“Матрица”га илҳом берган,  дунёни сеҳрлаб олаётган жанр – анимелар ҳақида нималарни билмаймиз?


Сақлаш
21:54 / 16.08.2024 104 0

2000 йиллар бошида дунё кино прокатида “Матрица”нинг ҳиссаси катта бўлди. Ака-ука Вачовскиларнинг филми зумда оммалашди ва рейтингларни бирма-бир эгаллади. У кино оламида нафақат компьютер графикасини, балки дунё фалсафаси ҳақидаги тасаввурни ҳам ўзгартирган ижод маҳсули сифатида кўрилади. Аммо Вачовскилар интервьюлардан бирида япон анимеларини тилга олиб, кинонинг ғоясида “Қурол-аслаҳали шарпа”дан илҳомланганларини айтишди. Бу эса ўз навбатида япон маданиятига ва айнан аниме жанрига қизиқишни ошириб юборди. Бугунги мақолада ушбу жанр – анименинг қандай пайдо бўлгани, қандай фалсафаларни ўз ичига олиши ва жанрнинг бош томошабинлари ҳақида таҳлил қиламиз.

 

Anime тарихи XX аср бошларига бориб тақалади, ўшанда япон киноижодкорлари Европалик ҳамкасбларининг мультипликацион технологияларидан фойдалана бошладилар ва 1907 йилда уч сониялик илк намуна пайдо бўлади. Бирор ном билан аталмаган ушбу мультипликация намунаси матрос либосидаги болакайнинг тахтага “ҳаракатланувчи суратлар” деб ёзиши ва бош кийимини ечишидан иборат.

 

1917 йилда оммага 2 дақиқалик комедия: «Намакура Гатана» тақдим этилади. Ушбу анимацион фильмда япон самурайи ўзининг янги қиличини амалда қўллаб кўрмоқчи бўлади, аммо кўр машшоққа мағлуб бўлади. Фильм кўп йиллар муқаддам йўқотилган ҳисобланарди, бироқ 2008 йили Осака антикварлар дўкончасидан унинг нусхаси топилди ва қайта намойиш қилинди.

 

 

Жанрнинг ўз шакл-шамойилига эга бўлиши ва катта тезлик билан ривожлана бошлаш даври 1963 йилга тўғри келади. Айнан шу йили япон телеканалларида “Қудратли Atom” (Tetsuwan Atom) сериали эфирга узатила бошланди. Бу катта кучга эга бўлган робот-болакайнинг қаҳрамонликлари ҳақида ҳикоя қилинадиган мультфильм эди, кейинчалик у Европа телеэкранларига “Астробой” сифатида талқин қилинди. Сериал муаллифи Осама Тедзукани бекорга “анименинг отаси” дейишмайди. У жанрнинг асосий белгиларини киритди, жанргагина хос бўлган услублар яратди, 500 га яқин манга (япон комикслари, “комикку” деб ҳам аталади) чизди. Осама кейинчалик Mushi Productions студиясига асос солди, «Астробой» сериалидан кейин эса, юқорида таъкидланганидек, anime жанрида портлаш юз берди.

 

Ўша даврда яратилган аниме сериалларнинг характерли жиҳати – уларнинг қаҳрамонлари худди атомга ўхшаб қудратли кучга эга болалар экани эди. Улар ўз қудрати билан дунёдаги яхшилик мувозанатини тутиб туришга, одамларга ёрдам беришга ҳаракат қилишади. Бу ўз-ўзидан эмас – буюк немис файласуфи Нитшенинг супер одам (яъни комил инсон) ғоясига кўра одамда камолотининг уч даври мавжуд: туя, шер ва БОЛА. Нитше ҳам, япон анимелари ҳам болалар нафақат ўзларини, балки дунёни ҳам яхши томонда тутиб туришига ишонган.

 

Аниме-сериалларнинг оммалашишига янги студияларнинг пайдо бўлиши катта ҳисса қўшди. Масалан, 1965 йили Toei Animation студияси Ҳанс Кристиан Андерсен ва Жонатан Свифт асарлари асосида «Гулливернинг космик саргузаштлари» тўлиқ метражли фильмини ишлаб чиқарди. 1966 йили эса сеҳргар қизалоқлар ҳақидаги сериал – “Салли исмли ялмоғиз” дунё юзини кўрди. Ушбу сериал қизалоқларга аталган биринчи аниме сифатида тарихда қолди, ундан сўнг анимеда алоҳида – қизалоқлар ва ўсмир қизларга аталган сёдзё жанри пайдо бўлди. Сёдзёларнинг айрича жиҳати уларда нотабиий куч ва хусусиятларга эга бўлган бош қаҳрамон қиз бола бўлиши ҳисобланади.

 

 

1980 йиллар аниме учун олтин йиллар деб аталади, бу даврга келиб у алоҳида субмаданият сифатида шаклланган, нафақат ўз ватанида, балки чет мамлакатларда ҳам шуҳрат қозона бошлаганди.

 

1984 йили Хаяо Миядзаки “Шамоллар водийси маликаси Навсикая” фильмини намойиш этади. Бу асар япон стимпанки (илмий-фантастика жанр бўлиб, буғ технологияларини бошидан-охиригача ўзлаштирган цивилизациялар яратилади) нинг ёрқин намунасига айланди. Унда узоқ келажак, тўғрироғи атом урушидан тирик қолган, экологик фожеалар ичидаги сайёра тасвирланади. Ер сатҳи ҳавога заҳарли спора чиқарадиган ўсимликлардан иборат ўрмонлар билан қопланган, тирик қолган одамлар эса ўрмонлардан узоқроқда, водийларда жамоа бўлиб яшайдилар. Шундай масканлардан бири – Шамоллар водийси бўлиб, уни ёш ва жасур малика Навсикая бошқаради. У дунёни батамом йўқ қилиш учун янги қурол яратиш билан шуғулланаётган душманларга қарши курашади. Фильмни яратиш жараёнида “Гибли” студияси ҳосил бўлди, унинг бошқа тўлиқ метражли фильмлари: “Осмон қўрғони Лапута”, “Менинг қўшним Тоторо”, “Жодугарлар етказув хизмати”, “Порко Россо” ўзига хослиги билан ажралиб туради.

 

Охирги йилларда аниме жанрининг мавзу жиҳатидан жуда кўп ишларга қўл урганини кўриш мумкин. Бу фильмлар фақатгина дунёнинг нафақат оқ ва қорадан иборатлиги тасвирланмайди, балки тамоман бошқача фалсафалар билан суғорилганини ҳам таъкидлаш лозим. Бундан ташқари анимелар фақат болалар ва ўсмирлар учун эмас, катта ёшдаги томошабинларга ҳам мўлжалланган бўлади.

 

Аниме қаҳрамонлари нега оддий инсонлардан бошқачароқ тасвирланади?

 

Анимега жанр сифатида тамал тошини қўйган “Астробой”даги характерли катта кўзлар ва ҳиссиётларнинг кўплиги бошқа фильм қаҳрамонларига ҳам кўчиб ўтган. Хўш, нега anime қаҳрамонлари бундай кўринишда тасвирланади? Чунки думалоқ юз, катта кўзлар ва анчагина кичик бурун томошабин диққатини персонажнинг ҳис-туйғуларига қаратишда қўл келди. Яна анимелар катта планларда кўп ишланишига аҳамият берган бўлишингиз мумкин, бу ҳам қаҳрамоннинг эмоционал ҳолатини тасвирлашга урғу беришнинг йўли.

 

Фақат катта планларнинг ўз етмаганида эса муаллифлар қўшимча визуал услублардан фойдаланадилар: anime қаҳрамонларининг феъл-атвори ва туйғулари унинг юзида деярли “ёзиб қўйилганини” кўрасиз. Масалан, юздаги улкан ёки майда-майда тер томчилари қаҳрамоннинг эмоционал босимдалигини, лавлагидек қизариши – қаттиқ уялишни, кўзларида юлдузчалар порлаши – ҳайрат ва қувончни билдиради. Агар қаҳрамоннинг атрофида тўлқинсимон чизиқлар пайдо бўлса, қаҳрамоннинг кимнингдир олдида ҳаяжонланаётганини англаш мумкин. Дейлик, унинг боши атрофида уч-тўртта қисқа чизиқ ҳосил бўлса, бу унинг жуда ҳайрон бўлганидан. Буларнинг бари ўзига хос anime тили бўлиб, томошабин томонидан осонгина тушунилади.

 

 

Анимелар нега бу қадар тез оммалашолди?

 

Япон анимациялари аввал-бошда кичик ёшдаги болаларга эмас, ўсмирлар ва катталарга мўлжалланган эди. Шу боис жанрнинг кўплаб тармоқлари юзага келди. Бундан ташқари, кўплаб anime сериаллари ва фильмлари мураккаб ва муҳим мавзуларни кўтаришади. Булар, дейлик, нотенглик, экология, ҳаёт йўлини танлаш, технологиялардан фойдаланиш, муҳаббат, дўстлик, қадриятлар бўлиши мумкин. Anime чини билан ўсмирлар дунёсини эгаллади, уларнинг қизиқишлари, истаклари, интилишларини тасвирлар экан, одатий болалар мультфильмлари-ю, катталарнинг жиддий, зерикарли фильмларидан ўзиб кетди ва ўз томошабинига улкан танлов берди. Бу турфалик анимедаги жанрларга ҳам, мавзуларга ҳам хос бўлиб, ҳар бир одам унда ўзини илҳомлантирадиган қаҳрамон ёки сюжет топа олади. Айнан шу боис анименинг бутун дунё бўйлаб ишқибозлари кўп ва у замонавий субкултура ҳисобланади.

 

Анимеларнинг илдизи қаерда?

 

Анименинг асосий қисмига манба бўлиб япон маданияти, мифлари ва халқ оғзаки ижоди ҳамда манга комикслари хизмат қилган. Бундан ташқари жаҳон бадиий адабиёти классикасининг айримларига ишланган аниме-адаптациялар ҳам бўлиб, уларнинг айримлари оригиналдан ташқарига чиқмаган, баъзилари эса асосий мазмунни сақлаган ҳолда ишланган.

 

Ёш томошабин учун луғат

 

Қуйида анимега оид айрим атамаларни келтириб ўтамиз. Улар ёрдамида жанрга эндигина қизиқа бошлаган томошабин anime дунёсида бемалол йўналиш олишга қийналмайди, деб ўйлаймиз:

 

Ранобе – оммавий япон адабиёти тури бўлиб, у ўзининг турфа хиллиги, диалогларга бойлиги, хаёлий сюжетларнинг мўллиги, anime ва манга услубидаги иллюстрациялари кўплиги билан ажралиб туради. Ранобе асосан ўсмирларга мўлжалланган бўлади.

 

Исекай – бош қаҳрамоннинг бошқа дунёга тушиб қолишига асосланган аниме жанри.

 

Кодомо — 12 ёшгача бўлган болаларга мўлжалланган аниме ва манга.

 

Манга — япон комикслари, айрим ҳолатларда комику деб ҳам аталади. Деярли барча мангалар оқ-қора қилиб чизилади ва чоп этилади, аммо рангли мангалар ҳам мавжуд.

 

 

Мангака – манганинг муаллифи.

 

Махо-сёдзё – бош қаҳрамони сеҳргар қизалоқ бўлган аниме.

 

Меха – одамсимон роботлар жангига асосланган жанр.

 

Отаку – аниме, манга ва япон маданиятига муҳаббати кучли одам.

 

Сенсей – анимеларда қаҳрамонлар устоз ва усталарга шундай мурожаат қиладилар. Яна манга ва анимелар муаллифларини ҳам шу сўз билан аташ ҳам урфга кирган.

 

Сёдзё – аниме ва манганинг 12–18 ёшдаги қизларга мўлжалланган жанри.

 

Сёнен – аниме ва манганинг 12–18 ёшдаги ўсмир болаларга мўлжалланган жанри.

 

Сейнен – аниме ва манганинг 18–25 ёш йигитларга мўлжалланган жанри.

 

Спокон – персонажларнинг спортдаги муваффақиятлари ҳақида ҳикоя қилувчи аниме жанри.

 

 

Алишер ФАЙЗУЛЛАЕВ

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

15:10 / 21.10.2024 0 31
Кичик хонимнинг катта “уруши”

Тил

11:10 / 21.10.2024 0 57
Эшиклар очиқ, лекин...





Кўп ўқилган

Барчаси

//