Фан башоратга қаршими?


Сақлаш
12:11 / 03.11.2021 1089 0

Объектив олам эволюцион ўзгаришлар ҳосиласи ўлароқ вужудга келган экан, ўша ўзгаришларнинг муайян қонуниятлар асосида кечганини тахмин қилишимиз мумкин. Олимларимиз таъкидлаганидек, “Дунё моддий бир бутунликдир, ундаги хилма-хил, ранг-баранг нарса ва ҳодисалар ўзаро боғлиқ ва ўзаро таъсирда бўлади. Ҳаракатдаги материяни тадқиқ этаётганимизда даставвал кўзимизга ташланадиган нарсаайрим жисмларнинг айрим ҳаракатлари ўртасидаги ўзаро боғланишлари, уларнинг бир-бирларини ўзаро тақозо қилиб туришларидир” (Туленов Ж., Расулов Х. Диалектика ва илмий билиш. Тошкент, “Ўзбекистон”, 1977. 6-бет). Объектив олам қонуниятларини кашф этиш инсоннинг билими, тажрибаси ва олдиндан кўра олиш қобилиятига таянади.

Фан тарихида илмий муаммоларнинг назарий ва амалий жиҳатдан ҳал қилиниши борлиқ қонунларининг кашф этилишига йўл очди. Ушбу кашфиётлар фан структураси, билиш тамойиллари, категориялари, методлари ва унинг шакллари ўзгаришига олиб келди (Большой энциклопедический словарь: Т. 2. Москва, 1991. Стр. 11). Бу эса ўз навбатида фан тараққиётини жадаллаштирди ва техника тараққиётига шароит яратди.

Табиат ва жамият қонунлари маълум бир шарт-шароитларда намоён бўлади, воқеалар ривожланишининг таснифи ва йўналишини характерлайди. Улар муҳим, зарурий, умумий ва нисбий барқарор муносабатларни кўрсатибгина қолмай, балки келажакда уларнинг ривожланиш тенденцияларини ҳам очиб беради. Илмий ва кундалик билимнинг вужудга келиши, унинг имконияти ва чегараси инсондан ўзгаришларни аввалдан кўра олиш қобилиятини тақозо қилади. Айни шу қобилият тафаккурнинг имкониятини белгилайди, янги билим ва тажрибани қўлга киритишга замин бўлади. Бунда биз инсон тафаккурининг ўз чекланган имконияти доирасида эскилик замирида янгиликни, мураккаблик замирида оддийликни топишга йўналганини кўрамиз.

Ҳар бир предмет ва ҳодиса маълум қонун асосида юзага чиқади. Сабабийликдан холи ҳодиса йўқ. Табиат ва жамиятда мўъжизалар йўқ, бўлиши ҳам мумкин эмас. Илмий башорат қилиш учун табиат ва жамият тараққиёти қонунларини билиш, дунёвий билимларнинг асосларини ўрганиш талаб қилинади.

Форобий фикрича, ақл билан тасаввур қилиш – ундан ташқари бўлган нарсалар ичидан бирортасини сезишдир, ақл эса бу нарсаларнинг образига (формаси) таъсир этади ва уни тасаввур қилади. Лекин, ақлнинг бу тасаввури, тасаввур этилган нарсага (тўлиқ) мос келмайди, чунки ақл барча нарсаларнинг энг нафисидир ва ақл тасаввури энг нафис образдир (шакл) (Хайруллаев М. Форобий ва унинг фалсафий рисолалари / И.Мўминов таҳрири остида. Тошкент, 1963. 209-бет). Тасаввурнинг бундай кўриниши илмий башорат бўлиб, бу орқали воқеликнинг кўз илғамас, ички томони очилади. Илмий башорат деганда бўлғуси воқеликка мансуб, объектив қонунларга таянувчи билиш жараёни тушунилади.

Табиий-илмий назариялар нафақат сезгилар орқали тўпланган фактлар, шунингдек, шахсий идрокимиз, руҳий тажрибамиз маҳсули ҳамдир. Тасаввуримиздаги тартиблашган олам аслида руҳиятимизнинг тартиблашган фаолияти натижасидир. Иммануил Кант буни қуйидагича изоҳлайди: “Ақл-идрок ўзининг “a prior” қонунларини табиатдан олмайди, балки уларни табиатда мавжудлигини қайд этади” (Поппер Карл. Все люди – философы. Москва, 2000. Стр. 49).

Шундай экан қонун абстракт тафаккурнинг юксак кўриниши бўлиб, унда воқеа ва ҳодисаларнинг табиати олдиндан идрок этилади, зарурий алоқадорлик башорат қилинади.

Олдиндан кўра билишнинг муҳим таркибий қисми сифатида амал қилувчи қонунлар, профессор Карима Туленова фикрича, “Эҳтимолий барча ўзгаришларда сақланадиган ўзига хос инвариант тарзда намоён бўлади. Муайян қонунда ифодаланган умумийлик даражасига қараб олдиндан кўра билишнинг турларини аниқлаш мумкин. Хусусан, динамик қонунлар асосида олдиндан кўра билиш шундай таснифдаги умумийлик, такрорланувчанлик, боғлиқликки, бунда умумий такрорланувчанлик тегишли қонунга бўйсунувчи белгиларнинг ҳар бир алоҳида предметда намоён бўлишини аввалдан билишда намоён бўлади” (Туленова К.Ж. Предвидение и реальность. Монография. Тошкент, “Узбекистан”, 2002). Масалани бундай қўйиш воқеликдаги бирор ҳодисанинг жумбоғи ечими бошқа бир жумбоқни ечишга йўл очиши мумкин деган фаразни тасдиқлайди. Ушбу қонунларда имконият ҳамда воқелик алоқаси аниқлашади ва бу бир ҳодисанинг бошқаси билан тўғридан-тўғри сабабий боғланишида ўз ифодасини топади.

Хўш, ҳозирги замон фалсафаси ва фанида қонун ва башорат қай даражада боғлиқ? Бу илмий муаммо мазкур масаланинг нақадар долзарблигини ҳам кўрсатади.

Биринчидан, қонун ва қонуният илмий башоратнинг вужудга келиш асоси, негизи. Қонун ва башоратнинг боғлиқлиги башоратнинг рационаллиги, аниқлигини таъминлайди.

Иккинчидан, фан тараққиётида илмий башоратларнинг вужудга келиши, шаклланиши фан қонуни ва қонуниятлари очилишига замин бўлди. Зеро, илмий башоратларсиз фан қонунлари эмпирик жиҳатдан асоссиз бўлиб қолар эди.

Илмий башорат қилиш – фан ва техниканинг ажралмас қисми бўлиб қолди. Кишилик жамиятининг тараққиёт йўлини кўрсатиб беришда, моддий оламнинг ҳали кашф этилмаган жиҳатларини олдиндан айтишда, тафаккур сирларини очишда илмий башорат илмий билишнинг муҳим бўлагига айланмоқда.

Д.Менделеевнинг даврий жадвали илмий башоратнинг ажойиб намунаси бўла олади. Менделеев бу жадвални тузиб чиққанида (1869), жами 63 та элемент маълум эди. Табиатда бошқа элементлар борми? Бу саволга Менделеев “бор” деб жавоб берган. Унинг ўзи учта элементнинг жадвалдаги ўрни ва хоссаларини олдиндан айтиб берди. Бу элементлар кейинчалик кашф қилинди: галлий (1875), скандий (1879), германий (1886). Бу мисол илмий башорат фан тараққиётида қанчалик муҳим бўлганини кўрсатади.

Фикрларимизни хулосаласак, биринчидан, қонун ва унинг башорат шаклланишидаги устуворлиги муҳим назарий ва амалий аҳамият касб этади; иккинчидан, қонун ва унинг башорат шаклланишидаги устуворлигини ҳар томонлама тадқиқ этиш долзарбдир; учинчидан, қонун ва унинг илмий башорат қилишдаги гносеологик-эпистемологик таҳлили умумийлик касб этади.

 

Умид МАМАЮСУПОВ,

ТДПУ Ижтимоий-иқтисодий фанлар

кафедраси катта ўқитувчиси

“Тафаккур” журнали, 2018 йил 1-сон

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси