Сўнгги вақтларда ўзбек фильмларининг ўта муаллифлик ёки ўта оммавий тарзда олиниши томошабинни экрандан узоқлаштириб қўйди. Омма савиясига тушиб бораётган режиссёрлар олқишланиб, фикрини қатма-қат ребус тарзида берувчи киноижодкорлар сояда қолиб кета бошлади. Бу эса ўзбек кинематографиясида пасайиш, очиқроқ айтадиган бўлсак, томошабинга бирор маълумотни бўяб-бежаб етказувчи ҳужжатли фильмсифат картиналар даври бошланиб кетгандек таассуротни уйғота бошлагани ҳам бор гап. Балки шу боис Шокир Холиқовнинг “иккиқатламли” тарзда суратга олинган “Якшанба” фильми кино мутахассислар ва томошабинларда бирдай илиқ таассурот қолдирди. Oyina.uz мухбири уларнинг кино ҳақидаги таассуротлари билан қизиқди.
Аюб ШАҲОБИДДИНОВ, кинорежиссёр, сценарист:
Самимийлик режиссёрнинг энг муҳим сифати. Томошабин фильм кўриб, йиғлагиси келаркан, қаҳрамонларга қўшилиб ҳаяжонланаркан, бунга шу ҳис сабаб бўлади. “Якшанба”да шу самимийлик, ҳаётни билиш бор. Фильмни кўриб, бир ўзбек, бир ўғил сифатида Шокирнинг аёл қаҳрамони олдида виждоним қийналди. Айни шу ҳол жуда катта нарса, жуда катта таассуротни беради томошабинга. Бугун айни замонимиз эмас, балки, ёппасига тарих, “ур-сур” тарзидаги фильмлар ишланаётган бир вақтда ушбу фильм кинойимизга тоза ҳаво олиб киргандек бўлди. Кинематография агентлигидан йилига икки-учта “Якшанба” каби фильмларни суратга олишга имкон беришини сўрардим. Шунда ўзбек киносида катта бурилиш бўлади, деб ўйлайман.
Картинада жуда кўп мотивлар бор. Менга энг ёққан жиҳат – асарни ижтимоий трагедия дея кўраркансиз, ичида гўзал бир мелодрамани ҳам тортиқ қилади режиссёр сизга. Асар инсонийлик ҳақидаги фильм бўлгани учун на рассом, на операторга эътирозим йўқ, чунки асосий ғоя етказиб берилган. Яна бир нарсани таъкидлашни истардим, фильмда ёлғизлик, бир маромдаги ҳаёт тасвирлангани билан турмушнинг позитив томонлар ҳам кўп кўрсатилган. Янги давр кириб келгани, стереотиплар ўзгара бошлагани, чекка жойларда ҳам замонавий стандартларга ўтилаётгани каби ўзгаришларни кўрасиз унда. Шунинг учун финалда қаҳрамонлар ҳаётини янада яхши кўрсатишга ҳожат йўқ. Якуннинг шу тарзда қолиши томошабинга кўпроқ нарса беради.
Забаржад БОБОЖОНОВА, санъатшунос журналист:
Шокир Ҳолиқов гўзалликни оддийликдан топади. Фильмлари – самимий, табиий, жимжималардан ҳоли. Унинг эътиборини тортган оддиятлар юрагингизни чимчимай ўтмайди. Болалигимда бувимнинг бобомга муносабатини ҳеч тушуна олмасдим. Бир қараса бир-бири билан мутлақо иши йўқ кишиларга, бир қараса адашиб яшаётган бегоналарга, аразлаб олса ёвларга ўхшаб кетарди... Лекин дастурхонга тортилаётган тансиқ таомларни невараларидан олдин “бобой”ига илинар, бозорга тушса чолини ўйлаб, ўзини унутарди. Бобом ўтгач, бувим ҳам кўпга бормади. Шундагина уларнинг тушунарсиз муносабати энг чиройли, оҳорсиз муҳаббат бўлганини англадим.
Фильмда воқеалар динамикаси соддаликдан мураккабликка қараб ўсиб боради. Гугурт тополмай, қўшнисидан ёндиргич (зажигалка) сўраган момо бармоғини куйдириб олади. Фильм сўнггига қадар ҳар бир янгиланган буюмдан момонинг юраги, дили, ниҳоят ҳаёт шамининг куйиб, сўнишигача етади. Буюмларига қўшилиб, ўзлари ҳам эскириб бораётганини тушунган чол ва кампир муносабатларида ҳақиқий романтикани кўриш мумкин. Сувоғи кўчган уй деворлари, капоти ёпилмайдиган Москвич, оқ-қора телевизор, тугмачали телефон, шовқинидан уйқингиз қочадиган музлатгич... ҳамма-ҳаммасида уларнинг ўзлари яратган, сўзсиз англайдиган МУҲАББАТи яшаяпти. Негадир фильмдан (биз ўрганиб қолган стандарт) жамият оғриқларини қидиришни ҳам ёки унинг бахтли якун билан тугашини ҳам хоҳламадим. Йўқса, ундаги мен топган табиийликка путур етарди. Ҳаммаси борича, ҳолича гўзал. Фарзандлар муносабатида ясамалик йўқ. Улар ҳам ўз наздида ота-онасига яхшилик, енгиллик, қулайлик соғинади. Шунчаки уларнинг олами – бегона...
Фильм рамзларга бой. Қаҳрамонлар кўп гапирмайди. Ҳар бир рамзнинг ўз матни, айтадиган гапи бор. Фильм тугагач, ана шулар сиз билан кетади. Режиссёрнинг бошқа ишлари каби бу асар финали ҳам сиз кутгандай, сиз қўрққандай эмас. Фильм давомида чолнинг аҳволи оғирлашиб, омонатини аввал у топширса керак, деб ўйлайсиз. Ҳар бир “хайрлашув”ни чол оғир олади, оғриқни эса момо... Гарчи бундай оғриқларнинг ёнгинасидан кунда ўтсак-да, экран орқали уни бошқача ҳис қилдик. Бир ярим соат давомида воқеалар асосан ҳовли ичида содир бўлди, ҳамма нарса ана шу ҳовлидаги деталлар атрофида бирлашди. Лекин... чол айтган охирги “эски нарса” (кампири) ҳам тарк этгач, чинакам қадрият момо эканини тушуниб, ўзи ҳам эскирганини тан олади, камера қаҳрамон билан бирга аста ҳовлидан узоқлашади. Шокир Ҳолиқов биз узоқлашаётган, узоқлаштираётганларни кўрсатди...
Шоҳрух АБДУРАСУЛОВ, cанъатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD):
Шокир Холиқов... Очиғи, кўпчилик ўзбек киносининг келажагини шу йигит тимсолида тасаввур қилаётир. У суратга олган “Чой”, “Дилемма” сингари қисқа метражли фильмлар ер шарини кезиб, турли фестивалларда ғолиб деб топилди. Аммо Шокир тўлиқ метражли фильм яратиб, катта кинода ҳам ўзини исботлаши лозим эди ва ниҳоят, ўша узоқ кутилган фильм экранга чиқди: “Якшанба”. Дабдурустдан эшитилганда, бу ном томошабинга фильмнинг мавзуси ва ғояси ҳақида ҳеч нарсани очиқламайди. Ҳафтанинг якуний куни. Хўш, нима қилибди? Лекин картинанинг қатларига кирганингиз сари ўша жумбоқу саволлар ечила бошлайди. Режиссёр икки қария тимсолида инсон ҳаётининг етти кунлик кечмишида юз берувчи турфа кечинмалар, ҳиссиёту эврилишларни мисли мусаввирдек чизади, эпизодлар гўё “ипга терилган марварид”дек ғоят дид ва тартиб ила тизилганки, бирор лаҳза фильм оқимидан чиққингиз келмайди. Ваҳоланки, картинада томошабинни экранга михлайдиган фавқулодда қизиқарли сюжет йўқ, бори йўғи қишлоқдаги чолу кампирнинг бир-бирига самимияти, муҳаббату садоқати ва бошқа покиза, ичкин туйғуларини кўрасиз. Каминага маъқул жиҳати, Шокир фақат кино тилида сўзлайди, қаҳрамонларини ҳуда-беҳуда гапиртириб, актёрларни ҳам, томошабинни ҳам чарчатмайди, фильмда асосан тасвирлар, нигоҳлар, деталлар, сукутлар “тилга киради”. Асли ҳақиқий кино шундай бўлиши керакку!
Режиссёрнинг топилмаларига алоҳида тўхталмоқ лозим. Бугунги замоннинг тезобини кўриб турибмиз. Вақтида қабул қилинмаган янгилик жамият учун фожиага айланмоғи айни ҳақиқат. Умр шомига етиб қолган чолу кампир учун эски нарсаларнинг қадри бўлак: даққиюнусдан қолган тандиру ўчоғ, телевизор, телефон, музлатгич, отамерос кулба. Ўғли елиб-югуриб, янгисини бадастир қилсада, қариялар, айниқса, чолнинг авзойи очилмайди. Улар учун лой тепкилашу ўрмак ўгириб, гилам тўқиш авлороқ. Янгича ҳаёт урфига мослашолмаслик алал-оқибат фожиаларгада сабаб бўлади: газ плитани ёқмоқ илинжидаги чол бошидан жароҳатланади ёинки пластик картанинг кодини билмагани боис кампири учун зарур дори-дармонни вақтида келтиролмайди.
Шокир Холиқов ва ижодий жамоанинг ютуқларини эътироф этган ҳолда, айрим мулоҳазаталаб ўринларни ҳам айтиб ўтсак. Режиссёрнинг топилмалари зўр, ўрнида ишлатилган, бироқ, оҳорли эмас. Масалан, инсон психологиясини у кўрадиган телевизор дастурлари орқали очиб бериш жаҳон ва ўзбек кинематографиясида анчайин кенг тарқалган топилдиқ. Тарковский, Бергманн, ўзимиздан Ёлқин Тўйчиев (“Илова”), Айюб Шаҳобиддинов (“Ўтов”, “Паризод”) фильмларида бунга гувоҳ бўлганмиз. Янгича тафаккур ила майдонга чиқаётган Шокирдан эса янги топилмалар кутишга ҳақлимиз. Газ плитанинг портлаши билан боғлиқ эпизодни ҳам ўйлаб кўриш керак. Шахсан бу лавҳада мен замонавий ҳаётга мослашолмасликни эмас, қарияларнинг соддаю дўлварлиги устидан аччиқ пичинг қилинганини кўрдим холос. Назаримда, фильмда тугал, мантиқий ечим йўқ. Бошдан-оёқ рамзларга қурилган картинага фавқулодда кучли, фалсафий якун керак. Ушбу эътирозларга қарамай, Шокир Холиқовни катта кинодаги илк муваффақияти билан қутлаш мумкин. Ўйлайманки, режиссёр ўз сўзини тугал айтганича йўқ, унинг энг яхши фильмлари ҳали олдинда.
Нажмиддин ЭРМАТОВ, “Ўзбекистон тарихи” телеканали муҳаррири:
Якшанба – географик макон касб этса, сўнги манзил, бирор жондорга дўнса, ўрмон қўйнидан хониши эшитилаётган ҳаққуш, одамга эврилса, мўйсафид қиёфасига кирарди, эҳтимол. Аммо у ҳафтани ниҳояловчи оддий кун бўлди, одамлар ҳам ундан ортиғини кўролмади. Кунлар илмий тадқиқ қилинса, култлик илдизларигада туташар балки. Шокирнинг “Якшанба”сини кўргач ҳаёлга шу каби ўйлар келаверади. Чунки, фильм томошабинни шундай ҳолатга тайёрлайдики, ундаги ҳар бир нарса-жараёндан рамз излашга тушиб кетасан киши.
Оқ ва қора, кун ва тун, ёз ва қиш олам посангисини мудом мувозанатда тутиб туради. Эпик хусусиятга кўра, улар бутун олам ҳодисасини ўзида мужассам қилади. “Якшанба” воқеаси ҳам айни илдиздан бўй чўзган, кўҳна ва давомли тасаввурга янги тирқишдан камера тутган. Шунинг учун ҳам уни кўрган одам истагига кўра, маиший, ижтимоий, сиёсий маънолар топа олади, муҳаббатни туяди. (Мен “Якшанба”даги муҳаббатга аввал бир маротаба дуч келганман – М.М.Дўстнинг “Дашту далалар”ида). Шу ўринда бир ҳолатга тўхталиб ўтсам, намойиш вақтида айтилган ва ундан сўнг ёзилган бир қанча фикрларда Шокирдан кино охирида чолни “ўлдирмаганидан” ёзғирганлар бўлди. Биз кўниккан киноларда юрагини чангаллаган чол, албатта, якунда ўлган бўларди, томошабин ҳам режиссёрдан ўзи кутган ечимни олиб шодланарди. Бироқ гоҳ бирор келувчига, гоҳ кампирига ичидаги вулқон учқунини сочиб олган чапани чол ҳовурини енгиллатиб юрибди. Ҳар куни қўйини ҳайдаб қирга чиққанида кўздан нари йиғлаб, кенгликларга бақириб, ичини бўшатиб ҳам келар, эҳтимол. Лекин на ўғилларига очилиб гапира оладиган, на эрига кўнглини ёрадиган, бор ситамини ичига ютиб яшайдиган кампирнинг охири ёрилиши—“биз ёмон яшамадига” сўзига суяниб ўлиши ўта табиий бўлди ва шундай бўлмоғи ҳам мантиққа хос.
Очиғи, айрим китоблар, кинолар ҳақида тугаши билан “сайраб” кетиб бўлмайди. Чунки, у ҳали тугамаган, ўқувчи-кўрувчи онггида янги умрини бошлаган бўлади. “Якшанба”ни ҳам шундай асарлар сирасига қўшган бўлардим. Фильм воқеасини баён қилиб, ундаги ҳар бир ҳолатдан ижтимоий ва сиёсий маъно топса бўлади, буни эплашяпти ҳам. Аммо менда уни кўришга яна эҳтиёж бор, ҳали ўрмакнинг, лўлининг, бобосини деразадан пойлаган икки боланинг қиёфасидан турли ўйларга дуч келяпман, чуқур моҳият излаяпман. Қўй қирқимидан бошланиб, қор ичида дарахтга осилиб қолган ўрмак ипига эшилган ўйлар, ёндиргичдан ривожланиб уйгача келган замон нафаси, кекса ва ёш ўртасидаги тафовут суратан аён, аммо бу сурат ортига беркинган руҳий эврилишлар исканжасидан ҳали чиқиб кета олганим йўқ.
***
Фильм таъкидлангани каби чол-кампир турмуши мисолида инсониятнинг “эскириб” бораётган қадриятлари, тугаб бораётган, тобора эҳтиёж ортаётган меҳр-муҳаббати ва уларни менсимайгина кириб келаётган янги одатлари ҳақида сокин ҳикоя қилади. Фильмда режиссёр ҳайқирмайди, бўрттирмайди, ранг бермайди, натижада сиз қулоқларингиз билан эмас, қалбингиз билан сассиз ингроқни эшитасиз, умрингиз туслари кўрасиз, оғир бир ўйга айланиб қоласиз ниҳоят. Намойишдан сўнг фикр билдирган томошабинлардан бири картина сўнгида ўғил қайтишини кутганини билдириб ўтди. Шокир Холиқов Кинематография агентлиги ҳам шуни сўраётгани, кинонинг Жасур(қаҳрамонларнинг Россиядаги ўғли) қайтгач, тўй-томоша билан тугаган варианти ҳам борлиги, аммо у режиссёрнинг эмас, бадиий кенгашнинг ечими экани ҳақида гапирди. Кўринишидан режиссёр бу якунни истамаётгани аниқ, лекин негадир агентлик бадиий кенгаши ниҳояда одатий ўзбек фильмларига хос “happy end”ни истаётган экан. Аммо бир нарсани таъкидлаш керак, айни вақтда тақдим этилган вариант – якунда аёлнинг ўлими, азадан бир ҳафта ўтмай бошланиб кетган уй “ремонт”и, ёлғиз ёнган гугурт, тугамай қолган гилам – буларнинг барчаси кинонинг шундай тугашини тақозо этади. Агар картина тўй-томоша билан тугаркан, бу деталлар ўз аҳамиятини йўқотади, умумий мантиқ бузилади ва режиссёр айтмоқчи бўлган гап бекорчи ҳикоялардан фарқ қилмай қолади, назаримда. Картина кейинги ойда бўлиб ўтадиган нуфузли халқаро фестиваллардан бирига тақдим этилган. Унда “Якшанба” режиссёрнинг аввалги ишлари каби муносиб эътирофини олса, балки бадиий кенгашимиз фильм ниҳоясини ўз ҳолида қолдирар. Яна ким билсин...
Феруза ХАЙРУЛЛАЕВА,
Oyina.uz
Санъат
Тарих
Санъат
Тарих
Адабиёт
Тарих
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ