Исонинг хуми, пиёлага жо бўлган шаҳар, “Худо ўлди” ибораси ортидаги ҳақиқатлар


Сақлаш
16:11 / 19.11.2021 1325 0

Тақлидчилик

Рашод Нури Гунтекиннинг йигирманчи аср бошларидаги турк ижтимоий ҳаёти тасвирланган “Чолиқуши” романида бир маориф чиновнигининг оғзини тўлдириб “Оврупо, Оврупо!” дея қичқирганини эслайлик. Бу Европа маданияти таъсирига тушиш, унга кўр-кўрона тақлид қилиш, уни ягона нажот йўли деб билишнинг типик намунасидир. Орадан бир аср ўтиб, яна бир турк сериалидаги хусусий телевидение раҳбарининг оғзидан бол томиб, “Глобализм, глобализм!” дея бонг уриши-чи?!

 

Азалдан қудратли ёки ҳукмронликка интилаётган маданият заиф маданиятларни урушсиз, куч ишлатмай маҳв этади. Бу жараёнда инсондаги тақлид инстинкти қўл келади. Гарчи ақл, нутқ, нозик ҳис-туйғу ва бошқа илоҳий неъматлардан баҳраманд бўлса-да, инсон биологик мавжудот сифатида инстинктдан ҳам мосуво эмас. Муаммо шундаки, инстинктга бўйсуниш, унинг қулига айланиш бугунги давр кишисининг аъмолига айланиб бораётгандек. Тақлид маймунларда кўпроқ намоён бўлади. Айни шу жиҳатдан ақли ноқис одам тилсиз ҳайвондан фарқи йўқ ҳисоби. Сиёсатшунос олим Нарзулла Жўраев олмон файласуфи Фридрих Нитше фикрларини таҳлил қилиб, бундай ёзади: “Нитше инсон ҳақида фикр юритар экан, ожиз, нотавон одамларни маймунга ўхшатади. Чунки бундай одамларда ақл кучи, интеллектуал салоҳият юқори бўлмайди. Ўзини англамайди. Ўзини ўзи ҳимоя қилолмайди. Ўзини ўзи йўналтириб, ақлий салоҳиятини эзгу мақсад сари сафарбар этолмайди. Бундай одамлар маймунга ўхшаб тақлидчилик билан яшайди, ўзгалардан андаза олиб, ўзгаларнинг йўриғида юради. Уларда мустақил фикр бўлмайди, ирода кучи суст бўлади. Бундайлар руҳий эркинлигини бутунлай йўқотиб, оддий жонзотга айланади... Қатъий ирода ва ижодкорлик руҳи заифлашган инсон тубанлашиб боради. Атрофимизга назар солсак, иродаси бўш одамларнинг айримлари ичкиликка, гиёҳвандликка берилиб кетса, айримлари сотқинлик, мунофиқлик, тобелик кайфияти билан яшаётганини кўрамиз” (Жўраев Н. Тахайюл, тасаввур, тафаккур. Тошкент, “Янги аср авлоди”, 2015. 153-бет).

 

Буюк Британия собиқ бош вазири Маргарет Тэтчер ўзининг мотам маросимини саккиз йил давомида бутун икир-чикири билан машқ қилган экан. Ҳолливуд олами “юлдуз”лари ҳам унга тақлидан ўз мотам маросимини ўтказмоқда (ТВ-3, “Х Версии” кўрсатуви, 2015 йил 11 март). Ҳали кексалик остонасига етмаган актёр ва актрисаларни тобутга тушиш, қабрга қўйилиш каби рукнларни “ҳаётий кино”га айлантиришга нима мажбур қиляпти? Бу қайси дин ва эътиқод меъёрларига тўғри келади?

 

Бундай одатларга “ўлимга чап бериш”, “ўлимни алдаш” истаги – узоқ умр кўриш орзуси сабаб бўлаётганмиш. Хўш, бу каби “замонавий урф-одатлар” юқумли касалликдай бутун Ер юзи бўйлаб тарқалса нима бўлади? Инсон ожизу нотавон махлуққа айланмайдими? Тўғри, кўпгина илоҳий таълимотларда, жумладан, муқаддас ислом динида ҳам “ўлим” тушунчасига катта аҳамият берилади. Мўминларга ўлимни мудом эслаш, қабристонларни зиёрат қилиш, ўтганлар руҳини шод этиб, Қуръон тиловат қилиш тавсия этилади. Ушбу тавсияда улуғ бир ҳикмат мужассам: инсон ҳаётнинг ғанимат эканини қалбан чуқур ҳис этсин, ўлимдан ибрат олсин, бировларнинг қалбига озор етказмай эзгу ва савобли амаллар қилсин. Зеро, ўлим – ҳақдир. Албатта, буни юқоридаги бемаъни одатларга асло қиёслаб бўлмайди.

 

Дарвоқе, боя биз мисол ўлароқ келтирган маросимлар маънавий қашшоқлик ботқоғига ботиб бораётган европалик “замонавий одам”нинг зерикарли, маънисиз, ҳиссиз ҳаётдан қутулишга бўлган интилиши маҳсули эмасмикан?..

 

Тафаккур қуёшининг ботиши

Файласуф адиб Жан-Пол Сартр “Инсон – эркинликка маҳкум” деган эди. Бизнингча, эркинлик нисбийдир. Инсон мудом муаммолар, ташвишлар, айниқса, нафси чангалида эзилади. Бироқ эркинликка интилишни қўймайди. Маълум бир нуқтага етганда унга эришади ҳам. Мақсадимга етдим деганида яна бошқа бир муаммо, ҳадик домига тушади. Шундай қилиб, инсон эркинлик соҳилидан эрксизлик соҳилига муттасил бориб-келиб юраверади. Бу ҳақдаги фикрларни янада чуқурлаштириш, тадқиқ қилиш мумкин. Аммо ушбу қисқа мулоҳазадан ҳам кўриниб турибдики, инсон эркинликка муносиб, аммо мутлақ эркинликдан мосуводир. Унинг эркинлиги нисбийлигича қолаверади.

 

Инсонни ҳам ҳур, ҳам банди этувчи бошқа бир муҳим омил мавжуд. Бу инсон онгига ўрнашган кўзга кўринмас ҳоким – ўй-хаёллар, фикрлардир. Узлуксиз, поёнсиз фикрлар оқими уни бир лаҳза бўлсин тарк этмайди. Инсон ҳатто уйқусида – туш кўраётган чоғида ҳам ундан озод эмас. Демак, инсон – тафаккур қилишга маҳкум жонзот. Шундай экан, фақат тафаккургина инсонни биологик мавжудот ҳолатидан юксакка кўтаради. Аммо глобаллашувнинг яна бир аянчли асорати – ғоясизлик ва фикрсизлик инсониятнинг кўркам орзулар боғини бефайз ва ташландиқ бир далага айлантириб қўяётгани-да сир эмас. Енгил-елпи ҳаёт кечириш, ахлоқий қадриятларга беписандлик, айш-ишратга берилиш, меҳнатсиз мўмай бойлик топиш истаги, лоқайдлик – буларнинг бари ғоясизликдан туғиладиган иллатлардир.

 

Онгсиз, шуурсиз, маънавияти тубан кимсаларнинг манҳус образи, таассуфки, баъзи бир тоифадаги ёшларнинг “кумир”и, “идеал”ига айланиб бораётганининг ҳам гувоҳи бўляпмиз. Ғоясизлик ва тафаккурсизликнинг сабаб ва оқибатлари ғарблик файласуф олимлар – Освальд Шпенглернинг “Европа қуёшининг сўниши” ва Патрик Бьюкененнинг “Ғарбнинг ўлими” китобларида атрофлича тадқиқ этилган. Аммо инсониятни ўз комига тортаётган иллат қаршисида не-не олиму фузалолар ҳам ожиз қолмоқда. Бундан эса наинки Европа, балки бутун инсоният жабр кўраётир. Хўш, нима қилмоқ керак?

 

Фридрих Нитшенинг телба тилидан айтилган “Худо ўлди!” деган машҳур ибораси бор. Ушбу ибора замиридаги маъно бугунги инсоннинг маънавий ҳолатини айнан акс эттиради: “Кундузи чироқ ёқиб, бозормайдонда тентираганча “Худони қидиряпман! Худо қаерда?” дея қичқириб юрган телба ҳақида эшитганмисиз? Атрофида тўпланган аксари даҳрийлардан иборат оломон уни майна қиларди. “Худони йўқотиб қўйдингми?” деб сўрайди улардан бири. Бошқаси сўз қотди: “Худо ёш боладай бўлса, адашиб қолгандир-да”. “Эҳтимол беркиниб олгандир? Ёки биздан қўрқяптимикан? Сувга тушиб, чўкиб кетган бўлса-чи? Ё кўчиб кетдимикан?” дея усти-устига шарақлаб кулишарди. Шу пайт телба кўзини чақчайтириб уларга бир-бир қарайди. “Худо қани? – деб ҳайқирди у. – Биласизми, сизларга нима демоқчиман! Биз Уни ўлдирдик – сиз ва мен! Биз унинг қотилимиз! Бу ишни қандай қилдик? Денгизни қандай қуритдик? Уфқдаги бўёқларни ўчириш учун ким қўлимизга момиқ тутқазди? Заминдан Унинг зиёсини сўндириб нима қиламиз энди? У энди қайга кетди? Биз-чи, қаён кетаётирмиз? Наҳотки Офтоб зиёсидан мосувомиз? Муттасил пастга қуламаяпмизми? Ортга кетяпмизми ёхуд олға?.. Баайни чексиз Йўқлик ичра тентираб қолмадикми? Бўшлиқдан нафас олмаяпмизми? Этингиз совуқдан жунжикмаяптими? Бизни зим-зиё ва чексиз тун домига тортмаяптими? Кундузи чироқ ёқиш фурсати келмадими? Наҳот гўрковларнинг – Худони “дафн қилганлар”нинг шовқинини эшитмаяпсиз? Илоҳий бухур ифори наҳот бизгача етиб келмади? Илоҳлар чириб битди! Худо ўлди! Худо тирилмайди! Биз Уни ўлдирдик! Ўзимизни қандай юпатайлик, ахир, биз қотиллар қотилимиз! Илоҳий Зот, Соҳиби қудрат Заминда нима ҳам қилсин? Оёқларимиздан оқаётган қонни ким ҳам тозалар? Бизни поклар сув борми? Гуноҳимизни ювиш учун яна қандай илоҳий ўйинлар ўйлаб топамиз? Бу ишларнинг наҳот биз учун заррача қадри қолмади? Унга муносиб бўлиш учун илоҳларга мурожаат қилиш бурчимиз эмасми? Худонинг ишидан мукаммали асло бўлмаган, биздан сўнг ким яратади, бордию бу амалга ошса ҳам, барчаси Ўтмишнинг эмас, Худонинг измида!” Телба тин олиб, сомеларига назар ташлади; улар сукут сақлаганча ҳайрат билан қараб туришарди. Сўнг фонусни улоқтириб юборди, чил-чил бўлган фонуснинг нури аста сўнди. “Мен жуда барвақт келибман, – деди у, – ҳали фурсат етмаган экан. Даҳшатли воқеа ҳали юз бермабди, аммо оз қолди – унинг дараги ҳануз инсон қулоғига етиб бормаган. Чақмоқ чақиши, яшин уриши учун ҳам, ёруғлик ва юлдузларга ҳам вақт керак, мудҳиш фалокатга вақт керак, барчаси рўй бергач, инсон бундан хабар топади, нигоҳи тушади. Бу фалокат ҳали биздан анча йироқ, энг олис юлдуздан ҳам нарида, бироқ сиз буни албатта кўрасиз!” Айтишларича, телба ўша куни яна бир неча черковга бориб, у ердаги қавмларга хитоб қилибди. Уни қувиб солишибди, жавобгарликка тортишибди, у бўлса бир гапни тинмай такрорлармиш: “Бутни билмаганларга черков на ҳожат?!” (Нитше Ф. Стихотворения, философская проза. Художественная литература, Санкт-Петербург, 1993. Стр.376-377).

 

Нарзулла Жўраевнинг талқинича, Нитшенинг “Худо ўлди” ғояси даҳрийлик ёки эътиқодсизлик маҳсули эмас, билъакс, у бошқа фикрни айтмоқчи бўлган. “Худонинг ўлими” бу – бевосита инсоннинг ўз ўлими, аниқроғи, унинг жисмоний эмас, балки маънавий, руҳий ўлими ғоясидан келиб чиққан ўта бетакрор, айни пайтда, инсоният тафаккурида туб бурилиш ясайдиган, тўнтариш қиладиган инқилобдир... Бу ғоя инсоннинг майдалашиб бориши, маънавий майиб-мажруҳ жамиятнинг шаклланиши, оммавий насл-насабсизликнинг вужудга келиши, геноциднинг чуқурлашиб боришига йўл қўймаслик ҳар қандай даврда энг долзарб, энг буюк эҳтиёж эканини кўрсатади. Бундай даъватнинг таъсир кучини ошириш ва инсониятни зулматдан қутқариш, мудроқ қалбини уйғотиш мақсадида Нитше ўз ғояларига илоҳий тус бериб, Шарқ инсонпарвар ғояларидан нажот излайди, унга таянади” (“Тахайюл, тасаввур, тафаккур”, 168-168-бетлар).

 

Сир эмас, глобаллашувнинг моддий-иқтисодий талотўплари бугунги давр инсонининг тафаккури, руҳияти, эътиқоди ва ҳис-туйғулари оламида кескин эврилишлар ясамоқда. Инсон бундан буён ҳам “тафаккур қилишга маҳкум жонзот” бўлиб қолаверармикан ёки?..

 

Муҳожирот ғавғоси, тамаддунлар тўқнашуви...

Глобаллашув кўрсатган яна бир “каромат” тамаддунлар ўртасидаги муносабатнинг тиғизлашуви ва бунинг ортидан келиб чиқаётган турли чигалликлардир. Шундай экан, янги давр остонасида миллий ўзлик акси бўлмиш тамаддунимиз қай томон ривожланиши керак? У ривожланадими ёки инқироз хавфи ҳам борми? Мутахассисларнинг аниқлашича, дунёдаги икки мингга яқин миллат ва элат тили бутунлай йўқолиб кетиш арафасида. Маълумки, миллий тил дунёдаги кўплаб мамлакатларнинг давлат тили ҳамдир. Агар миллий тил йўқолса, “давлат тили” деган тушунча ҳам ўз-ўзидан ғойиб бўлиши тайин. 

Ҳарвард университетининг халқаро масалалар ва стратегик тадқиқотлар кафедраси профессори Самуэль Ҳантингтон 1993 йилда нашр этилган “Тамаддунлар тўқнашуви” номли китобида цивилизацияларни жуғрофий ҳудудлар бўйича таснифлайди. Пировардида олим XXI аср тамаддунлараро тўқнашув асри бўлади, деган хулосага келади.

 

Тушкун кайфиятни ифода этган ушбу “башорат” жаҳон сиёсатшунослари, файласуфлари ва маданиятшунослари ўртасида баҳс-мунозаралар уйғотди. Кимдир уни жўшиб ёқлади, яна кимдир кескин танқид қилди. Кейинги ўн йилда рўй берган воқеалар С.Ҳантингтон тадқиқ этган масала ғоят долзарб эканини тасдиқлади.

 

...2015 йил, сентябрь. Хазонрезги бошланган бир паллада гоҳ чинқираётган, гоҳ ҳайқираётган оломон уммони нажот илинжида Туркия орқали Европа мамлакатларига кириб бораётир. Хўш, ким улар? Не сабаб улар ватангадолик, дарбадарликни ихтиёр этди? Наҳотки бу оломон туғилган макони, аждодлари руҳи кезиб юрган кўшку айвони, азиз ватанидан шунчалик безган бўлса? Маълум шахслар ёки гуруҳларнинг бирор сабаб билан иссиқ уйини тарк этганини кўп эшитганмиз, аммо бутун бошли халқ ёки миллатнинг ўз мамлакатидан бош олиб кетиши – ақл бовар қилмайдиган ҳодиса. Бунинг жиддий сабаби бўлса керак.

 

Охирги юз йилда дунё харитаси кескин ўзгарди: Россия ҳудудларини кенгайтириб, Болтиқбўйи, Кавказ ва Марказий Осиё давлатларини ўзига бўйсундирди; дунё капиталистик ва социалистик қутбга бўлинди; Африка қитъасида янги давлатлар юзага келди; Покистон Ҳиндистондан ажралиб чиқди (Кашмир можароси эса ҳалигача ўз ечимини топмади); Германия бир марта бўлиниб, яна бирлашди; Корея икки мустақил давлатга айланди; СССР деган “буюк давлат” парчаланиб кетди; собиқ социалистик давлатлар номи ёки тузумини ўзгартирди; Қрим бир марта Украинага берилиб, яна қайтиб Россияга қўшиб олинди  ва ҳоказо. Бўлиниш ва бирлашишлар фақат бугуннинг ҳодисаси эмас, албатта. Бироқ наҳотки инсоният ҳалигача бир жойда мустаҳкам қўним топа олмаган бўлса? Наҳотки инсоният уруш ва низолардан, вайронкорлик ва бузғунчиликлардан, ватангадолик ва дарбадарликдан чарчамаган бўлса? Наҳот соғлом ақл ва тафаккур мудом мағлуб бўлаверса?

 

 

Тўғри, инсоният доимо бахт излаб, фаровон турмуш, тўкин-сочин ҳаёт орзусида бошқа юртларга ҳижрат қилган, бутунлай янгича муҳит ва шароитга секин-аста кўниккан! Янги ерлар, бепоён ва унумдор воҳаларни забт этиб, ўша жойларда қўним топиб, ватан тутган. Табиий офатлар ва қирғинбаротлар ҳам буюк кўчишларга сабаб бўлган. Жумладан, музликлар даврида Шимолий қутбда яшаган инсонларнинг жанубга силжиши бунга мисол бўла олади. Умуман, муҳожирот тараққиёт аравасини ҳаракатлантириб турган, сифатий ўзгаришлар ва янгиланишларга йўл очган, янги турмуш ва тафаккур тарзининг юзага келишини таъминлаган ижтимоий ҳодисадир. Масалан, милоддан аввалги I асрда Евросиёнинг кенг ҳудудларида яшаган йирик кўчманчи халқлар – скифлар ёхуд сакларнинг ғарб томонга силжиб, ҳозирги Украина ва Қора денгиз шимолий соҳилларида қўним топиши, милоддан аввалги IV–I асрларда юечжи қабиласининг Жанубий Олтой ва Шарқий Туркистондан кўчиб келиши, милодий III–V асрларда Жанубий Сибир, Жунғўрия ва Шарқий Туркистондан Ўрта Осиёнинг марказий вилоятларига хиёний, кидарий ва эфталийлар каби этник қатламларнинг кўчиши янги миллат ва элатлар, маданият ва урф-одатларни вужудга келтирган. Алҳол, уруш, зулм ва ҳақсизликлар боис халқларнинг ўз юртини ташлаб кетиши доим кузатилган.

 

Аммо маърифат асридаги қувғинларни қандай изоҳлаш мумкин? Бир тасаввур қилиб кўрайлик: охирги икки-уч йилда унчалик катта давлат бўлмаган Суриядан беш миллионга яқин киши чиқиб кетган. Ана шу қисқа давр мобайнида уруш сабабли 250 мингдан ортиқ суриялик (табиийки, уларнинг асосий қисми болалар, қариялар ва аёллардир) дунёдан кўз юмган.

 

Демократия ва инсон ҳуқуқлари, инсонпарварлик ва толерантликдан бутун башариятга “сабоқ” бериб келаётган Европа Иттифоқи миллионлаб кишиларни бағрига олишга, уларга бошпана ва нон топиб беришга тайёрми? Ўзи-да кундан-кун иқтисодий буҳронга ботаётган, эгоцентризм дардига учраган Ғарб оламининг одами бунга қодирмикан? Нажот истаб остонангизга бош уриб келган кишининг кўкрагидан итариш – осон, аммо бағрингизга олишингиз – қийин... 

 

Исонинг хуми

“Қисас ул-анбиё” китобида бундай ривоят бор: Биби Марям Исони бўёқчиликни ўргансин деб бир рангрезга шогирдликка беради. Бир куни устанинг юмушлари кўпайиб, либосларни ранглашни Исога топширади. Ҳазрати Исо барча либосларни битта хумга солиб қайнатади. Рангчи келиб “Либосларни нима қилдинг?” деб сўраганида “Бўяб бўлдим”, дейди шогирд. “Қани кўрай-чи”, дейди уста ишнинг бунчалик тез битганидан ҳайрон бўлиб. “Ҳаммаси мана бу хумнинг ичида”, деган жавобни эшитиб, устанинг фиғони кўкка ўрлайди ва “Расво қилибсан-ку!” дейди. Исо “Шошманг”, дейди-да, либосларни бирма-бир хумдан олади. Турфа либосларнинг ҳар бири битта хумда, кўнгилдагидек бўялганини кўрган рангчи ҳайратда қолади... Жалолиддин Румий “Маснавийи маънавий”да риёкор вазир ҳақидаги ҳикоятда “Исонинг хуми” хусусидаги ривоятга мурожаат этиб бундай ёзади:

 

Ў зи якрангии Исо бў надошт,

В-аз мижози хумми Исо хў надошт.

...Жомаи садранг аз он хумми сафо,

Содаву якранг гаштий чун зиё.

 

Яъни: У (риёкор вазир) Исонинг муҳаббатини тушунмас эди. Исо хумининг аҳволидан (сиридан) бехабар эди. Исо хумга (поклик хуми) солган барча либослар бир хил рангда бўлиб чиқарди (аммо вазир уларнинг хилма-хил бўлишини истарди).

 

Румий айтмоқчи бўлган фикр ва глобаллашув жараёнлари ўртасида бир қадар ўхшашлик бор. Аммо глобаллашув Ҳазрат Исонинг турли рангдаги либосларни битта хумга солиб, уларни бир рангга бўяши ёки аксинча, риёкор вазирнинг ягона эътиқоддаги насронийларга турлича ваъдалар бериб, улар ўртасида қарама-қарши фикрлар ва низолар келтириб чиқариши ҳақидаги ҳикоятнинг асл мазмун-моҳиятидан анча йироқ ҳодиса. “Касрат” ва “ваҳдат” (бирлик, ягоналик) тушунчалари ислом фалсафаси, айниқса, тасаввуф таълимотида асрлар бўйи баҳс уйғотиб келган. Мутафаккирларимиз кўплик оламида бирликни, бирлик оламида эса кўпликни кўра билишни тавсия этганлар. Яъни Яратувчи яратган нарсаларни кўриб, Унинг борлиги ва бирлигига иқрор бўлиш, Уни мушоҳада этиб, борлиқдаги барча мавжудотлар ҳақида тафаккур қилиш – касрат ва ваҳдатнинг ажойиб диалектикаси шу!

 

Глобаллашув кўплик ва бирлик ўртасидаги мувозанатни тан олмайди. Искандар Мақдунийнинг юришлари, Чингизхон ва мўғул истибдоди, Ленин ва мустабид шўролар салтанати, Ҳитлер ва фашизм босқини... Бу ранг-баранг оламни бир рангга бўяш, бутун дунёни ягона сиёсий ва иқтисодий тизим ва бир маданиятга айлантиришга қаратилган ҳаракатлар эмасмиди? Дин-чи? Бутун дунё халқларини ягона эътиқод ва ягона ахлоқ теграсида ва ҳатто битта марказий бошқарув тизимида бирлаштириш глобаллашувнинг ўзига хос кўриниши эмасми? Бинобарин, глобаллашув ўйлаганимизчалик кечагина пайдо бўлган жараён эмас экан-да!

 

Пиёлага жо бўлган шаҳар

“Шундай азим шаҳарки... пиёлага сиғиб кетади. Шундай катта шаҳарки, бир бош пиёздай келади. Пиёлага сиғадиган азим ва бир бош пиёздай катта шаҳарга ўн шаҳарнинг аҳолиси сиғади, аммо унда бор-йўғи уч киши яшайди, юзлари ювуқсиз, чиркин уч киши. Бу шаҳарнинг сон-саноқсиз халқи бор, лекин унда... фақат учта хомкалла яшайди. Улардан бирининг кўзи ўткир-у, лекин сўқир. Сулаймонни кўрмаслиги аниқ, аммо чумолининг оёғини кўра олади. Бошқасининг эса қулоғи динг-у, аммо гунг. Учинчиси эса яланғоч, лекин эгнидаги тўни шу қадар узунки, ерни супуради. Кўр айтармиш: “Ана, ҳозир қўшин етиб келади, қани, қарай-чи, улар қайси қавмники экан?” Кар айтармиш: “Ҳа, мен ҳам аскарларнинг овозини, ҳатто шивир-шивирини эшитдим!” Яланғоч кимса айтармиш: “Аскарлар келиб, тўнимни узунлиги учун кесиб олмаса эди, деб қўрқиб турибман!” Яна кўр айтармиш: “Ниҳоят, аскарлар яқинлашиб қолди! Туринг, бизни тутиб, зиён етказиб, асир олмасларидан бурун жуфтакни ростлайлик!” Кар айтармиш: “Ростданам, шовқин-суронлар яқинроқдан эшитиляпти, шошилмасак бўлмайди, дўст­лар!” Қип яланғоч кимса айтармиш: “Эвоҳ! Энди тўнимнинг этагига кўз олайтириб, қирқиб ёки йиртиб ташлайдилар, нима қилдим энди!”

 

Шундай деб уч ҳамтовоқ шаҳарни тарк этиб, бир қишлоққа етадилар. Қишлоқда роса семиз, лекин эти устихонига ёпишган товуқни топадилар. Қарғанинг чангалидан яраланиб, ўлаксадай қотиб қолган товуқнинг суяклари қақшаб кетган экан. Улар товуққа ташланиб, ўлжасини ғажиётган арслондек ея бошлайдилар ва семириб, филдек шишиб кетадилар. Улар шу даражада семириб кетадиларки, бутун оламга сиғмай қоладилар” (Мавлоно Жалолиддин Румий. Маснавийи маънавий. Дафтари 3, Теҳрон, “Сухан”, 1379.  123-124-бетлар).

 

Ушбу ҳикоят рамзий-мажозий маънога эга. Румий шарҳига кўра, “ўта катта шаҳар”дан мурод “моддий борлиқ”дир. Моддият мол-дунё асирлари кўзига ўта ҳашаматли, ҳақиқат аҳли учун эса майда ва аҳамиятсиз бўлиб кўринади. Мустақил фикри, соғлом дунёқараш ва мустаҳкам иродаси бўлмаган, нафс қулига айланган очкўз шахс ҳикоятдаги ўша сўқир, кар ва яланғоч кимсаларга ўхшамайдими? Бу уч ҳамтовоқ бугун глобаллашув баҳонасида оломон маданияти тегирмонига сув қуяётган бузуқ ғоялар, ахлоқсизликни тарғиб этиб, содда ва гўл кишиларни “тўр”га илинтираётган, шу йўл билан чўнтак қаппайтираётган баднафс кимсаларнинг аждоди эмасми? Наҳотки инсоният нафс деган балога шунчалар муккасидан кетган бўлса? Фридрих Нитше инсон – нафс қули, дейди. Наҳотки у ҳақ бўлиб чиқса? Наҳотки асрлар бўйи нафс балосидан огоҳ этган азиз-авлиёларимизнинг чеккан ташвишу изтироблари бекор кетса?

 

Тўғри, глобаллашув шитоб ривожланишни тақозо этяпти, замон билан ҳамнафаслик истаги янгидан-янги моддий эҳтиёжларни пайдо қилмоқда. Барча кўркам машина миниш, бадастир уй-жойда яшаш, замонавий жиҳозу либос сотиб олиш, тўй-ҳашам қилишни истайди. Аммо буларга ҳалол меҳнат, пешона тери билан эришиляптими? Бунинг учун кимнингдир ҳаққини ейиш, бировни алдаш, кимгадир озор бериш, яна кимнидир босиб ўтиш шартмикан? Ахир, инсон ёввойи табиат қўйнида яшаётган йиртқич ҳайвон эмас-ку!

 

...Йигирма йилча аввал XXI асрнинг кўзни қамаштирувчи улкан қасри бўсағасида туриб, зиддиятли дунё ҳақидаги алмойи-алжойи тушлардан таъбир излай бошлаган эдик: янги асрнинг манзараси, қиёфаси қандай бўларкан? Ўтган асрнинг мантиқий давомими ёки бутунлай бошқача мазмун ва шаклга эга замонми? XX аср зўравонлик ва хунрезликка асосланган даҳшатли муҳорабалар, ундан кейинги қутблараро “совуқ уруш” билан янги асрга асло намуна бўлолмайди. Шундай экан, янги юзйилликда дунё қандай бошқарилади?

 

...Болакайнинг оғзидаги пуфак катталашаверади, катталашаверади. Бундан болакай ҳам, уни кузатаётганлар ҳам шод. Аммо ҳаво билан тўлиб, тап-таранг бўлиб кетаётган (кўзларни қувонтираётган!) пуфак ёрилиб кетмасмикан?

 

Инсон зоти борки, ҳаётда янгиликка, ўзгаришга интилади, ҳар бир кунини умиду қувонч ила кутиб олади. Аммо ҳар кун ҳам байрам бўлавермайди. Биз мингйилликларнинг шафқатсиз синовидан, беаёв ғалвиридан ўтиб, бугунги кунгача соғ-саломат етиб келган эътиқодли халқмиз. Биз қисмат китобини ўз қўли билан ёзиб, ҳаёт кундалигини соғлом тафаккур ва гўзал тасаввур билан тўлдираётган бунёдкор миллатмиз. Орзу шулки, Саодат манзили сари ташлаган қадамимиз собит бўлгай!..

 

Жаъфар ХОЛМЎМИНОВ

 

“Tafakkur” журнали, 2016 йил 2-сон.

“Туман ичидаги тумонат” мақоласи

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси