Тизимли тафаккур нима?


Сақлаш
13:11 / 05.11.2021 1399 0

Замонавий гносеологияда тизимли тафаккур борлиқдаги мураккабликни ўрганишда адекват тафаккур тарзи сифатида тадқиқ этилмоқда. Тизимли тафаккур нима? Бир қатор тадқиқотларда у шундай таърифланади: “тафаккурнинг энг ривожланган шакли” (Аверьянов А. Системное познания мира: методологические проблемы. Москва, “Политиздат”, 1985. Стр. 263); “ақлнинг сифат жиҳатдан янги ҳолати” (Толкачев В. Роскошь системного мышления. Санкт-Петербург, “Эмпатия”, 1999. Стр. 347); “атроф муҳитни тасвирлаш ва билишнинг янги усули бўлиб, у нарса ва ҳодисаларнинг ўзаро боғлиқлигига эътибор қаратади. Замонавий олам шитоб ўзгармоқда, мураккаблашмоқдаки, тизимли тафаккур олдимиздаги бор имкониятларни яхшироқ кўриш, қўллаш ва бошқаришга ёрдам беради” (Медоуз Д.  Азбука системного мышления. Москва, БИНОМ. “Лаборатория знаний”, 2011. Стр.150).

Тизимли тафаккур муқобили – фрагментал (узуқ-юлуқ, нотўлиқ) тафаккурдир. Фрагментал тафаккур нарса ва ҳодисани қисмларга ажратиб ўрганса, тизимли тафаккур объект қисмларини яхлит қамраб олади. Бир неча асрлар илгари Хитой файласуфи Лао Цзи фрагментал ёндашувнинг чекланганлигини таъкидлаган: “Инсон оламни қисмларга бўлар экан, у нафақат илоҳий, инсоний қонунларни ҳам англашдан тўхтайди”.

Фақат қисмларни таҳлил этиш бутунни тушунишга ёрдам бермайди, зеро, бутун қисмларнинг ўзаро таъсири орқали аниқланади. Алоҳида олинган қисм бутун ҳақида айтарли тасаввур бермайди. Фрагментал тафаккур ёрдамида биз нарса ва ҳодисанинг кичик қисми ҳақидаги ахборотнигина оламиз. Фрагментал тафаккур орқали киши бирон масаланинг ягона ечиминигина кўради, унинг бошқа ечимларини кўрмайди. Масалан, тадқиқотчи бирон муаммони ечишда унинг сабабини битта омил билан боғлайди, сабаб-оқибатнинг қатъий детерминизми билан иш кўради. Муаммонинг фақат ягона ечими устида бош қотириб, янгича ечимларни эътибордан соқит қилади.

Шундай хитой масали бор: қадимда бир деҳқон яшаган экан. Унинг ажойиб оти бор экан. Бир куни от қочиб кетибдию деҳқон ўзини бахтсиз ҳис қила бошлабди. Бир муддатдан сўнг от ўзи билан ёввойи отни эргаштириб қайтибди. Деҳқон яна ўзини бахтиёр санай бошлабди. Аммо унинг ёлғиз ўғли ёввойи отни қўлга ўргатаман деб, йиқилиб мажруҳ бўлибди. Деҳқон ўзини яна бахтсиз ҳис қилибди. Унга иккита от нега керак, ахир, ёлғиз ўғли мажруҳ-ку! Шу орада император уруш учун аскар тўплай бошлабди ва қишлоқдаги барча йигитларни олиб кетибди, аммо деҳқоннинг ўғли мажруҳлиги боис урушдан қолибди. Деҳқон ўзини яна бахтиёр ҳис эта бошлабди.

Мазкур масалда ўзаро зид нарса-ҳодисалар бир шароитда яхши ва фойдали бўлса, бошқа шароитда ёмон ва фойдасиз бўлиши мумкинлиги, яхлитликнинг бирон қисмини мутлақ яхши ёки ёмон деб баҳолаш хато экани, балки улар бутунда бир-бирига ўтиши, бир-бирини тақозо этиши ифодаланган.

Иқтисодий муаммолар, атроф-муҳит ифлосланиши, жаҳон ҳамжамиятидаги ижтимоий-сиёсий зиддиятлар ҳақида мутахассислар кўп гапирмоқда, ечимлари устида бош қотирмоқда, аммо улар ҳалигача топилгани йўқ. Боиси мураккаб тизимларни анъанавий тафаккур тарзи ёрдамида англаш, тушуниш даргумон. Демак, ўзгача тафаккур тарзига зарурат туғилади. Ана ўша тафаккур тарзи – тизимли тафаккурдир.

Тизимли тафаккур нарса-ҳодисалар ўртасидаги зиддиятларни бир-бирининг инкори сифатида эмас, балки яхлитликни қурувчи элементлар сифатида кўришни тақозо этади. Олам яхлит тизим экан, у ҳақдаги дунёқарашимиз ҳам тизимли бўлиши зарур. Шунда олам ҳақидаги билимларимиз адекватлик касб этади.

Биринчи президент Ислом Каримов “Юксак маънавият –  енгилмас куч” асарида моддий ва маънавий олам ўзаро уйғунликда, яхлитликда мавжудлиги, улар бир-бирини тақозо этиши ҳақидаги ғояни илгари суради: “Одамнинг кундалик ҳаёти ва фаолиятида моддий ва маънавий асослар бир-бирига нисбатан қандай ўрин тутиши, уларнинг қайси бири устуворлик касб этиши ҳақида турли-туман, баъзан эса зиддиятли фикр ва қарашлар мавжуд бўлганини ва бундай тортишувлар ҳозиргача давом этаётганини кузатиш қийин эмас... Ана шундай тушунча ва тасаввурлар асосида кейинчалик материализм ва идеализм каби таълимотлар майдонга чиқди...

Ушбу масалага чуқурроқ ва атрофлича назар ташлайдиган бўлсак, аввало шуни айтиш керакки, бу кўҳна дунё, биз яшаётган ҳаёт ягона, яхлит бир воқеликдир. Шундай экан, моддий эҳтиёжларни инсоннинг руҳий оламига қарама-қарши қўйиш, уларнинг бирини устун деб билган ҳолда, тирикликнинг асосий мақсади сифатида қабул қилиш қандайдир бирёқлама қараш ифодаси, деб айтсак, хато бўлмайди (Каримов И. Юксак маънавият – енгилмас куч. Тошкент, “Маънавият”, 2008. 47-48-бетлар).

Шу каби ғоялар ахлоқшуносликда эзгулик ва ёвузлик, эстетикада гўзаллик ва хунуклик, маънавиятда донолик ва нодонлик категорияларига кенгроқ қарашни ўргатади. Яъни, тизимли тафаккур мазкур жуфт категориялар бир-бирини инкор этувчи эмас, балки бир-бирини тўлдирувчи, тақозо этувчи, бирисиз иккинчиси мавжуд бўлмаслиги, улар яхлитликнинг қисмлари эканлигини кўрсатади. Масалан, Шарқнинг буюк мутафаккирларидан бири Жалолиддин Румий “Агарда инсон ўта доно бўлиб, нодонликдан буткул озод бўлса эди, шу доноликнинг ўзи уни вайрон қилар эди. Демак, нодонлик абадий, чунки у мавжудликнинг давомийлигини таъминлайди. Донолик билан нодонлик алмашиб туради, нодонлик доноликка кун ва тун бир-бирини тўлдирган каби ёрдам беради” (Модернизация жараёнининг фалсафий-методологик таҳлили. Масъул муҳаррир М. Абдуллаева. Тошкент “Noshir”, 2010. 19-20-бетлар), дея таъкидлайди.

Тизимли тафаккур, шунингдек, фалсафанинг фундаментал масалаларига ҳам янгича назар билан қарашимиз лозимлигини уқтиради. Жумладан, инсоннинг моҳиятини англашда баъзи фалсафий таълимотлар ақлни (Декарт), иродани (Шопенгауэр), сезгиларни (Ж.Локк) устун қўяди. Бундай ёндашувлар, фикримизча, фрагментал, яъни аналитик ёндашувдир. Зеро, улар билишда ақл ва сезгини бир-биридан ажратади ва фақат биттасигагина устунлик беради.

Бизнингча, ҳозирги кунда холизм (тизимли ёндашув) ва элементаризм (фрагментал ёндашув) усулларини биргаликда қўллаш – замонавий гносеологиянинг шаклланган тамойилидир. Редукционизм, механицизм методологик усуллари фрагментал тафаккурга хос. Сабаби редукционизм мураккабликдан оддийликка ўтишга асосланган методологик усулдир. Яъни мураккаб яхлитликни билиш учун у оддий қисмларга ажратиб ўрганилади. Бундай ёндашув классик фанга хос эди.

Тизимли ёндашув асослари:

– тизимнинг яхлитлиги;

– тизимда бутун ва қисмнинг ўзаро алоқаси;

– бутуннинг қисмга нисбатан бирламчилиги;

– тизим структурасининг иерархиклиги;

– тизим, унинг структураси, элементларининг динамиклиги;

– тизим эҳтимолий ҳолатларининг бир қийматли эмаслиги, ташқи муҳит билан боғлиқлиги ва ўрганилаётган тизимнинг хаотиклиги (Лившиц В. Основы сис­темного мышления и системного анализа. Мос­ква, Институт экономики РАН, 2013. Стр.18).

Хулоса қилиб айтганда, мураккаб муаммоларни ечишда, тўғри ечим излаб топишда тизимли тафаккур самарали инструмент бўлиб хизмат қилади. Бундай тафаккур юритишда ҳар бир муаммо тизимли характерга эга экани эътироф этилади ва уни ҳал қилишда биргина эмас, кўплаб муаммоларни ечиш талаб этилади. Тизимли муаммоларни ечиш ҳам тизимли тафаккурга боғлиқ. Зеро, замонавий воқеликдаги кўплаб муаммолар, инқирозларнинг келиб чиқиши ҳам тизимли тафаккурдаги оқсоқлик билан боғлиқдир.

Марат НИЁЗИМБЕТОВ,

ЎзМУ докторанти,

фалсафа фанлари номзоди 

“Тафаккур” журнали, 2018 йил 2-сон

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси