«Ҳар доим танлов бор, ҳар доим йўл бор». Оила даврасида кўрилувчи шедевр фильмлар


Сақлаш
16:06 / 14.06.2024 336 0

 

Кино саноатининг пайдо бўлиши инсоният тарихидаги йирик воқеалардан бири эди. Соҳа жуда тез ривожланди ва катта таклифлар бозорини яратди. Натижада минглаб бетакрор картиналар суратга олинди. Қуйида ана шундай замон ва макон танламайдиган, ҳар кўрган инсонни ўйлантирувчи, дунёга бошқача назар билан қарашга «мажбур» қиладиган ва энг муҳими оила даврасида кўриш мумкин бўлган бир нечта катта юкли фильмлар ҳақида ҳикоя қиламиз.

 

«Ёмғир одам», 1988 йил.

 

Фильм аутизм билан касалланган (аниқроғи, Саванта синдроми – ақли заиф туғилувчи, аммо қайсидир соҳаларда катта иқтидорга эга бўлувчи) инсонларнинг ички дунёси, кечинмаларини очиб бериш билан бирга жамиятнинг уларга муносабатини ҳам кўрсатади.

 

 

Шунингдек, картинада авлодлар ўртасидаги кескинликлар ҳақида ҳам ҳикоя қилинади. Ота ва бола ўртасидаги келишмовчиликлар деярли ҳар бир оилада кузатилади. «Ёмғир одам» картинасида ҳам бош қаҳрамон арзимас сабаб туфайли отасидан аразлаб юради ва вафот этгунига қадар у билан умуман кўришмайди. Аммо фильм якунида отаси ва ўзи ҳақидаги ҳамма ҳақиқатни англаб етади…

 

Жуда кўп инсонлар бахт фақат пулда деб ўйлайди. Бойиб кетиш истаги одамларни турли ноўрин, ахлоқсиз ҳаракатлар қилишга ундайди. Бироқ ҳақиқий бахт оилавий ришталар, дўстлик ва севги каби номоддийликлар орқали келади. Барри Левинсоннинг «Ёмғир одам» картинаси бу ҳақиқатни яна бир бор, аммо бетакрор кино тилида таъкидлаган, дейиш мумкин. Картина икки ака-ука ўртасидаги ўзаро муносабатлар орқали одамларни солипсизм(ўзини мутлақ ҳақ деб билиш)дан қутқаришга ёрдам беради, фикрлаш мослашувчанлиги ва муросага келиш қобилиятини ривожлантиради ҳамда бошқалар билан ярашиш учун турли хил мулоқот усулларидан фойдаланишга «ўргатади». Бир сўз билан айтганда, ушбу фильм бемалол оила даврасида кўриш мумкин бўлган, оилавий алоқаларни мустаҳкамлайдиган картина.

 

«Денгиз соҳилидаги Манчестер», 2016 йил.

 

Фильм воқеалари АҚШнинг Массачусетс штатида бўлиб ўтади. Картинанинг асосий ғояларидан бири – «ўзинг ҳал қил».

 

Бир қарашда «Соҳил бўйидаги Манчестер» Ҳолливуднинг бошқа шу жанрдаги кинолари каби даҳшатли трагедия ва унинг оқибатлари, таъсири ҳақида ҳикоя қилувчи картинадек кўриниши мумкин. Бироқ «Манчестер» – бу кўпроқ инсон ҳиссиётлари ва кечинмалари, шунингдек, баъзида бош қаҳрамонларнинг ички драмасини акс эттирувчи фильмдир.

 

 

2016 йилда экран юзини кўрган картина кўплаб рейтингларда йилнинг энг яхши фильми деб топилган. Кино икки йўналиш («Энг яхши сценарий» ва «Энг яхши эркак роли» номинациялари)да Oscar ҳайкалчасини қўлга киритган. Бундан ташқари Bafta ва «Олтин глобус» мукофотларига ҳам лауреат бўлган.

 

«Денгиз соҳилидаги Манчестер» – инсон бугун билан яшашни ўрганиши кераклигини уқтирувчи фильм: ўтмиш ортда қолиши, виждон инсонни бутун умр азобловчи жаллодга айланмаслиги лозим.

 

 

«Чизиш учун майдон», 2013 йил.

 

Драма йўналишидаги фильмлар борасида дунёда олдинги қаторларда турадиган Эрон киноижодкорларининг яна бир шедеври. Картинада соқов ота-она ва уларнинг соғлом фарзанди, жамиятнинг уларга бўлган муносабати ҳақида ҳикоя қилинади. Фильм сценарий жиҳатдан 2021 йилда Oscar мукофотига сазовор бўлган «CОДА» фильмни ўхшайди.

 

Режиссёр Мазияр Мири экранда имконияти чекланган ота-онанинг ички оғриқларини сўзсиз акс эттиришни мақсад қилган. У нафақат ривожланишида нуқсони бор, камбағал оиланинг портретини, балки оилавий муҳаббат, ота-онанинг масъулияти ва ҳар доим банд жамият бу ҳис-туйғуларни қандай қабул қилишини нозик чизгилар билан кўрсатади.

 

 

«Чизиш учун майдон» – инсонни ота-онасини, фарзандини маҳкам қучоқлашга, нега ёнидаги қимматли бойликларни ҳаётда иккинчи ўринга қўйиши ҳақида ўйлашга мажбур қилувчи фильмдир.

 

«Бахт ортидан қувиб», 2006 йил.

 

Ўзбекларнинг катта қисмига аллақачон таниш бўлган, режиссор Габриел Муччинонинг ушбу картинасидаги ҳар бир кадр чуқур маъно ва ҳиссиётга тўла. Фильм реал воқеаларга асосланган бўлиб, томошабинни тақдир қийинчиликлари ва машаққатлари билан курашаётган Крис Гарднернинг ҳаётига олиб киради. Бош қаҳрамон ролини ижро этган Уилл Смит ўз ролини мукаммал гавдалантирган, қизиқ томони иккинчи бош қаҳрамон – ўғил ролини Уилл Смитнинг ҳақиқий фарзанди Жейден Смит ўйнаган.

 

 

Крис Гарднер ҳикояси ҳаёт синовларига дуч келган ва бахтга йўл излаётганлар учун ажойиб йўриқнома. Фильмда қатъият, ўзига ишонч ва ирода муваффақиятнинг асосий калити экани очиб берилган. Гарднер ва унинг ўғли Жейден орасидаги муносабатлар акс этган эпизодлар фильмнинг энг кучли саҳналаридан ҳисобланади. Бу лавҳалар нафақат инсон руҳиятига таъсир қилади, балки энг оғир вазиятларда ҳам оила ва муҳаббат куч-қувват манбаи бўлиши мумкинлигини кўрсатади.

 

Умуман олганда, «Бахт ортидан қувиб» фильми томошабинларга нафақат кино завқини, балки шахсий ўсиш, ўзини-ўзи кашф қилиш ва мақсади йўлида тинимсиз ҳаракат қилишга илҳом беради. Картина ҳар биримизга «Ҳаётда энг муҳими – сени бахтли қиладиган иш билан шуғулланиш», «Ҳар доим танлов бор, ҳар доим йўл бор», дейди.

 

Муҳаммадқодир СОБИРОВ,

Oyina.uz

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Маънавият

12:07 / 19.07.2024 0 129
Ўзидан йироқлашаётган миллат оғриғи





Кўп ўқилган

Барчаси

//