“Сен ҳаётда фақат рақс ва қўшиқ учун яшама” – Чарли Чаплиннинг қизи Жеральдинага мактуби


Сақлаш
22:35 / 15.06.2023 989 0

Ўн икки фарзанднинг отаси, 76 ёшли

доно мўйсафид Чарли Чаплин 1965 йили

қизи – Париж саҳнасида рақс тушиб донг таратиш орзусида

 юрган 21 яшар Жеральдинага мактуб йўллайди. Эҳтимол,

бу хатни даҳо санъаткор шахсан битмагандир.

Муҳими бу эмас, чунки ҳис­ҳаяжонга тўлиқ ушбу

 битикдаги ўгит-насиҳатларни

ҳар бир ота фарзандига айтиши мумкин...

 

Она қизим!

 

Ҳозир тун. Мавлуд кечаси. Мўъжазгина қалъамнинг жажжи аскарлари аллақачон уйқуга кетган. Уканг ҳам, синглинг ҳам ширин туш кўриб ётибди. Ҳатто онанг мудраб қолди. Қушчаларимни уйғотиб юбормайин деб, нимёруғ бўлмамга оёқ учида юриб келдим.

 

Мендан қанчалар йироқдасан-а, қўзичоғим! Бироқ ишон, қиёфанг ҳар сония кўз ўнгимда, агар ёлғон сўзлаётган эсам кўр бўлай. Суратинг столимда ва юрагимда доим. Сен-чи, сен қайлардасан? Эртакмонанд Парижда, Елисей майдонидаги улуғвор театр саҳнасида чарх ураётирсан. Буни-ку аниқ биламан, лекин оқшом сокинлигида қадамларинг товушини эшитаётгандек, қиш осмонида чарақлаган юлдуз мисол кўзларингни кўраётгандек бўламан.

 

Эшитишимча, тантанавор томошада татар хонига асир тушган форс гўзали ролини ижро этаётирсан. Барчани мафтун этиб хиром айла! Юлдуз бўлиб ял-ял ён! Аммо томошабиннинг олқишу мақтовлари сени маст қилиб қўйгудек бўлса, тақдим этилган гулдасталар ифоридан бошинг айланса, холироқ жойга ўтгин-да, шу мактубимни ўқи, қалбингга қулоқ сол. Мен сенинг отангман, Жеральдина! Мен Чарлиман, Чарли Чаплин! Гўдак эканингда уйқудаги маликаю мижжа қоқмайдиган аждар ҳақида эртаклар сўйлаб, не-не кечалар беланчак бошида бедор ўтирганимни билсанг эди, жон қизим! Кекса отанг кўзлари уйқудан юмилиб-юмилиб кетаёзганда, Мени тинч қўй, халал берма! Қизимнинг орзуси, қизгинамнинг келажаги – ширин хаёлларимни тўзғитма! дея уни базўр аритардим.

 

Мен сенинг орзуларингни кўрардим, Жеральдина, истиқболингни, бугунги кунингни кўрардим. Саҳнада рақс тушаётган қизгинани, самоларда чарх ураётган малакни кўрардим. Қулоғимга одамларнинг шивир-шивири келарди: Анави раққосани кўряпсизларми? У ҳалиги қари масхарабоз бор эди-ку, ўшанинг қизи. Чарли эди исми, эсингиздами? Ҳа, мен ўша Чарлиман! Қари масхарабоз! Давринг келди, қизим, хиром айла! Мен беўхшов, йиртиқ-ямоқ чолвор кийиб рақс тушганман, сен эса маликаларнинг шойи-ипак либосида чарх ураётирсан. Бу рақс ва гулдурос қарсаклар сени баъзан осмонларга олиб чиқиб қўяди. Уч! Кўкларга парвоз қил! Лекин оёғинг заминдан узилмасин! Сен оддий халқ турмушини, совуқдан, очликдан тиши такиллаб томоша бераётган кўча раққослари ҳаётини кўришинг керак. Отанг шуларнинг биттаси эди, Жеральдина. Ҳув бир вақтлар – сен эртак тинглаб ширин уйқуга кетган ғаройиб кечаларда отанг мижжа қоқмасди. Сенинг фаришта янглиғ чеҳрангга боқиб, жажжи юрагинг дук-дукига қулоқ тутар эканман, ўзимга ўзим Чарли, шу норасида бир кун келиб, наҳотки, сенинг тарихингдан хабардор бўлади?“ дер эдим. Йўқ, Жеральдина, сен менинг кечмишимдан бехабарсан. Гўдаклигингда сенга кўп чўпчаклар сўзлаб берганман-у, ўз эртагимдан оғиз очмаганман. Билсанг, у ҳам мароқли – Лондоннинг йўқсиллар яшайдиган қасабасида қўшиқ куйлаб, рақс тушиб садақа йиғиб юрадиган оч-юпун бир масхарабоз ҳақидаги эртак. Менинг эртагим шу! Мен очлик бепаноҳлик, хор-зорлик нелигини кўрдим. Кўксида уммон қадар чексиз ғурури бўлатуриб, дайди-масхарабоз эдим мен. Шунисидан куярдим, шуниси алам қиларди. Садақага отилган сариқ чақалар жаранги бу ғурурни баттар синдирарди. Аммо қара, отанг номусдан ўлиб қолгани йўқ, шундай экан, бу гапларни эслашга не ҳожат!

 

Яхшиси, сендан сўзлашайлик, Жеральдина. Исминг ортидан менинг фамилиям – Чаплин келади. Отанг шу ном билан рўйи замин одамларини қирқ йилдан зиёд кулдириб юрди. Ўзи эса уларнинг кулгисидан кўпроқ йиғлади.

 

Жеральдина, сен яшаётган бу оламда ҳаёт ўйин-кулги ва мусиқадангина иборат эмас! Ярим кечаси азим томошагоҳдан чиққан маҳалинг бой-бадавлат мухлисларингни унутарсан, тўғри. Лекин сени уйга элтиб қўядиган такси ҳайдовчисидан унинг бола-чақасию хотини ҳақида сўраш эсингдан чиқмасин. Агар аёли ҳомиладор бўлиб, туғилажак болага таглик сотиб олишга қурби етмаса, ҳайдовчининг чўнтагига пул солиб қўйгин. Банкдан ана шундай харажатлар учун ҳам пул олишинг мумкин – отанг бунинг чорасини кўриб қўйган. Бироқ бошқаларга – барига қатъий ҳисоб-китоб билан ҳақ тўлайсан. Баъзан метрога тушиб тур ёки автобусга чиқ, пиёда юриб шаҳар кез. Одамларни кузат! Тул қолган аёллар ва етим болаларни кўздан қочирма! Кунда ҳечқурса бир марта ўзингга ўзинг Мен ҳам шуларга ўхшаган бандаман деб айт. Ҳа, сен шулардан биттасисан, она қизим!

 

Санъат, одатда, осмонларга парвоз қилмоқ учун қанот беришдан олдин инсоннинг оёғидан чалади.

 

Бир кун келиб ўзингни томошабиндан юксакда ҳис қилиб қолсанг, дарҳол саҳнани тарк эт. Дуч келган таксига ўтир-да, Париж чеккасига бор. У ерда ўзингга ўхшаган, ҳатто сендан сулув, хушбичим, ғурури осмон бўлган кўплаб раққосаларни кўрасан. Мен уларни яхши биламан! Бу майдонларда театрингдаги каби кўзни қамаштиргувчи чироқлар қайда... Ўша раққосалар ой шуъласида хиром этади, улар учун чироқ – ойдир!

 

Уларнинг рақсини кузат, зеҳн солиб кузат! Шугиналар сендан қобилиятлироқ эмасми? Тан ол, жон қизим! Сендан яхши рақс тушадигани, сендан ўтказиб томоша кўрсатадигани доим топилади!

 

Эсдан чиқарма: Чарли оиласидан аравакашни жеркийдиган ёки Сена қирғоғида ўтирган гадойни мазах қиладиган бетарбия чиқмаган! Менинг умрим поёнига етиб қолди, сен ҳали узоқ яшайсан. Камбағаллик нелигини асло билмасанг дейман. Шу хат билан чек дафтарча ҳам жўнатаётирман: қанча хоҳласанг, шунча харжла, қизим. Лекин икки франк сарфлаганда, учинчи франк меники эмас, деб ўзингга ўзинг эслатиб қўйгин. У шунга муҳтож бўлган бегона одамга тегишли. Бундай бечорани топиш қийин эмас – атрофга қара, уларни ҳар қадамда учратасан. Сенга пул ҳақида гапираётирман, айбга буюрма, сабаби – бу матоҳнинг иблисона қудрати менга маълум.

 

Хабаринг бор, мен циркда озмунча умр ўтказмадим. Мудом дорбозлардан хавотирда, юрак ҳовучлаб ўтирардим. Билиб қўй: бу қаттиқ ерга омонат дорда ўйнаган дорбоздан кўра, текис йўлда юрган одамлар кўпроқ йиқилади.

 

Ҳойнаҳой, бирор зиёфат ёки базмда аллақандай олмос кўзингни қамаштириб, сени ўзига ром этар. Шу онданоқ у сен учун муқаррар дорга айлангуси – оёғинг тойиб, йиқилишинг ҳеч гап эмас. Кунларнинг бирида бирор ўктам шаҳзода ақлингни ўғирлар. Ўшанда сен тажрибасиз, ҳаваскор дорбозга айланасан – бундайлар эса, маълумингким, ҳар қадамда қоқилади.

 

Қалбингни пул, зебу зарга алмашма. Энг улкан гавҳар бу – бошимиз узра чарақлаб турган қуёш, унутма. Ажабки, у шоҳу гадога баробар нур сочади. Вақти келиб юрагингда чин муҳаббат ғунча очади, бирор йигитга кўнгил қўясан – уни бутун қалбинг билан сев, эъзозла. Онангга бу борада қизингга мактуб йўлла, деб айтдим. Ишқ-муҳаббат бобида у мендан донороқ ва қиз бола билан бу хусусда она гаплашгани дуруст.

 

Касбу корингнинг ўзига яраша қийинчилиги бор, биламан. Жисмингни бир парчагина ипак мато ёпиб туради. Санъатни деб баъзан саҳнага белибос чиқишга ҳам тўғри келади, лекин у ердан нафақат кийинган ҳолда, балки пок-тоза тушиш керак.

 

Мендек қари бир одамнинг гаплари сенга эриш туюлар, лекин фаҳмимча, аёл жисми унинг қалбини севган, уни борича – фазилатию камчиликлари билан қадрлай олган одамгагина насиб этмоғи лозим.

   

Агар бу хусусдаги қарашларинг ҳозирги замонникига ҳамоҳанг келмаса, ўн йиллар ортда қолган бўлса ҳам, ҳеч бокиси йўқ. Ташвиш чекма, орадаги ўн йиллик фарқ сени қари қилиб кўрсатмайди. Бироқ нима бўлган тақдирда ҳам, мен сенинг ўшандай малаклар ороли“нинг сўнгги фуқароси бўлиб қолишингни хоҳлайман.

 

Биламан, ота билан фарзанднинг фикрлари доим ҳам бир ердан чиқавермайди, баъзан улар баҳслашади, гап талашади. Айтганларим маъқул келмаса, мен билан тортишавер, қизим. Фарзанд дегани ҳар сўзга бош эгиб турадиган мўмин-ройиш бўлиши керак қабилидаги тутум отангга ёт. Кўзёшларим ҳали хат устига томмай турган шу фурсатда ушбу тун – Мавлуд кечаси мўъжизавор эканига ишонгим келади. Қани эди, мўъжиза рўй берсаю мўйсафид отанг нима демоқчи бўлганини ипидан игнасигача тушуниб етсанг, жон қизим! Чарли энди кексайиб қолди, Жеральдина. Эртами-кечми, саҳнага кийиб чиқадиган оппоқ либосинг ўрнига мотамсаро қорага бурканиб қабрим бошига келасан. Ҳозир бу гапларни айтиб кўнглингни бузмай қўяқолай, бас. Фақат илтимос, вақти-вақти билан тошойнага боқиб ўзингга сер солиб қарагин – унда отангни кўрасан. Томирларингда қайноқ қоним оқаётир. Отанг юраги уришдан тўхтаб, томирларидаги қон ивиб, совиб қолганда ҳам уни унутмасанг дейман, жон қизим!

 

Мен бегуноҳ фаришта эмасман, аммо мудом одам бўлмоққа интилдим, сен ҳам шунга интил.

 

Пешонангдан ўпиб қоламан, Жеральдина.

 

Отанг.

 

1965 йил декабрь.

 

ШОҲСАНАМ таржимаси.

 

“Тафаккур” журнали, 2022 йил 4-сон.

Мудом одам бўлмоққа интилдим...” мактуби

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 17368
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//