Даво, тинчлантирувчи ва тарбиялаш хусусиятга эга куч – мусиқий терапия тарихи ва дунё амалиётидаги натижалар


Сақлаш
21:44 / 28.04.2023 1213 0

Бизга кун-у тун ҳамроҳ бўладиган мусиқа саломатлигимиз ва руҳий ҳолатимиз учун қандай таъсирга эга экани ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Масалан, сиз учун доимий янграб турувчи бир қўшиқ, жисмоний имконияти чекланганларнинг ҳаракат функциясини тиклашда ёрдам бериши мумкин. Ёки тўғри танланган куй одамни стресс ҳолатидан олиб чиқиш хусусиятига ҳам эга. Ушбу мақолада мусиқанинг инсон саломатлиги ва руҳиятига таъсири ҳақида гаплашамиз.

 

Мусиқа ва инсон ўртасидаги боғлиқлик

 

Мусиқа инсон дунёга келиши биланоқ ҳамроҳ бўладиган санъат, десак муболаға бўлмайди. Эътибор берган бўлсангиз, янги туғилган чақалоқ маълум даврига қадар она алласининг куйга солинган хониши билан тинчланиб, уйқуга кетади. Катталар эса асосан бўш қолганида, бирор жисмоний меҳнат билан шуғулланаётганда ёки шунчаки бирор манзилга йўл олганида мусиқа ва қулоқчин билан дўст тутинади. Яна кайфиятга кўра, шўх ёки сокин қўшиқ тинглаб, енгил тортадиган, ўзини бошқа бир оламга тушиб қолгандек ҳис қиладиган вазиятлар ҳам ҳеч кимга бегона бўлмаса керак.

 

Инсон ва мусиқа ўртасидаги кўринмас боғлиқлик балки унинг пайдо бўлиши билан боғлиқдир?!

 

Турли манбаларда келтирилишича, мусиқа ижтимоий ривожланишнинг дастлабки босқичларидаёқ пайдо бўлган. Ўша давр мусиқаси ҳақида аниқ далиллар мавжуд бўлмаса-да, бу борада турли илмий фаразларга таянилади. Масалан, қушларнинг сайраши, ҳайвонлар шеригини чақириши, эмоционал оҳанг, ибтидоий одамларнинг меҳнат товушлари ва чақириш усуллари — мусиқанинг илк манбалари саналади. Демакки, мусиқа инсоният билан қадим даврлардан буён бирга.

 

Мусиқадан илк бор даво сифатида қандай фойдаланилган?

 

Мусиқанинг инсон организмига самарали таъсири ҳам аввалдан маълум. Қадимги юнон шифокорлари беморларни даволашда пуфлаб чалинадиган асбоблардан фойдаланган. Файласуф Демокрит най нафақат тинглаш, балки, инсон саломатлиги учун ҳам фойдали оҳанг таратишини айтган бўлса, ўрта аср одамлари мусиқанинг асл мақсади “Худони улуғлаш, шайтонларни қувиб чиқариш, беморларни даволаш ва севгини пайдо қилиш”дан иборат, деб билган.

 

Ҳиндистонда ҳам Рага (ҳинд классик мусиқаси) назариясига асосан, мусиқий терапиядан кенг миқёсда фойдаланилган. Ҳинд шифокорларига кўра, ҳар бир рага маълум кайфият турига мос келиб, инсон ҳолатининг ўзгаришига сабаб бўла олган. Ушбу ўзгариш, ўз ўрнида беморлардаги депрессия ва бошқа руҳий бузилиш ҳолатларини даволашда яхши самара берган.

 

Мусиқа терапиянинг пайдо бўлиши

 

1950 йилларда мусиқа ва тиббиёт ўртасидаги ўзаро алоқалар бўйича “Мусиқий терапия” фани пайдо бўлган. “Мусиқа терапия” атамаси юнон-лотин тилларидан келиб чиқиб, таржимасига кўра “мусиқа билан даволаш” деган маънони англатади. Кўплаб олимлар уни психотерапиянинг ёрдамчи воситаси ва беморларнинг мураккаб терапевтик усуллардан фойдаланишга махсус тайёрлаш муолажаси, деб билади. Бошқа мутахассислар унга қўшимча равишда мусиқанинг қуйидаги жиҳатларини аниқлайди:

 

·        Соматик ва руҳий касалликларга учраган болалар ва катталарни касалликдан кейинги тикланиш даврида (реабилитация қилишда), ўқитиш ва тарбиялашда мусиқадан назорат остида фойдаланиш;

·        Беморларнинг руҳий ёки психосоциал бузилиш ҳолатларида мусиқадан тизимли фойдаланиш;

·        Ижодий қувватни ҳамда педагогик-тарбиявий фаолиятни оптималлаштирувчи восита эканини айтиб ўтади.

 

Жисмоний ва руҳий саломатликка мусиқанинг ижобий таъсирини илмий томонлама ўрганган илк мутахассислардан бири файласуф Пифагор бўлса, Шарқда эса тиббиётнинг етук мутафаккири Абу Али ибн Сино ўзининг “Тиб қонунлари” асарида ушбу санъат турини даволовчи восита сифатида қайд этиб, “Китаб Аш-шифа — Даволаш китоби” номли қомусий асарида тўлиқ бир бўлимни мусиқа ва пульс ўртасидаги ўзаро алоқаларга бағишлайди.

 

Мусиқий терапия билан боғлиқ энг қадимий масал қадимги Аҳдда келтирилади — Довуд арфа чалиб, Саулни депрессиядан даволайди. Аристотел ҳам мусиқани нафақат даволаш, балки руҳни тозалаш (катарсис) воситаси деб ҳисоблаган. Қадимги араб шифокорлари эса мусиқа инсон руҳидан ўтиб, унинг танасини даволаши мумкинлигини таъкидлаган ва буни амалиётда синаб, ижобий томонлама ўзгаришлар гувоҳи бўлган.

 

Маълумот учун, Қадимги Аҳд — Библиянинг бир қисми бўлиб, унинг таркибига 39 та китоб киритилган. У иудаизмда ҳам, христианларда ҳам муқаддас ёзув деб эътироф этилувчи қадимий диний битиклардан бири саналади.

 

1913 йилда В.М.Бехтерев мусиқанинг терапевтик таъсири борасидаги изланишлари асносида “Мусиқанинг даволовчи-тарбияловчи аҳамияти ва унинг гигиенаси” жамиятига асос солади. Руҳий клиникаларда мусиқа тинглаш амалиёти ХIХ аср бошларида Француз психиатри Эскирол томонидан қўлланилган.

 

Америка ва Швециянинг илмий-амалий йўналишдаги мактаблари

 

1950-60 йилларда мусиқий терапияда иккита асосий — Америка ва Швециянинг илмий-амалий йўналишдаги мактаблари шаклланади. Benedict (1958), Blanke (1961), Sutermeister (1964), Schwabe (1965) ва бошқалар мусиқанинг шакли ва мазмуни жиҳатидан клиник таъсирини ўрганиб, “Мусиқий фармакопея” номли даволовчи мусиқалар каталогини тузишга ҳаракат қилган.

 

Trankle мусиқа ижроси бўйича танловни рағбатлантирувчи ёки тинчлантирувчи таъсирга бўлган эҳтиёж билан боғлайди. Illing (1952), Douglas, Wagner (1965), Boenheim (1966), Steele (1967)лар эса мусиқиқий терапияни умумий терапия таркибига киритади.

 

1955 йилда Швеция мактаби вакиллари мусиқий терапиядан, оғзаки терапия талаб этилмайдиган етакчи даволаш усули сифатида фойдаланишни таклиф этади. А. Понтовик психорезонанс концепциясини илгари суради. Унга кўра, айнан мусиқа инсон онгининг чуқур қатламларигача етиб бориш хусусиятига эга. Мусиқий терапия борасида Швеция йўналишининг даволовчи эффекти анъанавий психоанализ ғояларига асосланади. Сеанс вақтида психотерапевт мусиқа ёрдамида беморни катарсис ҳолатига олиб келиб, унинг ҳолатини енгиллаштиришга эришади. Шунинг учун ҳам, мусиқа борасидаги танлов катта аҳамият касб этади.

 

Мусиқанинг инсон организмига таъсири

 

Турли экспериментларга кўра, мусиқа одамнинг фақатгина кайфиятига эмас, нафас олиши, пульси, қон босими ҳамда ички ва ташқи энергиясига ҳам таъсир қилади. У кишини стресс ҳолатидан олиб чиқиб, иммунитетини оширадиган, руҳиятига ижобий таъсир қилиб, ижод қилишга ундай оладиган ажойиб кучга эга.

 

Маълумотларга кўра, товуш тебраниши ҳужайраларнинг “акс-садо” қайтаришига олиб келиб, танадаги физиологик жараёнларга таъсир кўрсатади. Баъзи ритм ва маълум частоталар организмдаги моддалар алмашинувининг тезлашишига ёки аксинча, секинлашувига ҳам таъсир қилади. Бихевиорал физиология бўйича мутахассис Жорж Даймонд, мусиқа хусусиятига қараб, тингловчи мушакларидаги куч ҳам ўзгаришини аниқлаган.

 

Муолажалар ҳаракат функциясининг тикланишига қандай ёрдам бериши мумкин?

 

Жамоат жойларида мусиқа тинглаётиб, қўшиқ айтиш ёки рақсга тушишга бўлган енгиб бўлмас хоҳишнинг пайдо бўлиши одамда дискомфорт ҳосил қилади. Бироқ, неврологик мусиқий терапия мутахассиси, америкалик шифокор Браян Харрис айнан юқоридаги хоҳиш травмадан кейин юриш имкониятини қайтариши мумкинлигини таъкидлайди.

 

Харрис Бостондаги реабилитацион клиникада шифокор бўлиб ишлаган вақтларда у кўплаб инсульт ва мия шикастланишидан азият чеккан беморлар билан шуғулланган. Улар билан олиб борилган неврологик мусиқий терапия беморлар аҳволини анча ўнглашига сабаб бўлади.

 

Неврологик мусиқий терапия (НМТ) нима?

 

НМТ — мусиқадан фойдаланиб, мия билан жисмоний машқларни параллель олиб боришга қаратилган терапевтик тадқиқотлар йўналиши ҳисобланади.

 

Терапия механизми

 

Мусиқа тингловчини маълум ритмга “туширади”. Онг ости, эшитиш ва ҳаракат тизими бирлашади. Шу тариқа, мусиқа янграши беморнинг ритм остида ҳаракатланишини осонлаштиради.

 

Мусиқий терапия чуқур таъсир кўрсатиши учун, австриялик шифокор, даволовчи педагог Карл Кёниг ёндашувига кўра, беморнинг ўзи ҳам мусиқа билан параллель ҳаракатда бўлиши яъни куйлаши, бирор асбоб чалиши ёки мусиқани ўз ҳаракатларида намоён эта билиши лозим.

 

Мутахассисларнинг фикрига кўра, мусиқий терапия бошқа даволовчи терапияларга халал бермайди. Анъанавий даволаш курслари эса мусиқий терапияга зарар келтирмайди. Муолажалар кўпроқ фойда бериши учун қуйидаги умумий тавсияларни таклиф қилади:

 

·        Даволовчи сеанслар қабули учун эрта тонг ёки кечки пайт самарали вақт саналади;

·        Тинчлантирувчи ва профилактик сеанслар эса бемор учун қулай ва маъқул вақтда ўтказилади;

·        Муолажадан олдин қорин тўқ бўлиши муҳим саналади. Бироқ, меъёрдан кўп тановул тавсия этилмайди;

·        Бемор маълум вақт бир жойда бўлиши инобатга олинган холда, қулай кийимда бўлиши ва қулай жойлашиб олиши керак;

·        Терапиянинг бошланғич босқичида мусиқа давомийлиги 20-30 дақиқадан ошиб кетмаслиги зарур. Кейинги босқичларида эса беморни чарчатиб қўймайдиган даражада, таклиф этилган композиция вақтини ошириб бориш мумкин;

·        Сеанслар ҳар куни 3-4 соатдан кам бўлмаган вақт оралиғида, 1-2 марта сеанс ўтказиш тавсия этилади;

·        Мусиқа товушининг баландлиги ўртачадан юқори ёки паст бўлмаслиги керак.

 

Катта эҳтимол, бошингиз оғриб турган вақтда ўзингиз ёқтирган қўшиқни тинглаб, оғриқдан халос бўлгандек ҳислар сизга ҳам таниш бўлиши керак. Бу шунчаки вақтинчалик чалғиш эмас, илмий исботини топган ўрганиш экан.

 

Мусиқа оҳангига қараб бемордаги оғриқ сусайиши ёки тезлашиши мумкинлиги ҳақида бир неча тажриба ва тасдиқланган илмий изланишлар мавжуд. Масалан, 2011 йилда Салимпур раҳбарлигидаги гуруҳ аъзолари, ёқимли мусиқа мияда дофамин гармонини ишлаб чиқаришини кўрсатди. Дофамин — оғриқ қолдирувчи таъсир хусусиятига эга.

 

2009 йилда соҳа мутахассиси Роя бошчилигидаги бир гуруҳ олимлар, инсон ўзи ёқимли деб билган мусиқани тинглаганида, танадаги оғриқлари камайиши, ёқимсиз мусиқада эса аксинча, кучайишини исботлайди. Унинг таъсири бемор наркозда бўлганида ҳам сезилади. Олимлар хулосасига кўра, муолажада беморнинг ўз танлови билан жаранглайдиган куй, шифокор танлаб, қўйиб берган композициядан кўпроқ фойда беради.

 

Мақолада мусиқанинг даволашдаги аҳамияти ҳақида бир нечта манбалардан маълумотлар олинди. Лекин, таъкидланганидек натижа бўлиши учун шифокор ёки психолог тавсияси ва назорати муҳим саналади. (Ушбу эслатманинг эса севимли мусиқангизни тинглаб, завқланишингизга ҳеч қандай аҳамияти йўқ).

 

Муқаддас МУСАЕВА.

 

Oyina.uz

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 17368
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//