Эскирмайдиган тизим – билимлар руҳий қувватга пардами?


Сақлаш
11:11 / 22.11.2021 1213 0

 

Инсон эрки, ҳақ-ҳуқуқи, қадр-қиммати буюк мутафаккирлар диққат марказидаги энг муҳим масалалардан бўлиб келган. Атомистик назария асосчиларидан бири Демокрит инсон бахти юксак ахлоқий сифатларга эга бўлишда, меҳнат, жасорат, вафо, ақл ва дўст орттиришда деб таъкидлайди. Буюк файласуф Суқрот ҳам бутун эътиборини инсонга қаратган эди. Унинг “Ўзингни англа” деган машҳур ибораси антик даврдан то ҳозирги кунгача аҳамиятини йўқотгани йўқ.

 

Ўрта Осиё мутафаккирларининг маънавий ва моддий бойликлар ижодкори бўлмиш инсонни ўрганишдаги хизматлари ҳам таҳсинга лойиқ. Абу Наср Форобийнинг ижтимоий-фалсафий қарашлари марказида инсоний бахт-саодат ғояси тургани фикримиз тасдиғидир. Ўзгаларга яхшилик қилишни ҳаётий аъмолга айлантирган кишилардан иборат шаҳар фазилатли шаҳардир, ўшандай жамоа фазилатли жамоадир. Мутафаккир фикрича, инсон ўз-ўзидан бахтли бўла олмайди, бу унинг ҳаракатлари, меҳнати, касб-ҳунари, билимига чамбарчас боғлиқ.

 

Шарқнинг буюк мутафаккири Жалолиддин Румий эса инсонни микрокосмосга менгзайди, инсоннинг ички дунёсини кашф этиш орқали коинот сирларини очиш мумкин дейди. Инсон мисоли бир даҳлиз, шу даҳлиз орқали коинотга боқиш, унинг моҳиятини англаш мумкин. Унинг фикрича, инсон ижодкорлиги билан бошқа жонзотлардан ажралиб туради.

Мутафаккир Абу Ҳомид Ғаззолий эса ботиний илмлар ва ақли куллга катта эътибор қаратди. Ботиний илмлар инсоннинг руҳий юксалиш ва ҳайратланиш ҳолатидаги туйқус образлар, тасаввурлар оламидир. Айни шу туйқус образ ва тасаввурлар тасвирий санъат, мусиқа ва адабиёт манбаидир. Уларнинг вужудга келиш тарзи табиий фанлардаги фикр юритиш услубидан тубдан фарқ қилади. Табиий фанлар замирида мантиқий фикр, тадрижийлик ётса, санъат ва адабиёт, гуманизм фалсафасида дунёқараш ўзгача йўсинга эга. Унинг заминини ранг-баранг образлар ташкил этади. Бу образлар қуёш нури янглиғ инсон қалбидан таралади. Улар инсон руҳиятига, тасаввурига кучли таъсир эта олиши билан табиий фанлардаги тушунчалардан фарқ қилади. Шу боис, гуманизм фалсафаси антик даврдан ҳозирги кунгача санъат ва бадиий адабиётдаги гўзал образлардан самарали фойдаланган. Ушбу фалсафий-образли дунёқараш миллионлаб инсонлар қалбига бевосита кириб бориш қувватига эгадир. Масалан, Ғарбий Европадаги “Ҳаёт фалсафаси”нинг буюк вакилларидан бўлган Ф.Нитшенинг фалсафий қарашларини олайлик, унинг таълимоти инсон онгостига таъсир этувчи гўзал образлар ёрдамида ифодаланган.

 

Инсонни космик феномен сифатида улуғлаш миллий фалсафамизнинг ҳам ўзагини ташкил этади. Фан-техниканинг ривожи инсон тафаккурини юқори босқичга кўтармоқда, унга янги имкониятлар яратиб бермоқда. Инсон замонавий техника орқали осмон, ер ва сувда ҳукмронлик қилмоқда. Цивилизация берган шарт-шароит, қулайликларсиз ўз ҳаётимизни тасаввур эта олмаймиз. Лекин ҳар бир нарса-ҳодисанинг ижобий томонлари қатори салбий жиҳатлари ҳам борлигидан кўз юмиб бўлмайди. Масалан, цивилизация ривожи экологик муаммолар, ядровий уруш хавф-хатарини кучайтирди, жамиятдаги индивидуализмни янада алангалатди. Инсоннинг жамиятдан бегоналашуви рўй берди. Табиатдан фақат бойлик орттириш мақсадида фойдаланмоқдамиз. Инсон табиатдан ажралар экан, у ўз жисмоний ва руҳий қуввати манбаини йўқота бошлайди. Оқибатда заиф мавжудотга айланиб, ижодкорлик қобилиятидан маҳрум бўлиб бораётганини сезмай қолади. Бу ижодкорлик ва яратувчанлик қобилияти руҳий қувват бўлиб, ушбу қувват орқали инсон ўз онгида барча мавжудотларнинг образлари ва бадиий тимсолларини яратади. Шу образлар орқали у коинот билан бирлашади ва уйғунлик касб этади. Ижодкорлик, яратувчанлик қобилияти манбаи инсон қалбида, унинг борлиққа муҳаббатидадир. Инсоннинг руҳий муҳаббати уни коинотдаги барча нарса ва жонзотлар билан бирлаштирувчи ягона риштадир. Бу ришта инсон қалбида ранго-ранг камаллакка айланар экан, унинг нурлари коинот ёғдуси билан қўшилади. Демак, инсон ўз хаёллари ҳамда тасаввурлари орқали бутун олам билан қоимдир ва бу хаёлларнинг ўзи ҳам оламнинг нуридир. Лекин инсон қалбидаги худбинлик, нопок ўй-хаёллар уни бу олам ёғдусидан ажратиб, қалбни пардалаб қўяди. Пардаланган қалб эса ижодкорликдан маҳрумдир. У ҳаётий манбаидан ажралар экан, механик система мурватига айланади. Шунда инсон ҳаёт гултожи эмас, вайрон этувчи кучга, тўфонга эврилади. Шундай қилиб, инсон табиатида бир вақтнинг ўзида ҳам яратувчанлик, ҳам вайронкорлик мавжуд. Қай бири устун келиши эса жамиятимиздаги маънавий ва ахлоқий қадриятларга боғлиқдир.

 

Олий мавжудот бўлмиш инсонни мадҳ этиш, унинг келажаги учун қайғуриш Мағрибу Машриқ мутафаккирларини мушоҳадага чорлаб келган экан, бугун ҳам ушбу масала долзарбдир. Инсоннинг руҳий эркинлиги, халқ фаровонлиги, жамиятимиздаги барча қатламларнинг жипслиги давлатимиз сиёсатининг асосий тамойилларидан биридир. Бу тамойилларни ҳар бир ватандошимизнинг нафақат ақлига, айни чоғда, қалбига ҳам етказиш миллий фалсафамизнинг бирламчи вазифасидир.

 

Ҳозирги замон Ғарб ва Шарқ фалсафасида инсоннинг ички дунёси ва онги борасида шунга ўхшаш фикрларни учратиш мумкин. Ғарбда инсон масаласини кўпроқ иррационал фалсафий оқимлар ўрганиб келди, жумладан, Ф.Нитше, А.Бергсон, З.Фрейд, К.Юнг каби файласуф ва руҳшунослар руҳий қувватнинг инсон табиатидаги ролини алоҳида таҳлил қилди.

 

Инсондаги англанмаганлик ҳолатини тушунтириш учун Карл Юнг фанга “архетип” тушунчасини киритади. Архетип деганда у бутун инсониятга хос бўлган ботиний, англанмаган руҳий қувватни назарда тутади. Инсон онгида архетиплар асосида тимсоллар пайдо бўлади. Гарчи улар англанмаган тарзда юзага келса-да, маъносиз эмас. Ўз ҳаёти давомида инсон шу рамз ва тимсоллар таъсирида яшайди. Архетип инсонда минг йиллар давомида табиат билан муносабат ва ҳаёт учун кураш асносида шаклланган. Архаик тимсоллар инсониятнинг ғоят кўҳна руҳий қувватини ўзида мужассам этган ва сақлаб қолган. Қизиғи шундаки, Карл Юнг архитипларни нафақат инсон онгига, балки бутун табиатга хос ҳодисадир, дейди. У инсон руҳиятидаги “жамоавий” ва “индивидуал” англанмаганлик ҳолатларини ажратади. “Индивидуал англанмаганлик” инсондаги аввал-бошда англанган, кейинчалик онгдан сиқиб чиқарилган майл-истаклар ҳолатидир.

 

 “Коллектив англанмаганлик” тушунчаси эса инсоният ҳамда жамики яшаган ва яшаётган жонзотлар хотирасини англатади. У инсоннинг бутун ижтимоий фаолияти, ҳатто генларининг тартибини ҳам қамраб олади. Айнан “коллектив англанмаганлик” барча архетиплар илдизидир. Шундай қилиб, “коллектив англанмаганлик” ва “архетип” тушунчалари бутун инсониятнинг руҳий ҳолатини ифодаловчи ғоя ва тимсоллардир.

 

К.Юнг мансуб аналитик психологиянинг асосий тушунчаларидан бири “комплекс” концепцияси бўлиб, у англанмаган руҳий қувватнинг аниқ бир шаклга киришини билдиради. Буларга оилавий, сиёсий ва ожизлик комплекси киради. Комплекслар аслида руҳий шайтоний куч-қувват бўлиб, улар инсоннинг осуда ҳаётини издан чиқазиб юборади. Комплекслар назариясини ишлаб чиқиб, Карл Юнг ва унинг издошлари англанганлик ва англанмаганлик ўртасидаги муносабатларнинг руҳий фаолиятга таъсирини ўргандилар.

 

Бу масалани ҳинд файласуфи Бхагван Ражниш ҳам таҳлил қилган. Унинг фикрича, инсон доимо атрофидаги ҳаётга беэътибор яшайди. У шунчалар механик равишда ҳаракат қиладики, ҳатто ўз амаллари маъносини англаб етмайди. Бу ҳаракатлар автоматик ва механик равишда содир бўладики, инсон ўзининг инсонлигини, онгли бир махлуқ эканини унутади. Ражниш фикрича, агар инсон ақлгагина таянса, унинг онги йўқолади, ақл бу – уйқу, шовқин ва механик ҳаракатдир. Бинобарин, инсон ақлдан воз кечиб яна онгга қайтиши керак. Инсон ўз тафаккуридан барча билимларни чиқариб ташламоғи лозим. Билимлар уни ғафлатда ушлаб туради, инсон қанчалар билимли бўлса, шунчалар ғафлатдадир.

 

Ражниш бундай дейди: “Содда қишлоқ аҳли олимлар ва руҳонийлардан кўра сезгир ва зеҳнлидир (Бхагван Ражниш. Жизнь и смерть. Москва, “Нирвана”, 2004. Стр. 24). Табиат билан ҳамнафас яшовчи деҳқонлар, боғбонлар, косиблар, ҳунармандлар, санъаткорлар ва рассомлар университетлардаги тадқиқотчилардан кўра зеҳнлироқдир. Ражниш фикрича, инсон ҳаёти нафас олиш, юрак уриши, томирларда оқаётган қон билан белгиланмайди. Ҳаёт – уйғоқликдир, онглиликдир. Фақат уйғоқ одамларгина тирикдир. Ҳаёт эса ягона худо – ўзга худо йўқдир.

 

Буни қандай тушунмоқ керак? Нега инсон тўғри йўлдан тояди? Нима учун адашади? Инсон ўзини кузатиши керак. Инсонда аниқлик, равшанлик, ҳис қилиш қобилияти заиф. У зийрак, фаҳм-фаросатли эмас. У эшитолмайди, кўролмайди. Инсонда кўз, қулоқ бор, бироқ, айни чоғда, унинг ботинида заифлик ҳам бор. У ўзининг кимлигини билмаса ҳам, ўзини онгли ҳисоблайди. Инсон ўзининг онглилиги ҳақидаги эътиқодидан воз кечиши лозим. Шундагина у чинакам онглиликка элтувчи йўлни топади.

 

Гулчеҳра ҚОБУЛНИЁЗОВА,

ЎзМУ доценти

Лола ЙЎЛДОШЕВА,

ЎзДЖТУ доценти

 

“Tafakkur” журнали, 2017 йил 2-сон.

“Карвон ўзинг, сарбон ўзинг” мақоласи

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси