Озодлик қадрини "тушунтириб" берувчи ўзбек филмлари


Сақлаш
21:30 / 01.09.2024 106 0

Ўзбек кинематографиясида озодлик, мустақиллик ҳақида ҳикоя қилувчи филмлар кам. Аммо не бахтки, суратга олинган саноқли кинолар ҳам Ватан ҳақида шу қадар кўп нарса айта олади...  Oyina.uz  Ватан мустақиллиги осон қўлга киритилмаганини, минглаб ота-боболаримизнинг орзуси бўлган, деган гаплар шунчаки баландпарвоз сўзлар эмаслигини "тушунтира олган" ўзбек филмлари рўйхатини тақдим қилади. 

 

1. "Отамдан қолган далалар" филми. Тоғай Мурод асари асосида суратга олинган ушбу филм ҳар бир ўзбек кўриши керак бўлган картиналар қаторининг бошида туради дейиш мумкин. Ўтмишни унутаёзган миллатнинг келажаги савол остида қолади. Қолаверса, "Мозийга қайтиб иш кўрмоқ хайрлидир". Картина қайсидир номаълум сабабларга кўра бир қанча вақт "қора рўйхатига" киритилган, намойиши тўхтатилган эди. Аммо яқин йиллардан буён ушбу филмни очиқ ижтимоий тармоқларда кўришингиз мумкин.

 

2. "Ватан". Зулфиқор Мусоқовнинг ушбу филмини режиссёр ижодидаги энг баланд ноталардан бири дейиш мумкин. Гарчи телевидение орқали такрор-такрор қўйилса-да, жонга тегмайдиган, катта оғриқлар ҳақида кино тилида маҳорат билан ҳикоя қилувчи картина, шаксиз, юрт ҳақидаги филмларнинг энг яхшиларидан саналади.

 

3. "Қўрғошин". Зулфиқор Мусоқовнинг яна бир катта филми. 

Филмда Сталиннинг ўлими арафасида Ўзбекистондаги аҳвол ҳақида сўз боради. Картина Сталин замонида қатағон қилинган адиб ва олимларга бағишланган.

 

4. "Ўтов". Истеъдодли режиссёр Аюб Шаҳобиддинов томонидан суратга олинган филмни кўраркан, томошабин озодлик, эрк туйғусининг баландлигини ҳеч бир зўриқишларсиз ҳис қилади. Топилмаларга бой сенарий, актёрлар маҳорати ва нимкосали диалогларни унча-мунча ўзбек филмидан тополмайсиз.

 

5. "18-квадрат". Ўзбекистон мустақилликка эришгандан кейин унинг ҳудудларига, эркига даҳл қилгувчи кучлар топилади. Айниқса, 2000-йиллар бошида турли уюшган жиноий гуруҳлар томонидан мамлакат мустақиллигига таҳдидлар, ҳаракатлар амалга оширилган. Жаҳонгир Қосимовнинг филмида Ватан озодлиги, тинчлиги шунчаки асраб қолинмаслиги, бунинг ортида ўнлаб, юзлаб инсонларнинг фидокорлиги туриши ҳақида ҳаққоний ҳикоя қилинади.

 

6. "Абдулла Қодирий" ҳужжатли филми. Сўнгги йилларда Ўзбек кинематография агентлиги томонидан жадидлар ҳақида ўнлаб филмлар суратга олинди. Бу қувонарли ҳол, албатта. Аммо уларнинг бариси ҳам ишончни оқлади, кутилган натижани беролди ё келажакда беролади, деб бўлмайди, афсуски. Бироқ, режиссёр Умид Ҳамдамовнинг "Абдулла Қодирий" видео филми айтадиган гапи борлиги билан улар ичида ажралиб туради.

Фақатгина ҳиссиётга ё динамикага суяниб қолмаган, Қодирийни бутун бўйи билан очиб беролган филм томошабинга ёзувчини ҳис қилиш, тушуниш имконини беради. Ва бу орқали жадидларнинг юрт мустақиллиги, озодлиги йўлидаги қурбонликларини ич-ичдан ҳис қилдира олади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

15:10 / 21.10.2024 0 31
Кичик хонимнинг катта “уруши”

Тил

11:10 / 21.10.2024 0 57
Эшиклар очиқ, лекин...





Кўп ўқилган

Барчаси

//