“Қаҳрамон”, “Инишерин баншилари”, “Бошпана” – кинонинг чўққиси қаерда?


Сақлаш
22:26 / 11.05.2023 1061 0

Ҳар қандай санъатнинг чўққиси бўлади. Масалан, да Винчи туманли манзарани маҳорат билан ифодалай олган мусаввирни етук санъаткор деб айтади. Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, кинематографиянинг чўққиси қаерда?

 

Яна ўша рационалист Леонардо да Винчига мурожаат қиламиз: “Рангтасвир эътибори юзага – табиат яратган жами нарсаларнинг ранг-туси ва шакл-шамойилига қаратилади, фалсафа эса бу жисмларнинг ичига кириб бориб, ўзига хос хусусиятларини кўриб чиқади. Бироқ у ушбу жисмларнинг бирламчи ҳақиқатини қамраб олувчи рассом даражасидаги ҳақиқатга етиша олмайди, чунки кўз ақлга қараганда камроқ янглишади”.

 

Леонардо фалсафа деганда адабиётни (умуман, нопластик санъатларни) назарда тутган бўса, рангтасвир деганда визуал санъатларни кўзлаган. Шундай экан, гарчи ўша даврларда кино отлиғ санъат бўлмаган эса-да, шартли равишда мутафаккир кинони ҳам назарда тутган дейишимиз мумкин.

 

Албатта, бу борада да Винчи билан баҳслашишга йўл бўлсин… Бироқ мутафаккир ўз даври – ренессанс тафаккуридан келиб чиқиб шундай ўйлаши табиий ва қонуний эди, дейишга журъат қиламан. Зеро, аслида, ҳатто кинонинг ифода имконияти баъзан сўз санъати каби кенг эмас. Айниқса, ижтимоий-психологик драмани кўрсатишда мана шу чекланганлик сезилиб қолади. Негаки, адабиётда персонажлар ўзаро узоқ суҳбатлашиши, камига ёзувчи ҳар бир деталь, ҳодиса, характер, ҳолга эринмай шарҳ ёзиши, бунга ўз бадиий ғоясидан келиб чиқиб муносабат билдириши мумкин. Айни нуқтада киночининг “қўллари” боғлиқ. У барини қисқа диалог ва тасвир (деталь, рамз) воситасида узатишга мажбур. Демак, режиссёрнинг маҳорат синови ҳам шунда – асли визуал санъатлар табиатида мавжуд бўлмаган ижтимоий-психологик драмани кўрсатиб беришда. Ана шу кино санъатинг чўққисидир!

 

Ижтимоий-психологик фильмлар кўпчилик томошабинларга зерикарли туйилиши мумкин. Сабаби, улар интригага бой ва қизиқарли сюжетга эмас, балки драматик лаҳзалар устига қурилади. Бунда мухлис воқеалар ривожидан эмас, кўпроқ актёрлар маҳорати, характерлар талқини, пурмаъно диалоглар ва фақат санъаткоргина кўриши мумкин бўлган, оддий одамлар нигоҳидан пинҳон манзара ва ҳол тасвиридан эстетик завқ туяди, жамият билан зиддиятга киришган қаҳрамон воситасида ижтимоий дардни ҳис қилади.

 

Жаҳон кино санъатида ижтимоий-психологик драмани ифодалашга қодир режиссёрлар оз эмас (кўп ҳам эмас). Бундай фильмларни ягона йўналиш умумлаштириб турса-да, аслида бир-биридан кескин фарқ қилиши ҳам мумкин. Мен қуйида ўзим томоша қилган энг яхши ижтимоий драмалардан фақат учтасини танлаб олдим. Сабаби, уларни “Капалак эффекти” бирлаштириб туради. Яъни оддий одамлар ҳаётидаги кичик бир муаммонинг катта ижтимоий дардга айланишини ёки шу кичик муаммо воситасида бутун жамиятнинг модели яратилганини кўрамиз.

 

1. “Қаҳрамон”, Асгар Фарҳади (Эрон, 2022)

 


Эронлик кино ижодкорлар фақат ижтимоий драмага ихтисослашгандек
туюлади менга. Бир йилча олдин Асгар Фарҳадининг “Қаҳрамон” (2022) фильмини кўриб, узоқ вақт таъсиридан чиқолмай юрганман. Миям фалажланиб, бир вақтнинг ўзида барини тушунган ва ҳеч нарсани англамаган одамдек ўйланиб қолганман. Бу асарда режиссёр кино санъатининг ифодавий имкониятларидан максимал даражада фойдаланган. Фарҳади фақат Достоевский романларида, фақатгина унинг услуби билан ифодалаш мумкин бўлган чуқур ижтимоий-психологик драмани кинога кўчира олгандек таассурот қолдиради.

 

Режиссёр барчамиз кундалик турмушда дуч келишимиз мумкин бўлган оддий ҳаётий воқеадан катта (даҳшатли даражада катта) бадиий воқеликни яратади. Унинг қаҳрамонлари жамиятнинг ўрта ва ундан ҳам паст қатламига кирувчи жуда одми одамлар. Бир қарашда, ҳаммаси оддий, на бир фавқулодда характер, на бир ўзига хос қаҳрамон ва на қизиқ воқелик бор. Муаммо ҳам шунда, оддийликнинг мураккаблигида! Лекин нима сизни бунчалик ҳаяжонга солади, нимадан миянгиз фалажланади? Жумбоқ!

 

Асгар Фарҳади бу филм билан сизу биз яшаётган ҳаётда оддий воқеалар, “кичкина шахс”лар йўқ демоқчи. Аслида, бари сиз ўйлагандан кўра мураккаброқ, фақат кўра олмай(сиз)миз демоқчи. Бунга у оддий ижтимоий вазият, муносабатларни турли ракурслардан кўрсатиш, одатда аксариятимизнинг эътиборимиздан четда қоладиган омилларни бўрттириш орқали эришади.

 

Фильмни тушунишда номи сизга ёрдамга келади (режиссёрнинг бошқа асарларида ҳам сарлавҳа муҳим композицион, бадиий аҳамият касб этади). Картина нега “Қаҳрамон” деб аталган? Ўзи ким қаҳрамон? Севгилиси топиб олган бир сумка тиллани мен топиб олдим деб эгасига қайтарган, бу қаҳрамонлиги учун фақат гумон, таъна-дашномга қолган ношуд Раҳимми? Ë ҳар қандай вазиятда Раҳимни ҳимоя қила оладиган опаси ёки севгилиси Фарҳандеми? Ўз вақтида қийналиб қолган Раҳимга яхшилик қилиб қарз берган ва кейин ундира олмаётган қайноғасими? Хуллас, ижодкор фильмдаги ҳар бир персонажни замона қаҳрамони сифатида гавдалантирган, бирор бир шахс йўқки, унда қаҳрамонлик сифатлари бўлмаса! Лекин, шу билан бирга, уларнинг бари ожиз, ночор, нотавон… Айни дамда, фильмнинг муваффақияти ҳам шу қаҳрамонлар – ҳар бири уникал характерга эга персонажлар ансамбли билан боғлиқ. Яъни ҳар бир қаҳрамон ўзга бир дунё: уларни бир жамият, айни бир воқелик боғлаб турган бўлишига қарамай, ҳар бирининг характери ўзаро зиддиятли, бири иккинчисига мувофиқ эмас…

 

Режиссёр воқеалар ва уларнинг сабабиятини шу қадар бир-бирига чирмаб юборадики, калаванинг учини йўқотасиз. Бир вақт келиб, бу одамлардан ким аслида қаҳрамон эканини, ким ҳақ, ким ноҳақ эканини англамай қоласиз ва бу англамсизлик сизни доим таъқиб қилади…

 

2. “Инишерин баншилари, Мартин МакДонах (Ирландия, АҚШ, Буюк Британия, 2022)

 

 

Кинонинг чўққисини топган етук санъаткорлардан яна бири Мартин МакДонахдир. Бу режиссёр оддий одамлар турмушидаги “бемаъни” вазиятлардан драма ярата олиши, ижтимоий муаммоларни ўткир киноя, сарказм воситасида тасвирлаши билан ажралиб туради. Унинг 2022 йили экран юзини кўрган “Инишерин баншилари” фильми томошабинни ҳар жиҳатдан довдиратиб қўяди (асар номидаги иккинчи сўз “ўлим фариштаси”ни англатади). Сюжети фавқулотда бемаъни! Сюжетга асос бўлган конфликт бемаъни, конфликт атрофида ривожланган воқеалар бемаъни, асардаги қаҳрамонларнинг ўй-хаёллари, яшаш тарзи, ҳаётий мақсадлари бемаъни… МакДонахнинг санъаткорлиги шундаки, мана шундай бемаъни ҳаёт тарзидан катта бадиий воқеликни ярата олади.

       

Хуллас, биз айтаётган бемаъни конфликт бундай бошланади. Патрик ва Колм узоқ йиллик қадрдонлар эди. Ҳар куни бир вақтда, бир пивахонада кўришиб, ярим тунгача суҳбат қуришарди. Умри бино бўлиб Ирландиянинг кичик бир оролчасидан ташқарига чиқмаган икки дўст суҳбати қандай кечишини тасаввур қилиб олаверасиз… Кунлардан бир куни Колм дўсти Патрикни энди кўришни истамаслигини айтади. Патрик бирор айб иш қилмаган, Клом ундан шунчаки безор бўлган. Бир умр сенинг аҳмоқона суҳбатларингни тинглаб ўтиш ниятим йўқ, сен зерикарлисан, ёқмай қолдинг, мени тинч қўй, дейди у.

 

Патрикни кутилмаган бу муносабат эсанкиратиб қўяди. Ўзини тафтиш қилади: мен аҳмоқманми? Мен ҳақимда ҳамма шундай хулосадами? Ношуд, нотавон, бечораманми?.. У бу саволларига жавоб излаб, дўстига қайта-қайта юзланаверади. Клом эса шунчаки унга тинчлик кераклигини, бировни бесабаб ёқтирмай қолишга, муносабатларини шу тарзда узишга ҳақи борлигини тушунтиради. Агар Патрик уни тинч қўймаса, ҳар сафар гаплашишга уринганида битта бармоғини кесиб, унга беришини айтади... Патрик буни жиддий олмайди, жиддийга олса ҳам, дўстининг бармоқларига ичи ачимайдими тушуниш қийин. Шу боис дўстини безовта қилаверади. Тоқати тоқ бўлган Клом бирин-кетин бешта бармоғини кесади...

 

Мартин МакДонах кичик оролдаги бемаъни воқелик орқали аслида бутун сайёра одамлари турмуш тарзини кинояга олган. Аниқроғи, одамлар орасидаги ўзаро адоват, тушунмовчиликлар ортида шунчаки арзимас, бемаъни мақсад, масала турганини айтмоқчи бўлади.

 

“Инишерин баншилари” – уруш, адоват ҳақида фильм. Лекин бирор ўринда жанг майдонини, ҳарбийларни ёки совуқ қуролни кўрмайсиз. Инишерин оролига пулемётларнинг овози етиб келади, холос. Патрик ва Колмнинг муносабатлари эса ана шу урушнинг рамзига айланган. Айрим ўринларда Россия ва Украина ўртасидаги урушга ҳам ишоралар бордек.

 

Колин Фаррелл ва Брендан Глисон дуэти ҳаммасидан ҳам аъло. Улар икки дўст ўртасида юзага келган бемаъни, бетийиқ вазиятни бутун драмаси билан кўрсата олишган. Дўсти унга гапиргани учун бармоқларини кесиб ташлайдиган совуққон аҳмоқ ва мавжудлигини шу дўстисиз тасаввур қила олмайдиган ношуд – улар фақат ва фақат шундай кўринишда, характерда бўлиши мумкин...

 

Мен ҳеч иккиланмай бу фильмни ўзим кўрган шоҳ асарлар рўйхатига киритдим. Сабаби, “Инишерин баншилари” нафақат юксак санъат намунаси, балки ҳозирги дунёнинг асл инъикоси ҳамдир.

 

3. “Бошпана”, Вадим Перельман (АҚШ, Буюк Британия, 2003)

 

 

Назаримда, асли украиналик (яҳудий) режиссёр Вадим Перельман ўзининг дебютидаёқ чўққини забт этган. Унинг 2003 йили суратга олинган “Бошпана”си (ўзбекчада шундай таржима қилинган, аслиятда: “House of Sand and Fog”, русчада: “Дом из песка и тумана”) қайта-қайта кўришга арзийдиган асар. Бу фильмда ҳам кичик бир муаммонинг катта фожеаларни келтириб чиқарганига гувоҳ бўламиз.

 

Мен мазкур киноасарни фалсафий, ижтимоий, рамзий фильм деган бўлардим. Фалсафийлиги шундаки, ижодкор одамларнинг “уй”и, яъни ҳаёти қум ва тумандан қурилганини, бу иморатни ҳатто енгил шабада ҳам ҳавога совуриши мумкинлигини асослашга уринади. “Америка орзуси”нинг фожиалари, АҚШ давлатчилигидаги камчиликлар, миграция тизимига доир ижтимоий муаммолар атрофлича ёритилган. Режиссёр АҚШ давлат тизимидаги бюрократиянинг фожеали оқибатларини кўрсатиш билан бутун Америка жамиятини қум ва тумандан қурилган демоқчи бўлади. Соҳил бўйидаги уй эса рамзий маъно касб этади.

 

Кэти исмли аёл 500 доллар солиқ тўламагани учун уйидан айрилиб қолади. Маълум бўладики, бу солиқчиларнинг хатоси. Аслида, Кэти солиқ тўлашга мажбур эмас. Бироқ вазият ойдинлашгунча уй аукционда эронлик мигрантга сотилиб кетади. Янги соҳиб – собиқ Форс подшолигидан келган олийзода полковник. Америкада рўшнолик кўрмаган, бироқ оғир меҳнат билан бўлса-да, оқсуяк хотини ва фарзандларини бировдан кам қилмасликка тиришади. Соҳил бўйида уй чиқиши билан дарҳол сотиб олади. Конфликт шу жойда туғилади.

 

Энди учинчи қаҳрамонимиз ҳам бор. У шериф ёрдамчиси Бёрдон – оилавий бахт топмагани учун хотини ва икки фарзандини ташлаб, уйидан чиқиб кетган. Қаранг, учаласи ҳам бошпанасиз. Ягона мақсадлари – соҳил бўйидаги уйга эгалик қилиш. Айни дамда, уларнинг бари ўз аъмоли билан бунга нолойиқ кимсалар. Хуллас, уй мажороси шу қадар чигаллашиб кетадики, оқибатда воқеалар эронлик полковник ва оила аъзоларининг фожеали ўлими билан тугайди.

 

Мулк эса ҳеч кимга насиб қилмайди. Ҳа, айвонидан чексиз уммон кўриниб турувчи соҳилдаги уй – идеал. Унга етишиб бўлмайди, уни фақат орзулаб яшаш мумкин. Биз одамлар ижтимоий муносабатлардаги хатоларимиз, камчиликларимиз, эгоизмимиз сабаб идеалимиздаги “уй”ни ҳеч қачон қура олмаймиз.

 

Ижтимоий-психологик драмалар серқирра маънога эга бўлади. Ҳар ким ўз салоҳияти, тажрибаси, ижтимоий онгидан келиб чиқиб турлича талқин қилиши мумкин. Гоҳида бундай фильмларни кўриб ҳеч нимани англамайсан, сенга фақат ҳиссиёт улашади, холос. Кимга қандай, баъзан мен учун англаганларимдан кўра ҳис қилганларим муҳимроқ. Фильмларни ҳам шунга кўра баҳолайман, қадрлайман.

 

Саъдулло ҚУРОНОВ,

филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 17368
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//