Қулоғини кесган Ван Гог: у даҳоми ё омадсиз телба?


Сақлаш
14:39 / 28.04.2023 1040 0

1888 йил 23 декабрь. Винсент Ван Гог чуқур тушкунликда чап қулоғини бир қисмини кесиб олди ва уни фоҳишахона хизматчисига топширди.

 

1890 йил 27 июль. Ван Гог ўз кўксига револьвер билан ўқ узди ва икки кун ўтгач вафот эди.

 

Тасвирий санъатни санъатнинг бошқа йўналишларига қараганда тушуниш бироз мураккаброқ. Балки шу сабабдир бугунга келиб суратларнинг бадиий қийматидан кўра анча қиммат нархда сотилиши одатий ҳолга айланиб қолган. Голландиялик рассом Винсент Ван Гог тасвирий санъат тарихидаги даҳолардан бири сифатида кўрилади, унинг ижоди ва ҳаётини барча рассомлар орасида энг жозибалиси дейиш ҳам мумкиндир, эҳтимол. Кандинский, Поллок, Гоген, Рембрант ва шулар қаторидаги бошқа кўплаб рассомларнинг ижодини буюк деб сифатлашга ҳеч қандай тўсиқ мавжуд эмас, лекин улардаги мухлислар аудиториясининг кўлами худди шу буюкликларига мос эмас. Атрофга қарасангиз ҳадеб Пол Сезан ёки Анри Маттис мухлисини учратавермайсиз. Мабодо бундай таққословни Ван Гог борасида амалга оширсак, иккала томон ҳам деярли мувозанатлашган. Хўш, ҳам оддий мухлислар, ҳам санъатшунос ва тадқиқотчилар томонидан кўкларга кўтариладиган Винсент Ван Гогнинг бунча обрў топишига нима сабаб бўлди, ижодининг эстетик-бадиий аҳамиятими ёхуд айрим қарашлардан келиб чиқиладиган бўлса, ҳатто бугунгача аниқ ташхисланмаган руҳий касаллиги сабаблими?

 

Санъатшунослик нуқтаи назаридан олиб қараганда Ван Гогнинг буюклигига ишора қилувчи нарса бу – инқилоб, яъни у ХИХ аср 70–80 йилларида Европа тасвирий санъатида етакчилик қилиб келаётган импрессионизмдан кейинги даврни бошлаб берганлардан бири. Гарчи Ван Гогнинг ижоди асосан импрессионизм ва реализм таъсирида вужудга келган ва таъсирланган бўлсада, бу оқим унинг рассом сифатидаги эҳтиёж ва мақсадларини қондиролмасди, Ван Гог ёшлигиданоқ центиментал ва ўта таъсирчан, руҳияти ғам-қайғуга мойил, шунингдек импульсив эди. Шу боис ёруғликнинг объектда лаҳзалик, ўткинчи аксланиши, оч ранглар ва қолаверса импрессионизмнинг классик қоидаларининг айримлари ҳам рассом, ҳам инсон сифатида унинг санъат ва ҳаётга нисбатан бор эътимодини тўлиқ тасвирлаш учун чекланган кўринади. Профессионал санъатга кириб келишдаги муаммоларнинг айрим сабаблари ҳам худди шундан келиб чиққанди. Укаси Тео томонидан рассомнинг асарлари Парижда кўргазмага қўйилган бўлишига қарамай бу суратларга умуман харидор топилмайди. Чунки Винсентнинг рассомлик фаолиятининг аввалги йилларида асосан қора ва тўқ ранглар билан қуюқ қилиб ишланган, тушкун ва ҳорғин кайфият берувчи суратлар айни замондаги жуда кўпчиликни ташкил этувчи, импрессионизмга ошуфта санъат истеъмолчиларининг талаби ва дидига ўтирмайди.

 

Услубга умумий назар ташлаганимизда эса Ван Гог ўзига намуна сифатида кўрувчи рассомлар орасида романтизм вакиллари ҳам бор эди. «Мен руҳий сокинликда эмас, эҳтиросли онларда жон беришни маъқул кўраман», деб ёзади рассом бир мактубида. Айнан шундай, балки унинг ижодини дастлабки йилларига мансуб суратларида бу сезилмаслиги мумкин, аммо Ван Гог деганда ижодкорнинг кўз олдимизда гавдаланадиган суратларида буни илғаш алоҳида кўникма талаб этмайди. Ўткир ва эҳтиросли колорит, кўрилган эмас ҳис қилинган шакл ва ифодалар, таъсирчанликнинг ноодатий, шу билан бирга таъбни хира қилмайдиган даражаси ва кўриниши уни оддий ижодкор эмас, ўзига хос таълимотнинг пешвоси сифатида қабул қилишга, тушунишга ва тан олишга мажбур қилади. Тасвирий санъатга оид қарашлари, техникаси ва услуби бир қанча тўсиқларга учрашига қарамай Винсент ўз йўлида қаттиқ турди. Асарларига санъат жамоатчилиги томонидан кўрсатилаётган эътиборсизлик, дастлаб ўзига устозлик қилган амакиваччаси Антон Мауве, кейинчалик ўзи таълим олган Антверпен Академияси директор ва ўқитувчилари билан зиддиятлар ҳам уни услубидан чекинтирмади. Ҳатто укаси Тео ҳам унинг қарашлари ва тасвир услубини ўзгартиришга бир неча бор ҳаракат қилиб кўрган. Бироқ, Ван Гогнинг Парижда истиқомат қилган даврида айрим машҳур ва истеъдодли рассомлар, санъат оламидаги бошқа катта шахслар билан танишади, ўз техник маҳоратини юксалтириш учун бир қанча дарсларга қатнайди. Шундан Париж йиллари унинг суратлари палитрасига ёрқин ранглар ҳам қўшилади. Моҳиятан олиб қараганда жиддий ўзгаришлар юз бермайди. Юқорида таъкидлаганимиздек, Винсентнинг табиати, устига-устак қўшалашиб келган муваффаққиятсизликлар, омадсизлик билан бирга умидсизлик таъсирида янада юксалган умидлари (Ван Гог ўз эътиқодини қадрлар эди, ёшлик даврида диний фаолият билан ҳам шуғулланган) унинг тасвирларини шундай қиёфалантирган эди.

 

Ван Гог учун Провансга кўчиш анчагина хайрли келди, бу ерда ўтган кунларида техника ва услуб янада теранлашди, ўз палитрасини ҳам бойитди. Нафақат автопортретларида, балки пейзаж ва натюрмортларида унинг шахсияти, руҳияти, фитрати янаям кўпроқ намоён бўла бошлади. Ранглар, шакллар, соялар ўз ўрни ва гоҳига қараб худди рассомдай ғайрат-шижоатли, импульсив, тартибсиз, ночор, тушкун эди. Бу айниқса унинг муҳтожликда ва руҳий хасталикда ўтказган вақтларида ишланган суратларида кучлироқ намоён бўлади. Ван Гоггача ҳали ҳеч бир рассом бир йўла тасвир объектини, ҳам ўз ички кечинмаларини бунчалик даражада тасвирлай олмаганди. Кейинчалик машҳур норвег рассоми Эдуард Мунк ижоди ҳам шундай шамойилни олди, бироқ бунда ҳам Винсент аҳамиятли бўлди. Негаки, Мунк энг кўп таъсирланган ижодкор у эди.

 

 

Сўнгги йилларда, шунингдек, юлдузлар, ярим ой, сарв дарахти буғдойзорлар, ирис гуллари ва кунгабоқарлар, қишлоқ ҳаёти Ван Гог асарларида бош фигуралар бўлиб қолди. Асосий санъатшунослик тадқиқотлари ҳамда оддий санъат мухлислари ҳам худди шу тасвирларга катта эътибор қаратишади. Булар рассомнинг ташриф қоғозига айланди. Ван Гог қўллайдиган ўта ёрқин ва кўламли сариқ рангни таҳлил қиладиган бўлсак, бунда бир қарашда ўткир эҳтирос ва шижоат, ҳадсиз иштиёқ ҳис қилинади. Винсентнинг расм чизишга бўлган ички талаби ва иштиёқи жуда кучли бўлганлиги ҳисобга олинса, у буни айнан шу рангда ифодалашга кўпинча эҳтиёж сезиши тушунарли бўлади. Бошқа бир таҳлилларга кўра эса юлдузлар ва ярим ойдаги ёрқин сариқ ранг худога ишора қилади. Бунга бир ҳисобда ишониш мумкин. Чунки Ван Гог укаси Теога ёзган мактубларининг бирида (1888 йил сентябрь) қачонки эътиқодга кучли эҳтиёж сезганида юлдузларни чизиши ҳақида ёзган. Аммо рассом фақатгина юлдуз ва ойдагина бўрттирилган ва тўйинган сариқ рангни ишлатмаган, демак сариқ рангни қўллашдан ёлғиз мақсад бу эмас. Ван Гог сариқдан фойдаланишда кундузги суратларда салмоқлироқ ишлаган бўлсада, нисбатан тун тасвирида ишлатишда кўпроқ хоҳиш кўрсатган ( хусусан кўк, сиёҳранг ва бинафша ранглар билан бирга ишлатилганда сариқнинг янада жозибалироқ чиқишига ишонган). Қуйида айрим мисоллар келтираман:

 

«Тунги кафе» 1888 йил

 

«Тунги терасса» 1888 йил

 

«Рона осмонидаги юлдузли тун» 1888 йил

 

Арлдан бошланган саёҳатлар Винсент ижодида рамзларнинг кўпайиши ва чуқурлашишига таъсир кўрсатди. Унинг асарларида рамзийликка хизмат қилувчи объектлардан яна бири бу кунгабоқарлар. Ван Гог кунгабоқар тасвирланган суратлар сериясини (жами 11 та сурат) яратади, энг кўп тилга олинадиган 7 та сериядаги кунгабоқар суратларини ҳам Арлда чизган. Рассом ижодида кунгабоқарлар инсон рамзи эди – осмонга, қуёш ва ёруғликка қараб интилувчи мавжудот сифатида.

 

 

Яна бир рамз бу сарв дарахтидир, гарчи уни чизиш рассомга қийинчилик туғдирсада, Винсентга жуда ёққан. Ушбу рамз таҳлилига келсак, сарв дарахти Европа қабристонларида кўп экилган. Шу сабаб уни катта эҳтимол билан ўлим рамзи сифатида ишлатган. Айниқса, «Юлдузли тун» асаридаги дарахтнинг кўриниши бошқаларига қараганда бу қарашни кўпроқ тасдиқлайди, унда сарв анча баланд – гўё осмонга туташ қилиб тасвирланади, шакл-шамойил ҳам қолган суратлардагига қараганда ўткирроқ кўриниш ҳосил қилган. Шунингдек, сарвлар деярли барча суратларда алоҳида ажратиб қўйилган ва олд планга қўйилган, бу билан рассом, балки ўзининг ёлғизлигини ифодаламоқчи бўлгандир. Бундан ташқари сарв дарахтининг кўплаб тасвирларидаги нотинч ва ғалаёнли текстура Ван Гогнинг ўша пайтдаги руҳиятини ифодалайди.

 

Буғдой ҳосилини ҳам Ван Гог кўпинча рамз сифатида ишлатади. Ва айнан шу рамзни ўз жонига қасд қилишидан бир неча кун олдин чизилган суратда қўллаши ҳам бунинг қанчалик эътиборга лойиқлигини кўрсатади.

 

 

 «Қарғаларга тўла буғдой майдони» 1890 йил июль.

 

Пишиқлик пайтидаги буғдой одатда, жумладан Ван Гог асарларида ҳам инсон ҳаётининг етуклик даврини ифодалайди. Ушбу суратда буғдойзор осмони нимқоронғу рангда ва бўронли. Шунингдек, учиб кетаётган қора қарғалар тўдаси ҳам тасвирланган, қарғалар эса манбаларда яхшилик аломати сифатида кўрилмайди. Шунда суратдаги рамзийликнинг жумбоғи бироз ечилади. Етуклик даврида шамол оқибатида қалқиётган буғдойзор нотинчликнинг белгисидир, бунга қўшимча равишда қарғалар суратдан олинадиган таҳлика ва таҳдид ҳиссини янаям кучайтириб беради. Эҳтимол, Ван Гог ушбу сурат билан ўз устидан чиқарилган ҳукмни рамзлаштиргандир, ҳар қалай айни шу даврда унинг фаолияти ҳар қачонгидан кўра юксак даражада эди, бахтга қарши ёлғизлик, хасталиклар, муҳтожлик ва ўзининг ягона тиргаги бўлган укасининг бетоб бўлиб қолиши рассомни руҳан қаттиқ эзиб, ҳолдан тойдирганди. Қолаверса, Винсент худди шу буғдойзорда ўз жонига қасд қилади.

 

Винсент Ван Гог ўз ҳаёти давомида ҳам маиший, ҳам ижод тарафлама кўп сонли тўсиқлар, доиралардан ўтди. Ҳаётлигида биттагина суратини сотишга муваффақ бўлди, ушбу сурат «Қизил узумзор» асари бўлиб, 1890 йилнинг март ойида сотилган. Дўстлари Бернард ва Гоген ҳам унинг суратларидаги доҳиёналикни илғашмади ёки совуққонлик билан қарашди. Бироқ шуҳрат ўзини кўп куттирмади, 1890 йилда (ҳа, рассом умрининг сўнги йилида) бир мунча юкли эътирофларга эришди – Парижда намойиш этилган машҳур кўргазмаларнинг айримларига таклиф этилди. Ҳатто Париж мустақил рассомларининг олтинчи кўргазмасида суратлари намойиш этилиши ортидан санъат аҳли томонидан санъат тарихидаги улуғ рассомларидан бири деб тан олинадиган Клод Моне томонидан олқишланди.

 

Албатта, оддий мухлислар учун юқорида айтилган жиҳатлар унчалик муҳим эмас. Шунчаки кўнгил иштиёқи ортидан санъатга қизиқувчи инсонларга биринчи навбатдаги жиҳат Винсент яратган суратлардаги ёрқинлик, фикрий ва маъноли юкламаларнинг камлиги ва ўзига хос техникасидир. Буни рассомнинг мухлислари ўртасида сўровнома ўтказиб ҳам аниқлаб олиш мумкин. Аксарият мухлислар шубҳасиз порлаб турган юлдузли ва сарвли картиналарни, кунгабоқарлар, гуллаган бодом, ирис гуллари тасвирланган суратларни ёқтиришади. Уларда самимийлик жуда юқори, қайғу кўринмайди. Самимийлик, қандайки – бунда ижод маҳсулидан завқланиш ўта осон, энг жўн муносабатга ҳам очиқ, фақатгина ҳис қилиш орқали ҳам қониқишни туйиш мумкин. Оддий инсонлар одатда санъат асарларига ҳордиқ чиқариш, завқ учун мурожаат қилади, пурмаъно ва мураккаб тасвирларга эҳтиёж камроқ бўлади. «Импрессионизмдачи?», деган савол туғилиши мумкин. Тўғри унда ҳам тасвир биринчи ўринда, маъно деярли мавжуд эмас, бироқ унда ижодкорлик ва субъектив тасаввур (ўринли чегарада) етишмайди, бундай асарлар хос кўникма, билимга эга бўлмаган аксарият мухлислар учун жуда одми кўринади. Ван Гог суратлари эса ўз ғайриодатийлиги билан руҳиятга кўтаринкилик, енгил ҳузурни бера олади. Услубиятдаги ўзига хослик эса алоҳида ва кенг, шу билан бирга тушунтириш унчалик ҳам ўнғай бўлмаган томони. Унинг юлдузлар, кунгабоқарлар, бошқа хил гуллар, ландшафтлар қатнашган суратларда бир қарашда юксак маҳорат кўзга ташланмайди, бўёқнинг гармоник-тўлқинсимон, эгри зарбаланишлари хаёлимизда беихтиёр, чуқур англанмайдиган тарзда болаларча чизилган суратларни гавдалантиради. Айнан шу орқали руҳиятимизда бу асарларга симпатия уйғонади. Шунингдек, ҳисларнинг бир қарашдаёқ осон туйиладиган салмоқли даражада маҳорат ва усталикка бундай аралашуви албатта кенг аудиторияни ўзига жалб қилади. 

 

Ван Гогнинг азобни, тушкунлик ва ночорликни ифодалайдиган асарларини ёқтирувчи мухлислар ҳам керагича топилади («Пойабзаллар» туркумидаги суратларга нисбатан юқори эътибор бунга далил). Бундай суратлар асосан тўқ ва бўғиқ ранглари ва/ёки асар контексти (тарихи, изоҳи) билан ўзига жалб этади. Бундан ташқари Ван Гогнинг ижодига мухлислик асарлари билан бирга унинг ҳаёти ҳам таъсир ўтказган ихлосмандлар топилади. Ночорлик, феъл-атвордаги ўзига хосликлар, муваффаққиятсизликлар ва бунинг ортидан келган тушкунлик, шахсий ҳаётдаги омадсизликлар, сурункали руҳий хасталиклар ҳамда фожиавий ўлим Винсентни озгина ўрганган инсонда ҳамдардлик, симпатия уйғотмай қолмайди. Асарларидаги юз ва ранглардаги азобни тасвирловчи ҳиссий ифодалар мухлисларда ҳам кучли ботиний азобни уйғотади. Биргина факт, «Доктор Гаше» суратининг эгаси, коллекционер Рёеи Саито асардан қаттиқ мутассир бўлиб, унга шунчалик боғланиб қолганидан бир кун келиб вафот этганида суратни ҳам ўзи билан бирга ёқиш фикри ҳақида айтган.

 

 

«Доктор Гаше» 1890 йил

 

Машҳур комик актёр Савелий Крамаров шундай деганди: «Мен доим жинни-телбаларни ижро этаман. Шунинг учун мени барча ерда ўз қадрдонларидек қабул қилишади».  Шу боисдан (яъни рассомнинг руҳий томондан нормал эмаслиги) ҳам балки уни севувчилар кўпдир, эҳтимол. Ван Гогнинг мактублари, кундаликлари ХХ аср аввалидан бошлаб жуда катта ададда нашр этилди. Бугунда ҳам турли репродукциялар, яъни маиший буюмлар, сувенирлар, тақинчоқлар ва бошқа буюмларга ҳам махсус тарзда рассомнинг асарларининг тасвири билан қайта ишлов берилиши ( бу масалада ҳам Ван Гог қолган барча рассомлардан олдинда) кўп жиҳатдан унинг рассом сифатидаги маҳорати ёки даҳосига эмас, балки, шахсига, қисматига боғлиқ.

 

Винсентнинг хасталиги ҳам алоҳида мавзу. Унинг жаҳон санъат аҳли эътиборини тортган вақтдан бошлаб то бугунгача руҳий ноқислиги ҳақида мингдан ортиқ илмий мақолалар ёзилган, бир неча ўнлаб илмий ишлар ёқланган ва ўзига 30 дан ортиқ қиёсий ҳамда тахминий ташхислар қўйилган. Бироқ ҳеч бири расман тасдиқланмаган, бирор бир ташхис бўйича якдил келишувга ҳам эришилган эмас. Унга 1888 йил илк бор касалхонага ётқизилганида эпилепция ташхиси қўйилган, бироқ у даврдаги эпилепция ҳозиргига қараганда анча кенг тушунча эди.

 

Юқоридаги фикрлар орасида айтиб ўтилдики, рассом болалигиданоқ таъсирчан (айниқса омадсизликларга), беқарор кайфиятли, жиззакилик, ўзига ишончсизликни намоён этган, янаям яхшироқ тасаввур учун айтиш мумкин – нормал ва осон характерли бўлмаган. Бунинг ортидан шахсий ҳаёти ва ижодида кўнгилсиз воқеалар кўп бўлган, булар эса йил сайин уни қаттиқ депрессион ҳолатларга солиб қўйган. Устига устак Ван Гог абсент ичишни жуда ёқтирарди, мазкур ичимлик ўз таркибида юқори улушдаги спирт (одатда 70%) ва руҳиятга таъсир қилувчи туён моддасини сақлайди. Шу тариқа илк клиник белгилар Париждалигидаёқ (1886–88) намоён бўлади. Қўл мушакларининг тортишиши ва қалтираши, даҳшатли тасаввурлар, онгни йўқотадиган эпизодлар, фикрий ва ҳиссий чалкашликлар шулар жумласидан. 1888 йилда провансга кўчиб борганида бундай ҳолатлар янада баттарлашди – кичик алаҳсираш ва галлюцинациялар кузатилди. Шу тариқа, касаллик ривожланиши йўлида Гоген билан жанжалдан сўнг (Теонинг ҳаракатлари билан Гоген 1888 йилнинг кузида бирга ишлаш учун Ван Гогнинг олдига келади) чап қулоғининг бир қисмини кесиб ташлайди. Руҳий шифохоналарда даволаниб чиққач эса аҳвол бироз енгиллашганди. Аммо энди унинг олдида бошқа муаммо кўндаланг турарди. 1890 йилнинг баҳорида Теонинг соғлиғи ёмонлашди бунинг ортидан эса моддий таъминот сўроқ остида қолди. Ака-ука ўртасида бир қанча аччиқ-тизиқ гаплар ўтди ва Винсент энди ўзини юкдай ҳис қила бошлади. Узоқ давом этган депрессиядан сўнг ўз жонига қасд қилди.

 

 

Санъатшунослар Ван Гог асарлари ва руҳий хасталиги ўртасидаги боғлиқликка ҳам жиддий эътибор қаратади. Ижодкорнинг табиий руҳий ҳолатининг яратадиган асарларига таъсири борасида шубҳа йўқ. Касалликнинг бевосита ва кескин таъсири эса мураккаброқ масала. Бу мавзуда айниқса «Юлдузли тун» сурати кўпроқ эътиборни жалб этади. Айрим олимлар осмондаги тўлқинсимон-айлана ҳаво оқимини рассомнинг тўлақонли хасталиги натижаси сифатида кўрсатишади. Улар орасида ҳатто шундай фикрлар учрайдики, Ван Гог чуқур руҳий бузилиш натижасида ҳавонинг турбулентлигини математик ва физик жиҳатдан тўғри илғай олган ҳамда бу мўъжиза сифатида кўрилади. Бироқ биз айтамизки бу янглиш фикр, суратдаги айлана ва турбулентликнинг бир-бирига мос келиши эса тасодиф. Винсентнинг ҳавода бундай ўрамани чизишининг аниқ сабаби ёки маъноси бизга маълум эмас. Аммо асарда ўз эътиқоди, ҳиссиётига алоқадор объектлар кўплигини инобатга олсак бу айланалар ҳам рамз бўлиши мумкин. Яна бир қизиқ фикр, мухлислар билишадики ушбу суратда ой ва юлдуз атрофидаги сариқлик қолган асарларга нисбатан кўпроқ. Гап шундаки, патолог олим Пол Вулф 2001 йилги бир изланишида «Юлдузли тунда» сариқ рангнинг бунчалик меҳр билан қўллашини эпилепциядан даволаниш вақтидаги дорилар таъсири билан боғлайди. Бошқа олимлар ҳам Ван Гогни тузалиши учун унга дигиталис дориси берилган бўлиши мумкинлигини айтишади, худди шу дорининг кўп дозаси атрофнинг инсон кўзига сариқ яшил кўринишда намоён бўлишига олиб келади. Бироқ бу ҳам тахмин. Бошқа бир тахмин бундан ҳам ошиб тушади, биз юқорида қайд этган абсент ичимлиги таркибидаги туён моддасининг маълум миқдори кўришда сариқликни ошириши аниқланган ва шунга кўра Ван Гогнинг  айни шу ичимликни ҳаддан ортиқ истеъмол қилиши суратдаги бўрттирилган сариқликка сабаб бўлган. Бироқ бу қараш жуда мўрт эди, 1991 йилги ўтказилган ҳисоб-китобларга кўра айнан суратдагидай сариқликни абсент ичиш орқали тасвирламоқчи бўлсангиз сиз 182 литр абсент таъсирида бўлишингиз керак.

 

«Юлдузли тун» 1889 йил

 

Юқорида биргина сурат мисолида рассомнинг касаллиги ва ижоди ўртасидаги алоқанинг қай даражада эканлигини таҳлил қилишга ҳаракат қилдик. Албатта, касаллик инсон фаолиятининг ҳар бир соҳасида сезилади, Ван Гог ҳам бундан мустасно эмас. Руҳий беқарорлик, хасталиклар унинг қайси пайтда қандай суратни чизиши, туйғулари, тасаввури, инсонлар билан муносабатларига таъсир қилгандир. Бироқ, асарларидаги ўзига хослик, янгиликлар, импастолар, ранглар, хатолар, маҳорат, тасвирга сўнмас иштиёқ ва қолган барчаси рассомнинг буюклигининг белгисидир.

 

Жавоҳир ЭРГАШEВ.

Oyina.uz

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 17368
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//