“Декрет таътили” кимларга ва қандай тартибда берилади? Энг кўп бериладиган саволларга жавоблар


Сақлаш
22:02 / 15.06.2023 8028 5

Таҳририятимизга ўқувчиларимиздан турли мавзулар ва йўналишда саволлар келади. Уларнинг орасида энг кўп берилганлари яъни ҳомиладорлик ва туғиш таътили бўйича Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг Меҳнатга ҳақ тўлаш ва меҳнат стандартлари бошқармаси бошлиғи Лазиз ҚАРШИЕВдан маълумот олдик.

 

Бола парвариши учун “декрет таътили” нима, таътилга чиқиш тартиби қандай?

 

— Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексига асосан аёлга икки хил таътил берилади. Ҳомиладорлик ва туғиш таътили, оддий қилиб айтганда “декрет таътили” ҳамда ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаганидан кейин, аёлнинг хоҳишига кўра, унга боласи икки ёшга тўлгунига қадар болани парваришлаш таътили.

 

Ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини тўлаш тартиби ҳақида ҳам тўхталсангиз?

 

— Ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақани тайинлаш ва тўлаш учун белгиланган тартибда берилган меҳнатга лаёқатсизлик варақаси асос бўлади. Ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақаси бюджет ташкилотлари томонидан — меҳнат ҳақи жамғармасига ажратиладиган бюджет маблағлари доирасида, хўжалик юритувчи субъектлар томонидан — фойда солиғини ҳисоблашда мазкур харажатлар солиққа тортиладиган базадан чиқариб ташланган ҳолда шахсий маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

 

2022 йилнинг сентябрь ойидан бошлаб бюджет ташкилотларидан ташқари барча юридик шахсларда меҳнат шартномасига асосан охирги 6 ой давомида узлуксиз иш стажига эга бўлган аёлларга Ижтимоий суғурта жамғармаси маблағлари ҳисобидан ҳомиладорлик ва туғиш нафақасининг қисми тўлаб берилиши йўлга қўйилган.

 

Ҳомиладорлик ва туғиш нафақасининг Ижтимоий суғурта жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўланадиган қисми (кейинги ўринларда – нафақа) минимал истеъмол харажатларининг 4 баравари миқдорида тайинланади. Ҳозирги кунда бу 1 994 228 сўмни ташкил қилади.

 

Ҳомиладорлик ва туғиш таътилига чиқиш учун фуқароларга тиббиёт муассасаси (оилавий поликлиника, туғруқ муассасаси, қишлоқ врачлик пункти) томонидан ҳомиладорлик ва туғиш бўйича меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилади. Шундан сўнг тиббиёт муассасасининг масъул ходими (ҳамшираси) томонидан ушбу варақадаги маълумотлар “Тиббиёт” ахборот тизимига киритилади. “Тиббиёт” ахборот тизими аёлнинг маълумотларини “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимига йўналтиради.

 

“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими фуқаронинг расмий бандлиги ва иш стажи ҳамда меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадларини автоматик равишда аниқлайди ҳамда белгиланган мезонларга мос келганда ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини тайинлайди. Нафақа тайинланганлиги ҳақида “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали аёлнинг телефонига СМС хабар юборилади.

 

Аёлнинг номига очилган, фаол ҳолатдаги банк пластик картаси мавжуд бўлса, нафақа ўша банк картасига ўтказиб (тўлаб) берилади.

 

Агар банк пластик картаси мавжуд бўлмаса, СМСда яшаш жойидаги АТ “Халқ банки”нинг филиалига мурожаат этиши кўрсатилади. Мурожаатга асосан ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси нақд пул кўринишида тўлаб берилади.

 

— Ходимларнинг ҳомиладорлик ва туғиш таътили (декрет)га чиқиш тартиблари қандай?

 

— Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексига мувофиқ аёлга туғруққача етмиш календарь кун ҳамда туғруқдан кейин эллик олти календарь кун (туғиш қийин кечган ёхуд икки ёки ундан ортиқ бола туғилган тақдирда етмиш календарь кун) ҳомиладорлик ва туғиш таътили берилади.

 

Бунда, ҳомиладорлик ва туғиш таътили аёлга жамланган ҳолда ҳисоблаб чиқарилиб, туғруққача ҳақиқатда фойдаланилган кунлар сонидан қатъи назар, тўлиқ берилади.

 

— Шундай тоифадаги ходимларга қандай имтиёз ва қулайликлар яратилган?

 

— Меҳнат кодексига мувофиқ ҳомиладор аёллар ва оналарга бир қанча имтиёзлар мавжуд.

 

Жумладан, ҳомиладорлиги ёки фарзанди борлиги билан боғлиқ сабабларга кўра ишга қабул қилишни рад этиш ёки меҳнатга ҳақ тўлаш миқдорини камайтириш тақиқланади.

 

Ҳомиладор аёллар билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилишга йўл қўйилмайди.

 

Ҳомиладор аёлларга ва бола туққан аёлларга йиллик меҳнат таътили, уларнинг хоҳишига кўра, тегишинча ҳомиладорлик ва туғиш таътилидан олдин ёки ундан кейин берилади.

 

Ҳомиладор аёлларни йиллик меҳнат таътилидан чақириб олишга йўл қўйилмайди.

 

Болани парваришлаш таътилидан фойдаланаётган ходимга йиллик меҳнат таътили, унинг хоҳишига кўра, бола парваришлаш таътилидан олдин ёхуд ундан кейин берилади.

 

Ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаганидан кейин, аёлнинг хоҳишига кўра, унга боласи икки ёшга тўлгунига қадар болани парваришлаш таътили берилади.

 

Болани парваришлаш таътили вақтида тўлиқсиз иш вақти шартлари асосида ёки иш берувчи билан келишув бўйича уйда ишлаши мумкин.

 

Болани парваришлаш таътиллари даврида ходимнинг иш жойи (лавозими) сақланади.

 

Икки ёшга тўлмаган боланинг ота-онасидан бирига (васийсига) дам олиш ва овқатланиш учун танаффусдан ташқари болани овқатлантириш учун қўшимча танаффуслар берилади. Бу танаффуслар камида ҳар уч соатда, ҳар бири ўттиз минутдан кам бўлмаган давомийликда бўлиши лозим.

 

— Имтиёзлар ва қулайликлар нодавлат ва давлат ташкилотларида ишлайдиган барча ходимлар учун бир хил татбиқ этиладими?

 

— Юқорида келтирилган имтиёзлар Меҳнат кодексида келтирилган бўлиб, нодавлат ва давлат ташкилотлари учун бир хилда амал қилади.

 

— Нодавлат ташкилотда ишлайдиганларга ҳам “декрет” пули берилса, тартиби ва миқдори давлат ташкилотларидаги каби бўладими?

 

— Меҳнат кодексининг 404-моддасига асосан ҳомиладорлик ва туғиш таътилидаги ходимга ўртача ойлик иш ҳақининг етмиш беш фоизидан кам бўлмаган миқдорда нафақа тўланади.

 

Бу тартиб ходим бюджет ташкилоти ёки бюджет ташкилоти ҳисобланмаган ташкилотда банд бўлишидан қатъий назар амал қилади.

 

Фақатгина, ҳозирги кунда бюджет ташкилоти ҳисобланмаган юридик шахсларда банд аёлларга қонунчилик билан белгиланган ҳомиладорлик ва туғиш нафақасининг қисми Ижтимоий суғурта жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўлаб берилмоқда. Қолган қисми ўрнатилган тартибда иш берувчиси томонидан қопланади.

 

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 20 сентябрдаги 515-сонли қарорига кўра, хусусий корхоналарда, юридик шахсларда 6 ой узлуксиз иш стажига эга бўлган аёлларга декрет пули  истеъмол харажатларини 4 баравари миқдорида бюджет ҳисобидан тўлаб бериши назарда тутилган. Ортиқ қисмини иш берувчилар тўлаши мумкин. Бу миқдор ҳозирги кунда сал кам 2 миллион сўм ҳисобланади.

 

Бола парвариши учун нафақа миқдори эса ҳозирги кунда меҳнатга ҳақ тўлаш миқдорининг 60 фоизи, яъни 588 минг сўмни ташкил этади.

 

Хайрулла АБДУРАҲМОНОВ тайёрлади.

Oyina.uz

5 Изоҳлар

Юлдуз

20:04 / 18.04.2024

Ассалому алейкум 1чи фарзандими 2023 йил тукканман давлат томонидан 2 млн пул тушган декрет пули ва колган кисмини ишхонам тулаб берган .Энди эса бу йил 2024 йил хам 2 чи фарзандими тугаман . Давлат томондан 2 млн декрет пули бериладмми ишхонамга больничный когоз бердим лекин.. 1 чи углимда 15 кун ичида тушганди пул .

Жамол

01:02 / 15.02.2024

Дикрет пули кандай хисобланади . Формуласи канака

Нилуфар

02:02 / 13.02.2024

Ассалом алекум мен 2йилдан бери хусусий фирмада ишлайман 1февралдан дикретга чикдим лекин менга жавоби кемади бугалтеримдан сорасам личный кабинет на хеч нарса кемади дейапти кайерга мурожат килсам болади

Og'abek

16:02 / 09.02.2024

Assalomu aleykum Ayolim unverstetda o'qiydi 4 kurs 0.5 stavkada kollejda dars beradi hozir dekretga chiqishi kerak lekin kollej direktori senga dekret puli berilmaydi deyapti bu qanchalar to'g'ri berilishi kerakmi yoki yo'q ? Shu savolga iltimos izoh qoldiring.

Айсулыу

19:01 / 27.01.2024

Ассалому алейкум. Декрет таьтилига 30 хафтадан кейинхам чикса буладими? Поликлиника гинеколог шифокори хомила 30 кунга тулгунча декретга чикишни талаб килябди, у канчалик тугри.

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

16:11 / 22.11.2024 0 46
Мактаб амма





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10435
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//