Биз юқорида айтиб ўтган туркчадаги кутиш ва ўзбекчадаги амалдор маъноларидан қайси бири “бекат” атамасини ҳосил қилди, деган саволга жавоб излаймиз.

 

Чиғатой улуси даврида мамлакатнинг турли нуқталарига хон фармонларини, юқори даражадаги топшириқларни етказадиган лавозим эгалари бўлган. Улар кўзлаган манзилига етиб олишлари учун сарҳади бепаён салтанатда барча шароит билан таъминланган. Жумладан, маълум масофаларда ёмлар қурилган. Ёмларда масъул амалдор тўхтаб дам олиши, от-уловини алмаштириши ёки уларни ем-хашак билан тўйинтириб яна йўлга тушиши мумкин эди. Карвонсарой ва работлардан фарқли ўлароқ ёмларда фақат беклар тўхтаб ўтган. Беклар дам оладиган жой эса “бекат” номи билан машҳур бўлган. Бундан кўринадики, “бекат” сўзининг замирида “беклар жойи” маъноси англашилади. Кейинчалик бу сўз барча тўхтаб ўтадиган манзил маъносида ишлатила бошланган.

 

Қуйидаги маълумот ҳам фикримизни қувватлайди. Агар “бекат”нинг илдизи фақат “кутиш”га бориб тақалганида, туркияликлар транспорт тўхтайдиган жойлар учун “дурак” (“туроқ”) жумласини қўллашмас эди. Зеро, “бек”нинг кутмоқ маъноси ҳозирда фақат уларда мавжуд.

 

Дарвоқе, “Ём” сўзининг ҳам асл номланиши “Жом” бўлиб, кейинчалик сўз бошидаги товуш қарлуқ лаҳжасида “й”лаштириб юборилган. Самарқанд вилоятидаги “Жомбой” тумани, “Жом” қишлоғи ҳам бир пайтлар беклар нафас ростлайдиган манзиллар бўлган.

 

Анвар ЭШНАЗАРОВ

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 13712
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//