Санъат номли уммон уч ирмоқдан сув ичади: тасвир, сўз, мусиқа. Булардан тасвир ва сўз санъатининг энг қадимий намуналари муҳрланган ҳолда бизгача етиб келди. Хўш, мусиқанинг қисмати не кечди? Олимлар мусиқани қуйидагича даврлаштиради:
• Эрамиздан аввалги давр (Prehistoric);
• Антик давр (Қадимги Миср, Юнонистон, Рим);
• Ўрта асрлар даври (V–ХIV);
• Уйғониш даври (ХIV–ХVI);
• Баррокко даври (ХVII);
• Классик давр (ХVIII);
• Романтизм даври (ХIХ);
• Замонавий мусиқа даври (ХХ...).
Эрамиздан аввалги давр мусиқаси оғиздан оғизга ўтган ҳолда авлоддан авлодга етказилган. Бу анъана то мусиқа ноталарини ифодаловчи белгилар шакллантирилмагунча давом этган (Гап ҳозиргача биз қўллайдиган “До, Ре, Ми, Фа, Сол...” ҳақида бормоқда). Ибодатхоналарда диний қўшиқ куйларини ёдлаш учун ёш роҳиблардан кўп машаққат ва узоқ фурсат талаб этилган. Бунда ҳам оғзаки ўрганиш ижро вақтида адашишга ва хатоликни импровизаторлик билан ёпишга сабаб бўларди. Шу тариқа куйлар йилдан йилга ўзгариб борди. Мусиқий меросни аслича сақлаб қолиш эҳтиёжи ноталар алифбоси яралишига замин яратди. (Ноталар алифбосига қадар мусиқий белгилар Қадимий Мисрда пиктографик, Бобилда миххат, Юнонистонда алифбо ҳафрлари билан ифодаланган. Аммо бу белгилар товушнинг фақат баланд-пастлигини ифодалаш учун қўлланган, холос. Лекин давомийлигини ифодалай олмаган.)
Антик давр мусиқачилари бир вақтнинг ўзида ҳам композитор, ҳам ижрочи бўлишган. Ёзма мусиқий ноталар ҳали шаклланмаган бу даврда ижро вақти киритилган импровизациялар борлиги учун ҳозирги тадқиқотчилар асл куйни топишга қийналмоқдалар.
Ўрта асларга келиб мусиқий товушларни ифодалаш учун график белгилардан: чизиқчалар, нуқталар, вергуллар ва уларнинг турли бирикмаларидан фойдаланилди. Бу даврда бошқа халқлардан фарқли равишда славян қабилалари мусиқий товушларни ифодалашда тасвирли белгилардан, масалан, қайиқ, ўқ, қилич каби суратлардан фойдаланган. Бу ноталар тизимининг умумий номи “байроқ ёзуви” деб аталиб, у 80 та тасвирдан иборат эди (Шу сабабдан қадимий рус халқларининг мусиқий мероси ҳалигача ўрганилмоқда).
Биз ҳозирда фойдаланадиган ноталар алифбоси ўрта асрлар даврида шаклланган бўлиб, асосчиси Гуидо д'Ареззо (990–1050), Флоренция яқинидаги Ареззо шаҳарчаси роҳиби эди. Ўша даврларда роҳиблар шаҳар аҳли ва маъбад талабаларига диний қўшиқларни оғзаки тарзда ўргатар, бу таълим тизими 10 йил муддатни талаб этарди. Гуидо талабалари мустақил ўргана олиши учун товушларни ноталар (лот. “белги” маъносини билдиради) билан белгилай бошлади. Бунда квадратлар тўртта параллел чизиқдан иборат нота устунига жойлаштирилди. Гуидо нота устунини чизишда қизил, қора, сариқ ранглардан фойдаланган (Ҳозирда бу чизиқлар бешта ва ноталар қовунсимон доирачалар билан ифодаланади). Товушлар номини эслаб қолиш осон бўлиши учун Яҳё-Чўқинтирувчи шарафига бағишланган мадҳиядан фойдаланади. Бу мадҳия учун ўзи куй ҳам ёзди. Куйда ҳар мисра олдингисидан бир поғона баландроқ бошланарди. Ушбу мисраларнинг биринчи бўғини ноталар алифбосига асос бўлди:
Ut queant laxis
Resonare fibris
Mira gestorum
Famuli tuorum
Solve polluti
Labii reatum Sancte Ioannes!
(Лотинчадан таржимаси: “Биз, қулларинг сенинг мўъжиза яратувчи яхши амалларингни мадҳ этиши учун, о, Авлиё Яҳё, ширк босган оғзимиздан гуноҳларимизни ювиб ташла”.)
Орадан беш аср ўтиб, Гуидонинг мусиқий алифбосидаги биринчи нота “до” белгисига алмаштирилди. Фаразларга кўра, “до” белгиси “доминос” – “раббий” сўзидан олинган деб ҳисобланади. Кейинчалик италян мусиқашунослари томонидан “Си” (инглиз тили давлат тили ҳисобланувчи мамлакатларда алифбодаги “C” ҳарфининг ўқилиши билан адаштирмаслик учун мусиқий нота “Ti” деб белгиланган) нотаси қўшилди. Бу белги “Sancte Ioanes” (“Авлиё Яҳё”) номи қисқартмасидан олинган бўлиб, 1574 йил фанга киритилган.
Шу тариқа ер юзида ягона тил – мусиқа тилининг алифбоси шаклланди.
Зиёдахон ТУРДИБОЕВА
Тарих
Тарих
Тарих
Жараён
Тил
Тарих
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ