Нега истеъмол васвасаси каламушлар жамиятини ларзага солади ёҳуд рассом Стив Каттс қўлидаги кўзгу


Сақлаш
21:44 / 17.04.2023 1127 0

 

Бундан ўн йиллар муқаддам интернетда Диснейнинг 20 аср бошларидаги ишларини ёдга соладиган “Одамзод” деб номланган мультфильм тарқалганди. Унда устидаги футболкасига “Хуш келибсан” (яъни, ер юзига, дунёга хуш келибсан маъносида) ёзуви туширилган одам деярли 4 дақиқа давомида Моцартнинг “Туркча марш”ини эсга соладиган мусиқа садоси остида йўлида учраган жониворни эзади, ейди, этик, пўстин, пианино, пўстак, қоғоз қилади – хуллас, сайёранинг бор ресурсларни йўқ қилиш билан шуғулланади.

 

 

Охирида у улкан тоғ бўлиб кетган ахлат устида тахтга чиқади ва бошига тож кийиб ялпайиб ётади. Шу атрофдан учиб ўтаётган ўзга сайёраликлар ернинг аҳволини кўриб ғазабга тушадилар ва одамни жазолайдилар – у кириш эшиги остига ташланадиган “Хуш келибсиз” ёзувли шолчага айлантирилади. Бу мультфилм айниқса карантин пайтлари ютуб платформасида тез-тез айланди, кўпроқ одамларнинг гаджетларига кириб борди ва ўз муаллифини машҳур қилди.

 

 

Бу ишнинг муаллифи британиялик рассом, карикатурачи ва мультпликатор Стив Каттс. “Одамзод” эса унинг бутун ижоди ҳақида – йўналиши, услуби, мавзуси тўғрисида бор гапни айта оладиган ташриф қоғозига айланди. Яна бир гап: мультфилмда Эдвард Григнинг “In the Hall of the Mountain King” (Тоғ қироли саройида) мусиқасидан фойдаланилган. Мусиқа одамзоднинг ортиб борувчи истаклари каби қудратли темп билан баландга кўтарилиб боради. Бу рассомнинг бошқа ижодий ишларида ҳам кўзга ташланади – у айтмоқчи, кўрсатмоқчи бўлган реаллигига мос мусиқа танлайди ва бу ўз ўрнида томошабиннинг визуал хулосаларига ҳам таъсир этади.

 

 

Стив Каттс кўп йиллар давомида “Glue Isobar” ижодий агентлигида ишлаган ва замонамизнинг кўплаб таниқли савдо белгилари – брендларини танитишда хизмат қилган, у Coca-Cola, Google, Reebok, Magners, Virgin, Nokia, Kellogg ёки Sony компаниялари учун рақамли лойиҳалар қилиб берган. Стив 2012 йили ижодий агентликдаги кўп йиллик каръерасига нуқта қўяди ҳамда фрилансер сифатида иш бошлайди. Бу унга ҳотиржамлик ва ижодий эркинлик яратди, кўп ўтмай у ўз ҳаётий фалсафасини реаллаштириш ишлари билан шуғулланишга киришди. Бу жамиятнинг истеъмол васвасасига, табиатни хонавайрон қилаётган инсон нафсига қарши кураши эди. Шундай қилиб, унинг ўткир сатирик карикатуралари, мультфильмлари бирин-кетин дунё юзини кўра бошлади.

 

 

“Санъат нафақат ижтимоий тармоқлар учун қилинган идеал фотолар, буюк рассомларнинг картиналари, медитация учун ишланган пейзажлардир, у ўзгаришларни тезлаштирувчи катализатор ҳам” – дейди у суҳбатларидан бирида.

 

 

 

Рассом одамзод зарурияти йўқ нарсалар ортидан қувишини ва бунинг иллюзия эканлигини билдиришга уринган карикатуралари жуда кўп. Аммо “Бахт” номли мулткартинасида Каттс одамлар жамиятини образли равишда каламушлар жамиятига эврилтиради – бу билан ижодкор сайёрани онгли мавжудодлар эмас, иши фақат қорин тўйғазиш ва кўпайишдан иборат паразитлар тўлдирганини билдирмоқчи бўлади.

 

 

 

“Бахт”нинг боши ўзи каби кемирувчилардан бирон туки билан фарқланмайдиган оддий каламушнинг югуриб кетаётгани кўринади. Сўнг унга бошқа каламушлар қўшилади, сўнг уларнинг орасида кўйлак кийганлари пайдо бўлади, кўп ўтмай экранда замонавий шаҳар кўчаларидан кўпам фарқ қилмайдиган, кулранг ва маъюс, тиқилинч каламушлар шаҳри пайдо бўлади. Шаҳар бошдан-охиргача “бахт” ва “сотиб ол” ёзуви билан тўла. Рассом ҳар бир бренднинг номини шунчаки “бахт” деб қўяди ва биз шаҳарларда кўрган дабдабали реклама иборалари ўрнини бахтга боғлиқ иборалар эгаллайди.

 

 

 

Каламушлар атрофини ўраган реклама баннерлари, қоғозлари, неон ёриткичлари бахтнинг нима эканини англатмоқчи бўладилар. Бахт – чизбургер, кола, семиртирувчи – оздирувчи – наркотик дорилар, бахт – машина, арзонлаштирилган савдо кунлари. Яъни, бахт – истеъмол қилиш. Ўзи истаган нарсага эришиш учун эса каламушлар ўз миллатдошлари бўлмиш бошқа каламушларни ғажиб ташлашга тайёр, арзонлаштирилган савдо куни ўтказилган бир дўконнинг поли қон ва ғажиб ташланган қўл-оёқлар билан тўла. Бироқ ҳар қандай истеъмол пул билан амалга ошади, бу осмонда қушчалар билан учиб юрган Диснейнинг рангли мультфилмлари қаҳрамони – Миккини эслатувчи қаҳрамонни ўзига келтиради ва у кулранг ва эзик улкан шаҳарга – унинг энг исқирт, истеъмолга ярамай қолган маҳсулотлар ва худди шундай каламушлар жамиятининг чиқинди аъзоларидан иборат қисмига қулайди. Шундан сўнг унинг бахтнинг эмас, тумшуғига ёпишган долларнинг ортидан қувиши бошланади ва охири қопқонга тушиши билан якунланади. Кадрда худди унга ўхшаган минглаб каламушлар бўйнидан қопқонга илинган ҳолда компютерларда ишлаётгани тасвирланади ва улар тобора майдалашиб, суратнинг пикселларини эслатувчи ҳолатга киради (яъни муаллиф, ҳамма охир-оқибат ўша каламушларга айланишини таъкидламоқчи бўлади).

 

 

Каттснинг асарлари жамиятга нима демоқчи эканини тушуниш нисбатан осонроқ, у қаҳрамонлари орқали сайёранинг эгаси, маданият ва цивилизациялар муаллифи бўлмиш одамнинг асл қиёфаси қандай экани ҳақида ўз тасаввурларини кўрсатиб беришга ҳаракат қилади (“Бахт”да у ҳар бир одам бажараётган ишидан рози бўлиши, яъни ўлганини кунидан ишламаслиги тарафдори, ҳаёт – каламушнинг сеҳрли доллар ортидан югуришига ўхшаб ўтмаслиги, истеъмолчилик эса жамиятни бошқармаслиги керак деган фикрни олға суради). Бир интервьюсида Стив Каттс мақсади ҳақидаги иддаоларини очиқ ва равшан айтиб ўтади:

 

 

“Истагим – жамият сифатида дуч келаётган муаммоларимиз ҳақида одамларни ўйлашга, гапиришга ундаш. Тан олай, айрим асарларимда мазмун аниқроқ, лекин ишларимнинг асосий қисми биз одамлар қандай яшаётганимиз ҳақида кўпроқ фикрлаш, суҳбатлашиш учун қилинган. Анимацияларимнинг бош мақсади одамларни истеъмол товарларини сотиб олиш, мобил телефонлардан фойдаланишдан тўхтатиш эмас, балки ушбу нарсаларга бўлган қарамлик ва эҳтиёжни тарозига солиб кўришга ундаш. Менимча, бир тарафдан айнан мана шу нарса санъатга бўлган муҳаббатимни ушлаб туради, у ҳазил орқали қабул қилиш оғир ва мураккаб бўлган мазмунни қизиқарли етказишга қодир”.

 

 

 

Стив Каттснинг мультфилмлари деярли бир-бирига ўхшаб кетади, улар услуб жиҳатидан Диснейнинг эрта картиналари руҳида ишланган бўлиб, аллақандай болаликдаги ширин хотираларни кўтариб юборади. Кейин унинг асарларида воқеалар жуда шиддат билан ўзгаради, бутун бошли филм нари борса 5 дақиқали скетч (қисқа комедик пьеса), аммо ундаги тасвирлар алмашинуви катта темпда боради. Яна улар жуда содда тартибда чизилган, ҳеч қандай мураккаб тасвирга эга эмас. Буларни унинг охирги мультфилмида – “Қисқа келишмовчилик”да ҳам кузатса бўлади. Бунда аниматор инсониятнинг арзимас нарса ортидан даврлар оша жангу-жадалларни бошидан кечириши, бир-бирини аямай қириши ҳақида ҳикоя қилади.

 

Алишер ФАЙЗУЛЛАЕВ,
Oyina.uz

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 17368
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//