Шартнома пулини тўлаган, бемор шогирдига қараган устоз – Меъёрларга “сиғмайдиган” шахс ҳақида


Сақлаш
11:24 / 29.11.2024 130 0

Икки мингинчи йилнинг кузи... Ўша кезлар биринчи ўзбек профессионал театр режиссёри Маннон Уйғур номи берилган Тошкент давлат Санъат институтининг Юнус Ражабий кўчасидаги 77-уйда жойлашган биносида ўзгача ҳаёт қайнар, бегона кимса шаҳри азимнинг суронларидан айри, ўзига хос ижодий муҳит ҳукмрон бу масканга келиб қолса ҳайратда қолиши табиий эди. Камина, мактабни битириб келган ўспирин ҳам, босқичма-босқич имтиҳон топширар эканман, манзилда адашдим-ов, деган иштибоҳга борганим рост. Театрга бўлган муҳаббат жуфтакни ростлаб қолишимга йўл қўймаган.

 

Ўша йили режиссёрлик гуруҳидан имтиҳонни Ўзбекистон халқ артисти, профессор Анатолий Қобулов олган эди. Суҳбат чоғи у киши менга кутилмаган савол берди: “Ўғлим, жуда ёш экансиз, тўрт-беш йилда битирсангиз... йигирма яшар режиссёрни қаерда кўргансиз? Масалан, мен бунақасини билмайман...” “Мана, биз бўламиз-да!” дея катта кетиб, гапни чўрт кесдик. Очиғи, санъат институти биринчи курс талабаларига теккан касал бу. Битирар чоғи эса ҳеч ким эмаслигини англаб, кибр-ҳаводан асар ҳам қолмайди, ичдаги пуфак ёрилади ва ҳақиқий меҳнатга, усталар таъбири билан айтганда, “чанг ютиш”га сафарбар бўлади. Айниқса, каминанинг курсдошлари орасида истеъдод соҳиблари талайгина эди: бири вилоят театрида спектакль қўйган, бири МХТда тажриба орттирган, бири олти йил имтиҳон топшириб, еттинчи йилигина омади чопган, бошқа бири ҳуқуқшуносликка ҳавас қўйган-у, машҳур режиссёрнинг сулоласи меросхўрсиз қолиши хавфи туғилгач, бизнинг сафимизга кирган, яна бошқаси “ойдан тушган”. Хуллас, ораларида мактабдан тўппа-тўғри институтга келгани – фақат мен.

 

Ўқишни бошлаганимизга уч ойдан ошдики, гуруҳимизнинг бадиий раҳбари йўқ эди. Қобулов домланинг актёрлик ва режиссёрлик курслари бўлгани учун бизга вақт ажрата олмас экан. Маҳорат дарсларига домлалар галма-галдан кириб турди. Ўша кезлар сезмаган бўлсак-да, қандайин санъат дарғалари билан учрашганимизни энди-энди биляпмиз. Уларнинг кўпи бугун орамизда йўқ. Улуғ кинорежиссёр, собиқ Иттифоқ халқ артисти, профессор Шуҳрат Аббосовнинг сабоқларини тингладик. Бироқ менга малол келадигани – уч соатдан ортиқ чўзиладиган дарслар нуқул рус тилида ўтиларди. Гуруҳдош валламатларнинг бари русча тушунади ёки ўзини тушунган кўрсатади. Устоз дастлабки дарсдаёқ огоҳлантирган эди: “Режиссура – профессия русскоязычная!”. Илож қанча, русча бўлса русча-да... Устознинг майин овози мени аллалайди. “Разбудите пацана!” деган хитобдан уйғонаман. “Онасининг эркаси, бир кепқопсиз-да!..” дея домла қўқонча оҳангда кесатади.