Ватанпарвар Бунша, уддабурон ўғри ва қитмир шоҳ – машҳур комедия совет тузуми ҳақида нималар демоқчи бўлган?


Сақлаш
21:47 / 06.04.2023 1650 0

“Иван Васильевич касбини ўзгартиради” фильмининг номини эшитишимиз ҳамоноқ лабимизда таббассум югуради. Комедиямисан, комедия-да! Мириқиб томоша қиласан, мазза қилиб куласан. Гоҳ ўн олтинчи асрга, гоҳ йигирманчи асрга юзма-юз келасан. Аммо кулгу ортига қанча-қанча ҳақиқат яширилгани хаёлимизга келмайди.

 

Ушбу фильм сценарийси машҳур рус ёзувчи Михаил Булгаковнинг 1934–1936 йиллар оралиғида ёзган “Иван Васильевич” пьесаси асосида режиссёр Леонид Гайдай ва сценарийнавис Владлен Бахнов томонидан 1971–1972 йилларда яратилган.

 

Аслида мазкур пьеса анча аввалроқ, 1936 йил баҳорида Москвадаги Сатира театри томонидан саҳналаштирилади. Премьерадан аввал 1936 йил 13 май куни бош репитиция бўлиб ўтади ва унда коммунистик партия марказий комитети вакиллари иштирок этади ҳамда спектакль тақиқланади. Хўш, партия арбоблари нега пьесани тақиқлашди уларни нима қўрқитиб юборганди?

 

Уй бошқарувчиси Иван Васильевич Бунша совет замони раҳбарларининг типик вакили. Албатта, М.Булгаков бу персонажга “уй бошқарувчиси” лавозимидан каттароқ мансаб бера олмасди. Совет замонида катта амалдорларни порахўр, бюрократ, ахлоқий бузуқ, иккиюзламачи, нодон сифатлар билан тасвирлаш мумкин эмасди. Олий раҳбарият ҳар қандай камчиликлардан холи, фариштасифат образларда ташвиқот қилинарди. Шу боис Буншага ўша пайтдаги энг паст “лавозим” – уй бошқарувчиси вазифаси насиб этганди. Аммо ёзувчи ҳам, фильм режиссёри ҳам мана шу кичкина “вазифа” эгаси тимсолида катта мансаб эгаларининг жамики қусур ва “фазилат”ларини умумлаштирганди.

 

Бунша совет даври воқеаларида ўта ватанпарвар. Тимофеев (Шурик)нинг хотини билан ажрашишини эшитиб, квартал охиригача қўйди-чиқдингизни тўхтатиб турсангиз – кўрсаткичларимизни тушириб юбораяпсиз, деб шарт қўяди уй бошқарувчиси. Эсладингизми, ўша замон тутум-талабларини – яъни, барча раҳбарлар учун ойлик, квартал, йиллик, беш йиллик планларнинг бажарилиши ҳаёт-мамот масаласи эди. Қоғозларда режаларни шараф билан бажариш ватанпарварлик мезонига айланганди. Яна бир ўринда Бунша инженерни ҳол-жонига қўймайди: мана шу шубҳали машинангиз ҳақида тегишли органларга ўзингиз хабар беринг, бўлмаса ўзимиз хабар берамиз, дейди. Бу ўринда жамият, давлат хавфсизлиги учун жон куйдираётган “ҳушёр”, “садоқатли” кимса намоён бўлмоқда. Буншанинг бутун “доно”лиги ўша замон урфида бўлган расмий, қуруқ ва сиёсий ҳушёр одамнинг ёдаки гаплари холос. (Шурик: “Сиз гапираётганда, Иван Васильевич, алаҳсираётганга ўхшайсиз”).

 

Энди бу жамоат иши (муаллифлар аслида мансаб манфаатларини назарда тутишган) жонкуяри, “юртпарвар” кимсанинг XVI аср воқеалари ичида кузатинг. Швед элчилари рус давлатидан Кемь волостини сўрашганида “шоҳ” Бунша: олаверинглар, олаверинглар, давлатимиз қашшоқлашиб қолмайди, дея ўйлаб ўтирмасдан давлат ерини инъом қилиб юборади. Совет жамияти рад этган ва назарига илмаган, ватанпарварлигига мутлақо ишонмаган ўғри Жорж Милославский эса: “Нима қилаяпсан, итдан тарқаган, бу кетишда бир қарич ерга зор бўламиз-ку”, деб чин юртпарварлигини намойиш этади. Комедиянинг энг кулминацион ғояси ҳам айнан мана шу ерда. Муаллифлар фильмга тилида “квартал кўрсаткичларимизни тушириб юбораясиз”, деб гўё давлат манфаатлари учун жон куйдириб юрган, минбарларда кўксига уриб халқпарварлигу фидоийликдан лоф уриб бировга гап бермайдиган сохта ватанпарварларга ишонманг, улар биринчи имкон туғилиши билан юртни таг-туги билан сотиб юборишади, деган ҳаётий ҳақиқатни сингдиришган. Аксинча, оддий бир ўғри ҳукумат мулозимидан кўра минг чандон зиёд юртпарвар бўлиши мумкин. Ҳукумат корчалонлари пьесани нега тақиқлашгани сабаби ҳам шу ерда.

 

Дунёда ҳамма нарса юқумли бўлади, деган гап бор. Фильм муаллифлари совет тузумининг бюрократияси, сансоларлиги, ташаббуснинг йўқлиги, ҳеч ким жавобгарликни бўйнига олмаслиги, “коллектив бошқарув коллектив масъулиятсизликка” айланганлигини ҳам бир саҳна орқали яққол кўрсатадилар.

 

Бунша шоҳ тахтини эгаллаган, ўғри эса “саройбон” вазифасида. Кутилмаганда швед элчиларини қабул қилишга тўғри келади. Давлат ва дипломатик тартиб-қоидалардан бехабар уй бошқарувчиси ва ўғри ҳанг-манг бўлиб қолишади. “Шоҳ” бутунлай тилдан қолади. Ўғри вазиятдан чиқишнинг йўлини топади: “Гражданин элчини олиб киринг!” Умри қамоқхонада ўтган ўғри дипломатик назокат ва лексиконни қаердан билсин? Бундай пайтда: айтинг, жаноб элчи марҳамат қилсинлар, дейиш лозимлиги унинг етти ухлаб тушига кирганми? Қамоқхонада эшитган гапи – маҳбусни олиб киринг, маҳбусни олиб кетинг, гражданин начальник! Ҳозир гап бу ҳақда эмас. Бюрократия хусусида. Элчилар хайрлашар экан, яна ўша ўзларининг асосий мақсади –  Кемь волостини сўрашади. Ўғри “саройбон” эса: бунақа нарса пала-партиш ҳал қилинмайди, ўртоқлар билан маслаҳатлашиш керак. Кейинги ҳафтада келинглар, деб ишни пайсалга солади. Куни кеча бой хонадонларни ўмариб юрган ўғри “эрта келинг, индин келинг, бир ҳафтадан кейин бир хабар олинг”, деб пайсалга солувчи совет “бюрократ”ига айланади-қолади.

 

Хуллас, бу ўлмас асар жамият қусурларини бадиий сўз ва образлар орқали фош этади, тузум юзига ойна тутади. Фақат бу ишни маҳорат билан, юмор ва кулгу орқали амалга оширади.

 

Энди мазкур фильмнинг ўзбек тилига таржимаси ҳақида икки оғиз гап айтсак.

 

Ўзбек таржима ва дубляж санъати ҳамда маҳорати ҳақида гап кетганда кўпчилик “Иван Васильевич касбини ўзгартиради” фильмини эслайди. Ҳозир гап фильм дубляжида иштирок этган бетакрор санъат усталарининг маҳорати ҳақида эмас, мазкур фильм таржимаси хусусида кетади.

 

Ушбу комедияни ўзбек тилига истеъдодли таржимон Мирзиёд Мирзоидов ўгирган.

 

Бадиий фильм воқеаларида ўтмиш ва замон қаҳрамонлар ҳаётида уйғунлашган. Шу боис XVI аср одамининг тили билан ХХ аср кишисининг сўзлашувидаги сўз бирикмалари, услуб, иборалар, энг муҳими ҳар бир қаҳрамоннинг характерига мос тил ўзбекчага қойилмақом қилиб таржима қилинган. Таржимон ўзбек тилининг ўзига хос жозибасини бутун бўй-басти билан кўрсатишни уддалаган. Баъзи бир мисолларга мурожаат қилсак.

 

Шоҳ Иван Васильевич режиссёр Якин билан мулоқотда шундай дейди: “Как же тебя понять, коль ты ничего не говориш?”. Бир қарашда “Сени қандай тушунса бўлади, ахир ҳеч нарса демаяпсан-ку”, дегандек гап бу. Аммо таржимасини қаранг – “Ахир одамга ўхшаб сўзласанг тушунаман-да”. Нақадар ўзбекона ва ўша вазиятга узукка кўз қўйгандек тушган ибора.

 

Балконда эри Буншани (аслида шоҳ Иван Васильевични) кўриб қолган қўшни хотин гапини “Здрасьте, пожалуйста”, деб бошлайди. Энди бу гапнинг таржимасини кўринг: “Вой нусхангдан огур-эй”.

 

Шурикнинг танноз актриса хотини подшога: Вы очень темпераментный” деб эркаланади. Таржимаси эса қаҳрамон характери ва ҳаёт тарзига мос ҳолда: “Сиз анчайин шўх одамга ўхшайсиз” деб ўгирилган.

 

Режиссёр Якин билан актриса хотин ўртасидаги диалогда шоҳ Борис роли устида гап кетганда, парда ортидан Иван Васильевич шитоб билан чиқиб, ҳақиқий Борис шоҳ ҳақида шундай дейди: “Так он, лукавый, презлым заплатил за предобрейшее? Сам захотел царствовать и всем владеть? Повинен смерти!”. Албатта бу ерда қаҳрамон XVI асрга хос тилда сўзламоқда. Энди таржиманинг равонлигини бир кўринг: “Доғули, унинг қилмиши бадкирдорликдан иборат эди, ўзи подшолик қилиб ҳамма нарсага эга чиқмоқчи бўлди. Бу қилмиши учун ўлимга маҳкум!”

 

Энди ҳар ким ўз тилида ва жамиятда тутган мақомига мос тарзда гапириши лозим деган талабга ҳам бир мисол кўрсак. Қўшни хотин шоҳ Иван Васильевични эри Бунша деб ўйлаб зуғум қилиб турган жойида подшо: “Оставь меня старушка, я в печали” дейди. Ўзбекчаси: “Мени ўз ҳолимга қўй, кампир, ҳозир ўзимнинг дилим сиёҳ”. “Печаль”, “Печально” сўзларининг луғатлардаги биринчи маънолари сифатида қайғу, ҳасрат, ғам-ғусса, андуҳ, маъюс, хафа сўзлари берилган. Хўш, таржимон нега “дилим сиёҳ” сўзини танлаган? Эҳтимол, мутаржим ўзига, хўш, бу гапни ким айтмоқда, деган саволни берган. Чунки барчага ҳукми ўтадиган ҳукмдор қайғуга ботиб ҳасрат чекиб ўтирмайди-да. Унинг фақат дили сиёҳ бўлиши мумкин.

 

Тиш доктори Шпакнинг мол-дунёга бой хонадонига кирган ўғри Милославский: “Это я удачно зашел”, дейди. Хўш, айни ҳолатда ўғри ўзбек бўлгандан нима дерди? Фильм таржимони: “Жуда жойига тушибман-у!” деган халқона гапимиз билан ўғрини “ўзбек”ка айлантиради.

 

Лифтда “зиндонбанд” этилган шоҳ нажот излаб чўқинади ва шу пайт эшиклар очилади: “Вот что крест животворящий делает!”. Келинг, энди ушбу матнни сўзма-сўз таржима қилайлик: “Мана, тирилтирувчи хоч нималар қилмайди!”. Энди таржимоннинг маҳоратига диққат қилинг: “Иймону ишончнинг хосияти шу эрур!”

 

Хуллас, бугун таржима қилинаётган хориж фильмларининг қуруқ, ўзбекча истилоҳлардан ҳоли ва қашшоқ тилидан тўйиб кетиб, “Иван Васильевич касбини ўзгартиради” сингари фильмларни мароқ билан кўргинг келади киши.

 

Жалолиддин САФОЕВ

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 17368
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//