“Йиллар армони”га айланолмаган спектакль – ижтимоий буюртмалар қачон санъат асарига айланади?


Сақлаш
22:00 / 03.12.2021 1691 0

Ўзбекистон давлат драма театрида  Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллигига бағишланган «Йиллар армони» спектакли намойиш этилмоқда. Асар драматург Учқун Ўсаров қаламига мансуб бўлиб, режиссёр Расулжон Тоғайқулов саҳналаштирган.

 

Сокин мусиқа фонида саҳнага, шоирнинг қизи Шоира Орипова таъкидлаганидек, елка қисиб туриши, бўй-басти Абдулла Ориповга келбат берадиган актёр чиқиб, ўктам овозда шеър ўқий бошлади. Аввалига кутил(ма)ган, бироз ғалати туюлган (чунки бирор тадбирга келиб қолгандек таассурот уйғонади) бу услуб бутун спектакль давомида сақлаб турилади. Яъни воқеалар ривожланар экан, ҳолатлар шоирнинг шеърлари билан тўлдириб борилди.

 

Асар шоирнинг туғилиши, болалиги, талабалик йиллари, илк шеърий тўплами чиқиши ва ундан кейинги воқеаларни қамраб олган. Режиссёрнинг ютуғи, бутун халқ кўз олдида катта шоир сифатида гавдаланадиган Абдулла Ориповни ҳар гапини қофия билан айтувчи, энасининг эрка боласи – кичкина Абдулла сифатида кўрсата олган. Эндигина илк шеърий тўпламини қўлига тутқазган онаси вафот этганида Абдуллага қўшилиб йиғлатишга эришган.

 

Асар шу ергача Абдулла Ориповнинг ҳам ҳаммамиз каби оддий инсон бўлгани ҳақидаги ҳақиқатни ёдга солади, унинг қувончига, қайғусига шерик қилади. Таъкидланганидек, сценарист бунда шоирнинг шеърларидан маҳорат билан фойдаланган. Бола Абдулла шоирнинг кейинроқ ёзган “Митти юлдуз” шеърини самимий ўқиса, урушда эри вафот этган келин дарди “Аёл” шеъри орқали очиб берилади. Актёрлар ҳам, режиссёр ва сценарист ҳам бу билан имкон қадар ўша давр руҳини етказишга ҳаракат қилган.

 

Камчиликлар ҳам етарлича. Спектаклда баёнчилик усулидан фойдаланилган бўлиб, бошидан охиригача шоир ровий ролида воқеаларни гапириб, уқтириб туради. Бу тарздаги ёндашув воқеаларни бир-бирига боғлаб кетилишига йўл қўймайди. Томошабинни саҳнадаги қаҳрамон билан бирга йиғлаб турган жойидан яна реалликка, залга қайтишга мажбур қилади. Мисол учун, онаси вафотидан сўнг йиғлаб турган шоир белбоғини, тўнини ечади-ю, яна гапириб туриб, ишга шўнғиб кетади. Уни саҳна ортига киритиб юбориб, бошқа персонажлар иштирокида навбатдаги эпизоддан фойдаланиш ва сўнг шоирнинг онасиз кунларига ўтиш томошабиндаги ҳиссиётни ўлдириб қўймасди, балки.

 

Спектаклда шоирнинг болалиги, талабалик йилларига кўп ўрин бериб юборилгандек туюлади. Натижада совет давридаги долғали йиллари, ижтимоий-сиёсий фаолияти, ўзбек шеъриятида тутган ўрни ҳақида деярли сўз айтилмайди. Воқеалар бир текис, ҳеч қандай конфликтсиз, силлиққина кечади. Фақат якунга яқин унинг шеърларини муҳаррирлар тушунмагани, аммо шоир  ўзгартиришдан воз кечгани учун бир қанча вақт эълон қилинмай ётгани кўрсатилади. Тўғри, бу ерда драма муаллифи муҳаррир орқали совет ҳукуматининг шоирга муносабатини кўрсатмоқчи бўлгандир, аммо бу ҳам якунга етмайди. Муҳаррир “лоп” этиб пайдо бўлади ва яна қумга сингган сувдек йўқолиб қолади.

 

Якун ҳам жуда тез, сиз кутмаган тарзда тез юз беради. Шоир ва рафиқаси ўртасида муҳаррирлар шеърларини босишни истамаётгани ёки ўзгартириб босаётгани ҳақида диалог бўлиб ўтади. Шундан сўнг телефон орқали суҳбатда қаҳрамон сўзида қатъий туриб, шеърни ўзгартиришларига йўл қўймайди. Бироз ўтиб эса, шоир-ровий тилидан янграган мустақиллик сабаб “Шеърларим қўшиққа айлана бошлади”, деган жўнгина маълумот билан Абдулла Ориповнинг омон-омон кунларга етганини англайсиз. Ва спектакль ниҳоясига етади...

 

Эҳтимол, муаллиф шоирнинг ёшлик йиллари, оиласи билан боғлиқ ҳолатларнигина ифодалашни истагандир. Саҳнада ўзбек шеъриятининг йирик намояндаси Абдулла Ориповни топа олмаймиз. Спектакль номи “Йиллар армони” бўлишига қарамай, фақатгина онадан айрилган шоирнинг армонини кўрамиз.

 

Ростини айтганда, театрга отланар эканмиз, Абдулла Орипов ҳақида шекспирона шиддатли, дантеёна фалсафий ҲАҚИҚИЙ ДРАМАни кутгандик. Зеро, шоир ҳаёти ва ижодида бунга материал етарлича. Бунақа ижтимоий буюртмалар Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллиги юбилейи ҳақидаги қарорга ҳозиржавоблик маҳсулигина бўлиб қолмаслиги, чин маънода санъат асарига айланиши керак, бизнингча.

Феруза ХАЙРУЛЛАЕВА,

Oyina.uz” мухбири

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 17636
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//