“Пилла”: меҳнаткаш ўзбек аёлининг ҳаёти ва унинг рақсдаги ифодаси


Сақлаш
20:16 / 26.05.2023 965 0

Мукаррама Турғунбоева таваллудининг 110 йиллигига

 

ХХ асрга келиб ўзбек рақсининг довруғи оламга ёйилди: “Баҳор” рақс ансамбли миллий рақсларимизни бутун оламга тараннум этди. Шундай бетакрор рақслардан бири, шубҳасиз, Мукаррама Турғунбоева ижросидаги “Пилла” рақси ҳисобланади.

 

“Пилла” – аёллар ижро этадиган миллий рақслардан бири. Рақс сюжети жуда оддий: унда ипак қуртини боқиш, пиллани йиғиб олиш ва бундан ипак тайёрлаш жараёни акс этади. Раққоса асар охирида ипакдан тўқилган шойи (ҳарир) рўмолни доирачи белига боғлаб қўяди. Дарвоқе, “Пилла” рақси фақат доира жўрлигида ижро қилинади. Рақс учун доира усулларини устоз доирачи Уста Олим Комилов 1934 йилда яратган. Шу ўринда Уста Олим Комилов, Тўхтасин Жалилов ва Тамарахонимнинг 1935 йил 17–19 июлда Лондонда бўлиб ўтган халқаро фолклор фестивалидаги иштирокини эслаб ўтиш жоиз. Роял Алберт Холл саҳнасида уста Олим Комилов ва Тамарахоним Британия жамоасини ҳайратда қолдириб “Катта ўйин”, “Гул ўйин, «Қари наво” билан бир қаторда “Пилла” рақсини ҳам ижро этишган пайтда томошабинлар орасида қирол Жорж В ва қиролича Мери ҳам бор эди.

 

“Пилла” рақсида ўзига хос характер аввало, доира садоси ва раққоса хатти-ҳаракатларида намоён бўлади. Доира садоси ниҳоятда тиниқ, жозибали ва таъсирчан, раққоса ҳаракатлари ҳам аниқ ритмга асосланган. Унинг ҳар бир қадам ташлаши нафис назокати ила кишини ҳайратлантиради. Аниқроғи, ушбу рақсда ипак қуртини боқиш, парваришлаш, яъни меҳнат жараёни шунчаки механик тарзда кўрсатилмайди, балки ўзбек аёлининг қалб туғёнлари, ички кечинмалари намоён бўлади. “Пилла” рақсининг оммавий шакли – раққосалар жамоаси ва мусиқа жўрлигида ижро этиладиган варианти ҳам бор. Аммо, назаримизда, якка доира ва якка раққоса ижро этилган вариант томошабин кўнглига кўпроқ манзур бўлган.

 

“Фарғона мактабига мансуб ўзбек мақом рақслари фақат зарбли мусиқа асбоблари – доира, ноғора, қўшноғора, қайроқ жўрлигида ижро этилиб, мусиқий композиция кўплаб усуллардан ташкил топган занжир шаклида бўлади. Бундай рақс ижросининг мураккаблиги шундаки, ижрочи, аниқ ва чексиз ўзгарувчан ритмга бўйсунган ҳолда, барча тана ҳаракатлари комплекси билан оҳангни «айта олиши”, яъни рақснинг руҳий мазмунини тана пластикаси орқали ифодалай олиши керак, - деб ёзади Л.Авдеева ўзининг “Ўзбек миллий рақси тарихидан” китобида. Доиранинг марказий қисми ёки ҳалқа қисмига уриб чалинганда ҳосил бўладиган товушлар раққосага усул оҳангини “айта олиш”га ёрдам беради. Динамик ва овоз-тембр эффектларини вужудга келтирувчи турли баландликдаги товушлар комбинацияси бир чолғу асбоби жўрлигини полифоник, яъни кўп овозли жўрликка айлантиради.

 

“Пилла” рақсининг мафтункор ва жозибадор чиқишида, табиийки, уни саҳналаштирган Мукаррама Турғунбоеванинг хизмати беқиёс. Рақс моҳиятига теранроқ кириб борилса, Мукаррамахонимнинг халқимиз тарихини чуқур ўргангани, ўзбек халқига буюк эҳтироми яққол сезилади. Негаки, мазкур рақсда бирор-бир ортиқча ҳаракат, ўринсиз қайрилиш ёки бурилишлар, сохта жилмайишлар кўринмайди. Раққосанинг ҳаракатлари эркин ва табиий, нигоҳлари ўта самимий, бажараётган ҳаракатига жуда мос. Доирачи ва раққосанинг ўзаро “дил изҳорлари” ҳам ниҳоятда ўринли чиққан. Айниқса, раққосанинг меҳнат жараёнини тасвирлашдаги ҳолатлари: қўл ва оёқ ҳаракатлари, ипак қуртига озор бермаслик ҳамда ундан озгина чўчиш ҳаракатлари, пиллани йиғиштириб олиш, ипак тайёрлаш каби ҳар бир детал пухта ишланган. Ипак толасидан рўмол тўқиш, унга нақш солиш манзараси ўта ҳаяжонли ва ишонарли. Назаримизда, айни шу ҳолатлар “Пилла”ни миллий рақсдаги “тилла”га айлантирган.

 

“Пилла” рақсида меҳнат жараёни ва интизор кўнгилларнинг бир-бирига талпиниши раққосанинг гармоник ҳаракатларида мужассамлашиб кетган. Бундай хореографик талқин ҳар қандай асарда ҳам учрайвермайди. Мукаррама Турғунбоеванинг топқирлиги шундаки, “Пилла”да Шарқ аёллари, хусусан, ўзбек аёлининг турмуш тарзи, ўй-кечинмалари, дарду изтироблари, ишқ савдоси – барчаси табиий. Айни пайтда Шарқ аёлларига хос ҳаё ва ибо, назокат ва шижоат ҳам ўта нафислик билан намоён бўлади. Ўзбек рақсини бошқа халқлар рақсларидан фарқловчи бундай жиҳатлар хорижий мутахассислар томонидан ҳам эътироф этилган.

 

Ҳақиқий санъат асарининг ўзига хос мазмун-моҳияти, маълум жозибаси бўлади, унинг ич-ичида ўзига хос фалсафа яширин бўлади. Ижодкор айни шу фалсафани, аввало, ўзи англаб олиши, сўнгра бошқаларга етказа олиши лозим. Бошқа санъат турларида бу нарса сўз, куй, қўшиқ ва ҳ.к. орқали ифодаланса, рақсда эса, асосан, раққоса ҳаракатлари орқали етказилади. Ижрочининг тана ҳаракатлари, руҳий ҳолати ҳамда бошқаларга етказиш усуллари бунда муҳим рол ўйнайди. “Пилла” рақсида ҳар бир ҳаракат, имо-ишора, кўз қарашлари-нигоҳлар – ҳаммаси маълум бир композицияни ташкил этади.

 

Любов Авдееванинг ёзишича: “Ўзбек рақси усталари – виртуоз ижрочилар, усулларни йиғувчилар фарғонача профессионал ва ҳаваскор рақсларни очилаётган ёки сўлиб бораётган гул билан қиёслайдилар. Қиёсланаётган ғунча, лола, бойчечак, гулсафсар, сўлаётган атиргул, шамолда тўкилаётган бодом гуллари образли рақснинг маъносини очиб берувчи шеърлар ва қўшиқларда кўп учрайди. Бу лирик маъно силлиқ ҳаракатларда, жойида ва саҳна бўйлаб гир айланишларда, ер узра сузиб борувчи юришларда ҳам бор”.

 

“Пилла” рақсида раққоса ва доирачи либослари ҳам асар яхлитлигини таъминлаб, томошабинга чексиз завқ-шавқ берадиган омиллардан бири саналади. Раққоса эгнидаги ҳарир кўйлак, белни маҳкам сиқиб турадиган нимча, тўғри танланган оёқ кийими, доирачи эгнидаги либос, оёғидаги заррин этик ҳам томошабинга эстетик завқ беради. Раққосанинг боши узра ҳилпираётган рўмол ҳам узукка кўз қўйгандек ярашиб туради. Буларнинг ҳаммаси композицион бир бутунлик ҳосил қилади ва кишини ғайриихтиёрий тарзда ўзга бир оламда “сайр қилиш”га ундайди.

 

 “Пилла” рақси ўзбек рақс санъатининг ноёб дурдонаси, у аллақачон ўзбек рақс санъатининг “ташриф қоғози”га айланиб улгурган. Чунки унда халқимизнинг меҳнатга муносабати, нозик дид-фаросати, орзу-армонлари, миллий туйғу ва эҳтирослари, кўнгил кечинмалари ва дил изҳорлари мужассам. Биз бундай бебаҳо маънавий меросни кўз қорачиғидай асрашимиз, ундаги бадиий, ритмик усулларни пухта ўзлаштиришимиз, уни маънавий дурдона сифатида эъзозлашимиз зарур. Келгусида ҳам мазкур рақс ижроси ёш раққосалар учун намуна, мактаб бўлиб қолиши керак.

 

Равшан ЖОМОНОВ,

Ўзбекистон давлат хореография академияси

«Ўзбек тили ва адабиёти» кафедраси профессори

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 17368
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//