Ишончсизлик ва ишсизликни енгиб мультфильм ярат(олм)аётган ўзбек аниматорлари


Сақлаш
23:35 / 19.05.2023 990 0

“Робинзон Крузо” (1972) фильмида қаҳрамон тилидан айтилган шундай бир жумла бор: “Қайиқ денгизга келмаса, унда денгиз қайиқнинг олдига боради”. Бугун болаларимиз минган замон қайиқлари биз – катталар истаётган таълим-тарбия денгизига бормаётган экан, демак, ўша денгизнинг ўзини уларнинг ёнига олиб бориш керак. Буни амалга оширишнинг энг самарали воситаларидан бири эса, шубҳасиз, мультфильмлардир. Айни қизиқарли мультфильм ёрдамида болалар руҳиятига, уларнинг шахс бўлиб шаклланишига катта таъсир кўрсатиш мумкинлиги бугун дунё олимлари томонидан қайта-қайта исботланмоқда. Афсуски, болаларимизни телефон, планшет ёки телевизорга ўзимизнинг мультфильмлар эмас, аксинча, турли ғоялар сингдирилган хориж анимацион маҳсулотлари боғлаб қўйгани бор гап. Беғубор ва митти қалбларни “озиқлантириш” чет эл мультфильмларига қолиб кетаётгани хавотирли ҳақиқатдир. Ташвишланарли томони чет эл мультфильмларининг фойда ё зарари, ютуқ ёки камчиликларида эмас, балки нима сабабдан ҳозирга қадар миллий аудиторияни таъминлашга етарли миллий анимацион фильмлар ишлаб чиқилмаётгани, нега тарбия уруғлари қадаладиган, одоб-ахлоқ меъёрлари сингдириладиган, меҳр-оқибат, раҳм-шафқат, дўстлик каби инсоний сифатлар, миллат тушунчаси, ватанпарварлик туйғуси шаклланадиган ёшдаги фарзандларимиз учун миллий мультфильмлар танқислиги ҳамон муаммолигича қолиб келаётгани билан боғлиқдир!

 

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 августдаги “Миллий кинематографияни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3176-сон қарори 2-бандида 2020 йилдан бошлаб ҳар йили 50 тадан мультипликацион фильмлар ишлаб чиқиш топшириғи белгиланган. Қарийб 4 миллионга яқин тўрт ёшгача болалар ва 3,5 миллионга яқин 5–9 ёшдаги болалар яшаётган юртимиз учун, аслида, 50 та мульфильм ҳам жуда катта кўрсаткич эмас. Шундай бўлса-да, давлат раҳбари томонидан қўйилган вазифани тўлиқ амалга ошириш, яъни йилига 50 тадан мультфильм ишлаб чиқариш орқали болажонларимизга улкан яхшилик улашилган, хорижнинг турли таъсирга эга маҳсулотларига кунимиз қолмаган бўлар эди. Бироқ мавжуд вазият шуки, юртимизда йилига лоақал 10 та мультфильм ишлаб чиқариш ҳам муаммоли масалалардан бўлиб турибди. Тўғри, йиллик ҳисоботлар ёки йирик анжуманларда мультфильмлар сони анча ошириб-тошириб кўрсатилаётган бўлиши мумкин, лекин бу билан фақат ўзимизни, аниқроғи, қора кўз болаларимизни алдаётганимиз қоляпти, холос. Агар амалда мана шу рақамлардан ортиқ мультфильмлар яратилаётган бўлса, очиқ платформаларга қўйилсин ва ҳақиқатан уларнинг борлигига ишонайлик. Афсуски, ҳеч бўлмаганда Кинематография агентлигининг расмий саҳифаларида ҳам бу ҳақида маълумот топиш амримаҳол.

 

 

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 28 декабрдаги 1030-сон қарори билан ташкил этилган “Мультипликацион фильмлар студияси” ДУК фаолияти кўп ўтмай (07.04.2021 йил, ПҚ-5060-сон қарор билан) тўхтатилгач, Ўзбекистонда мультфильмлар ишлаб чиқиш хусусий студиялар билан шартномавий асосда амалга ошириладиган бўлди. Лекин барибир қанча ва қандай мультфильмлар яратиш кераклигини ҳал этиш масаласи молиявий дастакни ўзида сақлаб турган давлат зиммасида қолмоқда. Эътиборли жиҳати шундаки, давлатнинг ўзи анимация соҳасини маънавий тараққиётни таъминловчи восита сифатида тан оляпти. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги “2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги ПФ-60-сон Фармони 1-иловаси V бўлимида шунга урғу берилиб, миллий мультипликация индустриясини шакллантириш, анимацион фильмлар ишлаб чиқаришга ёш мультипликатор ва аниматорларни кенг жалб қилиш зарурлиги алоҳида қайд этилган. Шу боис, бугунги миллий анимациямиз аҳволи ҳақида мултипликация соҳасида ўн йилдан ортиқ фаолият юритиб келаётган истеъдодли ёш аниматор, “Астир аниматион” студияси раҳбари, “Энг яхши анимацион филм” йўналиши бўйича 2021 ва 2022-йилги “Олтин Хумо” миллий мукофоти совриндори, “Хасис баққол”, “Сайёҳ”, кўп қисмли “Автосаргузаштлар” ва “Буюк Ипак йўли бўйлаб саёҳат” сингари 3D форматдаги мултфилмлари билан танилган Абдулатиф Ҳайдаровнинг фикрларини билишга қизиқдик ва шу орқали миллий анимациянинг ривожига, мултфилмларнинг сон ва сифат жиҳатидан кўпайишига тўсқинлик қилаётган муаммолар қайси омиллар билан боғлиқлиги ва уларнинг ечими қаерда эканлиги тўғрисида маълум хулосалар чиқаришга ҳаракат қилдик.

 

Абдулатиф Ҳайдаров: Болалар чет давлатникига ўхшаш мултфилмлар кўришни хоҳлаяптими, уларда нима бор!? Биринчи афзаллик, сифати жудаям юқори, ранглар жудаям ёрқин ва ўзгача бир деформациядаги, болани ҳайрон қолдира оладиган кутилмаган қаҳрамонлар бор уларда. Буни Ўзбекистонда ҳам қилиш мумкин. Бизда “Мутахассисларимиз йўқ ёки бизда унақа ривожланмаган” дейишади, неча йилдан бери шунақа гапларни эшитамиз. Мутахассис ҳам бор, топилади, фақат эътибор кам десам тўғрироқ бўлади. Агар ўзимизнинг маҳсулотлар кўпроқ бўлса ва уларни кўпроқ болаларимизга кўрсатаверсак, бу яхши маънода болаларга таъсир ўтказади. Ҳеч бўлмаганда четдан тўғридан-тўғри кириб келаётган маҳсулотлардан қисман бўлса-да, болаларимизни ҳимоя қила олади.

 

Ижодкорнинг кадрлар масаласига оид қарашлари ҳам омманикидан фарқ қилади, шу соҳанинг баланд-пастини кўрган, билган амалиётчи сифатидаги фикрлари эътиборли.

 

Абдулатиф Ҳайдаров: Кадрлар йўқ ёки кадрлар керак, деган масалага мен сал бошқача фикрдаман. Дейлик, ўша кадр ўқиди, битирди, лекин ўша соҳа бўйича иш йўқ бўлса ёки бирор бир мультфильм ишлаб чиқарилмаса, кадрнинг нима кераги бор. Менинг фикрим кўпроқ амалий ишга эътибор бериш. Майли, бошланғич нарсани билсин-да, ҳақиқий мультфильмда ишласин, мана шу ернинг ўзида (яъни мультфильм ишлаб чиқиладиган студияда) ўқигандан кўра, ўн баравар кўпроқ ва тезроқ билим олади. Ўзимда кўп синадим, масалан, нечта янги келган болаларни ҳақиқий лойиҳага киритамиз, биринчи шок ҳолатида бўлади, нима қилишни билмайди, кейин йўл-йўлакай ўргатиб кетилади. Битириб келади, лекин мультфильмда умуман ишламаган, у жойларда ҳам амалиёт кам бўлгандан кейин барибир студияда бошқатдан ўрганади, тажриба оширади. Уларнинг ҳам айби эмас бу, фақат амалиётни кўпайтириш керак, ўқишдами, студиядами фарқи йўқ, ҳақиқий лойиҳа ишида қатнашса, кўпроқ ўрганади. Мен ўзим кўпинча мутахассисларни бирор анимацион лойиҳа тугагандан кейин 5–6 ойгача мультфильм ололмай қолганимизда йўқотаман, кейин яна бошқатдан тайёрлаймиз мутахассисларни, улар ҳам битта лойиҳада охиригача ишлаб ё ишламай, бу соҳада пул топиш қийин экан, деган тушунчага келиб қолади. Чунки узилиш кўп, битта мультфильмни ишлаш билан иккинчисининг ўртасида узилиш бўлади, ўша пайтда мутахассислар бошқа йўналишга қараб ўтиб кетади, уларни ҳам тўғри тушуниш керак, шунчаки юравермайди-ку. Бизда ҳали анимация ривожланмаган экан дейишади, худди биров келиб ривожлантириб қўядигандек, барибир ўзимиздагилар ривожлантиради-ку. Фақат мен айтадиганим, имконият кўп берилиши керак. Ва яна бир нарсаки, ёшларга ишонч йўқ, “бунга берсак, қанақа чиқарар экан” дейишади, лекин ҳали бирорта лойиҳани бериб кўрмаган, бермасдан туриб, “қилоладими-йўқми” дейишади. Охир-оқибат бермайди ҳам, қилдирмайди ҳам, имконият берилмагач, соҳага энди кириб келаётган бўлажак мутахассислар ҳам бу йўналишдан узоқлашади. Лекин қизиқиш билан кириб келувчилар оқими жудаям катта, ўзимда кўп учрайди.

 

 

Ушбу фикрлардан калаванинг бир учи топилгандек, демак, мутахассис бор, хоҳиш-истак бор, фақат уларни юзага чиқаришга хизмат қиладиган имконият йўқ. Имконият дегани эса, шубҳасиз, маблағга бориб тақалади. Шундан келиб чиқиб, битта мультфильмга ўзи қанча пул сарфланишига қизиқдик.

 

Абдулатиф Ҳайдаров: Бир секундлик маҳсулот тайёр бўлиши, мисол учун, ҳозирги кунда 200–300 минг сўмдан 1 миллион сўм оралиғида. Шундан ҳисоблаш мумкин 10 секундига қанча бўлади, 1 минутига қанча. Лекин айтилган харажат бўйича мультфильмнинг ўзига шунча кетмайди, яъни 15 фоиз ҚҚС яна қайтади, 12 фоиз даромад солиғи, яна ижтимоий солиқлар, бундай қарасангиз, 30–40 фоизи яна қайтиб кетади. Мана, чет давлатларда кўрамиз, ўша энг машҳур студиялар, Дисней деймизми, Пиксар деймизми – битта студия даромади анча-мунча давлатнинг бир йиллик даромадига тенг, яъни харажатдан ташқари даромаддан шунча фойда кўришяпти, тахминан битта катта мультфильмга 200 млн доллар сарфлаяпти, 1 млрд дан кўп топишяпти. Уларникини ҳам айтиш мумкин, нима ҳаммаси зўр чиқяптими деб, йўқ, уларнинг ичида ҳам омадсизлари бор, лекин улар бунга кўз юмади, чунки зарарини бошқаси қоплайди, ўшаларни ичидан яхши чиқиб қолганларини биз кўряпмиз, яъни у ерда ҳам зарарига кирган, омадсиз лойиҳалар бор, бусиз ҳам бўлмайди. Шунинг учун имконият кўп берилиши керак, моддий томондан зарарига ёки фойдага ишлайдиганлари бўлади, ҳарқалай ўнтани ичидан яхши нарса чиқади-ку барибир, ҳеч бўлмаса иккита яхшиси чиқсин. Бизда яхши мутахассис йўқ деб шу иккитани ҳам ишламай ўтираверсак, вақт ўтгани ва орқада қолганимиз қолади.

 

 

Дейлик, кун келиб масъуллар миллий анимацияни ростдан ҳам ривожлантириш кераклиги, болалар қалбига ҳозирдан эзгулик ва ҳалоллик уруғларини қадаш орқали жамиятдаги эртанги кўплаб муаммоларнинг олди олиниши мумкинлигини тушуниб қолишса-ю катта-катта маблағларни шу соҳага йўналтиришни бошласа, мультфильмлар қандай талабларга жавоб бериши керак, уларнинг асосий хусусиятлари нималарда акс этиши зарур деган саволларга ҳам ойдинлик киритдик.

 

Абдулатиф Ҳайдаров: Ўйлашимча, биринчи навбатда, мультфильм болани жалб қила олиши керак. Жалб қилиб, томоша қилишга мажбур қилдингизми, унинг ичида кейин айтилмоқчи бўлган фикрни етказиш керак, яъни тоза ва тиниқ фикрларни ўшанинг ичида бериш керак. Агар болаларга фақат насиҳат қилсак, улар кўрмайди, очиғи, фақат гап билан айтаверса ҳам бўлмайди. Уларга ёққан нарсаларни қилиб берайлик, дейлик, ўша ҳаракатларда-ю рангларда, кўринишларда болалар хоҳлаётган нарсалар бўлсин, ичида эса ота-оналаримизга ёқадиган урф-одат, характер ёки тарбиявий жиҳатлар бўлсин. Ишланаётган мультфильм воқеасини бола кўчада кўрсин ёки кўчада кўрган нарсасини мультфильмда ҳам кўрсин, яъни ҳозирги замон билан ҳамнафас бўлсин. Мультфильмда болалар ўзи ишлатаётган нарсаларни кўрсин, яъни болалар тилига яқинроқ бўлсин. Ҳозирги пайтда, мисол учун, 4–5 ёшли бола нима ҳақида гаплашяпти, ўша нарса мультфильмга киритилсин. Бир сўз билан айтганда, ҳозирги болаларни жалб қилиш учун мультфильмда уларга яқинроқ нарсалар бўлиши керак.

 

 

“Ҳар ким ўз ишини қилсин” деган сўзларни кўп эшитамиз. Бу, албатта, тўғри гап. Лекин ўз ишини қилишга етарли шароит бўлмаса ёки шунга имконият берилмаса, ҳар қандай мутахассис ҳам ўз иши билан жиддий шуғуллана олмайди. Нафақат ўзимизнинг аудитория, балки хориж майдонларига, энг нуфузли мукофотларга лойиқ даражада миллий мультфильм ишлашга тайёрмиз деб турган иштиёқманд ижодкорлар бугун нималарга ўралашиб қолганини ҳам интервью баҳона билиб олдик.

 

Абдулатиф Ҳайдаров: Битта нарсаки, менда мультфильмни тайёрлашдан кўра буюртмаларни топиш, ҳужжатбозлик ишларига кўп вақтим кетиб қолади, яъни доимий бир хиллик бўлмагани учун шунақа ишларга кўп вақт ажратаман, ундан кўра бизга: “Мана мультфильм, ҳаммаси тайёр, сизлар фақат ишланглар” дейишсин. Кучимизнинг тахминан 30–40 фоизини ишлатяпмиз, қолгани эса ана шунақа кераксиз югур-югурларга кетиб қоляпти. Биздан кўпроқ фойдаланиш керак. Болаларимиз эртасига бефарқ бўлмаган ҳар қандай инсонда миллий мультипликациямиз ҳақида саволлар туғилиши табиий, нима учун бизда мультфильмлар кам ишланади, қачон чет элники билан рақобатлаша оламиз ва яна шунга ўхшаш саволлар!? Назаримизда, буларнинг барчасига жавоб битта хулосада яширинган: мультипликаторларга кўпроқ имконият берилиши керак, уларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш кучайтирилиши зарур. Йўқса, шу каби саволларни яна ўн йил ўтиб ҳам бераверамиз, муаммоларимиз ҳам “эски ҳаммом, эски тос”лигича қолаверади. Агар муаммолар илдизини молиявий имкониятларга боғлайдиган бўлсак, бунинг ҳам ўзига хос ечимларини топиш мумкин, албатта.

 

 

Хусусан, ҳар битта давлат органи ўз йўналишидан келиб чиқиб, ҳеч бўлмаганда йилига битта мультфильмга буюртма берса, бир кунлик тўйдек ўтиб кетадиган юзлаб тадбирларга сарфланадиган харажатларнинг лоақал биттасини юртимиз келажаги бўлган, эртанги давомчиларимиз ҳисобланган болажонларимиз учун мультфильм ишлашга йўналтирса, анимация ишлаб чиқаришдаги молиявий танглик ҳолати сезиларли даражада ҳал қилинган бўлар эди.

 

Дейлик, Мудофаа вазирлиги ўз фаолияти билан боғлиқ ватанпарварлик мавзусида, Диний қўмита ҳам кичик ёшдаги болажонлар қалбига иймон-эътиқод тушунчаларини тўғри сингдира оладиган диний-маърифий йўналишда, Маданият ва туризм вазирлиги эса юртимизнинг беҳисоб қадамжолари ва тарихий маданиятга бой масканлари ҳақида мультфильмлар буюртма қилишлари мумкин. Худди шу сингари бошқа ташкилотлар ҳам бир ёқадан бош чиқариб, ҳаракат қилишса, ўша ташкилот раҳбарларининг ўзи ҳам бунинг самарасини, фойдаю таъсирини ўз фарзандлари ёки неваралари мисолида кўришар эди, яъни сарфланган маблағлар айланиб келиб, барибир шу миллат болалари учун хизмат қилган бўларди. Эҳтимол, шу йўл билан мазмунли, ибратли ва қизиқарли мультфильмларимиз кўпайиб, болаларимиз минган замон қайиқларининг биз – катталар хоҳлаётган таълим-тарбия денгизига чиқиб олишига янада кенгроқ имкониятлар очилган бўлармиди!?

 

Азиз МАТЁҚУБОВ суҳбатлашди.

 

Суҳбатнинг видеосини ушбу ҳавола орқали томоша қилишингиз мумкин.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 17368
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//