Дарё ёқасидаги оёқ кийимлар, 82 бола ва оиланинг отасиз суврати – дунё халқларининг уруш даҳшати ҳақидаги ёдгорликлари


Сақлаш
18:03 / 05.05.2023 993 0

Биз билган энг даҳшатли уруш – Иккинчи жаҳон уруши. У ер аҳолисининг 70 миллиондан зиёди қирилиб кетишига олиб келди. Биринчи жаҳон уруши билан бирга ҳисобланадиган бўлса, уруш ер юзидан 100 млн атрофида одамни супуриб ташлади. Эҳтимол, ундан-да даҳшатли жангларни одамизод кўрган, чунки ҳар бир урушнинг якуни ўзидан маълум форматдаги ёдгорликларни қолдиради. Масалан, “Иллиада”, “Маҳобҳората” бўлиб ўтган қонли жангларга аталган ёдгорликларнинг матн ҳолатидаги кўришидир.

 

Икки жаҳон урушида ҳам Англия бошида турган сиёсатчи Уинстон Черчилл урушга шундай таъриф беради: “У айримларнинг манфаати учунгина бегуноҳ одамларнинг ўлишидир”. Oyina.uz “Хотира ва қадрлаш куни” муносабати билан уруш мавзусида яратилган ёдгорликларни бир саҳифага йиғишга уринди.

 

 

1. Холокост қурбонларига бағишланган ёдгорлик

Ҳайкалтарош: Дьюла Пауэр. Венгрия, 2005 йил.

 

Дунай бўйига михланган ушбу бронза пойабзаллар урушнинг даҳшатли бир воқеасини ҳикоя қилади. 1944 йил венгер нацистлари бунда ишга яроқсиз жуҳудларни йўқ қилганлар. Нацистлар ўқни исроф қилмаслик учун икки-учта одамни бир-бирига боғлаганлар ва улар орасидан бирини отганлар. Дунайга йиқилган жасад эса ўзи билан боғланганларни ҳам тубга тортиб кетган.

 

Нацистлар назарида пойабзаллар уларнинг эгалари жонидан қимматлироқ эди, шу боис ҳар бир ўлимга ҳукм қилинган оёқ кийимини ечган. Ёдгорлик 60 пой эркак, кўплаб аёл ва болаларнинг пойабзалларидан ташкил топган.

 

2. Лидица қишлоғи аҳолисига бағишланган ёдгорлик

Ҳайкалтарош: М. Ухитилова. Чехия, 2000 йил.

 

82 дона болалар ҳайкали. Уларнинг 40 донаси ўғил, 42 донаси қиз боладан иборат ва ҳайкалларнинг бари болаларнинг табиий тана катталигини сақлаган.

 

Ушбу ҳайкал фашистларнинг битта қишлоқ аҳолисини партизанлар билан алоқа қилишда айблаб, бутунлай йўқ қилишини ҳикоя қилади. 1942 йилнинг июнида СС ҳарбийлари қишлоқнинг 172 нафар 15 дан ошган эркагини отиб ташлайди, 195 нафар аёл Равенсбрюкдаги конслагерга жўнатадилар. Ёдгорликдаги болалар эса газ камераларида ўлдирилади.

 

 

3. Уруш жониворлари

Ҳайкалтарош: Бэкхаус. Лондон, 2004 йил.

 

Урушнинг муҳим қатнашчилари орасида ҳайвонлар ҳам бор. Улар юкларни тортиш, маълумот етказиш, ярадорларни жанг майдонидан олиб чиқиш билан шуғулланган.

 

Ушбу ёдгорликнинг Буюк Британияда пайдо бўлиши ўз-ўзидан эмас. 1942 йилдан бери Англияда Мария Дикин номидаги ҳайвонларга бериладиган олий ҳарбий медал мавжуд бўлиб, биринчи марта у 60 нафар жониворга тақдим этилган.

 

 

4. Оила портрети

 Ҳайкалтарош: Буйте Ҳорват Истван. Венгрия, 2014 йил.

 

Венгриянинг Вакратот қишлоғида оилавий портрет шаклида бунёд қилинган ушбу ёдгорлик Биринчи ва Иккинчи жаҳон урушида вафот этган аскарларга бағишланади. Ёдгорлик ўзида хорват оиласи ва унда бир одамнинг, тўғрироғи отанинг йўқолиши ҳақида сўзлайди.

 

5. Миллатлар фожеаси

Ҳайкалтарош: Зураб Церетели. Россия, 1997 йил.

 

Москва шаҳрида, Ғалаба боғи яқинида жойлашган ушбу ёдгорлик ўлимга маҳкум этилган ялонғоч одамлар навбатини кўрсатади. Ушбу навбатнинг охири йўқлигидан таналар соялар каби пастга эгилиб, қоятошларга эврилиб кетган. Энг бошидаги эркак ва аёл эса ўз фарзандини бу қатлиомдан асрашни истайдилар, аммо уларнинг ўғиллари кўзини ёпишдан бўлак имконлари йўқ.

 

Навбатдаги одамларнинг бариси ялонғоч, ортда эса уларнинг кийим-кечаклари, ўйинчоқлари ва шахсий буюмлари уюми ётади. Бу фашистлар ўлганларнинг буюмларини қайта ишлатиш мақсадида сақлаб қолганидан дарак беради.

 

 

6. Халқлар дўстлиги монументи – Шомаҳмудовлар оиласига бағишланган ёдгорлик

Ҳайкалтарош: Д. Рябичев. Ўзбекистон, 1983 йил.

 

Тошкент марказидаги Халқлар дўстлиги майдонига ўрнатилган ушбу ёдгорлик уруш вақти етим қолган болаларни асраб олган темирчи оиласига – Шоаҳмад Шомаҳмудов ва унинг аёли Баҳринисо Акромовага бағишланади. 

 

Иккинчи жаҳон урушининг бутун даҳшатини бошидан ўтказган авлод – ота-онасидан жудо бўлган болаларнинг мамлакат бўйлаб сарсон-саргардонлиги билан боғлиқ муаммо ҳал этилиши Шомаҳмудов каби оилаларнинг ҳимматига боғлиқ эди. 15 болани асраб олган Шомаҳмудовлар каби бошқа ўзбек оилалари ҳам поездларда уруш ўчоғидан ташилган минг-минглаб етим болаларни асраб оладилар ва вояга етказадилар.

 

 

7. Ўлдирилган Европа жуҳудларига бағишланган ёдгорлик

Лойиҳа муаллифи: Питер Айзенман. Германия, 2005 йил.

 

Бу каби мемориал қуриш ғояси 1988 йилдаёқ пайдо бўлганди. Ёдгорлик Берлин марказида, Бранденбург дарвозалари орасида жойлашган. У 2 700 кулранг тошдан ташкил топган улкан даладан иборат.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 17368
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//