“Миниатюра” – французча “miniature”, лотинча “miniut” сўзларидан олинган бўлиб, “қизил бўёқ” маъносини англатади. Истилоҳий маънода эса бадиий усуллари ўта нафис бўлган кичик ҳажмли, мўъжаз тасвирий санъат асарларини билдиради. Бунда, асосан, ўрта аср қўлёзмаларини зийнатлаш учун яратилган нафис мўъжаз расмлар, баъзи ҳолларда суяк, пергамент, тошқоғоз, чинни, ашёвий буюмлар, яъни тамакидон, соат, узук ва бошқаларга ишланган кичик ҳажмдаги рангтасвир намуналари тушунилади.
Миниатюра санъатининг асоси нақшдан бошланган. Шунинг учун Эронда бу санъат “нақши нигор” деб аталади. Унга шеърият, мусиқа, рақс ва театр санъати кучли таъсир кўрсатган.
Бу мўъжаз санъат намуналаридаги композицион қурилиш масаласи ҳам ҳалигача кўпчилик мутахассисларни қизиқтириб келади. Ф.Ковалев таърифича, “Композиция тасвирий санъат асарининг шаклан қурилиши бўлиб, у муаллиф тасаввурини очиб беришга қаратилади. Композиция – бадиий асарнинг идрок этилишини белгилаб берувчи, мазмуни, характери ва мақсадига асосланувчи тузилмасидир” (Ковалев Ф. Золотое сечение в живописи. Киев, 1989. Стр. 40). Олим композициянинг яхлитлик, нисбат, симметрия ва ритм каби тўрт қоидасини таҳлил этади. Унингча, композиция табиатан мавжуд ва агар рассом композиция қоидаларига бўйсунмаса, унинг асари мукаммаллик касб этмайди.
Сўфийлар қарашларига кўра, “Ҳақиқий дунёда мавжуд бўлган уйғунлик, симметрия, тартиб, нисбат, ёруғлик ва ранг кабилар Оллоҳ камолоти инъикосидан бошқа нарса эмас” (Курбанмамадов А. Эстетическая доктрина суфизма (опыт критического анализа). Душанбе, 1987. Стр. 13). М.Назарлининг фикрича, сўфийликда рассом ижоди илоҳий жараён сифатида тавсифланади. Тадқиқотчи Шарқ миниатюрасидаги композицияни тасаввуф ғоялари билан уйғун ҳолда очиб беришга ҳаракат қилади. Хусусан, миниатюра композицияси бир қанча марказларнинг мавжудлиги билан характерланиши, ундаги ҳар бир марказ ўзига хос тугал мазмунга эга бўлган композициянинг ибтидосини ифодалашини ёзади (қаранг: Назарли М. Два мира восточной миниатюры. Москва, 2006. Стр. 194).
Мовароуннаҳрда миниатюра санъати XVI–XVII асрларга келиб ўзига хос тарзда ривожланган. Бу даврда Эрон ва Ҳиндистон билан сиёсий ва иқтисодий алоқаларнинг кучайиши миниатюра санъатига ҳам ўз таъсирини кўрсатган. Шарқ миниатюра санъати орқали миллий либослар тарихини ўрганган санъатшунос З.Раҳимова ҳам миниатюрада композиция қоидаларининг Ҳиндистон ва Эрон санъати таъсирида ривожланганини таъкидлайди (қаранг: Раҳимова З. К истории костюмам народов Узбекистана. Костюм Бухары и Самарканда XVI–XVII веков. Ташкент, “Санъат”, 2005. Стр. 15).
ХХ аср охири – XXI аср бошларида ўзбек рассомлари ўзига хос мактаб яратди. Ш. Шоёқубовнинг ёзишича, “Ўзбек миниатюрачи рассомларининг асарлари услубий бирликнинг ривожланган, шахсий, индивидуал асосда шаклланишига мисол бўлиб, уларнинг асарларига хос эмоционал бойлик ва яхлитлик шу билан изоҳланади” (Шоёқубов Ш. Замонавий Ўзбекистон миниатюраси. Тошкент, “Ўзбекистон”, 2006. 11-бет).
Р.Фатҳуллаевнинг қайд этишича, Шарқ миниатюрасида чизиқ асосий тасвирий воситалардан бири ҳисобланади. У образни яратиш, ҳаракатларни ифодалашда асосий эстетик элемент сифатида намоён бўлади (Фатхуллаев Р. Рукописная книга и искусство миниатюры Востока. Ташкент, 2021. Стр. 11).
Махсус луғатда композицияга қуйидагича таъриф берилган: “Композиция – бадиий асарнинг тузилиши, асарда тасвирланаётган нарсаларнинг образлари ва бадиий воситаларнинг муайян мақсадга хизмат қиладиган тартибда жойлашуви ва уларнинг мувофиқлиги” (Иброҳимов А., Сулаймонов А. Китобат санъатига оид атамаларнинг изоҳли-иллюстратив луғати. Тошкент, “Академнашр”, 2018. 58-бет).
П.Шобаротов композицияни миниатюрадаги тасвирий унсурларни мутаносиб равишда маълум бир қоидаларга бўйсунган ҳолда жойлаштириш дея таърифлайди: “Мусаввир ўзи чизмоқчи бўлган лойиҳани юзага тўғри жойлаштира олиши лозим. Композицияда барча унсурларни тўғри жойлаштиролмаслик натижасида асоси бўш санъат асарлари вужудга келади. Асар мавзусидаги унсурлар тўғри жойлашса, композиция шунча мукаммал бўлади” (Шобаратов П. Миниатюра. Тошкент, 2011. 5-бет).
Тадқиқотчи А.Раҳматуллаева сюжет ва образларни бадиий ва илмий асарларга ишланган миниатюралар мисолида ўрганган. Б.Ҳожиметов эса ХХ аср 30-йилларидан мустақилликкача бўлган даврдаги ўзбек миниатюра санъатини тадқиқ этиб, унинг ривожланиш йўналишларини кўрсатган.
Юқорида келтирилган фикрлардан миниатюрада композиция ниҳоятда муҳим ўрин тутиши, ушбу ҳассос санъатнинг руҳи маъно бўлса, унинг тани композиция экани ойдинлашади.
Эркин ЖАББОРОВ,
Қарши давлат университети доценти
“Тафаккур” журнали, 2024 йил 3-сон.
“Мўъжиз расмда мўъжаз маъно” мақоласи
Тарих
Тарих
Тарих
Жараён
Тил
Тарих
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ