Нитше фалсафаси: турли талқинлар


Сақлаш
13:10 / 20.10.2021 1040 0

Жаҳон фалсафасида ижоди Фридрих Нитше каби турли, кўп ҳолларда зиддиятли талқинларга сабаб бўлган сиймони учратиш қийин. “Янги давр пайғамбари”, “тафаккур Дон-Жуани”, “минг йиллик қадриятларни вайрон этувчи” – бу унга берилган баҳо ва таърифларнинг бир қисми, холос. Бундай хилма-хил талқинларнинг сабаби, албатта, Нитше асарларида мужассам. “Бугун тирик бўлган ва ўтиб кетган барча европаликлар – Платон, Вольтер, Гёте – орасида мен қалби энг кенгиман. Мен Европанинг Буддаси бўлишим мумкин эди”. Нитшенинг бундай даъволари ҳар қандай одамни лол қолдиради. Аммо минг йиллар давомида шаклланган ва одамлар онгига сингиб кетган, туриш-турмуши, дунёқараши, воқеликка муносабатини белгилаб берган ақида ва қадриятларни қайта кўриб чиқишга, тафтиш ва инкор этишга бел боғлаган киши ўзини одамларга шундай тақдим этмасдан иложи йўқ эди. “Ўзгаларнинг сени тушунишларига эришиш оғир... ҳар бир ҳаракатинг бузиб талқин этилган”да ўзинг учун фақат бир йўл қолади: “Тинимсиз турткилаб, чормихга осмасликлари учун, ниқобларни ғамлаб қўймоқ керак”.

Нитше нима учун минг йиллик қадриятларни қайта кўриб чиқишга, уларни инкор этишга жазм қилган? Ниқоб ортида ким турибди? Буни тушунмоқ учун унинг сўзларига қулоқ тутайлик: “Ҳа, мен ахлоқнинг моҳиятини англаб етдим; у сохта, унинг асосида ўша ахлоқийликдан ўзга ҳар нарса бор: манманлик, мансабпарастлик, қасоскорлик оломон кайфияти ифодасидир, буларга асосланиб мен ҳақимда ҳукм чиқарманг, зеро мен, Фридрих Нитше, бу қоидани умуман тасдиқлайдиган улкан истисноман... Мен одамларга атайин ёмонлик қилмайман, мен ҳақиқат маҳкамаси олдида ёлғон сўзламаганман, одам ўлдирмаганман, алдамаганман, Худолар сиймосини ҳақоратламаганман, ўзгаларнинг хотинларини йўлдан урмаганман, гўдаклар оғзидаги сутни тортиб олмаганман, муқаддас қушларнинг инини бузмаганман... Мен покизаман! Мен покизаман! Мен покизаман – шунинг учун менга ишонишни ва қандай бўлсам, шундайлигимча қолишимга, юнон тили ва адабиётидан сабоқ бериш ва бир вақтнинг ўзида “кучли одам” ва “адабий қайтиш”дан дарс ўтишга имкон берилишини сўрайман”.

Нитше номи билан боғлиқ англашилмовчилик ва мишмишларнинг сабабини, бир қарашда, зиддиятли бўлиб туюлган фикрлардан изламоқ керак. Европанинг (инсоният) икки ярим минг йиллик ахлоқий-маънавий тарихи муаммоларини ўз дардига, шахсий муаммосига айлантирган Нитше эҳтиросга берилиши табиий ҳол эди. Аммо файласуфнинг фожиаси шундан иборатки, унинг фикр-мулоҳазалари, яратган асарлари ғайриинсоний вайронкор ғояларни тарғиб этишда назарий асос сифатида хизмат қилган. Масалан, фашизм мафкурасининг Нитше ғояларидан озиқлангани маълум.

Нитше фалсафасини одатий тушунчалар ёрдамида талқин этиб бўлмайди, зеро бунда унинг кўп нозик жиҳатлари эътибордан четда қолади. Файласуф назарида, инсон маънавий камолоти унинг қалби ва руҳиятида, яъни унинг ўзида, ботиний оламида кечади. Бироқ, инсон сифатида шаклланиши унинг ўз иштирокисиз рўй бергани ва у бу жараёндан бехабар қолганини англаб етади. Бу жараён унинг гўдаклигидан бошлаб анъанавий одат, қадрият, қонун-қоидалар (тарбия, таълим, ахлоқ, дин, илм-фан) таъсирида амалга ошган ва вақти келиб у бу таъсирнинг оғир юкини ҳис этиб, қарши исён кўтарган. Исёнга, кишини занжирбанд этиб, танбаллаштирадиган ақидаларга қарши курашга эса “ҳақиқий инсон”, “кучли одам”, “исёнкор шахс”гина қодир. Ўзини ахлоқ ва маънавият ҳимоячиси санаганларнинг аюҳаннос солишига сабаб бўлган фикр, Нитшенинг “Заифларни туртиб юбор” деган чақириғидир. “Эзгулик”, “инсонпарварлик”, “раҳм-шафқат” каби сўзларга ўрганган одам бу иборадан ғазабга келиши тайин. Нитше “заиф” деганда нимани назарда тутяпти? Бу – масаланинг моҳиятини тубдан ўзгартирадиган савол. Унинг жавоби Нитшенинг ўзида, унинг мулоҳазаларида. Мана улардан бири: “Азобни, Буюк Азобни тарбиялаш, айни шундай тарбия одамнинг мавқеини юксалтириб келганини билмасмидингиз?

Инсонда банда ва ижодкор бир бўлиб жамланган: унда синиқ парча, лой, тупроқ, маънисизлик, хаос билан бир қаторда ижодкорлик, яратувчанлик, метин ирода, илоҳий томошабин ва еттинчи кун мужассам – сиз бу зиддиятни англайсизми? Ва яна сизнинг меҳр-шафқатингиз “инсондаги ҳайвон”га, шаклга солиниши, синдирилиши, ишлов берилиши, парча-парча қилиниши, куйдирилиши, тобланиши, тозаланиши лозим бўлган, ундаги озор чеккан ва озор чекиши керак бўлган жиҳатларга қаратилганини Сиз тушунасизми?” Нитше фалсафаси – инсондаги “ҳайвон”ни, унсиз бандани йўқ қилиб “кучли одам” деб ном олган “яратувчи”, “ижодкор”ни шакллантиришга қаратилган мисли кўрилмаган ўзига хос тажриба. Бу том маънодаги эркин шахснинг ахлоқий қарашлари. Унинг “Биз ахлоқдан қутулмоғимиз керак” деган сўзларининг эътиборга олинмаган давоми шундай: “...ахлоққа таяниб яшамоққа эришишимиз учун”. Демак, Нитше танлаган йўли, тафаккур тарзини бундай ифодалаш мумкин: ҳақиқий инсон мартабасига эришмоқ учун эркин бўлмоқ керак. Бу эркинлик ахлоқдан озод бўлишдир, аммо бир пайтнинг ўзида у ахлоқ ва маънавий комиллик йўлидаги эркинликдир. Фақат ахлоқ умумқабул қилинган меъёрлар буйруқ, зўрлик орқали сингдирилмасдан шахснинг эркин маънавий интилиши асосида унинг қалбида туғилмоғи даркор. Шу тариқа, Нитшенинг кескин гаплари, аслини олганда, инсонда ўз фикрига эга бўлмаган, ақидаларга сўзсиз итоаткор, пода қоидаларига унсиз бўйсунадиган кишини эмас, том маънодаги Шахсни тарбиялаш ғоясини ўзида мужассам этганини кўриш мумкин. Бошқача айтганда, Нитше ўзига хос тарзда инсонни ўзлигини англашга даъват этади. “Менинг фикрларимга хос таъриф этиб бўлмаc ғалатилик ва фавқулодда кескинлик туфайли улар узоқ вақт ўтгач, эҳтимол 1901 йилдан сўнг одамлар қулоқларига етиб боради”. Нитшенинг башорати тўғри чиқди. XX аср чинакам нитшепарастлик билан бошланди. Унинг сиймоси адабиёт, санъат, фалсафа ва сиёсатда акс этди. Бироқ тақдирнинг аччиқ ўйинини қарангки, унинг дард тўла фалсафаси бузилган, даҳшатли тарзда эврилган ҳолда талқин этилди. Мусиқадан оҳангни, эҳтиросни олиб ташланг, нима қолади? Нитше фалсафаси ҳам шундай қисматни бошдан кечирди. Ундан Нитшенинг шахсияти, эҳтироси, дарди йўқолди; қуруқ сўзлар ва ўлик ибораларгина қолди. Унинг асарлари матнидан узиб олинган ва шу туфайли асл маъноси йўқолган кўчирмалар билан алмаштирилди.

Нитшени нацистлар Германияси мафкурачилари байроқ қилиб олгани маълум. Нацистлар мафкураси эса уч асосий тамойилга – пангерманизм, антисемитизм ва славянофобликка таянган. Шу тариқа, айни шу ёрлиқлар Нитшега илинди. Бунинг асоссиз эканини Нитше асарларининг ўзи тасдиқлаб турибди. Пангерманизмдан бошлайлик: “Олмонларни қачонлардир мутафаккир халқ деб аташар эди; ҳозирги вақтда улар умуман фикрлашга қодирмикан?”; “Олмон руҳи оғриган ичакдан келиб чиққан”; “Бу халқ қарийб минг йил давомида ички мамнунлик билан ўзини-ўзи аҳмоқ қилиб келган”, “Олмонча ўйлаш, олмонча ҳис этиш – мен ҳамма ишга қодирман, аммо булар менинг имкониятимдан ташқарида”; “Германия қаерга йўл олса, доимо маданиятни бузади”. “Мен олмон тилида ёзишга мажбур бўлганимдан азоб чекаман...” Дадил айтиш мумкинки, бундай мулоҳаза юритган Нитшени “орийлик”, “пангерманизм”да айблаш оқни қора деб эълон қилиш билан баробар.

Кейинги ёрлиқ – антисемитизм. Нитшеда яҳудийлар ҳақида шундай гапларни учратамиз: “Яҳудийлар ҳозирда Европадаги шак-шубҳасиз энг кучли, энг тиришқоқ, энг тоза ирқдир”, “Яҳудийни учратиш, агар немислар орасида яшашингни ҳисобга олсанг, омаддир”. “Антисемит бақироқлар мамлакатдан қувиб солинса фикримча, фойдали ва адолатли бўларди”. Наҳотки шу сўзларни битган файласуфни ғайрияҳудиёна кайфият ва яҳудийларга қирғин келтирган фашистлар тўдасига мансубликда айблаш мумкин бўлса?!

Ниҳоят Нитшега илинган учинчи ёрлиқ – славянофоблик хусусида айтиш лозимки, олим поляк миллатига мансуб бўлган ва бундан ҳамиша мағрурланган. Қолаверса, файласуфнинг қуйидаги мулоҳазасига эътибор берайлик: “Славянларнинг истеъдоди менга олмонларнинг истеъдодидан анча юқори бўлиб кўринган, мен ҳатто олмонларнинг истеъдодли миллатлар қаторига киргани сабаби – уларнинг томирида славянларнинг ҳам қони оқаётгандир деб ўйлайман”.

Бу борада ортиқча изоҳга ҳожат бўлмаса керак. Фақат вазиятни ўта нозик ҳис қилган, тарих йўллари қай томон етаклаётганини тушунган Нитшенинг огоҳликка даъват сифатида янграган яна айрим фикрларини эслаб ўтайлик. Нитше ўз вақтида хавфли касаллик – “тобора зўрайиб бораётган нигилизм”дан, “даҳшатли уруш, ҳалокат, портлашлар даври” яқинлашаётганидан бонг урган эди.

Қонли аср дея эътироф этилган XX аср ортда қолди. Икки даҳшатли жаҳон урушининг яралари битгандек. Аммо жаҳоннинг турли бурчакларида ҳамон “олийирқчилик”, “шовинизм” кайфияти қайта тикланиб, дунё тинчлигига раҳна солмоқда. Яна Нитшедан узиб олинган иборалардан байроқ тикиб, унинг остида оломонни тўплашга уринаётган кимсалар бор. “Мен инсон эмас, динамитман”, деган эди бир ўринда Нитше. Дарҳақиқат, “ёқимсиз ҳақиқатлар файласуфи”нинг фикрлари портлашга сабаб бўлиши ҳам мумкин. Аммо жиноятчи ўт қўйса, гугурт ихтиро қилганни айбдор қилмайдилар-ку! Нитше фалсафасини ва умуман ҳар қандай аллома қарашларини бузғунчи кучлардан ҳимоя қилиш ва эзгуликка йўналтиришнинг бир чораси бор. Унинг чуқур мазмунини тўғри талқин ва таҳлил этиш, “жаҳолатга қарши маърифат” билан қуролланишдир. Бир аллома айтган экан: “Жоҳил, оми одамларнинг ҳукмидан худо асрасин”. Улуғларнинг меросини ана шундай одамлар қўлидан юлиб олиб, уларга ҳукм чиқаришга изн бермаслик лозим.

 

Улуғбек САИДОВ,

филология фанлари номзоди,

доцент

 

“Тафаккур” журнали, 2018 йил 3-сон

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси