Сиёсий мафкура маҳсулими ёхуд ҳақиқий ҳаёт манзараси? – “Авлиё қизи” овозсиз фильми таҳлили


Сақлаш
22:06 / 13.07.2023 731 0

Бир асар тарихи

 

Ўзбек киноси оғир ижтимоий-сиёсий муҳитда шаклланди. Илк кино томошаси бўлиб ўтган (1897) вақтдан бугунги кунгача давр оралиғидаги энг мураккаб, зиддиятли, айни пайтда ижодий жиҳатдан энг қизғин палла ўзбек киносининг овозсиз даври – 1925-1937 йилларга тўғри келади. Бу давр бир томондан янги бадиий ижод тури Туркистон ўлкасида пайдо бўлиб шаклланаётган ва шўро ҳокимияти тетапоя  қилаётган давр бўлса, иккинчи томондан янги ҳокимият театр, кино ва адабиёт аҳлидан ўз сиёсатини тарғиб этишни талаб этган, бошқа тарафдан эса халқ ким ҳақу, ким ноҳақлигини англамагани ортидан хўлу қуруқ баробар ёнган бир давр эди.

 

Аслида, “Ўткан кунлар”, “Меҳробдан чаён”, “Кеча ва кундуз” каби асарларда ҳаётнинг реал кўриниши бўрттирилмай, бадиий маҳорат билан ифодалангани, асардаги воқеълик ҳақиқатга зид эмаслиги бугунги тадқиқотлар ойинасида янада ёрқинроқ кўринмоқда. Шўролар сиёсати “социалистик реализм” методини санъат ва маданият ходимларига дастуриламал сифатида белгилаб бергани, шу боис муаммолар ва уларни бартараф этишга бўлган ҳаракат ҳам бир томонлама ёритилганлиги, бу йўлдан юрмаган ижодкорлар эса ижтимоий-сиёсий майдондан йўқотилганлигини бугун қайта-қайта таъкидлаш ўринсиз.

 

Биз эса бугунги кун чўққисидан ўтмишга бир томонлама назар ташлашдан, бадиий асарлардаги  тарихий ҳақиқат ва бадиий тўқима орасидаги нозик чегарани бузиб талқин этишдан чўчиймиз. Зотан, мафкуравий босим бўлишига қарамай, ХХ асрнинг 20-30 йилларида санъатнинг барча талабларига жавоб берувчи, бинобарин, реаллик бадиий маҳорат билан, ҳақиқатга хос равишда акс эттирилган асарлар ҳам бор эди. “Бир асар тарихи рукни”да ана шундай, реал ҳаётдан узоқ бўлмаган “Авлиё қизи”  фильми ҳақида сўз юритамиз.

 

 

“Авлиё қизи” (“Дочь святого”Драма, 1931. Ўзбекдавкино)

Сценарий муаллифи – М.Рудерман. Режиссёр – О.Фрелих. Ролларда: С.Хўжаев, Р.Тўрахўжаев, И.Мирюсупов, Л.Жалилова, З.Шукурова.

 

Фильмда фарзандсизликдан даво истаб Абдунаби эшоннинг ҳузурига келган икки ёш эр-хотиннинг тақдири ёритилади. Беҳисоб муридлари билан шифо истаб келганлар орасида  Хакимжоннинг рафиқаси Зулфияга кўзи тушган эшон, ҳуфя муридлари орқали уни ўз ҳузурига чорлайди. Аммо, Хакимжон эшоннинг ёвуз ниятда рафиқасини ичкарига чақиртирганини орадан 15 йил ўтиб, ёлғиз фарзанди балоғатга етганидагина билади. Абдунаби эшон Хакимжоннинг ёлғиз қизини (аслида ўз қизи) хотинликка сўраб совчи қўйгач, қизнинг отаси Ҳакимжон эмас, эшон эканлигини Зулфия кўпчилик олдида айтишга мажбур бўлади...

 

 

Бу киносюжетнинг сценарий муаллифи М. Рудерман гарчи маҳаллий миллатга мансуб бўлмаса-да, Туркистон халқининг тарихи билан боғлиқ ҳодисани сценарийга асос қилиб олгандек, тасаввур уйғонади. Маълумки, халқ оғзаки драматургиясида, хусусан масхарабозлар комедик томошаларида мутаассиб кимсаларнинг содда аҳолини алдаб келиши масхарабоз ва қизиқчилар томонидан узоқ муддат муқаллид этиб келинган.

 

“Авлиё қизи” фильмида келтирилган воқеага ўхшаш муқаллидлик томошаси ҳам Қўқон хони Худоёрхон даврида машҳур қизиқчи Зокир гов труппасида ўйналгани ҳақида маълумотлар бор. Манбаларга кўра Қўқон хонлари Муҳаммад Алихон  (Маъдалихон – Нодиранинг Бухоро амири Насруллохон  томонидан қатл этилган ўғли) ва Худоёрхон даврида саройнинг етакчи аёнларидан бўлган Миён Бузрук эшон билан шунга ўхшаш воқеа содир бўлган.

 

Худоёрхон даврида Миён Бузрук эшоннинг нуфузи жуда баланд бўлиб, бунга сабаб у Бухоро амирининг эътиборини қозонган эшонлардан эди. (Маълумотларга кўра, Насруллохоннинг Қўқонга бостириб келишида Миён бузрук эшоннинг таъсири катта бўлган.) Бир кун Чимкентга борган эшоннинг ҳузурига бир неча аёллар зиёратга келадилар. Улар орасида чимкентлик хон амалдорларидан Алибойнинг Зулайҳо исмли гўзал рафиқаси ҳам фарзанд умидида шифо истаб борган бўлади. Миён Бузрук эшон ёш аёлни алдаб, тунда фаришта қиёфасида Зулайҳонинг ёнига киради. Эшоннинг бу аҳлоқсизлиги Худоёрхоннинг ҳуфялари томонидан аниқлангач, хон саройида “Авлиё” номи билан томоша кўрсатилган ва гуноҳкор ҳибсга олинган.

 

Бу воқеа халқ орасида жуда кенг тарқалганиданми, ёҳуд шунга ўхшаш ҳодисалар тез-тез учраб турганиданми, ҳар ҳолда халқ оғзаки ижоди намуналарида, қўғирчоқбозларнинг қўғирчоқ ўйинлари репертуарида ва кейинроқ, жадид драматургиясида ҳам мазкур мавзуга мурожаат этилганлигини кўрамиз. Хусусан, театршунос олим М. Раҳмоновнинг “Ўзбек театри тарихи” китобида сарой аёнларидан бўлган ёки хон томонидан эъзозланган баъзи диндорларнинг халқни турли йўллар билан алдаб келгани, ўз нуфузидан фойдаланиб, Миён Бузрук эшон каби  адабсизликлар қилгани ва бундай ҳаётий ҳақиқатлар қизиқчилар томонидан кичик-кичик лавҳалар кўринишида халқ ва сарой кишилари олдида ижро этиб келингани хусусида фактларга асосланган маълумотлар бор. Кўринадики, шўро ҳокимияти даврида аксар руҳонийлар образи бадиий ижоднинг турли кўринишларида қора рангда акс этганини фақат сиёсий мафкура билан боғлайвериш бугунги кунда ҳам ҳақиқатнинг бузиб талқин этилишига олиб келиши мумкин.

 

 

Фитрат, Чўлпон, Ҳ.Ҳ.Ниёзийнинг ижодий намуналарида ҳам сўз юритилаётган сюжетга хос асарлар бисёр. Хусусан, Фитратнинг  “Қийшиқ эшон” ҳикояси, “Рўзалар”, “Арслон” драмалари, Чўлпоннинг “Қор қўйнида лола” ҳикояси ва Ҳ.Ҳ.Ниёзийнинг деярли барча драматик асарларида мазкур мавзунинг турлича бадиий талқинларини кўриш мумкин. Эътиборга молик тарафи шундаки, бу адиблар шўро ҳокимиятининг мафкуравий босими остида эмас, ўз замонасининг мавжуд иллатларига қарши бадиий исён даражасида  ҳақиқатга асосланган воқеаларни қаламга олганлар. 

 

 

“Авлиё қизи” фильми марказида турган Абдунаби эшон образини актёр (кейинчалик, сценарийнавис ва режиссёр) Сулаймон Хўжаев ижро этган. Ўзига хос юксак актёрлик иқтидорини намоён этган Сулаймон Хўжаев эшон образида улуғвор қиёфаси, айёрона, бургут кўзидек ўткир нигоҳи билан ўлжасини овлаш ҳаракатида бўлган йиртқични эслатади. Эшон ҳузурига келган зиёратчилар унинг қўлларини ўпадилар, оёқларига йиқилиб, гўё унга сиғинадилар. Бундай ҳолатда унинг ўлжасига айланган Зулфиянинг дардини биров тингламаслиги томошабин учун очиқ аён бўлади. Албатта, орадан чорак аср вақт ўтгач, Зулфия барибир, сирни ошкор этишга мажбур бўлади. Бу орада унинг қизи Ойниса шаҳарга кетиб, фабрикага ишга кирган, ўз ҳуқуқини англаш даражасига етган, ёш шўро ҳокимиятининг паноҳида бўлган хотин-қизлар қаторига қўшилади.

 

 

Фильм овозсиз даврда яратилгани учун ҳам йирик пландаги актёрларнинг юз ифодалари, кўз қарашлари катта драматургик юкка эга. Шу билан бирга ҳали санъат сифатида тўлиқ тан олинмаган кинонинг имкониятлари кундан кунга кашф этилаётган, монтажнинг янги-янги усуллари топилаётган бир  вақтда суратга олинган бу фильм давримизнинг  ёш, ҳаваскор киноижодкорларига катта бадиий маҳорат дарси ўрнида ўрганилиши мумкин.  Мисол учун, параллел монтаж ёрдамида яратилган Абдунаби эшоннинг ҳонақоҳидаги сирли вазият билан ташқаридаги зикр саҳнаси яхлит эпизод кўринишида содир бўлаётган жиноятнинг темпо-ритмини овозсиз кадрларда ифодалай олган. Умуман, кинонинг овозсиз даврида ҳар бир яратилган киноасардан янги топилмалар кутилар эди. Ўзбек киносининг овозсиз даврида эса шўро ҳокимияти сарфланган ҳар бир чақанинг ҳам ҳисобини сўрар, янги фильм ҳам мафкуравий талабларга жавоб бериши, ҳам бадиий жиҳатдан юксак бўлиши шарт эди. (Бу шартларга жавоб бермаган фильмлар ҳам кўп бўлган. Бу кейинги мавзулар доирасида ёритилади) “Авлиё қизи” фильмидаги сюжет йўналиши эса соф кинематографик драматургия қурилиши ва “мафкуравий” (мавжуд тузум сиёсатига мос) ғоявий ечимнинг тўлақонли ёритилиши билан аҳамиятлидир.

 

 

Фильмнинг сюжети ўша пайтда, нисбатан катта тажрибага эга хорижлик сценарийнавис ва режиссёрлар томонидан суратга олинган. Бироқ, маҳаллий аҳолининг турмуш тарзи, ўзбекларнинг ўзига хос феъл-атвори, ва умуман, омманинг эшон, муллаларга авлиёдек муносабатда бўлишлари тўғрисида ерлик киночилар қаторида, актёр Сулаймон Хўжаев ҳам маслаҳатчи бўлганмикин, деган тахминимиз бор. Чунки, Сулаймон Хўжаев Тошкентда диний таълим олганлигидан ташқари, Москва олий кинематография курсида ҳам таҳсил олган (1927 – 1930 й.й.) биринчи ўзбек кинорежиссёрларидан биридир. Айни фильм суратга олинган кезларда у ўзининг “Тонг олдидан” муаллифлик фильмига материаллар йиғиб юрган вақти эди. Орадан кўп ўтмай у “Тонг олдидан” фильмини суратга олади, лекин фильмнинг премьераси ўтказилмай, муаллифи қатағонга учрайди.

 

 

Ҳозирда Ўзбекистон кино санъати музейи архивида сақланаётган  ўзбек овозсиз фильмлари қаторида “Авлиё қизи” кинолентаси ҳам бор. Овозсиз фильмлар суратга олинган даврнинг  ижтимоий-сиёсий муҳити ва ўша даврдаги кинога бўлган талаб ва ижодкорлар ҳақида маълум тушунчага эга бўлмай туриб, бу давр фильмларини дабдурустдан кўрган томошабин  кўплаб саволлар гирдобида қолиши мумкин. Зотан, бизнинг бугунги замонамиздаги диний билим ва дунёқараш билан ХХ асрдаги диний тушунчалар орасида тафовут катта. Шу боис ҳам, келгусида кино санъати мавзуси доирасида ўзбек кино санъатининг шаклланиши, ривожланиши ва дунёга чиқиши босқичларини ёритиб боришни ният қилдик.

 

Шоҳида ЭШОНБОБОЕВА.

Oyina.uz

 

“Oyina.uz”нинг Телеграм'даги расмий каналига аъзо бўлинг!

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 17368
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//