Адабиёт
1876 йили Қўқон хонлиги Чор Россияси томонидан босиб олиниб, давлат сифатида тугатилди. Унинг ҳудуди империя таркибига киритилиб, Скобелев ўлкаси ташкил этилди. Аммо русларга бўйсунишни истамаган Олой тоғларида яшовчи қирғизлар партизанлик урушини бошлади. Бунда уларга эркак киши эмас, балки аёл киши раҳбарлик қилди. Бу барчамизга маълум ва машҳур, Олой маликаси, Жануб қироличаси, миллат онаси номлари билан танилган Курманжон (Қурбонжон) додхоҳ эди. Унинг ҳаёт йўли барча учун ибратли воқеаларга тўла. Ойина.узънинг бугунги мақоласида ушбу қаҳрамон аёл ҳақида ҳикоя қилинади.
Курманжон додхоҳ 1811 йили Қўқон хонлигига қарашли Ўш шаҳри яқинида Мунгуш қабиласидаги оддий кўчманчи оилада таваллуд топди. Унинг болалик ва ўсмирлик йиллари ҳақида маълумотлар жуда кам, деярли йўқ деса ҳам бўлади. 1832 йили Қўқон хонлиги додхоҳи Олимбекка турмушга чиқади. Уларнинг никоҳидан беш ўғил: Абдуллабек, Мамитбек, Асанбек, Ботирбек ва Қамчибек дунёга келади. Уларнинг бари келгусида босқинчиларга қарши жангларда қатнашади. Тарихчи В.П.Наливкиннинг ёзишича, Олимбек Андижон вилояти ҳокими бўлган. Бу вақтда руслар бирин-кетин хонлик шаҳарларини эгаллаб келаётган эди. 1860 йили Маллахон уларга қарши лашкар юборади ва Олимбек ҳам қирғизларга бош бўлиб жангга кетади. Аммо қаттиқ қиш сабаб қўшин талафотга учрайди. Кейинги йилги юришда эса Олимбек қатнашишдан бош тортади. Бунга жавобан Маллахон уни қўлга олишни буюради. Олимбек Ғулчага чекинишга муваффақ бўлади. Аммо унинг мол-мулки тортиб олинади. 1862 йили саройдаги ўйинлар оқибатида тузоққа туширилиб, ўлдирилади. Курманжон эса бева бўлиб қолади.
Бу вақтда Бухоро амири Саййид Музаффар Худоёрхонга ёрдам бериш учун Қўқонга қўшин тортиб келади. Ўш шаҳрида Курманжон билан танишиб, унинг қирғизлар орасидаги нуфузини кўргач, додхоҳ унвонини беради. Олимбекнинг вориси ҳисобланган тўнғич ўғли Жарқинбой ўгай онасининг фойдасига лавозимдан чекинади. Шундан кейин қирғизлар бошқаруви Курманжон қўлига ўтади. Жарқинбой эса 1864 йили Ўшга ҳоким этиб тайинланади. Аммо русларга қарши жанглардан бирида вафот этади. Шундай бир даврда Худоёрхон Қўқон тахтига ўтиради ва Курманжон додхоҳ унинг ҳузурига келганда додхоҳ лавозимини тасдиқлаб беради. Тўнғич ўғли Абдуллабек эса Жарқинбой ўрнига Ўшга ҳоким бўлади.
Замондошларининг фикрича, Курманжон додхоҳ бошқарувни оқиллик билан олиб борган ва унинг довруғи Қўқон ташқарисига ҳам ёйилган. Бухоро, Қашқар амир ва хонлари алоҳида эҳтиром кўрсатиб, турли совға-саломлар юбориб турган. Олойга сафар қилган рус олими Федченко барча қирғизлар унга юксак ҳурмат билдиришини, юқори мулозамат билан мурожаат қилишини ёзиб қолдирган. Додхоҳнинг ташқи кўриниши ҳақида деярли маълумотлар сақланмаган. Россия армияси офицери Борис Тагеев унинг Скобелев билан суҳбатида иштирок этган ва шундай таърифлаган: «Бўйи унча баланд эмас, ёши катта бўлишига қарамасдан, гўзал аёл, мўйна билан безатилган брокер халат кийиб олган».
Курманжон додхоҳнинг Қўқон хонлигидаги фаолияти 1976 йилгача, яъни Қўқон хонлигининг Россия империяси томонидан аннексия қилиниши ва хонликнинг тугатилишигача давом этди. Бироқ қирғизлар бўйсунишдан бош тортди ва тоғларга чекиниб қаршилик кўрсатиш ҳаракатини бошлади. Уларга Курманжон додхоҳ ва ўғиллари етакчилик қилди. 1,5 минг қирғиз йигитлари додхоҳ ўғиллари бошчилигида Олой тоғларидаги қишлоқларга жойлашди. 1876 йил 25 апрель куни икки томон ўртасида илк жиддий тўқнашув юз берди. Бир кун давом этган жангда руслар қирғизларни ўз позицияларидан чиқариб юборишга ва катта йўқотишларга учратишга эришди.
Бир неча бор Афғонистонга қочишга уриниб кўрган Курманжон додхоҳ руслар қўлига асир тушиб қолади. Аммо унинг қирғизлар ўрасидаги мавқейи баландлиги боис оддий асирлардан бошқача муносабат кўрсатилди. Князь Витгенштейн алоҳида эҳтиром билан Марғилонда жойлашган штабга олиб борди. Уни Фарғона ҳарбий губернатори Михаил Скобелев қабул қилди. Додхоҳнинг шарафига дастурхон ёзилди сарпо кийдирилди. Шу билан қирғизларнинг русларга қарши мустақиллик учун кураши ниҳоясига етди. Курманжон русларга қаршилик кўрсатиш бефойдалигини англаб етди ва Скобелевнинг сўровига мувофиқ қаршилик ҳаракати аъзоларига ва ўғилларига таслим бўлиш ҳақидаги мактуб ёзди. Фақатгина катта ўғли Абдуллабек русларга хизмат қилишдан бош тортди ва Афғонистон орқали Маккага йўл олди. Афсуски, Абдуллабек йўлда вафот этди, жасади Олойга қайтариб олиб келиниб, аждодлари ёнида дафн этилди. Курманжон додхоҳ рус расмийлари орасида ҳам ҳурматга лойиқ кўрилган. Ҳатто айрим рус амалдорлари ундан маслаҳат сўрагани айтилади.
Сокин давом этаётган йиллар ортидан Курманжон оиласига синов тушади. 1893 йили ўғилларидан бири Қамчибекнинг уйига рус божхоначилари тинтув ўтказишга келади. Сабаби, русларга етказилган маълумотга кўра, у Афғонистондан Қашғар орқали юборилган қандайдир юк қабул қилиб олган. Аммо бу пайтда Қамчибек уйида йўқ эди ва божхоначи унинг аёлини таҳқирлайди. Бунга чидолмаган Қамчибекнинг навкари Оқболбон божхона ходими ва икки қўриқчисини ўлдиради. Охир-оқибатда Қамчибек ва акаси Мамитбек, шунингдек, Оқболбон билан бирга умумий 21 киши ҳибсга олинади. Уларга контрабанда айблови қўйилади.
Курманжон додхоҳ дарҳол Марғилон шаҳрига йўл олади ва генерал-губернатордан ўғиллари ва невараларини кечиришини сўрайди. Аммо фақатгина ўғли Мамитбек, жияни Арслонбек, невараси Мирзопаясни ўлимдан қутқариб қолади. Уларга чиқарилган жазо Иркутск губерниясига сургун билан алмаштирилади. Додхоҳнинг севимли фарзанди Қамчибек эса 1895 йил 3 март куни Ўш шаҳри марказидаги майдонда дорга осилди. Курманжон жараённи ўз кўзлари билан кузатиб турган эди. Ривоят қилишларича, биринчи уринишда арқон узилиб кетади. Додхоҳ қатлни тўхтатишни сўрайди. Аммо унга қулоқ солишмайди. Курманжон ўғлига қарата шундай дейди: «Ўлимга тик қара!»
Ўғлининг вафоти Курманжонга қаттиқ таъсир этади. Узоқ йилдан буён хизмат қилиб келган тузум жондай жигарларининг бошини еган эди. У барча жамоат ишларини йиғиштириб, Ўш яқинидаги бир қишлоққа бориб жойлашади. Бу ерда 1907 йилгача яшайди ва 97 ёшида оламдан кўз юмади. Суюкли ўғли Қамчибек ёнига дафн этилади. Унинг ибратли ҳаёти ҳақида бир қанча китоблар яратилган, Қирғизистонда жамоат жойларига унинг номи берилган ва бадиий фильм ҳам суратга олинган. Курманжон додхоҳнинг ибратли, жасоратли ва синовли ҳаёт йўли бугунги кун кишилари учун ўрнак бўлиши шубҳасиз.
Жаҳонгир ОСТОНОВ.
Oyina.uz
Адабиёт
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ