
Алехандро Гонсалес Иняррутининг 2014 йил “Энг яхши фильм”, “Энг яхши режиссёрлик иши”, “Энг яхши оргинал сценарий” номинацияларида “Оскар” мукофотини қўлга киритган “Қуш одам” (Бирдман) фильми санъаткорнинг йўли ва фожеаси ҳақида ҳикоя қилади. Картинани мураккаб сюжетли деб бўлмайди. Қаҳрамон Ригган Томпсон 20 йилларча олдин “Бирдман” номли кинода бош ролни ўйнаши ортидан мислсиз шон-шуҳратга кўмилади. Қизиғи, фильмда Ригган ролини ижро қилган актёр Майкл Китон ҳам қачонлардир Тим Бертон суратга олган “Бетмен” фильмида бош қаҳрамонни ўйнаган ва афсонага айланган, аммо шундан кейин бошқа жиддий ролда ўйнамагани сабаб томошабинлар ёдидан бутунлай унутилганди. Ияррути шу сабаб Майкл Китонни ўз фильмига таклиф қилади. Чунки Китон киноқаҳрамоннинг изтиробини ҳис этиш учун кўп куч сарфламасди, унинг ўзи айни шу ҳаётни яшаётган эди. Хуллас, картина сюжетига кўра, бош қаҳрамон шон-шуҳратли даврларини доимо қўмсайди, ўз истеъдодига, ҳали санъатда ноёб нимадир қила олишига ишонарди. Шу сабаб Нью-Йорк театрларидан бирида тинимсиз спектакль саҳналаштиради. Аммо ҳеч омади юришмайди, бирорта саҳна асари ўзи кутган баҳони олмайди. Энди ҳамма унга истеъдодсизлиги, асли бошиданоқ талантсиз бўлгани, Бирдманни ўйнаш эса шунчаки бир омад бўлганини таъкидлайверади. Хотини ташлаб кетади, гиёҳвандликка берилган қизи эса даволанишдан сўнг отасига ёрдамчи бўлиб театрда ишлай бошлайди. Лекин у дадаси қилаётган ишларни ёқламас ва аҳмоқона деб билишини яширмасди. Қиз ўзини ва бошқаларни қийнаб қўйган худбин ролида кўрарди отани. Ригганнинг ўзи ҳам буни инкор этмас, аммо миясига ўрнашиб олган, уни соат сайин еб битираётган истакдан қутила олмасди! У доим йиллар ортида қолиб кетган “Бирдман” – “қуш одам” образи билан гаплашарди. Собиқ актёр ўзига “қуш одам” ёрдам бераётганига, худди кинодагидек инсон қодир бўлмаган куч-қувват ҳамон унда мавжудлигига қаттиқ ишонарди. Шунинг учун ҳам ҳаммасига қўл силтаб кетолмасди.
Ригган театрда яна янги спектакль саҳналаштиради. Репетиция жараёнида жамоага ёш, Голливудда шуҳрат қозонган, аммо феъли сабаб унча-мунча режиссёр билан чиқиша олмаган актёр келиб қўшилади. Аммо ёш актёр ҳам Ригганга даври ўтганини, театрда ўйнашга истеъдоди йўқлигини ва қилмоқчи бўлган ишлари томошабинга мутлақо қизиқ эмаслигини айтиб мазахлайверади. Фильмда Ригган ва актёр ўртасидаги мана шу зиддиятда бош қаҳрамон фожеаси теран очилади. Қизи ҳам отасига ҳаётдан орқада қолганини, ҳозирги интернет замонида одамларни ҳар кун нимадир қилиб қойил қолдириш кераклиги, унинг ҳатто ижтимоий тармоқларда саҳифаси йўқлиги, томошабин унга қизиқмаслигини айтиб, ярасига туз сепарди. Аммо шундай кунларнинг бирида собиқ юлдуз бир вазият сабаб, кўчада яланғоч югуришга мажбур бўлиб, интернет юлдузига айланади. Унинг видеоси дақиқа сайин кўрилар, фойдаланувчилар актёр ақлдан озганини айтиб калака қилишар, кинояли изоҳлар ёзишарди. Аммо унинг қизи ҳолатни яхши қабул қилади, “Ҳозир одамлар пиар бўлиш учун худди шундай қилишяпти”, дейди. Ригганга эса бу акс таъсир этар, тобора ўз ботқоғига тушиб бораверади. Оқибат, ўзига бўлган ишончи бутунлай сўнган собиқ юлдуз театр директоридан спектаклни бекор қилишни илтимос қилади. Бироқ чипталар аллақачон сотилгани учун раҳбар унинг илтимосига кўнмайди ва Ригганни умидлантириш учун томошага машҳур кинорежиссёр атайлаб унинг ижросини кўриш учун келаётганини айтиб алдайди. Қатим нур қидирган каби бир умид ахтариб юрган қаҳрамон бу ёлғонга ишонади. Аслида ич-ичидан бунинг алдовлигини ўзи ҳам сезар, қолганлар унга нақадар ачиниб боқишидан бохабар, бироқ илинж ўлмаган эди. Илинж ўлиши учун эса ўзи ўлиши лозим – қаҳрамонимиз ниҳоят шу ҳақиқатни англаб етганди. Спектакль премьераси куни тонгда у миясига ўрнашиб олган “қуш одам” билан сўнгги марта гаплашади. “Қуш одам” унга яна қанчалик ночорлиги, хароблигини айтади, доимгидек мазахлайди, лекин кейин ролни мукаммал ижро этишига, бу ҳаётидаги энг буюк ижроси бўлишига ишонтиради. Томоша бошланиб, ҳамма ўз ролини қойилмақом ўйнай бошлайди. Спектакль сўнгида Ригганнинг қаҳрамони ўзини отиб ўлдириши керак эди. Ҳамма нарсадан чарчаган Ригган эса саҳнага ҳақиқий тўппонча билан чиқади ва ўзини отади. Одамлар бир зумга нима бўлаётганини тушунмай, анграйиб қолади. Кейин эса бутун зал оёққа туриб уни олқишлай бошлайди. Томошадан биринчи бўлиб югурганича театр танқидчиси чиқиб кетади. У ижронинг нақадар мукаммаллиги, Ригган театрда “суперреализм” деган янги йўналишга асос солгани ҳақида биринчи бўлиб мақола ёзиши керак эди.
Энди шаҳарда ҳамма у ҳақда гапира бошлайди, ижтимоий тармоқлар супер актёр ҳақдаги хабарлар ва спектакль ҳақида изоҳлар билан тўлади. Барча уни олқишларди. Аммо энди унга буларнинг қизиғи йўқ. Илк бор “Бирдман” ролини ўйнаганида ҳам бошига кўтарган шу оломон эди, кейин бир зумда унутган ҳам, кўчаларда эрмак қилган ҳам шу одамлар бўлди. Ҳозир яна аввалги шонли паллалари такрорланяпти, эртага яна ҳаммаси унутилади. Шу сабаб Ригган касалхонада кўзини очганида (ҳа, у ўлмай қолганди, ўзини отишдан бир сония олдин ҳушидан кетган, ўқ эса мўлжалда адашиб, бурнини ялаб ўтганди), касалхона йўлаги мухбирлар ва мухлислар билан тўлалигини эшитганида кўпам ҳаяжонланмади. Энг даҳшатлиси, бирор ким унинг саҳнада ўз жонига қасд қилишга ва ҳаммасига нуқта қўйишга уринганини пайқамаганди. Ҳамма буни “суперреализм”, ижрони мукаммал қилиш учун роль ичига бутунлай кириб кетиш деб тушунган ва унинг маҳоратига тасанно айтарди. Ўз касбига муҳаббати ва орзуси сабаб ҳаёт-мамот жангида қолганини, ўлиб кетишга рози бўлганини фақат унинг ўзигина биларди, холос. Бошқалар билганида ҳам бунинг уларга қизиғи йўқ эди. Фильм сўнгида Ригган касалхона деразасидан қуш одамга айланиб учиб кетди. Фақат бу сафар мангуга...
Биз буюк санъат асари деб олқишлайдиган ҳар қандай ижод намунаси ортида маҳоратдан ташқари, инсоннинг ўлим оғриғидек даҳшатли азоби турганини ҳатто англамаймиз ҳам. Ёки тушунсак ҳам аллақачон баҳосини олган санъаткорларга нисбатан бу таърифни қўллашимиз мумкин, аммо ёнимизда шундай одам яшаётган бўлса, биз унга ҳеч қачон муносиб баҳо бермаймиз, аксинча топташга интиламиз. Ижодкор асарини олқишлаётганлар аслида санъаткорнинг дардини, азобини олқишлаётган бўлади. Бироқ, томошабин фақатгина кўриб ҳайратланиши, олқишлаши мумкин холос, ҳеч қачон санъаткорнинг азобини тушуна олмайди. Шунинг учун бир соҳада профессионал бўламан, яратувчи бўламан деганларга қийин. Улар бу йўлда доимо ёлғиз. Ҳамма ҳам шон-шуҳратни, яратувчиликни исташи мумкин, аммо озчилик бунинг азобига тоқат қила олади. Ва кўпинча улар кутган эътироф аллақачон азобдан тўйиб, ўлимни бўйнига олганида, ҳаётда ҳамма нарсасини йўқотиб бўлгандагина келади. Аммо энди бунинг нима кераги бор? Бу қандай таскин беролади? Кафка “Санъат бутун борлиғингни бағишлашни талаб қилади, шуниси билан у фожеа” дейди. Асли бошқаларнинг кўзига шон-шуҳратга эришиш воситаси бўлиб кўринган санъат мана шу фожеалилиги билан бу дунёнинг яшашга, ҳатто ўлимга арзийдиган маъносига эврилади. Аммо бунда атрофдагилар эътирофи жуда муҳим. Истаймизми йўқми, санъаткор иши тан олинмас, санъат сифатида қадр топмаскан, у ўз ҳаётидан рози бўлолмайди. Дарвоқе, санъаткор ўзи ҳаётидан қачон рози бўлади, яратган асариданчи? Ҳеч қачон! Чунки ўлим билан олишиб яратилган асар ўз эътирофини олиши биланоқ ижодкор учун муҳим бўлмай қолади. Томошабин қандай унутса, санъаткор ҳам яратган асарини шундай унутади. У энди бундан буюкроқ нимадир яратиши керак. Бу дегани аввалгиданда кўп азоб, машаққат ва ажал билан қаттиқ олишув дегани. Шу сабаб ҳам Ригган қуш бўлиб учиб кетди, шу йўл билан буларнинг барчасига нуқта қўяди. Боиси бу доимий истак, изланиш, яратиш ҳиссидан фақат ўлибгина қутулиш мумкин. Иняррути санъаткорнинг мана шу фожеасини экранга олиб чиқди, биз олқишлаётган, ҳавас қиладиган “юлдузлар” шуҳрати ортида оддий инсон тоқат қилолмайдиган ИЗТИРОБ борлигини томошабинга ҳис қилдирди. Аммо биз ҳам бу фильмни кўрганда, доимгидек томоша вақтидагина қаҳрамонга ачинамиз, бироздан кейин эса худди Ригганни қачонлардир мухлислари унутгандек эсдан чиқариб юборамиз. Ёнимизда ҳам санъат учун ўзини ўлимга тикканлар бордир, аммо биз уларни кўрмаймиз. Инсоннинг ўзгармас феъли, ҳаётнинг ўзгармас қоидалари ҳар жойда, ҳар доим шундай. Бунинг учун ҳеч кимни айблаб бўлмайди. Айблолмас экансиз, дунёни тузатиб, яхшироқ қилиш ҳам имконсиз. Демак, фожеа доим мавжуд. Санъат эса шу фожеамизга кўзгу тутаверади.
Тилланисо ЭШБОЕВА
Тарих
Тарих
Фалсафа
Тарих
Тарих
Тил
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ