“Томошабинни ёлғонга ишонишга мажбурласак, санъатнинг фожиаси шу” – Тоҳир Саидов


Сақлаш
02:52 / 20.07.2023 870 0

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Тоҳир САИДОВ билан суҳбат

 

У дунёга ҳамиша юмор кўзи билан қараётгандек туюлса-да, аслида ўта жиддий истеҳзо ва киноя билан боқади. Актёрлар борки, машҳур бир ролни ўйнаб, унинг таъсиридан чиқолмай юрса, Тоҳир Саидов аввалги ҳар қандай ролини синдириш учун энг кўп тер тўккан, энг кўп изланган актёрдир. Зеро, санъатга йўқсил гадо роли орқали кириб келиб, бора-бора эркатой шаҳзода Ҳамлетгача кўтарила олган актёр ҳам Тоҳир Саидовдир.

 

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Тоҳир Саидов санъат учун қанчалик сирли бўлса, омма учун ҳам очилмаган бир қўриқ...

 

“Мен ҳеч қайси ролни орзу қилмаганман”

 

Бир неча йил аввал “Маданият ва маърифат” телеканалида янги лойиҳа йўлга қўйиладиган бўлди. Театр дарғалари ҳақида туркум кўрсатувлар тайёрлайдиган бўлдик. Бошловчи сифатида Тоҳир Саидовга мурожаат этдим. “Жуда катта савоб ишга бош қўшаяпсизлар, албатта ёрдам бераман” деди. Тушундимки, азбаройи театр санъатига, ўтган устозларга ҳурмати юзасидан ҳатто кўрсатувдаги чиқишлари учун ҳақ ҳам олмади. Мен эса шу баҳона актёрнинг кечинмаларини қоғозга тушира бошлайман:

 

“Ижодимдан етарлича қониқаман. Баъзи ҳамкасбларимга ўхшаб Навоий ё Берунийдек йирик сиймолар ролини кутмаганман... Балки шунга бу роллар менга насиб этмагандир... Обид Юнусов кўп йиллар бурун Ибн Синонинг ёшлигини ижро этган. Қачонлардир дилимда мана шу ролга ҳавас бўлган. Афсуски, насиб этмади. Дунё тиббиётининг отаси бўлган Ибн Синонинг кексалигини ижро этишга ҳам энди кеч.

 

Кўпчилик “Парвона”даги Ўткурий роли сенга мос тушади дейди. Балки шундайдир. Ўткурийни Обид акам ўзи билан бирга олиб кетди. Яна бир Ўткурийни яратиш учун бир-икки авлод алмашиши керак. Яъни Обид акамнинг Ўткурийсини кўрмаган янги авлод туғилиши лозим. Ана шунда “Олтин девор”ниям, “Парвона”ниям қайта саҳналаштирса бўлади. Тошболта ошиқ ролини Сойиб Хўжаев маромига етказиб ижро этган. Озгина вақтдан сўнг раҳматли Ҳусан Шарипов Муқимий театрида Тошболта ошиқни ўйнади. Рол ёмон ижро этилди деёлмайман, лекин халқ Ҳусан Шариповни қабул қилолмади. Шунинг учун ҳам мен Ўткурийни ижро этишга қўрқаман.

 

Лекин ҳамон юрагимда битта спектакл бор. “Жонимни ол, жонгинам” асарини биласиз. Жуда қизиқарли мавзу. Уч киши ижро этади. Бир пайтлар театримизда Наби Раҳимов, Яйра Абдуллаева ва Эркли Маликбоева ўйнаган. “Жонимни ол, жонгинам” асари қайта саҳналаштирилса, жон деб ўйнардим”.

 

“Шартлилик ҳам эвида бўлсин-да”

 

Негадир сўнгги пайтлар миллий театрда санъат дарди, қайғуси билан яшайдиганлар камёб бўлиб кетди деб ўйлаб қоламан. Чунки ўн йилдан бери театр санъати ҳақида кўрсатувлар тайёрлаб юриб, яхши спектакл қўйишни эмас, унвон ва шон ортидан югураётган қиёфаларга кўп дуч келдим. Лекин ҳали театр қайғусидан, санъат дардидан кечмаган яна бир ижодкор борлигини, Тоҳир Саидов ўрни келса ўзига ва атрофдагиларга нисбатан талабчанлигини ва қатъий ирода кўрсата олишини кейинроқ тушундим:

 

“Минг уринманг саҳнадаги ёлғон ижро дарров сезилиб қолади. Театр – ёлғонга қурилган санъат эмас... Саҳнада шартлилик деган тушунча бор, лекин у ҳам меъёрида бўлгани яхши... Эллик йил аввал театрларимизда Жулйеттани эллик ёшли актрисалар ҳам ижро этаверган. Энди замон кўтармайди. “Ўткан кунлар” филмидаги Отабек ролини Ўлмас Алихўжаев қирққа яқинлашганида ўйнаган. Ёки ҳиндларнинг “Сангам” фильмини ҳам бир эсланг:  Гупал, Радха, Сундар. Бу уччала актёр ҳам камида элликка кириб илк муҳаббат ёшидаги қаҳрамонларни гавдалантирган. Лекин ҳеч ким айбламаган.

 

Тарихдан биласиз, Навоий ва Бойқаро тенгдош бўлган. Битта мактабда таҳсил олишган. Ўртоқ бўлишган. Лекин бизнинг театримизда ота-бола Мўминовлар – бири Бойқарони, иккинчиси Навоийни ижро этади.  Теша ака Толибга қараб “дўстим, дўстим” деб мурожаат этади. Энди шундай спектакл қўйиб томошабинни ишонтира оласизми? Йўқ, асло. Салла кийиб, соқол қўйгани билан томошабинга ота-бола бўлиб кўринаверади. Отнинг қашқасидек маълум-ку... Томошабин қандай қилиб ишонсин бу Навоий ёки Бойқаро эканига...

 

“Мирзо Улуғбек” спектаклини-ку айтмай қўя қолай! Мақсуд Шайхзода пьесада Улуғбекни эллик олти ёшда дея ёзиб қўйибди. Эркин Комилов етмиш беш ёшда бўлса, онасини эса етмишга ҳам кирмаган Муқаддас Холиқова ижро этса, Эркин ака “онажооон” дея ўзидан кичик аёлга мурожаат қилса... Қанақа шартлилик бу?.. Майли, бунга ҳам чидаш мумкиндир. Ўша спектаклда Улуғбекнинг олтмиш етти ёшли деҳқон Ота Мурод билан учрашадиган саҳнаси бор. Театримизда анча йиллар аввал саҳналаштирилган вариантида бу чолни тўқсон ёшли Саъдихон Табибуллаев ўйнаган эди. Энди эса ўттиз ёшли болага бериб қўйишибди. Бундай шартлиликни қабул қила оласизми? Йўқ. Чўлпон унақа бўлган, Улуғбек бунақа эди, Гавҳаршодбегим эса шунақа эди деб кўзбўямачилик қилаверсак, томошабинни ёлғонга ишонишга мажбурласак, санъатнинг фожиаси шу эмасми? Ахир театр ёлғон санъат эмас-ку?”.

 

 

Ҳамлет

 

Ҳозирги замонда Ҳамлетлар йўқми? Улар бошқа туғилмайдими? Бу ғаддор дунёда хўрликка, ҳақоратга, адолатсизликка, лўттибозликка, фитналарга қарши кураша оладиган Ҳамлетлар қани? Шекспирнинг бу шоҳ асари миллий театрда саҳналаштирилган пайтда турли фикр ва мулоҳазалар қулоққа чалина бошлади. Кўпчилик Ҳамлет жуда яхши ижро этилди дейишса, баъзилар ҳозирги замон томошабинига бўлаверади дея беписанд гапиришди. Тўғри, Шекспирнинг бу асари ҳар бир давр учун ўз сўзини айтиб келган. Саройда фикр айтиш ҳисси бўғилган, исёнкорликка тоқатсизлик кечаётган пайтда томошабин Тоҳир Саидов ижросида давр эҳтиёжларига мос қаҳрамонни топди.

 

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Беҳзод Муҳаммадкаримов “Мен Америкага кетиб Ҳамлетни ўйнаш бахтини бой бериб қўйдим” дея армонини изҳор этган эди. Чунки “Ҳамлет” спектакли театрнинг тожидир. Бу спектаклга қизиқаётганимни билиб актёрнинг ўзи сўз бошлайди:

 

“Ҳа, агар Беҳзод Ўзбекистонда бўлганида, балки мен Ҳамлетни янаям яхшироқ ижро этган бўлардим. Чунки ёнингизда кучли рақиб турса, ўз иқтидорингизни тўлиқроқ намоён этишга мажбур бўласиз, ундан зўрлигингизни исботлашга интиласиз. Менинг ёнимда эса ўша пайтда кучли рақиб йўқ эди. Масалан, юз метрга бир ўзингиз югурсангиз қанақа-ю, рақиб билан мусобақа қилсангиз қанақа? Фарқи бор-ку! Шунинг учун менинг ёнимда Ҳамлетни янада яхшироқ ўйнашга Беҳзод етишмади.

 

Раҳматли Ҳожиакбар Нурматов ижромни кўриб, “Бу Ҳамлетмас, шунчаки бақироқ бир одам, тинмай овозга зўр бераяпти” деб ўринли танқид қилган. Бу фикр тўғри. Чунки театримиз акустикаси жуда ёмон. Устозларимиз айтишарди, “энг охирги қаторда ўтирган томошабин ҳам пулига чипта сотиб олган, овозинг у ёққа етиб бормаса, бу пул сен учун ҳалол эмас”. Афсуски, бу саҳнада ижро этилган Отелло ҳам, қирол Лир ҳам, Ибн Сино ҳам шу сабабдан бақироқ бўлиб қолаверади...”.

 

Бир-биримиздан ўрганамиз

 

“Агар мендан киноактёрлик нима деб сўрашса, “бу – кўзлар жангидир” деб жавоб берган бўлардим”, дейди Тоҳир Саидов. Шу кунларда “Мендирман Жалолиддин” сериали ҳақида турли фикрлар қулоққа чалинаяпти. Кимдир сериалнинг ўз вақтида тасвирга олинганини уқтирмоқчи бўлса, биров фильм сифатида жуда жўн ишланганини айтади. Жалолиддин ролига турк актёри таклиф этилгани яхши албатта, лекин профессионал санъат вакиллари кўзи билан қараганда, турк актёри Эмре Қивилжим ижроси Жалолиддиндан анча узоқлиги сезилиб қолмоқда. Жавоҳир Зокиров, Райҳон Уласинова,  Раъно Шодиева, Юлдуз Ражабова каби актёрлармиз ижроси турк актёрлариникидан анча таъсирчанроқ. Бунинг сабаби нима? Негадир менга дунё миқёсидаги турк актёрлари берилган ролларини қўл учида ўйнаётгандек туюлди. Мен эса ушбу сериалда Низомулмулк ролини ижро этган Тоҳир Саидовни саволга тута бошлайман:

 

“Санъатда иккита йўналиш мавжуд. Кўргазма санъати ва кечинма санъати дейилади. Биз кўпроқ кечинма санъатига урғу берамиз, чунки Станиславский усулини бизга шундай ўргатишган. Турк ижодкорлари эса кўпроқ кўргазма санъати техникасини ўзлаштирган. Орадаги фарқ шунда.

 

 

Биз ҳиссиёт ва қалб билан ижро этамиз. Турк актёрлари эса намойиш этиш санъатини ифолалашга ҳаракат қилишади. Тасвирга олиш жараёнлари пайтида бир неча ой Туркия меҳмонхоналарида яшадик. Кечки пайт иш тугагандан сўнг турк ҳамкасбларимиз кўпинча хонамизга ширинлик ва совға-салом олиб келиб, “сизлар қандай қилиб йиғла деганда йиғлаб, кул деганда бирданига кулишни кўрсатиб бераяпсизлар? Техникаси қандай, сирини тушунтиринг” деб келишарди. Бу Станиславский системасининг алифбоси эканини, институтда шундай ўқитилишини айтардик. Бу ҳақида соатлаб суҳбат қурган кунларимиз бўлди. Масалан, камера ёнида режиссёрдан “йиғла” деган буйруқ келганида ҳаётингдаги энг оғир дамни эслайсан, яқинларингдан ажралган кун бўлиши мумкин... Шунда бу дам у ҳолатдаги изтиробингни ёдга солади. Ёки ҳаётингдаги энг қувончли воқеани эслайсан. Ўз-ўзидан юзингда хурсандчилик пайдо бўлади. Демак, йиғи ҳам, кулги ҳам ўз-ўзидан қуюлиб келаверади. Нега туркнинг ижросида кўзлар жанги йўқ деяпсиз. Шунчаки ўзини намойиш этиш бошқа, оғриқни олтмиш минг томирингдан ўтказиб олиб, сўнг ижро этиш бошқа... Шунинг учун ҳам мен турк актёрларини моделларга ўхшатаман. Қадди-қомати келишган, юриши бадастир, чиройли кийимлар кийиб, хиром айлашни жойига қўйишади, лекин кўзида ўша воқеаларга тегишли бўлган нур, муносабат сезилмаса, бу экранда аниқ кўриниб қолади.

 

Актриса Райҳон Уласинова бир интервюсида турк актёри Эмре Қивилжим ҳақида гапириб, “Ана энди сериалнинг иккинчи бўлимига келиб, ўзбекка ўхшаб ўйнай бошлади” деганди. Бу тўғри фикр, балки улар биздан, биз эса улардан ўрганган жиҳатларимиз таъсир этгандир.

 

Бу сериал ҳақида турли фикрлар айтилаётган бўлса ҳам туркий дунё учун жуда муваффақиятли лойиҳа бўлганини вақтлар ўтиб англармиз балки...”

 

* * *

Кўпинча санъаткорга бўлаётган жараёнларга муносабат билдириб бориш учун кўп нарса халақит беради. Қўрқув, ийманиш, лоқайдлик ёки таниш-билишчилик... Шу сабаб ҳам санъат ичида дардимиз, армонимиз кўп... Лекин ҳеч нарсага қарамай ўз фикрини дадил айта оладиган актёрлар борлиги оз бўлса-да кўнгилга таскин беради... Тоҳир Саидов ана шундай куюнчак актёрдир...

 

Шоҳсанам Хидирова ёзиб олди.

 

“Маънавий ҳаёт” журнали, 2023 йил 2-сон.

“Театр – ёлғон санъатми?” суҳбати

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 17368
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//