“Нимагаки қўл урсам, қумдай тўкилиб кетарди” – Шароф Бошбековнинг яхши ва ёмон кунлари


Сақлаш
20:59 / 23.06.2023 1041 0

Атоқли адиб Шароф БОШБЕКОВ билан суҳбат.

 

– Таъбир жоиз кўрилса, Шароф Бошбеков қачон, қаердан “бошланган”?

 

– Мен одамларнинг бахшиси, бахшиларнинг яхшиси устоз Фозил Йўлдош билан деярли ҳамқишлоқ эдим. Деярли дейишимга сабаб қишлоқларимиз ёнма-ён, жуда яқин жойлашган эди. Айни қиш вақти Фозил ота “кўмир, ўтин-чўпдан қийналиб қолдим, уйимдан чакка томяпти, ҳеч ким хабар олмайди”, дея Ёзувчилар уюшмаси, Олий Совет ва Марказқўмга устма-уст шикоятлар ёзаверибди. Ўша кезлар Олий Совет раиси бўлган Шароф Рашидов янги йилни кутиб олиш учун Самарқандга боради. Қайтишда оқсоқолдан бир хабар олиб кетайлик деб Фозил отанинг уйига кириб ўтади. Бахшининг хонадонида ҳурматли меҳмон шарафига қўй сўйилиб, катта зиёфат берилади. Қишлоқнинг бообрў одамлари қаторида бизнинг отамиз ҳам айтилади (у киши ўша кезлар Қорамўйин қишлоқ советида котиб бўлиб ишлаганлар). Оллоҳнинг қудрати билан кечаси қалин қор ёғиб, уй эшиклари очилмай қолган, ҳатто машинани кўмиб юборган (отамиз таъбири билан айтганда, от юролмас қор босган). Меҳмонлар яна бир кеча қолишга мажбур бўлишади. Вақт ярим кечадан оққанда қўшнилардан бири деразани чертиб:

 

– Бошбек ака, ўғилли бўлдингиз! – дея хушхабар олиб келади.

 

– Нима исм қўясиз, Бошбекбой? – дейди Фозил ота.

 

– Ўзларингиз бир нима дейсизлар-да… – дейди отамиз бошларини эгганча.

 

– Бўлмаса, ҳурматли меҳмонимиз шарафига Шароф деб қўясиз­да!    дейди бахши ота ва савол назари билан Шароф отага қарайди.

 

У киши мийиғида кулиб ўтираркан, эътироз билдирмабди. Буни “сукут – ризолик аломати” деб тушунган падаримиз эртаси куни янги туғилган меҳмонга “Шароф Бошбеков” деган ҳужжат олиб келади.

 

Ана ўша “от юролмас қор босган” кечада туғилган чақалоқ камина бўладилар. Ўшанда 1951 йилнинг 4 январь санаси экан...

 

– Шароф ака, очиғи, шу пайтга қадар савол беришдан осони йўқ деб юрарканман. Аммо сиз билан бўлажак мусоҳаба олдидан хийла каловланганимни яширмайман. Буни қарангки, ижтимоий тармоқдаги луқмангизда (бугун уни оҳанжама “пост” дейиш урфда) бир оз қимтиниб эслатганингиз – ўзингиз бир кезлар қоралаган шеърни ўқидиму суҳбатга кайфият бағишлар деган ниятда гапни шундан бошлай қолайлик, дедим. Мана, ўша шеър:

 

Майли, ёғдир – яна неки азобларинг бор,

Ғаним бўлсин, майли, қанча каззобларинг бор.

Таним нимта қилсин – не-не қассобларинг бор,

Йиғламайман, не қилсанг қил, эй олчоқ дунё!

 

Севсам кимни, оҳ-воҳларсиз кулиб суяман,

Хиёнатга кўзёш тўкмам, кулиб куяман.

Армонларнинг юки эзса, кулиб ўламан,

Йиғламайман, не қилсанг қил, эй олчоқ дунё!

 

Бундан олдин шеърларингизга кўзим тушмаган эди. Мазкур мисралар – ўша ёзилган дамдаги кайфият маҳсулимиди ёки?..

 

– 1985–1995 йиллар ҳаётнинг залворли зарбаларига дуч келдим. Ёзувчилар уюшмасининг Драматургия ва кинодраматургия шўъбасида дуппа-дуруст ишлаб турган эдим, уюшма раҳбарияти алмашгач, ишдан кетишга мажбур бўлдим.

 

“Улуғбек” фонди қошида “Улуғбекфильм” киностудиясини ташкил этдик, уям иқтисодий муаммолар сабаб, ёпилиб кетди. Ўз асарим асосида “Фарҳод қўшув Ширин” деган кино олаётган эдим, бу ҳам тўхтаб қолди. Нимагаки қўл урсам, қумдай тўкилиб кета бошлади.

 

Булари етмагандай, не сабабдандир махфий бир ташкилот “эътиборига молик” топилдим. Эртаю кеч кузатувга олишди барака топкурлар. Ваҳоланки, мен бу идоранинг диққатини тортадиган зиғирча ҳам иш қилганим йўқ эди; янги партияларнинг қурултой ва пленумларида қатнашмас, турли-туман митингларга-ку умуман яқинлашмас эдим. Мендан кўра анча фаол ижодкорлар тиқилиб ётувди-ку. Лекин ўша замонда долзарб ҳисобланган мавзуларда тинимсиз, сурункали ёзар эдим. Худонинг берган куни ё радио-телевидениеда, ё газета-журналларда кичкинагина бўлса ҳам нимамдир чиқар эди. Бир кунда иккита-учта нашрда мақолам чиққан вақтлар ҳам бўлди. Эрталаб радиода қандайдир мақола ёки ҳикоям берилса, кечқурун “Тошкент оқшоми”да яна бир нарсам газетхонларга “салом бериб” турган бўлар эди. Ҳозир архивимни титкиласам, ўша йиллари “қутуриб” ёзган эканман. Кўча-кўйни тўлдириб турган ажнабий сўзлар денгизида ғарқ бўлаёзган она тилим ҳақида “Ўзбак тили” номли ҳажвиям анча шов-шув бўлгани эсимда. Ваҳоланки, у даврлар тил ҳақида қонун йўқ эди, лекин виждон бор эди. Сираси, миллат ойдинлари совет замонида ҳам жим турмаган.

 

Ёзувчилар уюшмасида ишлаб юрган кезларим. Бир куни эрталаб ишга келсам, ҳамма менга ачингандек қарайди. Ҳайрон бўламан. Ҳамхонам Отаёр ака столимга секингина бир газета қўйди. Қарасам, Марказкомнинг органи бўлмиш “Совет Ўзбекистони”нинг 1984 йил 23 декабрь сони. Мақола тагида исм-фамилия қўйилмаган, демак, бу – Марказкомнинг нуқтаи назари. Унда “Тушов узган тулпорлар” асарим қаттиқ танқидга олинган эди. Бу асар қишлоқ хўжалигини, ҳозирги таъбир билан айтганда, ажриқдай босиб кетган коррупция ҳақида эди. У вақтлардаги таомилга кўра бу ҳурматли нашрда чиққан ҳар қандай мақолани (айниқса, у танқидий руҳда бўлса) газета-журналлар кўчириб босишга мажбур эди. Шундай бўлди ҳам. Ҳатто бир йил олдин ушбу асарга “Йилнинг энг яхши насрий асари” мукофотини берган “Ёшлик” журнали ҳам. Кейинчалик маълум бўлдики, мақсад “Ёшлар орасида ғоявий ножўя асарлар яратиляпти, уюшма раҳбарияти қаёққа қараяпти?“ деган баҳона билан раисимизни ишдан олиб, ўрнига етовга юрадиган бошқа бир одамни ўтқазиш экан. Халқимизда “Туяни шамол учирса, эчкини осмонда кўр” деган гап бор. Биз ҳам ана шундай сиёсий ўйинларда “эчки” ролини ўйнаганмиз.

 

Мамлакат мустақилликка эришгач, талай ютуқлар қатори кўплаб хато ва камчиликларга ҳам йўл қўйилди. Камчиликларига куюндим, яхши томонига суюндим. Бу жараёнларнинг ҳаммасини ўз томорқамда рўй бераётгандек юрагимга яқин олдим. Охир-оқибатда йиқилдим. Врачлар инсульт деб ташхис қўйишди. Бир қўл, бир оёқ ишламай қолди. Бутунлай тилдан қолдим. Лекин яна ёзавердим. Хонтахтадаги машинкамгача эмаклаб бориб, чап қўлимнинг кўрсаткич бармоғи билан бўлса-да, ёзавердим. (Ҳозиргача шу тахлит ёзаман.) Ўзимдан ҳам кўра аёлимга қийин бўлди. Юрсам оёғим бўлди, тутсам – қўлим. Энди билсам, мен ўшанда наинки болаларимнинг бўлажак онасига, балки 48 килоли САБР-ТОҚАТга уйланган эканман.

 

Хасталаниб қолганимга салкам йигирма беш йил бўлди. Мана, шунча вақтдан бери мени оқ ювиб, оқ тараб келяпти. Барака топсин.

 

Дард – Оллоҳдан, лекин дардга олиб келадиган йўл бандасидан экан. Сиз эслаган саккиз қатор шеър мени йиғлатмоқчи бўлган “бандалар”га қарата айтилган.

 

Мана, дўстим, ўша шеър баҳона ўтмишга саёҳат ҳам қилиб олдик.

 

– Кузатишимча, ҳеч қачон умумжамият, юқорилайверсак, умуммиллий масалалардан ўзни четга тортган шахс эмассиз. Йўқса, “Темир хотин”у “Тикансиз типратиканлар”, “Эскишаҳар гаврошлари”ю, “Эшик қоққан ким бўлди?”, “Тушов узган тулпорлар”у “Тентак фаришталар” каби драмалар битилмаган бўларди. “Фаол фуқаролик позицияси” деган тушунчанинг ийиғини чиқариб юборган бўлсак-да, жонфидолик, юрт тақдирига бефарқ бўлмаслик каби фазилатлар ҳали эскиргани йўқ. Айтмоқчиманки, сизнинг ҳар бир асарингизда ижтимоий позиция манаман дея бўй кўрсатиб туради. Шароф Бошбеков бугун саҳна асари битса, жамиятнинг қай муаммоларини қаламга олган бўларди? Ўзи саҳнани – ҳам том маънода, ҳам ич-ичидан, дўнгу нишабигача билган атоқли драматург нега бугун асар битмаяпти?

 

– Халқимизда “Ўғрига мол қаҳатми?” деган гап бор. Ёзаман деган одамга муаммо тиқилиб ётибди. Ўтган йилнинг бошларида Ўзбек давлат драма театрида “Ер барибир айланаверади” деган асарим саҳна юзини кўрди. Бу асаримда ҳам биронта ёзувчи қўл урмаган муаммони қаламга олишга ҳаракат қилдим.

 

Мен табиатан курашчи одам эмасман – тез таслим бўлиб қўяқоламан. Масалан, ёшлигимизда ўртоқлар билан чўмилишга борардик. Кўлнинг ўртасига келиб чарчаб, ҳолдан тойиб қолсам, бошқаларга ўхшаб жон-жаҳдим билан типирчилаб, бақириб-чақириб, ҳаёт учун курашиш ўрнига “Бўлди, ажалим шу ерда экан” деб, тезгина тақдирга тан бериб қўяқолардим. Кўп марта дўстларим қутқариб қолган. Ҳатто инсульт бўлганимда ҳам ҳаётга ёпишиб олганим йўқ. Шунчаки омадим келди. Аввало – Худо, кейин оилам, атрофимдагиларнинг меҳр-муҳаббати туфайлигина жоним омон қолди, деб ўйлайман. Энди ўзингиз айтинг, ўз ҳаёти учун курашолмаган одам қандай қилиб бошқаларни ёруғликка олиб чиқа олади?

 

Лекин юртимда юз бераётган ижтимоий воқеа-ҳодисаларга бефарқ эмасман – ҳарҳолда, баҳолиқудрат муносабат билдириб турибман. Ҳозир ижтимоий тармоқларда энг кўп баҳс-мунозарага сабаб бўлаётган – Ўзбекистонда АЭС қуриш-қурмаслик масаласи. “Қаршилар” ҳам иккига бўлиниб кетган: биринчиси – “русофоблар”, улар АЭСга эмас, Россияга қарши. Айтайлик, Америка ёки Швейцария технологияси асосида қуриладиган АЭС бўлса – марҳамат, фақат Россияники бўлмаса бас. Иккинчиси – соғлом фикр қиладиганлар. Улар нега қарши бўлаётганини асослаб беради. Камина ҳам шу гуруҳга мансубман. Мен ҳам ҳозир АЭС қурилишига қаршиман. Чунки бизда қуриш маданияти етишмайди, ундан фойдаланиш маданияти етишмайди. Озгина инсоф ҳам... Ўғрилик кўп. Илгари мен жаҳон энергетика танқислигини назарда тутиб Ўзбекистонда АЭС қуриш тарафдори эдим, аммо Сардоба фожиасидан кейин ўйланиб қолдим.

 

Инсоният атом энергетикасидан ўзга йўл йўқ эканини аллақачон англаб етди. Бир авлод келади. Иймонли-эътиқодли, ўқимишли, билимли. Юртимиз юксала борган сайин электр энергиясига кўпроқ эҳтиёж сезади. Ўзбекистонда ҳали-ку битта экан, ҳар вилоятнинг ўзигагина хизмат қиладиган ўнлаб кичик АЭСлар қурилади. Минглаб, республика бўйича балки миллионлаб иш ўринлари яратилади. Бу утопия эмас, амалга оширса бўладиган орзу. Орзуни рўёбга чиқариш эса ўзимизга боғлиқ. Фақат ўйинбузуқилар оёқ тагида ўралашмай турса бўлди. Бундан халққа, миллатга бир чақалик фойда йўқ, фақат уларнинг ҳемири бир сиёсий ғурурчасининг қичиғи қонади, холос.

 

– Кулмасангиз, бир воқеани эслагим келди. Камина табиатан “театрал” бўлгани важидан, эсни танигандан буён театрга ошномиз. Ҳатто бир вақтлар, гарчи иқтисод йўналишида ўқисак-да, жиллақурса, “саҳнанинг ҳидидан баҳраманд бўлмоқ” илинжида, ҳозирги Миллий театр бухгалтериясига ярим-ёрти ишга кирволиб, ҳисобхонани ўз ҳолига ташлаб, ҳуда-беҳуда саҳнага термилиб ўтирганимиз рост. Ўша – 90-йиллар бошида Саид Аҳмад домланинг романи асосида “Уфқ йўлларида” деган спектаклни режиссёр дўстингиз Олимжон Салимов саҳнага қўйган эди. Эсимда, инсценировкадаги бирон диалог ёки мизансаҳна ўхшамайроқ қолса, режиссёр “Ман Шарофга айтаман, шу жойига бирон нарса ёзиб беради” дер, театр асрорларидан у қадар хабардор бўлмаган камина эса, “Асар Саид Аҳмадники-ку, нега унга Шароф Бошбеков қўшимча қўшаркан?” дея ҳайрон бўлардим. (Кейинроқ билсак, гўри нурга тўлгур домламизнинг бунақа “майда ишлар”га рағбати камроқ экан.) Янглишмасам, ўшанда театр билан, режиссёрлар билан ижодий ҳамкорлигингиз жуда қалин эди. Кейин-кейин “театрусидан этак силкиб кетмак”нинг боисини билгим келяпти...

 

– Олимжон ака билан илгари ҳам уч-тўртта пьеса устида ишлаганмиз. Лекин “Темир хотин”дан кейин, Машраб Бобоевчасига айтганда, “туғишган жигардан ҳам баттар” бўлиб кетдик. Олимжон ака охирги йилларда нимаики асар саҳналаштирмасин, барчаси менинг машинкамдан чиққан. (У вақтлар компьютер йўқ эди.) Асарга кўпда аралашавермасдим (ҳарқалай, бировнинг асари), фақат эга-кесимини тўғрилаб, тиниш белгиларини жой-жойига қўйиб берардим. Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийнинг “Тошкентга саёҳат”, Саид Аҳмаднинг “Уфқ”, Жан Батист Мольернинг “Учар табиб”, Тоғай Муроднинг “От кишнаган оқшом” каби асарлари асосидаги спектакллар шу тахлит дунёга келган. Фақат бир мартагина устоз Саид Аҳмад “Уфқ” спектаклининг муҳокамасида “Бу ерда Бошбековнинг ҳам хизмати катта бўлган” деб эътироф этганлар.

 

Мустақилликка эришганимиздан кейин шундай вақтлар бўлдики, “советларники” деган тамға остида шаклланиб бўлган, туппа-тузук ишлаб турган бутунбошли тизимлар супуриб ташланди. Бундай “супуриндилар” ичида театр, хусусан, драматургия ҳам бор эди. Шундай қилиб, драматургия “кўчада қолди”. Жумладан, мен ҳам. Ёзганларим ҳеч кимга керак бўлмай қолди.

 

Кинода вазият бошқача кечди. Узоқ вақт Москвадан “кўнгил узолмай юрди”. Бу дегани ишлаб турган тизим ва иш бериб турган тушунчалардан бирданига воз кечилгани йўқ. Ўшанда бу ҳол “россияпарастлик” деб баҳоланган эса-да, кейинчалик яккаю ягона тўғри йўл экани маълум бўлди. Шу сабаб бўлса керак, мустақилликка “шошилган” баъзи давлат киночилари ўзбек киносидан паноҳ топиб, шу ерда жон сақладилар.

 

“Сут билан киргани – жон билан чиқади” деганларидек, кинода ҳам “қитмирлигим”ни ташламадим. Масалан, “Тилла бола” фильмида “Еринг бўлмаса ҳам бир бало, еринг бўлса ҳам” деган жумла бор. Бу гап танқидчилар томонидан ерни эгаси – деҳқонларга бериш ҳақидаги президент фармонига қарши чиқиш, деб баҳоланди. Лекин ўша вақтдаги ижтимоий-сиёсий вазиятга кўра бирон жойда расмий муносабат билдирилмади. Кейин, яна ўша фильмда: “Нима, “Ленин” сенга гўнг берадими? (Колхоз дейилмоқчи.) Ҳа, беради-я, беради! Оласан! “Ленин”нинг ўзи гўнг қидириб юрибди-ю!” деган гаплар бор. Бу мустабид тузумдан унчалик узоқлашиб кетмаган раҳбариятга ўтакетган шаккоклик бўлиб туюлган эди. Оғзаки нутқда қўштирноқлар кўринмайди-да. Ўлганнинг устига тепгандай, шу сўзларни айтган актёрга ўзим овоз берганман...

 

– Гап айланиб, кино мавзусига келдик чоғи. Маълуму машҳур “Чархпалак» телесериалини айтмай қўяқолай, “Маъриф ва Шариф”, “Тилла бола”, “Масхарабоз”, “Юзсиз”, “Дока рўмол қуриши”, “Ўйин” каби ўнга яқин бадиий фильмнинг сценарий муаллифисиз. (“Масхарабоз”га ўзингиз режиссёрлик ҳам қилганингиздан хабаримиз бор.) Кейинроқ нега кинодан узоқлашдингиз, деган савол берсам, жавобиниям тахминан биламан. Чунки маълум муддат кинога аралашиб юрганимда сизнинг киносценарийлардан иборат “Мусофир бўлмагунча” деган китобингиз қўлимга тушиб қолиб, неча режиссёрга зориллаб далолат қилганлариму ул “даҳолар”нинг ҳар турли баҳоналар қидиргани ёдимда. Сўрамоқчи бўлганим – кино деганлари энди шундоқ, яъни каминанинг шахсий фикрича – чала миллий, чала профессионал, чала тақлид, чала оригинал ҳолда қолаверадими ёхуд нималардандир умид борми?

 

– Санъат институти талабалари билан бўлган учрашувда ҳар сафар бир нарсани таъкидлайман: актёр учун кино билан театрнинг фарқи шундаки, театр – бу оила, ота-она, ака-ука, опа-сингил, кино эса жазман – ҳар замонда бир бориб қўясиз, пакет-макет кўтариб. Лекин жазман (кино) қурмағур жозибали-да – жуда тез машҳур қилиб юборади. Бир томони борки, у сизни фақат ўзи хоҳлаган пайтдагина қабул қилади. Ўзингизча бостириб кириб, ўтириб ололмайсиз. Кинодан таклиф бўлишини кутиб, тошбақа тухумига тикилгандай, телефондан кўз узмай кутиб ўтираверасиз, ойлар, йиллар ўтиб кетаверади. У аллақачон сиздан ёшроқ, сиздан чиройлироқ бошқаси билан топишиб, ишини битириб юрган бўлади. Сизсиз ҳам кино тўхтаб қолмайди. Оилангизга (театрга) эса қариб-қартайиб, сочингизга оқ ораласа ҳам, юзингизни ажин қопласа ҳам керак бўласиз. Умуман, театрда ишламайдиган “соф” киноактёрларга менинг раҳмим келади. Афсуски, бу тоифа “актёрлар” борган сари кўпайиб кетяпти. Бу фақат актёрларга эмас, сценарийнависларга ҳам тааллуқли.

 

Менинг театрни қўйиб кинога ўтиб кетишим ёки аксинча – кинони ташлаб, театр учун ёзишим фақат моддий манфаат туфайли эмас, ҳамма гап муҳитда. Муҳит яхши бўлса, яйраб ишлайман. Тепамда биров милтиқ ўқталиб турса, ишлаш иштиёқим сўниб қолади.

 

“Шароф кинога ўтиб кетди, бундан кино ҳеч нима ютмади, лекин театр кўп нарса ютқазди” дегувчилар ҳам бўлди. Лекин мен қаерда бўлмасин, астойдил ишладим, сал бўлса-да бўшаштирмадим. Тинмай ёздим. Сиз айтган ўша “Мусофир бўлмагунча” сценарийлар тўпламида киномиз пешволари томонидан қабул қилинмаган олтита асар бор. Уларнинг бари қачонлардир режиссёрлар кўзига суртиб экранлаштирадиган асарлар эканига сира шубҳа қилмайман. Ана ўшанда сиз кутган фильмлар экран юзини кўрса ажабмас. Ўзбек киносида ҳали айтар сўзим бор. Бир-иккита ёш режиссёрлар чиқиб келяпти. Улар ҳали бузилмаган. Уларни авайлаб-асрашимиз керак.

 

– Шароф ака, бугун фақирона кузатишларимдан ўзимча бир нарсаларни англагандекман. Театр оламида ҳам, киносида ҳам, айниқса, репертуар сиёсатида бир вазият ҳукмрон: ё томошани миллий қиламиз, дея томошабинни қитиқлаган бўламиз, натижада эса ҳамма нарсанинг аталаси чиқади ва ёхуд фикр-ўйимиз халқаро фестивалдан бирон ёрлиқча ундирмоқ илинжида – ўзимиздан бошқа мардум тушунмайдиган бир асар қўямиз (ёки суратга оламиз). Биринчи тоифага – “Оғайни, саҳна дегани томошабиндан бир қулоч баландда бўлади, шундоқки, савияни ғариб томошабиннинг даражасига тушириш ярамайди”, дея кўҳна ҳикматни уқтирмоқ мумкин. Аммо анови иккинчи тоифага ҳайронсиз – миллиард-миллиард маблағнинг бошини еб “яратган” томошасини ўзидан ўзга тушунмайди, “ҳа” десангиз, без бўлиб, “мен асарни шундай кўраман”, деб тураверади. (“Барака топкур, ўзинг шундоқ англасанг, ўзгинанг кўравер. Ўртада халқнию унинг пулини нега туя қилдинг” дейдиган одам йўқ.) Станиславский домла айтган “Ҳар қандай томошага қўйиладиган талаб ягона – у қизиқарли бўлиши керак” деган мезоннинг посангисини расмона қўйиш учун нима қилмоқ керак деб ўйлайсиз?

 

– Театрни “одам қилиш” учун аввало драматургияни ривожлантириш керак. Санъат институтида драматургия бўлими очилганига тўрт-беш йил бўлиб қолди. Шунча вақт ичида, ўлдим деганда, ўнга яқин драматург чиқиши керак эди. Лекин қани улар? Илгари пьесани университетнинг журналистика ёки филология бўлимини тугатганлар ёзар эди. Бу соҳага қазиқувчиларни Санъат институтига ўтказишнинг нима кераги бор эди? Керак. Чунки бу ерда драматург учун сув ва ҳаводек зарур бўлган икки соҳа вакиллари – режиссёрлар, актёрлар ҳам тайёрланади. Нима учун режиссёр ва актёрлар курсдан курсга диплом спектакллари топшириб ўтади-ю, бўлажак драматурглар шунчаки ўтади? Улар ҳам диплом спектакли топширсин. Бунда у театрдаги энг нозик масала – режиссёр-муаллиф муносабатини ўрганади.

 

Менинг назаримда, ҳар қандай асарда ижтимоий юк бўлиши керак. Ҳатто тўрт қатор шеърда ҳам. Мен ижтимоий юки бўлмаган асарларни дезертирлик деб баҳолайман. Акс ҳолда “Шеър – кўнгил мулки” дейдиганлардан сиз айтган ўша “Мен шундай кўряпман” ёки “Мен шундай тушунаман” деб алжираётган “валламатлар” урчиб-кўпайиб кетади. Бир қарашда беозор кўринган бу икки хитобнинг ўзаги бир.

 

– Устоз, янглишмасам, “70 ёш – озми, кўпми? Дўлларга чақилса, “копейка” чиқяпти” деган мутойиба ҳам сизники. Шундай қутлуғ ёшнинг ҳам ўз фалсафаси бўлса кераг-а?..

 

– Бу, айтганингиздек, бир мутойиба, холос. Лекин ана шу икки оғиз ҳазилнинг тагида ҳам “зил”и бор. Инфляция ва доллар курсининг ошиб кетишига ишора қилинган.

 

Билмадим, фалсафами бу, кўрган-кечирганларимдан хулосами? Хуллас, миллионлаб хулосаларимдан фақат биттаси билан ўртоқлашай: бу дунёга не-не олиму фузалолар, не-не буюк зотлар келиб­кетмаган дейсиз! Лекин уларнинг биронтаси ҳам “Бу адолатсиз замон экан, бекор туғилибман” деб орқасига қайтган эмас. Ортга йўл йўқ! Одам боласи туғилдими – яшашга маҳкум. Замон ҳар қанча адолатсиз бўлмасин – биров чидайди, биров мослашади, биров курашади!..

 

Комил ШАМСИДДИН суҳбатлашди.

 

Tafakkurжурнали, 2021 йил 3-сон.

“Камчиликларга куюниб, ютуқларга суюниб” суҳбати

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 17368
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//