Анъанавий қонуниятлар бузилганда


Сақлаш
13:11 / 08.11.2021 1399 0

Ҳар қандай санъат асари кенг оммага мўлжаллангани, бадиий тафаккур ва эстетик дунёқарашни шакллантириши, чин инсоний фазилатларни тарбиялашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Санъат тарихида инсон руҳий оламини бойитишда муҳим ўрин тутган жуда кўп тасвирий санъат асарлари яратилган. Улар ҳамма замонда ҳам ўзининг композицион ечими, бадиий савиясининг юксаклиги билан томошабинни жалб этиб келган, ҳаётий воқеа-ҳодисаларни акс эттиргани, тушунарли бўлгани билан шуҳрат қозонган. Чунки бундай санъат намуналарида композициянинг муҳим қонуниятларидан бири бўлган ўхшатиш қонуни етакчи мазмун-моҳият касб этади.

Даврлар ўзгаради, инсон ва унинг тафаккури, қизиқишлари, дунёқарашида ҳам янгиланишлар бўлади. Кечаги тасвирий усуллар бугун ўз мавқеини, эҳтимол, тўлиқ сақлаб қола олмас. Шу боис мусаввирларнинг санъат соҳасида янги-янги усулларни ўйлаб топиши, ўзгача тасвирий воситалардан фойдаланиши, экспериментларга қўл уриши табиийдир. Айни ҳаётий жараён туфайли XIX аср охири ва XX аср бошларида санъатдаги таҳлилий қарашлар ва ўзгаришлар натижасида кўпгина оқим ва йўналишлар – фовизм, кубизм, футуризм, экспрессионизм, абстракционизм, сюрреализм ва бошқалар пайдо бўлди (Сокольникова Н. История изобразительного искусства. Том 1. Москва, 2007). Уларда тасвирий ижоддаги мавжуд қарашлар, идеаллар ва анъаналар инкор қилиниб, янгича композицион ечимлар излаш, ўзгача тенденцияларга интилиш устуворлик қилар эди.

Модернистик санъат тарафдори бўлган ижодкорлар бугунги кунда ҳам кўпчиликни ташкил қилади ва, табиийки, улар яратаётган асарларда тасвирий санъат композициясидаги айрим қонуниятлар, дейлик, ўхшатиш қонуни тўлалигича ўз ифодасини топмайди.

Кўпинча шундай саволларга жавоб топишга тўғри келади: санъатда ҳар доим ҳам барча тасвирлар тушунарли бўлмаслиги, у ҳақдаги асл тасаввурларимизга сиғмаслиги мумкинми?

Абстракционизм тарафдорлари асарда тасвирланган нарсаларни тўлиқ таърифлаб ўтирмаслик кераклигини, уни кўрган томошабин ўзи нимани хоҳласа, ўшани тушуниб олавериши лозимлигини таъкидлайди. Модернистик оқимнинг бошқа йўналишларига мансуб баъзи ижодкорлар асарларида эса нарсалар ёки бизни қуршаб турган олам ниҳоятда бўрттириб тасвирланади. Пабло Пикассо, Салвадор Дали асарлари бунга мисол. Уларнинг композицион ечими ҳам кишини ўйлантириб қўяди.

Санъатда “Агарда шу вақтгача бу нарса қилинмаган бўлса, ўша нарсани қилиш керак” деган формула пайдо бўлиши айрим санъат асарларининг ажралиб чиқишига олиб келди (ўша манба, 121-бет). Шу йўсинда бу ақида тарафдорлари асарларни сифатига қараб эмас, бошқа мезонларга кўра баҳолашни таклиф қилади. Лекин маълум баҳолаш мезонларини қўлламасдан туриб, “яхши” асарни “ёмон”идан ажратиш мумкинми? Айнан ана шу асарнинг юзага келиш чегараси қаерда? Чунки ҳар хил бўёқларни сепиш ёки қора квадрат чизиш ҳамманинг қўлидан келади. “Буни мен ҳам қила оламан!” дейди ўжарлик билан авангардизмга қарши бўлганлар. Шундай экан, авангард йўналишдаги баъзи асарлар баҳонинг аниқ мезонлари бўлмагани учун барчага очиқ ҳисобланади.

Авангард услубидаги асарни қандай қилиб баҳолаш мумкин, деган савол кўндаланг тураверади. Бунга жавобан, энг аввало, мазкур асар ғоясини томошабин баҳолаши керак, деб айтган бўлардик.

Бадиий асарда тасвирланаётган воқелик анъанавий йўналишдаги санъат асарларига хос композиция қонуниятларига тўлиқ мос келмаслиги мумкин. Аммо у қандай санъат асари бўлмасин, ҳаётнинг бирор-бир жабҳасини акс эттириши, қайсидир қонуниятга асосланиши керак.

Боиси, “Композиция қандайдир қотиб қолган, догматик тушунча эмас. Фанда аниқ қонунлар бор. Санъатда эса ҳар қандай аниқ қонун ҳам охиригача тўлиқ татбиқ қилина олмаслиги мумкин: ҳар доим эркин ижод учун унда озгина жой қолади”, деб айтган эди рассом-педагог А.Буров. Ҳақиқатан ҳам, биз билган айрим санъат намуналарида тасвирий санъатга тааллуқли баъзи қонуниятлар бузилади, уларга зид ҳолда тасвирлар, ўзига хос композициялар яратилади. Сабаби оддий: бу каби санъат асарлари ҳам ўз мухлисига эга...

Нурмон БЕРДИЕВ,

Тошкент Архитектура ва қурилиш

институти катта ўқитувчиси 

“Тафаккур” журнали, 2018 йил 2-сон

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси