Ҳаёт томошаларининг нўноқ ўйинчиси


Сақлаш
21:35 / 29.08.2024 208 0

– Ҳожиакбар Нурматов – актёрларнинг аристократи.

– Ҳожиакбар Нурматов – актёрларнинг шоири.

– Ҳожиакбар Нурматов – ҳаёт саҳнасининг нўноқ ўйинчиси...

– Ҳожиакбар Нурматов кўксига қамалган эҳтиросларини ЯШАЙ олмай кетган ИНСОН.

Туйғулари чўнг, фикри ҳассос одам.

У – ўзбек санъатининг Ҳамлети, ёлғизларнинг ёлғизи эди!

 

Неча кундирки Ҳожиакбар ака билан боғлиқ уч-тўрт воқеа мени тинимсиз таъқиб этяпти. Билмайман, нега? Хотираларга кўчган воқеалар орасидан унинг изтиробга тўла кўзлари, нурли қиёфаси хаёл тўлқинларида тез-тез қалқиб чиқяпти... Агар ёзганларимда жиндай пафос сезсангиз мени кечиринг, жиндай шафқат қилинг.

 

***

Ўтган аср саксонинчи йилларининг ўрталари. Ҳамза театрида бош режиссёр Баҳодир Йўлдошев кетгани туфайли талатўплар авжида, гуруҳбозлик кучайган. Раъно Абдуллаева ҳокимиятидан бебош актриса Дилором Каримовани партиядан ўчириш учун буйруқ келади. Партия мажлиси чақирилиб, бир неча банддан иборат айблар қўйилади. Котиб ҳукмига розилар бирин-кетин жўр бўлиб қўл кўтарадилар, “қаршилар борми” деган саволга фақат битта одам “Мен қаршиман!” деб баланд овозда бу оммавий томошага эътирозини билдиради. У – Ҳожиакбар ака эди!

 

Бу воқеани эслаяпман-у, қайсидир ижодкорнинг сазойи этилганида ёки қаерлардадир кимдир ноҳақ тошбўрон этилаётганида кўзимизни лўқ қилганча томошабин ролини қай даражада адо этдик, деб ўз-ўзимга савол бераман...

 

***

Ўтган асрнинг саксонинчи йиллар адоғи. Ҳожиакбар Нурматовнинг ҳужжатлари “Хизмат кўрсатган артист” унвони учун МКга юборилиши керак. Ўшанда актёр “мен Риммадан олдин унвон ололмайман” деб айтган экан. Шу воқеани актёрнинг ўзларига эслатганимда у киши Чунки Римма опам театрга мендан олдин келиб анча-мунча ролларни ўйнаган эдилар, дубляжда ҳам мендан кўпроқ иш қилишга улгургандилар, фақат “айб”лари бош режиссёрнинг хотини эдилар, шунинг учун папкалари қолиб кетар эди. Чиндан ҳам ўшанда Римма Аҳмедова мендан кўра ҳақли эди”, деб жавоб берган эди...

 

Йигирма йил олдин бу гапларни табиий қабул қилганман, худди шундай бўлиши керакдек тушунганман. Лекин бугун ҳайрон ақлим билан ўйлайман, ҳайратланаман... Чунки нафслар ичида енгишнинг энг мушкули шуҳратга, эътиборга, эътирофга бўлган ташналик экан. Таомга, ҳирсга ойлаб рўза тутган кимса оний шуҳрат шавқига мағлуб бўлиши ҳеч гап эмас. Не-не халқ шоирларини, ёзувчиларни кўрдим – ўзгага ярашиб турган ўзга либосни ўзлариники қилиб олдилар. Меҳнати сингмаган нарсани меники деб даъво қилдилар... Ҳа, номни ўйладилар-у, шаънни ўйламадилар. Шарафсизликни шараф деб билдилар.

 

****

Ҳожиакбар ака айтиб қолдилар: “Мен тантанали юбилей ўтказишдан қўрқаман. Тассаввур қилинг-а, саҳнада терлаб-пишиб ўтирибман. Нотиқлардан бири “Ҳожиакбар мард одам, виждонли одам, ҳалол инсон” деб алқаяпти. Лекин залда ўтирган қоракўзлар ичида менинг қаердадир тубан тушганимга, ёлғон гапирганимга гувоҳ бўлган кўзлар бор. Ўша ўткир нигоҳлардан ҳаё қиламан”.

 

Қаердадир мўминнинг нигоҳидан қўрқ, деган ўгитни ўқиб қолгандим. Бу ҳикматни басират кўзи очиқ одамдан, кўнгли кўзга айланган одамдан уял, деб тушунганман. Демак, ким ҳақдадир ёзаётганингда ё гапираётганингда таърифу тавсифлардан имкон қадар тийил. Сенинг “қаҳрамонинг”ни сендан-да яхшироқ танийдиган КИМдир бор... Ўшандагина сўзинг ҳам, ўзинг ҳам бурдингни йўқотмайсан.

 

***

Ҳожиакбар Нурматовнинг суҳбатини ўқиган журналист Камол ака шундай деган эди: “Чинданам бу актёр бошқача экан-эй. Бошқаларга ўхшамайди. Қайсидир йил мустақиллик байрами арафасида Ҳожиакбар Нурматовдан дил сўзларини ёзиб олиб, байрам сонимизнинг биринчи бетида чиройли расми билан қутлов беришимиз керак эди, “Узр, укам, мен нимани ўйласам шуни гапираман, ўзингизни ҳам, мени ҳам қийнаманг” деб рад этган”.

 

У юрт мустақиллигига бепарво эдими? Йўқ. У бу қутловлар фақат битта ўқувчи учун эканини билар эди. Ундаги бунёдкорлик ҳақидаги битиклар фақат битта шахсга маъқул келиш учун ёзилишини биларди. У сўзларидан таъма ва хушомаднинг ҳиди уфуриб туришини ўзига эп кўрмасди, холос. Ҳожиакбар Нурматов саҳна ва экранда қанчалик “гибкий” бўлса, яъни ҳар қандай қиёфага қанчалик осон кира олса, ҳаёт томошаларида ўшанчалик нўноқ, лекин аристократ ўйинчи эди...

 

Иқбол ҚЎШШАЕВА

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

12:12 / 03.12.2024 0 21
Буюкларнинг “майдалик”лари





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10767
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//