
Афғонистон уруши ҳақида кўп фильм суратга олган мамлакатлар асосан Россия, АҚШ ва Эрон ҳисобланади. Чунки айнан мана шу давлатлар аҳолиси бевосита Афғонистондаги сиёсий вазият туфайли ё кўп азият чеккан, ё сиртдан толибонларнинг таъсирига йўлиққан.
Умуман, Ғарб ва Шарқ кинематографияси тарихида афғон мавзуси кўтарилган мамлакатлар кўп. Улар орасида Ўзбекистон ҳам бор. Фақат бизнинг фильмларимизда кўпроқ СССР – Афғонистон урушининг оғир асорати ҳақида ҳикоя қилинади... Қуйида айнан “дўзах” ичкарисини кўрсатадиган айрим хориж фильмлари ҳақида маълумот бермоқчимиз.
“Оппоқ шакар” (“Белый песок”. Драма, 2009. Россия)
Сценарий – Владимир Валуцкий, Андрей Житков. Валерий Драгановнинг шу номли асари асосида суратга олинган. Режиссёрлар – Мурад Алиев, Андрее Пуустуемаа. Асосий ролларда: Валерий Николаев, Зара, Алексей Гуськов, Зафар Мавлонов, Хўжажурди Нарлиев, Сайдулло Молдаханов.
1982 йил. Афғонистон-СССР уруши давом этаётган палла. Рус зобити Александр Ветров ҳарбий операциялардан бирида “душман”га асир тушади. Беш йил давомида отбоқар бўлиб ишончга кирган бўлса-да, яна бир синовга йўлиқади. У афғон ниқоби остида 11 тонна героинни Ленинградга темир йўл орқали етказиши керак. Агар хиёнат қилса, уни аллақачон ўлган деб ҳисоблайдиган ўғли ва хотинининг жасадини олиши тайин. “Афғонистон мағизи” ортилган вагоннинг бошқа харидорлари йўлда юкни қўлга киритадиларми, йўқми? “Соф” мол белгиланган манзилга етиб борадими, йўқми – фильм шу саволга қурилган.
Америка ва Россия давлатларининг гиёҳванд модда савдосига қарши кураш бошқармалари ўзаро ҳамкорликда Афғонистондан йўлга чиққан вагонни қўлга тушириш учун ҳаракат қилади. Лекин фильм мазмунида бу “ҳосил”нинг буюртмачиси айнан кимлиги кўрсатилмаган. У америкалик эканлиги ва анча “баланд курси”да ўтириши шипшитиб ўтилган.
Фильм 1982–1987 йиллардаги воқеалар асосида суратга олинган. Саргузашт-жангари жанрдаги картинага уруш лавҳалари фильм бошланишида – Ветровнинг қандай асирга олинишини кўрсатиш учун киритилган. Кейинги сюжетларда жанговар саҳналар йўқ, лекин детектив ҳикоя йўналиши давом этади. Умумий манзара чўл, тупроқ ва сомон сувоқ уйлардан иборат. Чодрага бурканган аёллар, ибтидоий даврга хос шароит афғон ҳудудида қўрқинчли ва аянчли ҳаёт ҳукм сураётганидан далолат беради. Одамларнинг чеҳрасида қандай мавқеда эканлигидан қатъи назар маҳзунлик ҳукмрон. Мамлакатнинг асосий “бойлиги” – афюн ва унинг харидори Колумбия, Россия ва Америка. Мантиққа зидлик шундаки, “оқ шакар” олди сотдисига қарши курашишда ҳам Россия ва Америка етакчи...
Фильм якунида “мағиз” ортилган вагон уни кутаётган харидорларга етиб бормайди. Вагон йўлга чиққанидаёқ Россия ва АҚШ махсус хизмати томонидан кузатувга олинган эди...
“Қандаҳор” (“Kandahar Break”. Драма, 2009. Буюк Британия)
Сценарий муаллифи ва режиссёр – Давид Уитни. Асосий ролларда: Шоун Дулей, Дин Андрю, Рашид Наз.
1990 йил. Афғонистон. Буюк Британия фуқароси Ричард Ли толибонлар маъмуриятида ишлайди. У икки ойлик танаффусдан сўнг ишини давом эттириш учун Афғонистонга қайтади. Уларнинг вазифаси афғон ерларидаги саноқсиз миналарни топиб, зарарсизлантиришдан иборат эди. Ниҳоятда хавфли бу ишга икки таржимон қиз – Жамила ва Аиша жалб этилган бўлиб, жами беш киши толибонлар кузатуви остида фаолият юритади.
Бир куни миналарни қидириш пайтида толибонлардан бири мумкин бўлмаган ерга ўтиб, ҳалок бўлади. Портлаш натижасида Аиша ҳам яраланиб касалхонага тушади. Энди Жамиланинг бир ўзи таржимонлик қилиши мумкин эмас. Инглизларга бошқа таржимонни тавсия этишади. Лекин Ричард тилни чала биладиган йигит билан ишлашни хоҳламайди. Унга Жамила керак...
Саргузашт жангари жанрида суратга олинган фильм томошабинни таҳликага солади. Ҳар қадамда толибон кузатувчилари бўлган ҳудудда Ричард ва Жамила бир-бирига кўнгил қўйган. Буни сезиб қолган толиблар Жамила ва унинг дугонаси Аишани тошбўрон қилишади. Жамилани толиблар чангалидан қутқарган Ричарднинг ҳаёти хавф остида қолади. У Қандаҳорни кесиб ўтиб, Покистон чегарасига етиб олишга шошади...
Қандаҳорда толиблар ўрнатган тартиб гўё шариат қонунлари асосида дейилса ҳам, мамлакат разолат ботқоғига ботиб кетгани фильмда фактологик кадрлар асосида ҳикоя қилинади. Ошиқхон ҳукмронлиги остидаги ҳудуд қонунларига ҳеч қандай ташқи куч таъсир этолмайди: “Сиз ҳеч қачон Афғонистонни тушунмайсиз. Бу сизга Ҳиндистон ёки Покистон эмас...”
Режиссёр Давид Уитни Қандаҳордаги қўрқинчли муҳитни Ричард нигоҳи билан кўрсатади. Қачонлардир яхлит йирик давлат бўлган мамлакат Буюк Британия дастидан Покистон, Афғонистон ва Эрон ҳудудига бўлиниб кетгани, советлар босқини пайтида уларга қарши барча афғонлар бирлашгани, америкаликлар келгач фуқаролар уруши авж олгани оддийгина тилда тушунтириб берилади...
“Қандаҳорга сафар” (“Safar-e Ghandehar”. Биографик драма, 2001. Эрон/Франция)
Сценарий муаллифи ва режиссёр – Мохсен Махмалбаф. Асосий ролларда: Нилуфар Пазира, Ҳассан Тантаи, Саду Теймури, Ҳаятулла Ҳакими, Моника Ханкиевич, Ноам Моргенштерн, Заҳро Шафаҳи, Сафдор Шужои, Муллазоҳир Теймури.
ХХ асрнинг охирги қуёш тутилишига уч кун қолди. Айни ўша вақтда Нафаснинг синглиси ўз жонига қасд қилмоқчи. Опа уни машъум қароридан қайтариш учун Қандаҳорга етиб олиши керак. Эрон, Покистон, Тожикистон орқали Афғонистонга боришга ҳаракат қиляпти, лекин йигирма беш кундан бери йўлда сарсон. Нафас қаерга кетаётганини яхши билади, шунинг учун йўл саргузаштларини диктафонга ёзиб бормоқда. “Бу менинг “қора қутим”. Агар менга бир нарса бўлса – портлаб кетсам ёки ортга қайтмасам, одамлар нима бўлганини шундан билиб оладилар...”
Нафас иккинчи уйи – Америкага қайтиб кетадими ёки қайтмайдими, фильм якунида ҳам номаълум қолади. У саҳрода яшаётган афғон аёлларининг, болаларининг ночор аҳволини кўраркан, ўзича таҳлил қилади: “Чегарада Афғонистонга ўтмоқчи бўлиб турган қизчаларга миналарнинг хавфлилигини тушунтиришмоқда. Қўғирчоқларга тегмасликни ўргатишяпти. Бир вақтлар сен (синглисига мурожаат – муаллиф) билмасдан қўғирчоқни олиб, оёғинг портлаб кетган эди. Энди улар билан бундай ҳол рўй бермайди...”
Афғон заминида миналар сон-саноқсиз. Одамлар хатарнинг қаерга яширинганини билмайди. Шунинг учун нохос минани босиб, оёқсиз қолганларга “Қизил хоч” жамиятидан бир йилда бир марта ясама оёқ берилади. Навбатда турганлар кўп. Қўлтиқтаёқли ногиронлар осмонда вертолётни кўриб ҳаккалаб чопадилар. Нигоҳлар осмонда, парашютларда улар кутган ясама оёқлар учиб тушмоқда...
“Қандаҳорга сафар” картинаси бадиий ва ҳужжатли фильм синтезида яратилган. Шунинг учун ҳам махсус саҳналаштирилган кадрларни сезмайсиз. Актриса Нилуфар Пазира Нафас ролида худди ўзининг реал ҳаётидан ҳикоя қилаётгандек туюлади. Аслида режиссёр Мохсен Махмалбофнинг ижодий услуби шундай. У аксар фильмларига реал воқеаларни асос қилиб олади. Декорациялардан кўра табиий макон, табиат манзарасини афзал билади.
Афғонистон мавзуси кўтарилган бадиий фильмлар сон-саноқсиз. ХХ асрнинг ўрталаридан то бугунга қадар яратилган бундай киноасарларнинг айримларида тўқима сюжетлар устун турса, баъзиларида давлатлараро сиёсий муносабатлар ёлғон ўйинларга қурилганини кўриш мумкин. Шу билан бирга, оддий халқ турмушидан ҳикоя қиладиган, оддий одамларнинг эркин ҳаёт учун курашлари акс этган фильмлар ҳам беҳисоб.
“Таржимон” (“The Covenent”. Жангари драма, 2023. АҚШ)
Сценарий муаллифи ва режиссёр: Гай Ричи. Бош ролларда: Жек Жилленхолл, Дар Салим. Етакчи ролларда: Александр Людвиг, Эмили Бичем, Фериба Шейхан, Энтони Старр.
Жорий йилнинг энг кассабоп ва рейтинги юқори бўлаётган “Таржимон” фильми қисқача ахборот билан бошланади: “2001 йил 7 октябрь. Америкадаги 11 сентябрь террор ҳуружига жавобан Афғонистонга 1300 та АҚШ аскари юборилди. 2011 йил декабрига келиб бу рақам 98 000 та америкалик солдатга кўтарилди. 50.000 афғон таржимонлари Америкага махсус иммиграция визаларига эга бўлиш тўғрисидаги келишувга асосан АҚШ ҳарбийлари томонидан ишга олинди”.
Лекин фильм воқеалари 2018 йил март ойида бўлиб ўтади. Сержант Жон Кинли Афғонистон толибонларининг ўқ-дори ва портловчи моддалар яширинган омборларини топиш ва йўқ қилиш гуруҳига бошчилик қилади. Отряднинг бир гуруҳ ҳарбийлари билан бирга таржимон ҳам ҳалок бўлгач, ишга янги таржимон Аҳмад келади. Аҳмад ҳомиладор рафиқасини олиб АҚШга кетиш учун жонини хатарга қўйиб таржимонлик қилади. Ҳар ҳолда афғон таржимоннинг АҚШ томонида ишлаши толибонлар учун сотқинлик ва кофир бўлиш билан баробар. Бошқа томондан эса, АҚШ ҳарбийларининг ишончини қозониш ҳам осон эмас.
Гай Ричи сценарий муаллифи сифатида сюжет мазмунини маънавий-маърифий фикрлар билан тўлдирмайди. Ким ҳақ, ким ноҳақлигини аниқлашдан ҳам қочади. Шунчаки, бўлиб ўтган ҳаётий воқеани кино санъати тилида намойиш этади. “Тўғрисини айтсам, биз ишкал қидирамиз”, дейди Аҳмад билан илк танишиш чоғида Жон Кинли.
Толибонларнинг ўқ-дорилар яширинган омбори ишғол этилганида, 40 дан ортиқ толибон, 10 дан ортиқ АҚШ ҳарбийлари ҳалок бўлади. Жон Кинли ва Аҳмад тоғларга қочиб яширинадилар. Уларни тириклайин қўлга олиш топширилган толибонлар билан бўлган отишмада сержант Кинли оғир яраланади. Толиблар чангалидан бир неча марта қутулиб қолган Аҳмад ва унинг хушини йўқотган ярадор дўсти Кинли ниҳоят АҚШ ҳарбийлари томонига етиб келганларида ажраладилар.
Бир неча вақтдан кейин Америка касалхонасида кўзини очган Кинли қандай тирик қолганини эслолмайди – “Ҳеч нима ёдимда йўқ”... Аммо, аста-секин хотираси тикланар экан, жаҳаннам ўчоғидаги “сайр” ва Аҳмаднинг сиймоси кўз ўнгидан кетмайди. Ўлим билан бир неча бор рўпара келишгани, афғон таржимони билан оч-наҳор кун-ва тунни ўтказгани ва тирик қолгани учун ундан қарздор эканини эслайди. Афғонистонда Кинли ва Аҳмад боши учун катта товон пули тикилган. У эса бу ерда – иссиқ ўринда.
“Таржимон” фильмида Аҳмад бош қаҳрамонми ёки Жон Кинлими, аниқлаш қийин. Аҳмаднинг тоши Жон Кинли турган паллани босиб кетади. Ҳатто, иккинчи қисмга – қарзни қайтариш қисмига ўтилганида ҳам томошабин Аҳмаднинг тақдирига кўпроқ ташвишланади.
Гай Ричи 2 соат давомида жангари драма жанрига хос кучли ҳаяжонни ҳосил қилувчи эпизодларни нозик дидли профессионал режиссёр даражасида яратган. Актёрлар ижро маҳорати постановкачи рассом, оператор, режиссёр, монтаж устаси ва овоз режиссёрининг ҳамкорлиги билан ҳозирги Афғонистон манзараларини намойиш этади. Гўё, эртакдаги аждарни ўлдириб, дўстини қутқаришга отланган кенжа ботир каби Жон Кинли олийжаноб америкалик қиёфасида яна “Кўҳи Қоф”га жўнайди...
Жон Кинли исми шарифини ўзгартириб Афғонистонга қайтади. У уч кун ичида дўстини олиб Америкага қайтиши керак. Ҳамма яхши эртаклар каби “Таржимон”нинг хотимаси яхшилик билан тугайди.
Айтиш керакки, яхши фильм мураккаб сюжетлар занжири ёки файласуфона фикрлар жамламаси эмас. Яхши фильм экран ҳақиқатига томошабинни ишонтириш маҳоратидир. Бу маънода, асли Буюк британиялик Гай Ричи замонавий яхши, лекин томошабинбоп енгил фильм яратган. Санаб ўтилган толибон мавзуси кўтарилган фильмлар билан “Таржимон”нинг ўхшаш жиҳати – маҳаллий аҳолининг мавжуд тузумга муросасиз муносабати бўлса, фарқи замонавий ҳарбий жангари жанрида эканлигида, холос.
BBC, CNN каби машҳур телерадиокомпаниялар ишлаган ҳужжатли фильмларда ҳам афғон мавзуси турли ракурсда очилади. Шулардан бири “Ҳаром” (2018) деб номланиб, Россия тележурналистлари томонидан яратилган. Унда толибларнинг аёлларга муносабати ёритилган. Хусусан, дизайнер Атифа Фасаҳи, қўшиқчи Ариана Саид, актриса Акила Резай ва режиссёр Ройл Садатга ўз касби бўйича фаолият юритишни тақиқлаб қолмасдан, уларга очиқдан-очиқ ўлим таҳдиди билан мурожаат қилишади. Ҳатто Ариана Саиднинг бошини келтирганга пул мукофоти ваъда этилиб, телевидениеда эълон берилади. Интервьюда мулла Азизулла Муфас қўшиқчи аёлни ўлдириш шариат бўйича тўғрилигини таъкидлайди. Кескин қаршиликларга қарамай, “Ҳаром” публицистик фильми қаҳрамонлари фаолиятдан тўхтатмайдилар. Уларни қўллаб-қувватловчи ёру биродарлари, оила аъзолари бу билан толиблар тартибига ўз муносабатини билдирадилар.
Инсон ҳамиша эрк учун, ҳурлик учун курашиб келади. Бу йўлда ҳеч қандай қўрқув уни енга олмайди. Айни пайтда, XXI асрда ҳам жаҳоннинг турли гўшаларида зулм ва зўравонлик остида, эркин ва фаровон ҳаётни қўмсаб ҳар лаҳза таҳликада яшаётган халқлар йўқ эмас. Жаҳолатни тарғиб қилувчи мафкуравий тузумлар тезроқ тугатилишини, инсоният буткул озодликка эришишини тилаб қоламиз.
Шоҳида ЭШОНБОБОЕВА.
Oyina.uz
Тарих
Тарих
Фалсафа
Тарих
Тарих
Тил
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ