
Баъзи фильмларни томоша қилишимизга сабаб актёрлар жамоаси, сюжети ё жанри бўлса, баъзиларига сценарист ва режиссёр номининг ўзиёқ етарли бўлади. Ўзбек кинематографиясида шундай режиссёрлардан бири – Зулфиқор Мусоқов. Ҳақиқатан ҳам, унинг фильмлари рекламасига унчалик кўп маблағ ажратилмайди, чунки бу исм-фамилиянинг ўзи пиар. Мисол учун, кеча премьераси бўлиб ўтган “Осмондаги болалар 3” фильми тақдимотини минглаб томошабин орзиқиб кутгани рост. Шу билан бирга, ҳадик ҳам бор эди. Чунки йигирма йил аввал бизга энг тоза туйғуларни улашган, табиийлиги, ич-ичимизга кириб борувчи иборалари, қайта-қайта кўрсак ҳам жонга тегмайдиган эпизодлари билан қадрдон бўлиб қолган “Осмондаги болалар”нинг улғайиши бу нарсаларни парчалаб юбормасмикин, деган хавотир ўрмаларди кўнглимизда. “Бу фильм ҳам олдинги қисмларнинг муваффақиятини такрорлай олармикин, ахир жаҳон кино тарихида оз сонли режиссёрларгина бунга эплаган. Балки киноларида кичик юмор билан катта ҳақиқатларни айтиб кетувчи маэстро Мусоқов яна бир карра қойил қилар бизни”, дердим ўзимга ўзим.
Фильм сюжети тўрт йигитнинг 20 йилдан кейинги ҳаёти ҳақида ҳикоя қилади: Ҳамдам ўзи истагандек сценаристга айланган, бироқ фильм суратга олишдаги муаммолар ўша-ўша, балки кучайган ҳам. Спорт тренери Жавоҳирнинг эса “ўтириб чиққани” доим оёғидан чалади. Шифокорликни танлаган Хуршид 20 йилки фарзандсиз, отаси каби бойиб кетган Бахтиёр эса Лолага уйланган. Картина ўзлари каби дардлари ҳам улғайган осмон болаларининг ана шу муаммолари атрофига қурилган. Шунинг учунми, уларни дабдурустдан танишингиз қийин бўлади…
Улғайган ва кинодан чиқиб қолган “Осмондаги болалар”
Кино тўрт дўстнинг наҳорги ош учун йўлга тушиши, аммо адашиб бошқа тўйхонага бориб қолиши билан бошланади. Буни тушуниб етганда йигитлардаги ўша қадрдон “довдирлик”ни кўриб, юзингизга беихтиёр табассум югуради. Бироқ бу довдирликка аслида уларнинг фильмга киришиб кетолмагани сабаб бўлгани кейинги кадрларда яққолроқ намоён бўла боради. Ва бу киришимсизлик фильм якунига қадар, ҳатто энг кульминацион нуқталарда ҳам бўртиб кўринди. Ҳа, болалар улғайган, энди уларда актёрлик пластикаси, туйғулари ва унданам ёмони характер, образлари йўқолиб қолган, афсуски. Бу нарса бошқа актёрларга ҳам юққандек бутун фильм давомида сиз воқеалар ичига кириб кетишга қанча ҳаракат қилманг, нимадир, “бу – кино” деб тураверади. Фақат бир нечта эпизодлар, масалан, фарзандсизликдан қийналаётган Хуршид ва хотинига саратонга чалинган аёлнинг ўз фарзандини бериб юбориш саҳнаси табиий чиққан. Бу ерда ҳеч қандай зўрма-зўракилик, ясамалик йўқ. Воқеликни борича кўрсатади режиссёр. Аммо шунга ўхшаш бошқа бир эпизодда – Бахтиёр ўгай қизига унинг отаси ҳақида гапириб бераркан, ҳеч нимани ҳис қилмайсиз. Балки режиссёрнинг ўзи шуни истагандир, билмадим, лекин менга бу ерда актёрлик маҳорати етишмагандек туюлди. Мусоқов қаҳрамонларига хос характер – персонажлардаги бироз “ўзбекона довдирлик”, аёллардаги кутилмаган бақириқлар, энса қотишларини бу фильмда ҳам кузатасиз. Аммо бир нарсани айтиб ўтиш керакки, ўттиз йиллар илгари “Абдуллажон” фильмида ҳам ишлатилган бу суюмли, самимий топилдиқлар режиссёрнинг фильмларида ўсиб, бўртиб, сохталашиб бораётгандек. Бир қарашда самимийлиги билан юзингизга табассум югуртирадиган бундай характерлар кейинроқ ўз вазифасини бажармай қўйишидан хавотирдаман.
Ортиқча эпизодлар ва ўзбекча зеҳният билан ечилган америкача муаммо
Лоланинг собиқ эри – Акромнинг қиморда бир дунё пулни ютқазиб қўйиши фильмнинг тугуни бўлиб хизмат қилган. Акром бунча пулни топиш учун Америка кўчалари бўйлаб изғийди ва оқибат ягона чора сифатида собиқ аёлининг эридан пул ундириш учун Ўзбекистонга келади. Агар картинада ҳам жараён шу каби жуда тез ва оддий кечганида, рости, томошабинга анча осон бўларди. Чунки фильмнинг иккинчи ярмида бир нечта кадрдагина кўриниб кетган образга бу қадар кўп ўрин берилиши, асл қаҳрамонларни сояда қолдиргандек таассурот уйғотади кишида. Чиндан ҳам, кадрлар жуда тез алмашган картинада Акромнинг Америкадаги ҳаётига ортиқча урғу берилган. Ва шу жараёнда яна бир камчилик эътиборимни тортди. Аллақандай бой ишхонасининг каттагина маблағини “ухлатган” Бобур Йўлдошевни кузатиб юриш учун ташкилот раҳбарининг давлат хавфсизлик хизматида ишлайдиган қизи чақирилади. Давлат ходими бўлган америкалик аёл Акромнинг пулни топишига имкон бериши, Ўзбекистонгача изма-из келиши, уни қўлга олиши ва бу жараёнда мансабини суиистеъмол қилиши ҳайратланарли туюлди менга. Назаримда, бу ерда режиссёр америкача муаммога ўзбекча зеҳният билан ечим топишга уринган. Ортиқча кадрлар масаласига қайтсак, фильм якунидаги “индийский” шоу ҳам атай тиқиштирилгандек. Тўғри, режиссёр ниҳоят ўзбек киноси ҳам Болливудни забт этди, деган мазмундаги гап билан нималарнидир таъкидлашга уринган, аммо бу биз ўрганган моҳирлик билан қилинмагани сабабмикин ғашингизга тегади.
Сценарий…
“Осмондаги болалар 3” фильми Зулфиқор Мусоқовнинг шу вақтгача ишлаган асарлари аралашмасидек таассурот уйғотади кишида. Кинони томоша қиларканмиз, шеригим, агар ундан “Осмондаги болалар 3” деган титр олиб ташланса, аввалгиларнинг давоми дея олмайсан, деди. Чиндан ҳам шундай, картинани давом деб олсангиз, эски қаҳрамонларга фильм мобайнида жуда кам вақт берилган. Гўё режиссёр жамиятдаги, ижтимоий ҳаётимиздаги ўзи иллат деб билган қусурлар ҳақидаги бор гапини тўртовлоннинг ҳаёти орқали етказиб бермоқчи бўлган-у, натижада асл қаҳрамонларни эсдан чиқариб, ортиқча ва кераксиз тафсилотларга берилиб кетган. Натижада биз уларни ҳис қилолмаймиз, аввалгидек яхши кўриб қолмаймиз. Бунда ҳатто ўша таниш, севимли мусиқа ҳам ёрдам беролмайди сизга, афсуски… Ҳа, бу жараёнда томошабинга баъзи ишоралар қолдириб кетилган. Масалан, фильм суратга олиниш жараёнини олайлик. Картинанинг 1-2-фаслларида бу воқелик бор бўйи билан ўша давр кинематографияси нафасини уфуриб тургани каби, бу қисмда ҳам бугунги ўзбек киноси жараёнларини кўришингиз мумкин:
– Бу нарсалар сценарийда йўқ-ку?!
– Шунақаси Арслон Қоплоновичга ёқади. Сценарийни топширдингми, бўлди, қолгани билан ишинг бўлмасин…
Сценарийда асосий муаммо сифатида кўрсатилган тугун осонликча ечилиб кетадики, сиз буни ҳатто илғамай ҳам қолишингиз мумкин. Шу сабаб савол пайдо бўлади томошабинда: “Режиссёр нима демоқчи ўзи? Ҳаётимизга, атрофдаги воқеликларга бирор муносабатмиди бу фильм, шундай бўлса қайсиларига? Ёки 20 йилдан сўнг қайта учрашувда “Осмондаги болалар”нинг ҳам биз каби туйғулари қолиб, муаммолари катталашганини айтмоқчи эдими? Улар ҳамон ўшандек ажралмас дўстлар эканини кўрсатмоқчимиди ё? Бунга зарурат бормиди аслида? Фильмни кўраркансиз, шунга яраша жавоб берадиган бирор деталь, бир сўз, бир кадр қидирасиз, аммо…
Дарвоқе, деталлар масаласида. Бир ҳолат таъбимга ўтиришмади, деди таниш санъатшунос фильмни муҳокама қиларканмиз. Ҳамдамнинг эътиборини тортган йигит рус режиссёри Кончаловскийнинг китобини ўқиётгани кўрсатилди. Ҳолбуки, бугун уни дунёда юз бераётган мудҳиш воқеликни оқлаётган бир шовинист кимса сифатида янгидан кашф этдик. Тўғри, санъат бошқа, сиёсат бошқа, бироқ айнан Кончаловский-Михалковлар оиласи санъатни сиёсатга айлантиришди. Бундай пайтда ижодкордаги гуманизм позицияси қалқиб чиқиши керак эмасми? Улуғ ҳамдардлик туйғуси Мусоқовни мухлислик мақомидан озод қилиши керак эмасмиди? Шу оддий кадрда атрофимизда юз бераётган жараёнларга Мусоқовнинг эътиборсизлиги ёки бу каби ҳақиқатларга бепарволигини кўргандек бўлдим... Ўйланиб қолдим, чиндан ҳам, фильмда шу каби яна бир нечта сиёсий кадрлар, эпизодлар кетгандек. Аммо балки иккимизга ҳам шундай туюлгандир, балки режиссёр уларни умуман бошқа мазмунда қўшгандир сценарийга. Ким билсин.
Яхлит ҳолда олганда эса, фильм бугун суратга олинаётган картиналаримиз олдида тўйга боради, қайта кўришли. Агарки, биринчи ва иккинчи қисмларини томоша қилмаган бўлсангиз, албатта. Чунки учинчи қисмдаги дубляж, сценарий, диалоглар, актёрлик маҳорати каби кинонинг муҳим унсурлари сизни осмондан ерга тушириб қўяди...
Премьерадан чиққач, “Осмондаги болалар 2” фильмини қайта кўрдик. Ва шунда ўтган йигирма йил ичида ўзбек киносида жуда кўп нарсаларни бой берганимиз ҳақида ўйладим. Балки “Осмондаги болалар 3” шу сабаб ҳам парвоз қилолмагандир кўз олдимизда. Аммо яраланган бўлса-да, қушимизнинг парвозига умидимиз бор ҳамон...
Феруза ХАЙРУЛЛАЕВА
Тарих
Тарих
Фалсафа
Тарих
Тарих
Тил
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ